«НАСОЙИМ…»НИНГ 771-АВЛИЁСИ

270

Аллоҳ таоло Каломи шарифида бандаларига “Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур” (Оли Имрон, 164) , деб марҳамат қилади. Рисолат эшиги ёпилгач, бу вазифаларни ким бажаради? Ҳадиси муборакка кўра, энди бу шарафли ишни Пайғамбарнинг меросхўрлари – олимлар адо этади.

Яратган манглайини кенг, толеини баланд қилиб қўйган қавмларига ҳар-ҳар замонда бир мураббий – авомнинг ақлини пешлаб, сиротал-мустақимга йўллаб қўйгувчи, одам боласи дунёга нимага келиб, қаерга кетишини эслатиб тургувчи бир муттақий бандасини юбориб тураркан.

Анвар қори Турсунов ана шундай олим, ана шундай мураббий эдилар. У кишининг бевосита таълимини олиб ҳидоят топганлар жуда кўп: лекин ҳар ҳолда уларнинг саноғини топса бўлади. Қори аканинг телевидение орқали чиқишлари, маърака-йиғинлардаги маърузаю ёзган китоб, мақолалари орқали қалби очилган қанча мардум бор – энди бу ёғининг ҳисобини билса, Ал-Ҳасийбнинг ўзи билади, холос!

Анвар қори билан биргаликда кўрсатувлар тайёрлаш бахтига муяссар бўлганимдан мудом қувониб юраман. Кўрсатув тайёрлаш асносида қиёматлик дўст, бутун умрга татийдиган файзу футуҳ топдим, десам нокамтарликка йўймассиз. Анвар қори ака қарийб йигирма йил “Ҳидоят сари” кўрсатувида бошловчилик қилди.
У кишининг ҳар пайшанба, жума кунлари чиқишларини интизорлик билан кутадиганлар, амру маъруфларини қалбида асраб юрадиган, уни фарзандларига, қавму қариндошларига сўзлаб берадиганларни кўп кўрганман. Кейинги йилларда Қори аканинг ҳам имомлик, ҳам мураббийлик фаолиятида, ҳам телевидениедаги чиқиш­ларида ниҳоятда фаоллик сезилганини ҳамма билади. “Маданият ва маърифат” телеканалида “Ислом маърифати”, “Одоблар хазинаси”, “Насойим ул-муҳаббат”
каби туркум кўрсатувларга асос солган эдилар. Умуман, Қори акада Худо берган воизлик маҳорати бор эди. У киши тўй-маъракаларда сўзлайдиларми, кўрсатувда чиқадиларми, эшитмасликнинг, эътибор қилмасликнинг имкони йўқ эди. Баъзилар Қори акани кунда-кунора экранда кўриб, телевизорга чиқишни яхши кўрсалар керак, дерди. Шу фаолиятидаги бир ҳамкори сифатида айтаманки, у киши телевизорга зинҳор ўзларини кўз-кўз қилиш учун чиққан эмас. Бир уламо сифатида Ислом динига, мусулмонларга хизмат қилишни ҳаётининг энг муҳим аъмоли, шарафли бурчи деб биларди. “Агар мана шу кўрсатувларимиздан биттагина одам ўзини ислоҳ қилиб, тўғри йўлга ўтса, ёмонлигини қўйиб, яхшиликка юз бурса, шунинг ўзи ҳам катта гап”, деб кўп айтарди. Қори ака замон билан ҳамқадам эди, яъни одамлар китоб ўқишдан кўра, телевизор кўришга кўпроқ вақт сарфлаётган экан, демак, у орқали ­қилинган тарғибот самаралироқ бўлади, деб ­ҳисобларди.

У кишининг телевидение билан боғлиқ яна бир орзуси Навоийни кенг жамоатчиликка содда-равон қилиб тушунтириш эди. “Ким Навоийни яхши тушунса, Қуръон, ҳадисни ҳам яхши англайди”, дердилар. Суҳбатларимизнинг бирида ҳазрат Навоийнинг бутун куллиётини ҳар йили бир марта ўқиб чиқиши, “хатм” қилишини айтгандилар. Айниқса, “Насойим ул-муҳаб­бат”га ихлосу эътимоди жуда баланд эди. “Навоий асарларининг калити – очқичи мана шу асар. Ҳазратнинг мутолаасини “Насойим…”дан бошлаш керак”, деган гапни кўп такрорлагувчи эди. Ниҳоят, шу асарни телевидение орқали шарҳлашга киришдик. “Маданият ва маърифат” телеканалида бир йилдан кўпроқ вақт давомида ушбу асар таҳлилига бағишланган кўрсатув эфирга узатилди. Асардаги 770 та авлиёдан 111 тасини ёритишга улгурдик. Қолганига Қори аканинг умри вафо қилмади. Ўша пайтда телетомошабинлардан кўплаб мурожаатлар қабул қилганимиз, бисёр миннатдорчиликлар эшитганимиз эсимда.

Мазкур асарни шарҳлашда Анвар қори шунчаки матнни табдил қилиш – бугунги замонавий ўзбек тилига ўгириб бериш йўлидан бормади. Ҳар бир авлиёнинг тариқати, маслаги ҳақида атрофлича маълумот бериб, унинг Қуръон ва Суннатга мувофиқлигини оят, ҳадислар билан асослаб беришга интиларди. Тариқатнинг баъзилар томонидан қилинган нотўғри талқинларини, айниқса, тариқат ва шариатни бир-бирига зид кўрсатишга бўлган уринишларни ислоҳ этишга ҳаракат қиларди.

Навбатдаги кўрсатувни тасвирга олиш жараёнида бир авлиёнинг ҳаёти ва фаолиятини шарҳлай туриб шундай матнга дуч келдик. Ўз замонасининг машҳур авлиёси қазо қилади ва шу куни бир шогирдининг тушига киради. Шогирди ул зотдан “Ҳазрат, ҳолингиз нечук?”, деб сўрайди. Унга жавобан шайх “Ҳисобим қилинди, ниҳоятда дақиқ сўралдим”, деб жавоб беради. Кўрсатув ниҳоясига етгач, Анвар қори табиатига хилоф ўлароқ маҳзун тортдилар. Холи қолганимизда, Қори ака, нега кайфиятингиз тушиб кетди, деб сўрадим. “Эътибор қилдингизми, шайх “ниҳоятда дақиқ сўралдим”, деяпти. Бу, биласизми, қанчалик даҳшатли ҳодиса. Умримизнинг ҳар сониясидан, Яратган ато этган ҳар бир қобилиятимиздан, ҳаётимиз давомида берилган қанчадан-қанча имконларнинг баридан сўраламиз, дегани. Бундай сўроққа тайёр бўлиш жуда мушкул, мени шу нарса ўйга ботирди”, деб жавоб бердилар. Қори ака ҳар дақиқада ўзидан ҳисоб сўрайдиган, сўроқ-савол кунига мудом тайёргарлик кўрадиган муттақий зот эдилар.

Анвар қорининг ҳузурига борганлар билади – қачон борманг, қабулда тўп-тўп одамлар турганининг устидан чиқардингиз. Кимдир оғир бетоб ётган яқинини даволатиш учун моддий ёрдам сўраб келган, кимдир аччиқ устида хотинига талоқ қў­йиб, энди бу масалага ечим қидириб келган, яна биров золим қайнонасининг дас­тидан дод солган, отасидан қолган молни бўлиб ололмаганлар ҳам шу ерда… Хуллас, бир соат ўтирсангиз, гўё бутун инсониятнинг бошига тушган ҳамма савдонинг гувоҳи бўлардингиз. Анвар қори мана шуларнинг ҳаммасини эшитар ва ечим ҳам топиб беришга ҳаракат қиларди.

Ажрашиш ёқасига келиб қолган бир ёш оила қуда-андалар бошчилигида ширингина фарзандларини етаклаб, мунозарани Қори аканинг ҳузурида давом эттириш учун келган экан. Ярашадиган, бир-бирига ён берадиган эмас. Улар беомон талашиб-тортишиб ётган бир пайт­да кўз қирим билан Қори акани кузатаман. У кишининг нигоҳлари кўзлари жовдираб турган иккита гулдай болада. Қори ака ниҳоятда болажон эмасми, ахийри чидаёлмадилар, йиғлаб юбордилар, “Қандай сабаб билан бўлмасин, шу гўдакларнинг кўзёшини тўккан одамнинг икки дунёсида файз бўлмайди”, дедилар. Оилани ярашишга, шу болалар учун бир-бирларининг феъл-ҳўйларига чидашга, бунда жуда катта ажр борлигига даъват қилдилар.

Шундай учрашувларнинг бирида ўртоқларини етаклаб бир йигит кириб келди. “Қори ака, ёрдамингиз керак, мен бир қизни севиб қолганман, лекин ота-­онаси менга турмушга беришга рози эмас, совчиларимни қайтарибди”. Йигитнинг кўзларидаги муҳаббат алангасини кўрган Анвар ака, “Унда мен ҳам бир уриниб кўрай, сабабларини билайлик-чи”, дедилар. Ваъда бериб, ноз қилаётган хонадонга совчиликка борадиган бўлдилар. Эҳ-ҳе, ўзим гувоҳ бўлган бунақа савдоларни айтаверсам, адо бўлмайди, гувоҳ бўлмаганларим эса – олам-жаҳон!

Бир куни ул-бул харид қилиш учун Олой бозорига тушибдилар. Ёши тўқсонларга борган, эҳтимол, ундан ҳам ошган, зўрға юриб келиб, тухум растасидан арзон бўлгани учун синиқ, лат еган тухумларни олиб кетаётган рус миллатига мансуб кампирни кўриб қоладилар. Шу пайт ўзига тўқлиги юриш-туришидан маълум бир мухлис келиб, дуо олиш учун кафтларига пул қистиради. Шунда у киши “Сизга менинг дуойимдан ҳам манфаатлироқ бир иш айтсам, қиласизми?” деб пулни қайтариб узатадилар. Ҳали узоқлаб улгурмаган кампирни кўрсатиб “Мана шу кишининг ҳожатини раво қилинг, икки дунёнинг саодатига эришасиз”, дейдилар. Бир неча ойдан кейин ўша йигит масжидга келади. Ўша куни кампирни уйига элтиб қўйгани, ҳеч кими йўқлиги учун қийналиб қолганини айтиб, “Келинингиз билан ҳар ҳафта ўша кампирникига борамиз, келинингиз уйларини тозалайди, кийимларини ювади, мен дўконга чиқиб, бир ҳафтага етарли егулик олиб келаман. Она-боладай бўлиб қолдик”, дейди. Йигит бу хизматларини айтиш учун келмаган, сўрайдиган саволи бор экан: “Ҳазрат, ўзга дин вакилларига қилинган эҳсон ҳам қабулми?” Қори ака “Албатта, динимиз барча инсонларга қилинган яхшиликка ажр борлигини ваъда қилади”, деб кўп мисоллар келтирдилар, оят, ҳадислар билан далилладилар, Расулуллоҳнинг ўзга дин вакиллари билан бўлган самимий муносабатларидан сўзладилар.

Анвар қори мана шундай гуманист, мана шунақа одампарвар эдилар!

Анвар қорини халққа яқин қилган, унинг айтганларини мухлислари жон-қулоғи билан тинглашига сабаб бўлган омил нимада экан, деган саволни кўп ўйлаганман. Ахир, бошқа уламолар ҳам Аллоҳнинг каломи, Набийнинг ҳадисларидан сўзлайди, билмаганларга билдиришга уринади. Лекин ҳаммаси ҳам Анвар қоридай суюмли эмас. Менинг назаримда, Қори аканинг маърузаларини таъсирчан қилган жиҳат, асал ҳақидаги машҳур ривоятдагидай, аввало, у кишининг ўзи айтаётган гап­ларга ўзининг амал қилиши билан боғлиқ эди.

Шахсий ҳаётларидан бироз хабардор одам сифатида биламанки, Анвар қорининг ҳаёти ниҳоятда содда ва самимий эди. “Отам қурган ҳовлида яшайман, ҳеч нарсани ўзгартиришга уринмайман”, деганлари ёдимда. Уйларида кўп бор меҳмон бўлиб, разм солганман. Хонадоннинг ягона жиҳози жавон, жавоннинг яккаш бисоти эса китоб бўларди. Қори акани яқинлари яхши билади, у киши ўзлари учун яшамади. Ҳеч қачон роҳат, фароғатни кўзламади, халқнинг маърифатини ошириш йўлида ўзини аямади. Бошқалардан тўкисроқ, тўкинроқ яшашга имконияти бисёр бўлса-да, бунга ҳеч қачон интилмади. У кишига қилинган суиқасдлар, руҳий хуружлар, ижтимоий тармоқлардаги ёппа таларларга, дўсту душмандан бўладиган озорларга бепарво бўлишга интилар, буларнинг ҳаммасини тақдири илоҳийнинг қисматига битилган ёзиқлари ўлароқ қабул қиларди.

Бир куни ҳузурларига борсам, одатдаги хушчақчақлик билан “Э, келинг, тақсир, зўр янгилик бор. Биттасининг ёзишича, 366 та тўним бор эмиш, бир йилда бир кийганимни қайта киймасмишман”, дедилар табассум қилиб. Гап нима ҳақида бораётганини дарров фаҳмладим. Ўшак-ўтрикни қойиллатадиган бир хорижий ахборот воситаси “оламшумул” янгилик сифатида Анвар қорининг нечта чопони борлигию сарватининг қанчалиги, ўқиб берадиган жанозаю никоҳларининг неча пул туриши ҳақида “ахборот” тарқатган эди. Мен ҳам гапни ҳазилга буриб, “Қори ака, ўша қайта киймайдиган чопонларингиздан биттасини менга совға қилинг, табаррук қилиб кийиб юрай”, дедим. Эртасига Қори акадан қўнғироқ бўлди: “Буюртмангиз тайёр, олиб кетинг”. Ҳазратнинг эгниларида мен кўп кўрадиган фақат аврадан иборат оқ чопон ҳозир менинг кийим жавонимда. Уни кийиб кўчага чиқиб бўлмайди – бунақаси мендек авомга расм эмас. Лекин Қори акамни соғинганимда уйда кийиб ўтираман, тўйиб ҳидлайман, жаннатнинг бўйи келади, шашқаторларимни енгига артиб, енгил тортаман…

…Регистон майдонининг тўғрисида, бир дарахтнинг тагидаги қадимий усулдаги супада ўтирган эмишмиз. Машҳур уч мадраса рўпарамизда. Бир вақт Қори ака ўринларидан туриб, намоз вақти бўлганини айтиб, йўлга тушдилар. Қай манзилгача бирга юрдик, кейин қарасам, Қори ака йўқлар. Самарқанд шаҳрининг мен билмайдиган кўчаларидан роса қидирдим. Хавотирим ортиб, бетоқатлана бошладим. Нотаниш кўчаларда узоқ изладим, хуллас, тополмадим. Қаттиқ изтироб ичида уйғондим. Кўнглим ғаш бўлди. Ўша куни Қори аканинг ҳузурларига бориб, шу кеча кўрган тушимни айтиб бердим. Бироз хаёлланиб, “Масжидга кетаётган эканмиз-ку, хайрли туш кўрибсиз”, деб яхшиликка мужда қилдилар. Орадан кўп ўтмай ҳаммамизни бўзлатиб ҳузури илоҳийга йўл олдилар…

Тез-тез шундай ҳодиса юз беради: вақтнинг ниҳоятда кичик бирликларида худди ўша тушдаги каби изтироб аралаш хавотир пайдо бўлади, қаергадир боришим лозимлиги хотирга келади, ҳа, бугун Қори аканинг ҳузурларига боришим керак-ку, деган ўй яшин тезлигида ўтади, изидан шундай катта суръат билан “Ахир, Қори ака оламдан ўтган-ку”, деган ёвуз ҳақиқат бостириб келади. Ана шунда чидаш қийин бўлади, кўникиш азобга айланади. Ҳаётдан мазмун қочгандай, энг дилкаш мусоҳибсиз умр ғариб, кўнгил эса ташландиқ бир кулба мисол ҳувиллаб қолгандай бўлади. Шунда анг­лайманки, қирқ йиллик ҳаётимда ҳеч ким Қори акадай таассурот қолдирмаган, ҳеч бир зот чинакам маънавий-руҳий муршидим бўлолмаган экан. Мана шундай дилгир кезларда Қори аканинг ўзларидан эшитганим имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадис таскинга шошади. Савбон (р.а.) маҳзун бўлиб турганларида Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом сабабини сўрабдилар. Шунда Савбоннинг (р.а.) “Ё Расулуллоҳ, сиздан айрилиш азобини ўйлаб маҳзунман”, деганларига жавобан Набийимиз Савбонга ва у орқали бутун уммати Муҳаммадийга демишларки, “У дунёда ҳар ким ўз севгани билан бирга бўлади”.

Тоғнинг юксаклиги ундан узоқлашганингиз сари билингани каби ортда қолаётган йиллар соғинчни орттирса, орттиряптики, сусайтираётгани йўқ. Катта илм, чўнг бир маърифат, гўзал исломий хулқ соҳиби бўлган Анвар қори Турсунов бутун сиймоси, бор фазилатлари билан ўзи яхши кўрган Ҳазрат Алишер Навоийни, ул зотнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида номлари зикр этилмиш улуғ авлиёларни ёдга солади. Баъзан ўйлаб қоламан, агар Қори акам ҳазрат Навоий билан замондош ёки у кишидан муқаддам яшаб ўтганларида, албатта, “Насойим ул-муҳаббат”нинг қаҳрамонларидан бири бўлар эдилар. Шу боис мен учун Анвар қори “Насо­йим ул-муҳаббат”нинг 771-авлиёси!
У киши чин маънода Ҳақ ошиғи, Аллоҳ таоло дийдорининг муштоқи эди.

Илоё, Қори акамни муроду мақсудига етказсин!

Икром ЧОРИЕВ,
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси
“Маҳалла” телерадиоканали директори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг