ВАТАН ҲОФИЗИ

427

Тинчгина юрган, ўзининг ўй-хаёллари билан банд ўспирин эдим. Ногоҳ бир “дард”га йўлиқдим: қўшнимиз янги иморат солаётганди, қад ростлаётган иморатга яқинлашгандим, аввал бир оҳанг таралди, сўнг ўтлиғ фарёд отилиб чиқди: “Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил…” – қотиб қолдим. Йўқ, аввал ҳам бу қўшиқни эшитгандим, аммо бу овоз шунчаки овоз эмас, нола эди, фарёд эди. Улуғ Навоий мисраларига ярашиб турган дардни ҳофиз ўзгача оҳангда, руҳафзо нафасда айтаётган эдики, бунга маҳлиё бўлмасликнинг ҳеч бир иложи йўқ эди. Шу-шу мен бу овоз мафтунига айландим.

Беихтиёр сўрадим:

— Ким бу?

— Шерали Жўраев, — деди қўшнимиз ва қўшиб қўйди: — Бунақаси битта!

Қўшнимиз ҳофизнинг ашаддий мухлиси экан. Бир пайтлар ҳофизнинг концертига кирганини ҳам айтиб, мақтанаверди, мақтанаверди. Мен эса Шерали Жўраев билан ғойибона суҳбатлашгандай бўлавердим.

Аҳвол шу даражага етдики, ҳамма ишни қўйиб, ҳофизни тинглайдиган бўлдим. Ким уни суйса — суйдим, у билан дўст тутиндим. Бугун ўйлаб кўрсам, болаликдаги барча дўстларим ўзимдан 10-15 ёш катта одамлар бўлган экан, тенгдошларим орасида бундай “оғир” қўшиқларни эшитадиганлар деярли йўқ эди.

* * *

Ёдимда, 6- ёки 7- синфда ўқирдик. Ҳинд киноларининг жинниси эдик. Бир куни қишлоқ клубида қайсидир кинога билет сотилаётганди. Бирдан мени юқори синф ўқувчилари ўраб олишди. Уришса керак, деб ўйладим. Йўқ.

— Сен бу ерда нима қилиб юрибсан, — дейишди мутлақо ҳайрон қолдириб. — Бугун саккиз яримда Шерали Жўраев ҳақида кўрсатув бўлади-ку!

Шундай муҳим хабарни етказишдики, юрагим ҳаприқиб кетди. Уйга югурдим. “Программа”га қарасам, ростдан “Шерали Жўраев куйлайди” деб ёзилган. Мириқиб кўрдим. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби аллома шоирларнинг Ватан, бурч, шаъну шавкат ҳақидаги гапларидан сўнг ҳофизнинг шу мавзудаги қўшиқлари янгради. Жуда хурсанд бўлиб кетдим. Эртасига ўша мактабдошларга раҳмат айтдим.

Энди билсам, ўша вақтлардаёқ ҳамма мени Шерали Жўраевнинг ашаддий мухлиси сифатида билиб бўлган экан.

* * *

Бу мубталолик менга нима берди? Ҳофиз қўшиқ қилиб айтган сатрларни ёддан билардим. Баъзи жойларига тушунмасам, асл нусхасини топишга интилардим. Шу тариқа ҳазрат Навоийни, Мирзо Бобурни ўқийдиган бўлдим. Шоҳ Машраб, ҳикматли Яссавийга муҳиб бўлдим. Фузулийни ўргандим, Мулла Паноҳ Воқифни танидим, Ҳамид Олимжонни, Ғафур Ғуломни ўқидим, Абдулла Ориф, Эркин Воҳидовнинг мухлисига айландим.

Кейин билдим: ҳофиз қўшиқлари орқали оламнинг маъносини, одамликнинг шарҳини тушунтириб берадиганларнинг саноғи йўқ экан. Уларнинг аксарияти дунёни англаб етганлар, чин ошиқлар эди.

Шунақа, ҳофиз қўшиқлари авомни олимга айлантиради.

* * *

Самарқандда ўтган олтин даврим. Ётоқхонадаги аксарият талабалар Шерали Жўраевни тинглашади. Шунчалик кўп дўст орттирдимки, ҳозиргача улар билан борди-келди қиламиз.

Шунақа, унинг қўшиқлари оқибатли, дўст қилиб қўяди одамларни.

 * * *

Аслида ҳарбий бўлмоқчи эдим. Шерали Жўраевдан интервью оламан, деб журналистика факультетига ҳужжат топширдим. Не бахтки, талабалигимдаёқ ҳофиз билан суҳбатлашиш насиб этди. Бунинг учун Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиддан бир умр миннатдорман. Сирожиддин ака биринчи суҳбатдаёқ ҳофизга шинавандалигимни, тез учраштирмаса, “бир нарса” бўлиб қолишимни билган, шекилли. “Даракчи” энди-энди чиқа бошлаган, ҳар бир сони қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган кезлар эди. Бош муҳаррир Анвар Намозов ва ­газета таъсисчиси Фирдавс Абдухолиқов Шерали Жўраев билан суҳбатимизни чоп этди. Ҳофизнинг ёш боладай қувонганини кўрсангиз эди.

* * *

Шерали Жўраевнинг қўшиқлари доно ва ҳақгўй мураббийга, ширин сўз устозга ўхшайди, қайси мавзуда қўшиқ куйламасин, тилга олинган мавзу ҳақида мушоҳада қилишга мажбур бўласиз. “Бир улуғ эл бор жаҳонда…” деган қўшиқни эшитсангиз, қанчалар гўзал ва муаззам юртда яшаётганингизни ўйлаб, шукроналар айтасиз. Эл- улус корига яраётганлар, халқим деб туну кун тиним билмайдиганларга ажру мукофот бор. Бу ҳақда ҳофиздан ўтказиб ҳеч ким айтолмаган ҳали: “Ватан дея ўлса ким, тупроғи совимағай…”.

Бу — асл миллатпарварлик, ватанпарварлик қуруқ сўзда эмас, амалда кўрсатилиши керак дегани! Ватанни севиш дегани!

* * *

Ҳазрат Амир Алишер Навоий яшаб ўтганларига қарийб олти юз йил бўляпти. У киши битган сатрлар умри ҳам беш асрни қаритди. Ул зотнинг жуда кўп ғазаллари турли замон ва маконларда ҳофизлар томонидан куйга солиниб, қўшиқ қилинган. Хусусан, биз билган Мулла Тўйчи ҳофиздан тортиб то ҳозиргача мисралари бот-бот куйга солинмоқда. Навоийни тушуниш, тушунтиришда санъатнинг алоҳида ўрни, таъсири борлигини инобатга олсак, бу нечоғли мушкул вазифалигини тушунамиз. Навоийдан куйлаш учун катта билим, тажриба керак. Ҳеч бўлмаганда, улуғ мутафаккирнинг мингдан бир фазилатига эга бўлиш даркор. Лоақал Ойбекнинг “Навоий” романини ўқиган бўлиш керак. Шерали Жўраев бу жиҳатдан ҳам саодатли санъаткор. Зеро, у киши Навоий ҳақида соатлаб гапиради, ҳазратнинг ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ғазалларини топиб, ҳайратланарли даражада қўшиқ қилганини навоийшунос олимлар ҳам тан олган. “Излангиз”, “Шитоб айлаб”, “Шириндир”, “Эй, хуш улким”, “Ошиқ бўлдим”, “Кўнгил”, “Оразин” сингари қўшиқлар шунчалар ­оби-тобида айтилганки, эшитган сари эшитгингиз келаверади.

Шерали Жўраевнинг ҳидоятга чорловчи қўшиқларини бир эшитиб кўринг. Нақадар таъсирли. Одатда бундай қўшиқлар адашганларни йўлга солиб, одамни дарров ўзига келтиради. Масалан, “Ҳурлар бормиш у ёнда марварид, маржондек…” деб бошланувчи қўшиқни олайлик. Ҳофизнинг таъкидлашича, бу қўшиқнинг дунёга келишига Қуръони каримнинг “Воқеа” сураси сабаб бўлган. Шунданми, бу гўзал хониш сўнггида тийнатингиз бошқача бўлиб қолади.

Дунёни меҳр қутқаради. Бир инсонга бир оғиз ширин сўз айтсангиз, олам- жаҳонга ҳадя-эҳсон кўрсатганнинг савобини оласиз. Бу оламнинг асл маъноси омонат, ўткинчи эканлигини билган ориф зотлар бағрикенгликни, меҳру муҳаббатни улуғлайди, дўстона ришталарни мус­таҳкамлайди. Одамийлик, инсонийликка амал қилиш қанчалар саодат. Бугун биз ана шундай меҳрпарварлик, инсонпарварлик, халқпарварлик сиёсатидан баҳрамандмиз. Бу сиёсат ёпилган йўлларни очди, қуриган илдизга сув берди, умидсизланган қалбларга ишонч бахш этди, тушкунликка барҳам берди.

Муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг ана шу беқиёс меҳри, шу жонажон Ватаннинг ҳар бир фарзандига бўлган чексиз муҳаббати туфайли кўплар қатори улуғ ҳофиз ҳам яна давралар, катта-катта шодиёналар кўркига айланди. Зеро, Қоя Бургути билан янада маҳобатли.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг