СОҲИБҚИРОННИНГ БУГУНГИ КОТИБЛАРИ

156

Амир Темур ҳазратларининг мухлислари турли миллат ва дин вакиллари орасида ­ҳамиша бўлган. Ўз юртида унинг ҳақиқий тарихини ўрганишни тақиқлаган мустабид ­тузум ­даврида, олис Францияда ­“Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш жамияти” ­фаолият юритиб, “Темурийлар” журнали мунтазам чоп этилган.

Халқона ибора билан айтганда, ­“Аллоҳ азиз қилган зотларни бандаси асло хор қила ­олмайди”. Бугун юртимизда исмига “темурийзода” деган фахрли рутба қўшиб аташга арзийдиган фидойи инсонлар анча-мунча топилади. Буюк зотларга маънавий авлод ­эканлигингни англаш – улуғ саодат.
– Амир Темур давлатининг Хитой билан савдо-­сотиқ ва дипломатик муносабатлари ҳақидаги ҳисоботларнинг инглиз тилидаги таржимасини ­Интернетдан топдим, – дейди буюк адиб Абдулла ­Қодирийнинг набираси, адабиётшунос олим ­Хондамир Қодирий. – Шуни таржима қилдирмоқчиман. Яхши таржимон керак. Японияда ҳам Соҳибқирон бобомизга оид ноёб маълумотлар бор экан. Шуни ҳам топишимиз керак…
Ваҳоланки, Хондамир акага бу маълумотларни излаб топиш ва таржима қилиш ҳақида ҳеч ким топшириқ ёки буюртма бермаган. Бундан моддий манфаат кўриш имкони ҳам йўқ. Аммо яхши таржимон топилса, ўзининг камтарона жамғармасига ўғлидан олган маблағларни қўшиб бўлса-да, шу савоб ишни амалга оширмоқчи. Чунки бундай инсонларда орият, фахр ва миллий ғурур, Ватан туйғуси билан лиммо-лим тўла юрак бор!
Амир Темур меросининг халққа қайтарилиши фидойилар учун энг катта бойлик бўлди. Ўзлигини таниган, ғурурли бу инсонларни “Соҳибқироннинг бугунги котиблари”, дейиш мумкин.
Улар асрлар оша улуғ Соҳибқирон байроғини қуйи туширмасдан, авлоддан-авлодга етказиб келишаётир. Бу фидойилардан бугун ҳам “баронғор”, “жавонғор”, “манглай” каби жанговар бўлинмалар тузиш мумкин. Қуйида бугунги темурий қаламкашларнинг айримлари ҳақида ҳикоя ­қилмоқчиман.

Самимият қўшиғи

1991 йилнинг қайноқ ёз кунларидан бирида “Амир Темур юрган йўллар бўйлаб” номли илмий экспедиция ўзининг илк сафарини бошлади. Ёзувчи Ҳаким Сатторий ушбу сафарнинг ташкилотчиси ва сарбонларидан бири эди. Экспедиция “юқори”нинг фармон ёки буйруғи билан тузилгани йўқ, бирорта амалдор лоақал оғзаки қўллаб-қувватламаган ҳам. Ўшанда экспедиция автобуси Соҳибқироннинг мухлислари, таъбир жоиз бўлса, “жангчилари” билан тўлган эди (фидойиларнинг “бошини қовуштириш” осон иш эмас).
Молиявий таъминот – экспедиция аъзоларининг ҳисобидан. Муайян тайёргарлик кўрилганига қарамай, олдинда уларни мавҳумлик кутарди. Чунки собиқ мустабид тузум амалда, у ўзининг сўнгги нафасини олаётгани ўшанда кимнинг ­хаёлига келибди?
Газетанинг ҳар сонида Ҳаким Сатторийнинг “Чинор кунлар” номли туркум мақолалари эълон қилинарди. Ўшанда биз талабалар ғаройиб сафар таассуротларини қўлма-қўл қилиб ўқирдик. Бу мақолаларда юрт гўзаллиги, турфа одамлар қиёфаси, тарихга муносабат ва улуғ боболарнинг ўлмас мероси жуда қизиқарли ёритиларди.
У вақтларда уяли телефон, интернет ва электрон почта каби қулайликлар йўқ эди. Юртимизнинг чекка ҳудудларидан мақолалар пойтахтга қандай етказилган? Ҳаким Сатторий сафар давомида тўхталган ҳар манзилда тинимсиз ёзиб, тайёр мақолаларни пойтахтга йўл олаётган одамлар орқали юбориб турган. Қарангки, кўпинча тасодифий учраган ҳамюртларимиз пойтахтга келиб, газета таҳририятига мақолаларни беғараз етказишган. Муаллиф, ўша мақолаларидан бирида, “Яшасин самимият!” дея хитоб қилгани ҳам бежиз эмас…
– Илк сафарда қатнашиш истагини билдирган номзодлар кўплигидан, уларни танлов асосида экспедицияга қўшганмиз, – дейди Ҳаким ака. – Одамларда тарихимизга қизиқиш кучли эди. Сафардан қайтгач, ўн йилдан кейин ҳаммамиз яна учрашамиз, янги экспедиция уюштирамиз, дея ўзаро аҳд қилгандик. Орадан ўн йил ўтиб, 2001 йилда шу ваъдага асосан, “Иккинчи сафар бўладими?” деган мақола ёздим. Унда биринчи экспедиция аъзоларининг исм-фамилиялари санаб ўтилган, янги сафар ҳақида эълон ҳам берилганди. Аммо не ажабки, бирорта одам бу эълонга жавоб бермади. Экспедициянинг собиқ аъзолари, шунингдек, янги иштирокчилар ҳам тўпланмади. Наҳотки шунчалик тез ўзгариб кетган бўлсак?..
Ҳаким Сатторий эса ўшандан бери Соҳибқирон бобомиз хизматига содиқ қолди. Ижодининг бош мавзуси, завқ-шавқи, фалсафасию илҳоми буюк Амир Темур шахси билан боғлиқ. Унинг “Хотира карвони”, “Амир Темур севган юрт”, “Истиғфор”, “Ҳазрат Соҳибқирон”, “Олтин силсила”, “Соҳибқирон абадияти” ва бошқа кўплаб асарлари китобхонларга яхши таниш.
Бир сафар кўрганимда, ёзувчининг уйидаги ижодхонаси ҳам худди Соҳибқироннинг ўрдугоҳи-(ҳарбий штаб)га ўхшайди: стол устида катта оқ қоғозга Амир Темурнинг 1391 йилда Тўхтамишга қарши юриши харитаси чизилган. Яна хариталар, ҳужжатлар, шажаралар. Ҳаммаси қўлда ёзилган, улар янги маълумотлар билан мунтазам бойитиб борилади.
– “Соҳибқирон Амир Темур миллатимизга, дунёга нима берди?” деган ҳайбатли саволга ҳануз тўла-тўкис жавоб бера олганимиз йўқ! Бобокалоннинг улуғвор қиёфасини бутун салобати ила кўрсата олмаяпмиз…
Адиб ана шу фикрларни кўп такрорлайди.
Ҳаким Сатторий билан суҳбатда буюк Соҳибқирон мавзуси очилса, уни “ёпиш” қийин. “Бу одамнинг катта бобоси ўз вақтида Соҳибқироннинг муншийбошиси бўлгандир, балки”, дея ўйлайман. Амир Темурга нисбатан бундай улкан меҳр қон орқали, наслдан-наслга ўтади-да.
Бугунги ёшларга Соҳибқирон меросини етказишда Ҳаким Сатторийнинг асарлари жуда муҳим ўрин тутади.

Хазинабон

Ёзувчи Тўлқин Ҳайит – Соҳибқироннинг энг нуфузли мулозимларидан бири. У – Халқаро Амир Темур жамғармасининг мутасаддиси. “Жамғарма” – хазина, деган гап. Тўлқин Ҳайит эса етти иқлим ҳукмдори бўлган Соҳибқирон бобомизнинг бугунги хазинабони!
Мансаб билан улуғмас одам,
Мансаб – одам билан муҳтарам –
деган ҳикмат айнан шу одамга жуда мос келади. Негаки, Соҳибқироннинг бугунги хазинаси йигирма етти юртнинг бож-хирожи, кўзни қамаштирувчи лаълу жавоҳирлар билан эмас, балки Тўлқин ака сингари фидойилар ва улар улашаётган маънавий зиёси билан жуда бой саналади.
Хўш, жамғармада пул бўлмаса нима қилибди? Илм-маърифат, тадбир, кенгашу машварат ва ташкилотчилик қобилияти ҳам – катта бойлик эмасми? Шу ўринда тарих китобларида дарж этилган бир ривоят эсга тушади: олис юртда, узоқ юришларнинг бирида Соҳибқирон қўшинида ақча (пул) тугаб қолади. Навкарларга озиқ-овқат, отларга ем-хашак сотиб олиш зарур. Адолатли Соҳибқирон ҳеч қачон ўзга юртларда зўрлик билан фуқаролар молига назар солмаган. Ҳазрат дарҳол Самарқандга чопар йўллайди. Бибихонимга нома битиб, хазинадан ақча юборишини сўрайди. Оқила малика ўша хатнинг орқасига биргина жумла ёзади-да, чопарни ортга қуруқ қайтаради. Хатда шундай ёзилган эди: “Улуғ амир, агар зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадиму?”
Маликанинг оқила маслаҳатини англаган Соҳибқирон, қўшинда сўйилган чорва суякларини йиғдириб, ҳар хил катталикда кесдиради. Уларга муҳр босилади, турлича қиймат белгиланиб, муваққат пул сифатида муомалага киритади. Бу пулларга қўшин учун зарур моллар сотиб олинади. Шаҳар забт этилиб, молиявий муаммо барҳам топгач, суяк пуллар қийматига қараб олтин, кумуш ва мис тангаларга алмаштирилади…
Ҳозирча Тўлқин Ҳайит бу бобомерос усулни қўллагани йўқку-я, лекин асло тинч ўтирмайди. Ишлари жуда кўп. Мактаб ўқувчилари ўртасида темурхонлик танловини уюштиради. Хонасида ўқувчилар ёзган иншолар ва чизган расмлари баъзан шунчалик кўпаядики, уларнинг панасида ёзувчининг миқтигина гавдаси кўринмай қолади. Бир қарасангиз, коллеж ўқувчилари даврасида, уларга Соҳибқирон ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилаётган бўлади. Асосийси – танлов ғолиблари Тўлқин ака ҳузуридан ҳеч қачон совринсиз, яъни китобсиз қайтишмайди. Соҳибқироннинг хазинаси ана шундай, баракали.
Тўлқин Ҳайит доимо очиқ чеҳра ва ўзгача виқор билан юради. Шу боис, уни кўрган одам, Тўлқин ака чиндан ҳам жуда бой, унинг хазинаси Темурбек бобонинг жавоҳирлари билан лиқ тўла эканига шубҳа қилмайди. Агар ёзган китоблари бир нусхадан устма-­уст тахлаб чиқилса, адибнинг бўйидан анча баланд минора ҳосил бўлади…
Тарих китобларида ёзилишича, Темурбек танлаб олган саркардалар ўзларининг ҳарбий маҳоратларини нафақат уруш кезларида, балки тинч меҳнат чоғида ҳам намойиш этишга тинмай ҳаракат қилар эдилар.
Бу маълумот ҳазрат Соҳибқироннинг бугунги фидойи жангчиларига ҳам бирдек тегишлидир. Ёзувчи Тўлқин Ҳайит фаолияти – бунга яққол мисол бўла олади.

Ёқут билан сўзлашган олим

1991 йили «Шарқ юлдузи» журналининг 10-сонида ёзувчи Озод Мўминнинг «Буюк Амир Темур ёқути» деб номланган қиссаси босилган эди. Ўшанда машъум “пахта иши”нинг жароҳатлари ҳали битмаган эди. Турмуш шароити оғирлашган, умр бўйи меҳнат қилиб, бири икки бўлмаган одам, ўз бобосининг беҳисоб бойликлари ҳақида хабар топса, қандай аҳволга тушади?
Бу асар дард билан ёзилган. Шўро тузумининг бедодлиги авжига чиққан замон эди. Аммо жанговар фарзандлари жисмонан маҳв этилса-да, халқимиз қалбида улуғ аждодлар ёди мудраб ётарди. Шу боис, “Буюк Амир Темур ёқути” одамларнинг юрагига ҳаяжон солди. Таъбир жоиз бўлса, бу қисса қай даражададир Соҳибқирон қўшинини жамлаган тавочи амир вазифасини бажарди. Яъни ҳамфикрларни, Амир Темурнинг бугунги фидо­йиларини бирлаштирди.
Афсуски, дунё тарихидаги ноёб ёқут ҳисоб­ланган «Чироғи олам» бугун Лондонда сақланади, у инглиз қироличаси тақинчоғини безаб турибди. Бобомиз бизга улуғ салтанат билан бирга, мислсиз бой хазинасини ҳам мерос қилиб қолдирган эди. Хазинада йигирма беш минг асл жавоҳирлар, улар ичида эса «Чироғи олам» номли ўта ноёб ёқут бўлган. У – дунёдаги энг улкан жавоҳир бўлиб, унинг лоақал ярмича келадиган бошқа ёқут ҳануз топилмаган. Ноаҳиллик, нафс балоси ва фитна-фасод туфайли Соҳибқирон вафотидан сўнг дастлабки уч-тўрт йил ичида улкан хазинадан, уч-тўрт аср ўтгач эса, давлатдан, мустақилликдан ҳам жудо бўлдик…
Ёзувчи Озод Мўмин, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида тили, дини ва бойликларидан жудо бўлган миллат ҳақида ҳасратли ўйларини қуйидагича ёзади: “Гоҳо-гоҳо менга узоқлардан, аниқроғи, сертуман Албион деб аталувчи Британия оролидаги қирол оиласи истиқомат қилувчи Букинхем саройидан бир нидо келаётгандек туюлади. «Мени буюк Амир Темур авлодлари яшаётган серқуёш, нурли ўлкага олиб кетинг! – илтимос қилади у нидо. – Мен олам чироғи бўлганим билан, ёруғ нурларни тўйиб эмиб турмасам, нозик жилолар таратолмайман…»
«Афсуски, биз буюк Амир Темурга муносиб авлод эмасмиз, – ўйлайман мен. – Бу пешона эмас, кўргиликдир. Биз келгуси авлодлар олдида ҳам жазога мустаҳиқмиз. Бизни кечир, бу иш қўлимиздан келмайди. Сенга эгалик қилишга, маънавий ожизлигимиз туфайли, асло ҳаққимиз йўқ… Аммо менинг қалбим, бу сатрлардан сенинг мавжудлигингни билган халқимнинг ҳам қалби сен билан биргадир».
Халқимизнинг асрий армони, орзу-ниятлари ўзига хос акс этган бу асарнинг пойқадами қутлуғ келди. Ўша йили Ватанимиз улуғ Истиқлолга эришди. Бугун Ватан фарзандларининг барча жабҳаларда жаҳон майдонларини бирин-кетин забт этаётганини кўриб, кўнгиллар тоғдек юксалмоқда. Орзуга айб йўқ. Ажойиб кунларнинг бирида “Чироғи олам”ни ҳам ўз Ватанига, ҳақиқий ворислар ихтиёрига қайтариш имкони-да пайдо бўлар?..

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг