“СЕРИАЛЛАР: МЕН НИМА ДЕЙМАНУ…

315

“Сериаллар: танқид қилинган сари…”, “ЎзАС”, 2021 йил 12 февраль

Нодавлат телеканалларда эфирга бери­лаётган шоу дастурлар, киноларни кўриб, тўғриси, ачинаман. Мантиқсиз, зўравонлик ва ахлоқсизликни тарғиб қилувчи чет эл сериаллари таъсирида мамлакатимиздаги хусусий студиялар ҳам шуларга ўхшаш сериалларни тасвирга олишаяпти. Масалан, “Орият”, “Эгоист” каби сериалларда ҳам улардаги иллатли тасвирлар гавдаланган.
Яқиндан бошлаб “Зўр” телеканалида “Менинг маҳаллам ёхуд любойини уйлантирамиз” номли телесериал кўрсатила бошланди. Ундаги воқеалар ҳаётдан ниҳоятда йироқ, миллий менталитетимизга ёт. Экранда аёлмижоз эркаклар гавдаланади. Сериалда ўзбек аёлининг турмуш ўртоғига шанғилаб гапириши, менсимаслик ҳолатлари ғиж-ғиж. Ҳатто, тасвирларда аёллар эрини уриб, кир ювдирган ҳолатлар намоён бўлади. Бадиий кенгаш аъзолари бу сериални эфирга чиқаришга қандай рухсат берганига ҳайронмиз. Ҳолбуки, юқорида айтилгандай эпизодлар халқимизга умуман ёт. Хотин-қизларимиз азалдан ориятли, иффатли, ширинсухан бўлишган. Биз уларнинг гўзал фазилатларини улуғлашимиз ва экранда акс эттиришимиз лозим. Энг ёмони, мазкур сериал шевада, “кўча тили”да яратилган.
Давлат телеканалларида миллий менталитетимизга зид тасвирлар, масалан, бошловчининг калта юбкада, тирноғи узун ҳолатда эфирни олиб бориши томошабиннинг ғашини келтиради. Бу каби тасвирларни ҳазм қилиш қийин. Афсуски, мониторинг ва таҳлиллар, кузатувларимизда ҳали-ҳамон бу ҳолатлар эфирда намоён бўлаётир. Бу каби камчилик­ларни бартараф этиш учун жуда катта савод керак эмас. Эфир бошловчиси кийиниш маданиятига эътибор қаратса, бас. Шунингдек, ке­йинги пайтда нодавлат телеканалларда ток-шоулар сони кўпаймоқда. Аммо кузатсангиз, ундаги меҳмонлар ҳам тиззадан юқори юбкада, ўзи студия­дагилардан уялиб ўтирганини пайқайсиз.
Хусусий киностудияларда режиссёр ёки актёр сифатида етарли тажрибага эга бўлмаган айрим ижодкорлар саёз ёзилган сценарийлар бўйича фильмлар олишмоқда. Улардаги бош роллар ижрочилари устоз кўрмаган, актёрликнинг ҳадисини ҳам олмаган “қўшиқчи” ёки ўзини “буюк актёр”, деб биладиган ҳавойи ёшлар. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида жуда кўп бонг урилди. Аммо натижаси кўринмаяпти.
Муаллиф, режиссёр, овоз режиссёри, тасвирчи ва мусиқа танловчининг ҳамжиҳатлиги эфир маҳсулотининг сифатини таъминлайди. Кинода ҳам катта жамоа ишлайди. Айрим ахборот дас­турларида сухандон ва бошловчиларнинг ўзини «мен фалончи», деб таништириши ҳам одатга айланди. Барака топкур, ахир, сенинг кимлигинг титрда ёзилади-ку, озгина камтарроқ бўлсанг-чи, дегинг келади. Баъзи эшиттиришлар аввалида бошловчи гапга чечанлиги, сўзамоллигини “кўз-кўз” қилиб, кейин «Ассалому алайкум!», дейди. Аслида эса аввал салом берилади.
Бундай мисоллар кўп. Юқорида тилга олган камчиликларни кўриб-билиб туриб халқимизнинг: “Мен нима дейману қўбизим нима дейди?” деган нақли эсимга тушди. Шундай экан, вақтида бироз орқа-олдимизга қараб олсак, эртага кеч бўлиб қолмасин, азизлар. Журналист нодавлат телеканалларга тош отибди, деб ўйламанг. Мен юқоридаги камчиликларни бир ижодкор сифатида айтдим. Айрим мутасаддиларнинг: “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш кўриш даври ўтмадими? Сиз нима дейсиз?

Эркин ЭСИРГАДИЕВ,
журналист, Ўзбекистон МТРК
телерадиодастурларни
мониторинг ва таҳлил қилиш
бўлими бош мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг