«ЎРОҒДАН ҲАМ ТЎҒРИ…»

137

Бир даврада олий ўқув юртларига абитуриентларни тайёрлайдиган репетитор аёл ҳасрат қилиб қолди:

 — Бу йил омадим келди, тайёрлаган шогирдларимнинг кўпчилиги институтларга давлат гранти асосида ўқишга киришди. Фақат ўзимнинг қизим контрактга илашди. Энди эрим ҳар куни уришяпти, сен пул берадиганларни яхши тайёрлагансан, қизимиз пул бермагани учун дурустроқ ўқитмагансан, деб… Туриб-туриб, мен берардим ўша пулингни, деб кесатиб ҳам қўяди.

Кулгим келди. Бечоранинг кўзида ёш милтиллаб турибди. Гапини маъқуллаб қўйсам йиғлаб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун, қитмирлигим тутиб, ёнаётган оловга жиндай мой ташлаб қўйдим:

— “Тўғри”да, пул бермаса ҳам яхшироқ тайёрлаб қўявермабсиз-да!..

Гапим нишонга тегди — аёл ҳам бошқаларга қўшилиб кулиб юборди.

Ҳабиб СИДДИҚ

 

«ХОТИН ТИЛИ»

Адашмасам, дунёда уч юзга яқин тил бор. Улар тирик ва ўлик тилларга бўлинади. Тирик тилларда одамлар гаплашади, ёзиш ўқишни ўрганади.

Яна бир тил борки, бу тил ҳеч қайси бир мактаб ёки олийгоҳда ўргатилмайди. Ҳатто бу тилнинг борлигидан жаҳон тилшуносларининг ҳам хабари йўқ бўлса керак, менимча. Бу қайси тил демоқчимисиз? Билмасангиз, билиб олинг: бу “хотин тили”!

Ажабланяпсизми? Ҳеч ажабланманг. Яхшиси эшитинг.

Хотин тили “сурдо” оиласига мансуб бўлиб, унда фикр қўл ҳаракатлари ёрдамида тушунтирилса, хотин тилида фикр — кўзлар, қошлар, лаблар, оёқ-қўллар, бош ҳаракатлари ёрдамида англашилади. Бунинг учун эркакларда фаҳм-фаросат, сезги кучли бўлиши керак.

Масалан, сиз хотинингиз билан бирор жойга меҳмонга бордингиз дейлик. Дастурхон ноз-неъматга тўла. Иштаҳангиз очилиб, дастурхонга ҳаммадан кўпроқ қўл чўзяп­сиз. Хотинингизнинг томоқ қиришини эшитиб, беихтиёр унга қарасангиз, у пастки лабини тишлаб, бошини сарак-сарак қилиб қўяди. Бу “нафсингга ўт тушсин”, “тиқилиб ўл”, “тўясанми, ҳўкиз?”, “уятларга ўлдирдинг” каби маъноларни англатади.

Ёки бўлмаса, улфатларингиз билан оилавий ўтирибсиз. Улфатчилик қизияпти. Хотинингизга кўзингиз тушиб қолди. Лаблари хунук илжайиб, сизга ёвқараш қилиб турганини кўрасиз. Демак, ичишдан тийилишингиз керак.

Бу қарашда сиз “етар, бас қил!” “уйдаги ўқловни унутма!”, “охирини ўйлаяпсанми?” деган гапларни англашингиз керак.

Дейлик, бирор қариндошингиз пул сўраб келди. Хотиндан кўз узмасдан унинг илтимосига жавоб беришингиз керак. Албатта, хотинингиз сизнинг жавобингизни ним табассум қилиб кутади. Сиз бу табассумга ишонманг. Бу сохта табассум. Сиз хотинингизнинг кўзларига боқинг, ҳақиқий жавоб ўша ерда. Кўзлар сизга “берсанг кўрасан” демаса, мен кафил.

Дейлик, стол атрофида бир неча киши ўтирибсиз.

Тўсатдан кимдир оёғингизни босди. Тасодифан биров босди, деб ўйлаяпсизми? Йўқ, қойил қолмаяпсизми, шунча оёқлар орасидан сизнинг оёғингизни адашмай босганига. Демак, хотин сизни нимадандир огоҳлантирмоқчи…

Ана шунақа гаплар. Биров билан гаплашаётганда, хотинингиздан кўз узмай, фикрларини англасангиз ва унга амал қилсангиз, кам бўлмайсиз. Оилангиздан тинч-тотувлик, қут-барака аримайди.

Мана, мен, хотинимга қарамасам ҳам, унинг нима демоқчилигини биламан, доимо амал қиламан. Худога шукр, оилам тинч, хотин мендек итоаткор йўғ-ей, садоқатли эрга дуч келганидан бир умр миннатдор.

Дарвоқе, кўзларини сузиб, хумор-хумор боқяпти.

Яшанг, ўлманг. Сиз ҳозирдан хотинингиз нима демоқчилигини фаҳмлай олдингиз.

 Ражаб ТОҒА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг