НАЗМГА УЙҒУН НАВОЛАР

467

Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг бой ижодий мероси чуқур фалсафани, теран мазмун-моҳиятни ўзида мужассам этган. Улуғ шоир қаламига мансуб ғазаллару достонларни мутолаа қилган инсон чуқур маънавий озуқа олади. Унинг гўзалликка, муҳаббатга етакловчи, фалсафий мушоҳадага чорловчи назми неча асрлардан буён ижодкорларни янги-янги етук бадиий асарлар яратишга рағбатлантириб келмоқда.

ХХ-XXI асрларда Алишер Навоий сиймоси, яратган бадиий тимсоллари санъатнинг турли соҳалари қаторида мусиқада ҳам ўз ифодасини топиб, алоҳида йўналишга асос солди. Хусусан, ғазал ва рубоийлари бастакорлик ижодидан кенг ўрин олди, дурдона асарлар дунёга келишига замин ҳозирлади. Имомжон Икромов, Юнус Ражабий, Дони Зокиров каби буюк устозларнинг ўнлаб ноёб ашулалари шоир назми билан суғорилиб, мусиқа шинавандаларини хушнуд этиб келмоқда.

Композиторлик ижодиётида ҳам шоир назми ва яратган образлари алоҳида ўрин тутади. Мутал Бурҳоновнинг “Алишер Навоийга қасида”си ва “Алишер Навоий” операси, Рейнгольд Глиэр ва Толибжон Содиқовнинг “Лайли ва Мажнун”, Мухтор Ашрафийнинг “Дилором” опералари, Икром Акбаровнинг “Хамса” саҳифаларидан”, Вадим Мейеннинг “Алишер Навоий” вокал-симфоник поэмалари, Манас Левиевнинг “Сухайл ва Меҳри” балети, Георгий Мушелнинг “Фарҳод ва Ширин”, Сайфи Жалилнинг “Навоий Астрободда” мусиқали драмалари, Улуғбек Мусаевнинг “Хамса” асосида ёзган “Поэтик миниатюралар” балети, Мирсодиқ Тожиевнинг “Шоир ишқи”, Рустам Абдуллаевнинг “Навоий хотирасига” симфоник поэмалари ва бошқа кўплаб вокал асарлар аллақачон шинавандалар қалбидан жой олган.

Ҳазрат Навоий назми ва тимсолларига бағишлаб яратилган ҳар бир мусиқий асарда образлардаги самимийлик, донолик ва зукколик, ошиқ йигитнинг қалб кечинмалари, гўзал ёрнинг ҳусну жамоли, ишқ-муҳаббатга йўғрилган қалбларнинг нозик туйғулари ранг-баранг ­мусиқий оҳангларда очиб берилган.

Ҳар бир композитор танланган мавзу ва образларни ўзига хос талқин қилган бўлса-да, уларнинг барчасини ягона ғоя бирлаштириб туради. Бу ғоянинг мағзида кўп асрлик маънавий меросимизни оҳангларда ифодалаш, миллий ўзлигимизни овоз, чолғулар ва саҳна кўринишлари ёрдамида кенг очиб бериш, Алишер Навоий фалсафасини мусиқанинг нозик пардалари орқали ифодалаш каби хусусиятлар ётади.

Зеро, мутафаккирнинг назми ўзгача талаффуз, ўзгача ифода ва оҳангга эга. Ҳар бир мисра ва байтда маълум урғулар мавжуд: мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда баъзан бўғинлар чўзилади, овоз гоҳ паст, гоҳида эса баландроқ янграйди. Сўзларнинг оҳангли янграши унинг мусиқа билан янада уйғунлигини намоён этади. Шунинг учун бўлса керак, ­Навоий ғазаллари кўплаб санъаткорларни мусиқий асарлар яратишга чорлаган. Миллий бойлигимиз бўлган мақомларимиз ҳам Навоий ғазаллари билан куйланиши шоир ижодининг бетак­рорлиги ва мукаммаллигидан далолатдир.

Энг муҳими, Алишер Навоийнинг ижодида ифодаланган ғоялар ҳамма даврлар учун ҳам долзарбдир. Айниқса, адибнинг бешта достонни ўзида жамлаган “Хамса” асари ҳар бир давр композиторларини илҳомлантириб келган. Мазкур бешлик асосида охирги йилларда яратилган мусиқий асарлар орасида Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби, таниқли композитор Мустафо Бафоевнинг “Хамса” операсини алоҳида қайд этиш жоиз.

Султонмурод Олимов либреттоси асосида ёзилган мазкур операнинг ҳар бир қисми битта достон мазмунини очиб беришга қаратилган. Инсоннинг Яратганга муножоти, коинот билан суҳбати, подшоҳнинг халқ билан мулоқоти, Фарҳод ва Ширин ҳамда Лайли ва Мажнуннинг ишқ-муҳаббат бобидаги кечинмалари композитор томонидан ўзига хос талқин этилади. Бундай йирик полотнони саҳнада мусиқа орқали ифодалашда композитор миллий мумтоз анъаналаримизга таянади. Операда мақом йўлларидан кенг ва унумли фойдаланилган. Ҳар бир образда янги нигоҳ ва ўзгача талқинни кузатиш мумкин. Мазкур операда композитор Мустафо Бафоевнинг ҳам миллий, ҳам умуминсоний ижод йўлларидан моҳирона фойдалангани яққол намоён бўлган.

Улуғ Навоий ижоди туганмас чашма, зеро, Навоий назми инсонлар маънавиятини озиқлантиради. Унинг асарлари негизини ташкил этувчи фалсафа, лирика, зоҳирий ва ботиний туйғулар инсониятга нур ва зиё улашади. Ғазал мулкининг султони яратган назм гулшани ёшларимизни гўзал одоб, чиройли хулқ соҳиблари бўлишга, илм эгаллашга, иймонни мустаҳкамлашга, эътиқодли бўлишга ўргатади. Куйга солинган шеърияти эса, юқорида тилга олинган хусусиятлар билан бир қаторда, инсоннинг дидини шакллантиради. Шунинг учун ҳам Навоий назми, ижоди барча давр мусиқа аҳли учун муҳим, долзарб ва бетакрордир.

Рустам АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси раиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг