ЎПАМАН, ТУПРОҒИНГ БЕБАҲО, ВАТАН…

345

Мен нечун севаман Ўзбекистонни

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,

Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.

Нечун Ватан, дея еру осмонни,

Муқаддас атайман, атайман танҳо.

Аслида дунёда танҳо нима бор,

Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?

Ёки қуёшими севгимга сабаб?

Ахир қуёшли-ку бутун Осиё.

Мен нечун севаман Ўзбекистонни?

Боғларин жаннат деб кўз-кўз этаман,

Нечун ардоқларкан тупроғини мен

Ўпаман: “Тупроғинг бебаҳо, Ватан…”

Аслида тупроқни одил табиат,

Тақсим айлаган-ку, ер юзига тенг.

Нечун бу тупроқ деб йиғлади Фурқат,

О, Қашқар тупроғи, қашшоқмидинг сен?!

Хўш, нечун севасан Ўзбекистонни?

Сабабини айтгин десалар менга.

Шоирона, гўзал сўзлардан олдин

Мен таъзим қиламан она халқимга:

Халқим, тарих ҳукми сени агарда

Мангу музликларга элтган бўлсайди,

Қорликларни макон этган бўлсайдинг,

Меҳрим бермасмидим ўша музларга?

Ватанлар,

Ватанлар,

Майли, гулласин,

Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо

Юртим, сени фақат бойликларинг чун

Севган фарзанд бўлса кечирма асло!

 

Бинафша

Ҳали қор остида ухларди Дўрмон,

Ҳали тарк этмаган изғирин буткул,

Худди календарни ўқигансимон

Боғимда бинафша очиб қолди гул.

 

Ҳаёт қонунлари бузилмас ҳаргиз,

У асло режасин ўзгартирмагай.

Шу нозик бинафша, шу маъсума қиз

Қиш билан, қор билан курашмоққа шай.

 

Она

Кўкда юлдуз учса ногаҳон

Битди, дерлар қайси бир тақдир.

Бундай ғамни кўтармак осон,

Бу эҳтимол, бизлар ҳақдадир.

Баъзи тунлар кўкка тикиб кўз,

Эслаб дейман онамни шу он:

Она кетса, юлдуз-ку, юлдуз,

Қулаб тушса арзийди осмон.

 

Сен баҳорни соғинмадингми

Уйғонгувчи боғларни кездим,

Топай дедим қирдан изингни.

Ёноғингдан ранг олган дедим –

Лолазорга бурдим юзимни,

Учратмадим аммо ўзингни,

– Сен баҳорни соғинмадингми?

Узоқларда залворли тоғлар

Хаёлимни келдилар босиб.

Кечди қанча интизор чоғлар,

Васлинг менга бўлмади насиб,

Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,

– Сен баҳорни соғинмадингми?

 

Ўнгирларда сакрайди оҳу,

Наъматакда саъва миттижон.

Қорликлардан сипқарилган сув

Дараларда уради жавлон.

Нигоҳимда фақат сен пинҳон,

– Сен баҳорни соғинмадингми?

 

Мана, бугун Наврўзи олам,

Дўстларимга гуллар тутарман.

Қайлардасан, севгили эркам…

Қўлимда гул, сени кутарман,

Умрим бўйи чорлаб ўтарман,

– Сен баҳорни соғинмадингми?

 

Баҳор шамоли

Баҳор келаётир,

Тоза, мусаффо.

Мовий кенгликларда ўйнайди шамол.

Далалар қўйнида зангор бир ҳаво,

Туманли шаҳр ичра ётмоқлик малол.

 

Қоялар кўксида шодмон, беқайғу

Оний умри билан солланар чечак.

Баҳор бу – энг тоза шаббодадир бу,

Баҳор бу – энг тоза  шамолдир демак.

 

Кенгликлар бағрига ураман ўзни,

Кўзимга кўрингай дилбар диёрим.

Гўдак нафасидек юпатар юзни

Қиш бўйи интизор кутган баҳорим.

 

Баҳор-ку ўтади шамолдек шитоб,

Майли, ўтажак у ва ўтар бўлсин.

Азизим, умрингда ҳаво бўлсин соф,

Умринг шамоллари муаттар бўлсин…

 

Навоий

Абадият билан қай сўз эгизак,

Балки яхши орзу, яхши ниятдир?

Мангулик англанар Навоий десак,

Навоийнинг ўзи Абадиятдир.

 

БОБУР

Мен-ку, оддий одам,

Шундоқ бўлса ҳам,

Шукр, бас, деганча ғанимларим бор.

Шарт эмас уларга таъриф чинакам,

Бири жунунсифат, бирови ҳушёр.

 

Бировига ёқмас жиндек журъатим,

Бировига ёқмас мен юрган йўлак.

Ногоҳ бирор жойда чиқса сувратим,

Бири ухлай олмай қийналса керак.

 

Биз шундай ўтамиз,

Яъни кун кўриб…

Майдагина кучсиз, майдагина зўр.

Ҳаётнинг мана шу буржидан туриб

Мен Сизни ўйладим, ҳазрати Бобур.

 

Сиз – зобит, дастини чўзган дунёга,

Сиз – шоир, мангу бир аланга ёққан.

Наинки бандалар, Сизнинг сиймога

Не-не салтанатлар кек билан боққан.

 

Баҳодирлик ичра ёр Сизга Ҳумой,

Сиз улуғ зотларнинг изин босган эр.

Назмий саждагоҳда Сизга, ҳойнаҳой,

Имомликка ўтгай фақат Алишер.

 

Ҳа, ёлғиз шеър қолди, бошқаси, абас,

Етти иқлим аро достон нақлингиз.

Не бахт, парчин бўлиб тож деган қафас,

Бизга етиб келди олмос ақлингиз.

 

Айтинг, не топдингиз Сиз кезиб дунё,

Ҳануз боқишарлар шўришга тўлиб.

Шоирсиз, яхшиси, қолингиз, Мирзо,

Мушфиқ юртингизда бир шоир бўлиб.

 

Соғинч

Парчагина булут,

Чексиз осмон,

Адир ортидаги ёлғизоёқ йўл.

Барча ташвишларни унутиб, шодон,

Қайтгим келаётир қошингга буткул.

 

Қисмат майин ичдим – аччиқ ва тахир,

Туйдим эҳтироснинг самовий кучин.

Дунёда одамзод яшамас, ахир,

Фақат иродасин синамоқ учун.

 

Парчагина булут,

Чексиз осмон,

Адир ортидаги ёлғиз оёқ йўл.

Барча ташвишларни унутиб, шодон,

Қайта олсам эди қошингга буткул.

 

Она тилимга

Минг йилларким, булбул каломи

Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.

Аммо шўрлик тўтининг ҳоли

Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

 

Она тилим, сен борсан, шаксиз,

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!

 

Созим

Мен шоирман,

Истасангиз шу,

Ўзимники эрур шу созим,

Бировлардан олмадим туйғу,

Ўзгага ҳам бермам овозим.

Мен куйладим – гоҳ дилда кадар,

Гоҳ севиниб шеър тўқийман мен.

Тингламаса ўзгалар агар,

Ўз-ўзимга шеър ўқийман мен.

Мен куйладим ушбу оламда

Инсон бўлиб туғилганимни.

Мен куйладим баъзан аламда

Йиғлаб-йиғлаб бўғилганимни.

Мен куйладим бу олам аро

Собит турган халқимни фақат,

Мен куйладим ўтмишнинг қаро

Зулматида йўқлигин шафқат.

Керак бўлса, амр этса юрак,

Келтирурман умримга имон.

Менинг учун на таъзим керак,

На ҳалвойтар каби шуҳрат-шон.

Шайдо бўлиб юрганда бирдан

Хаёлимга ташламанг каманд.

Мижғов ва паст, ғийбат гаплардан

Жажжи шеърим қўюрман баланд.

Хаёл каби кенг эрур олам,

Майда гапни кўтармагай шеър.

Керак бўлса менинг учун ҳам

Жавоб берар бобом Алишер.

 

Милтирайди митти юлдуз

Кўк гумбазин бир четида

Бўшлиқларга уриб бош,

Милтирайди митти юлдуз,

Танҳоликдан тўкиб ёш.

Атрофида на бир юлдуз

На булут бор, на туман.

Юлдузларга термулиб у

Титраб турар шамсимон.

Эҳ, бечора, яшаш нечун,

Порламасанг, кулмасанг.

Ўз тўдангдан нега учдинг,

Қайтиш йўлин билмасанг?!

 

Шундай яшар одатда одам

Йўқ, керакмас, қўйинг, керакмас,

Менга ором истаманг, дўстлар.

Хилват соз деб қистаманг, дўстлар,

Қўйинг, бундай ором керакмас.

Ногаҳонда хаёлга ботсам,

Ё ухласам, уйғотинг дарров.

Беҳудага бир ёққа борсам,

Қўлларимдан ушлаб ўшал дам,

Курашларнинг сафига қўшинг,

Қур, ярат денг, ҳайқир денг, жўш денг,

Шундай яшар одатда одам.

 

Шоир умри

Дарахтни ҳамиша ўрайди шамол,

Шоирни ташвишлар чулғар ҳамиша.

Сен шоир умрини дема безавол,

Унинг ҳам ҳар они ташвишга пеша.

 

Қара-я, ўтибди қирқ йил муттасил,

Яшабман юлдузлар остида карахт.

Оҳ, шоир умрига ҳавас қилмагил,

У қуюн ичида унган бир дарахт.

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг