ҲАШАР – ОЛАМГА ЯРАШАР

317

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида кўплаб долзарб масалалар қаторида сайёҳлик соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, мамлакатимиз бу соҳада улкан салоҳиятга эга, аммо бу имкониятдан, очиғини айтганда, ҳали тўлиқ ва самарали фойдалана олганимиз йўқ. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сайёҳлик ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ундан унумли фойдаланиш иқтисодиётимиз равнақининг муҳим шарти ҳисобланади.

Мурожаатномада ҳудудларни ривож­лантириш ҳақида алоҳида сўз юритилди. Бунда муҳим омил сифатида ҳудудлараро транспорт алоқасини таъминлашга эътибор қаратилди. Барча аҳоли пунктларидан пойтахтимизга, энг йирик шаҳарлар ва туристик марказларга тез келиб-кетиш имкониятини яратадиган, ўзаро боғланган транспорт тармоғи яратилиши, жумладан, иккита тезюрар поезд ҳаракатининг йўлга қўйилиши, Буxоро – Урганч – Xива темир йўлининг электрлаштирилиши, қишлоқларни туманлар марказлари билан боғлайдиган узлуксиз автобус қатновларининг хусусий сектор иштирокида кўпайтирилиши ички туризм ривожи учун янги имкониятларни яратади.
Туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун бюджетдан бир триллион сўм ажратилади. Дарҳақиқат, маданий меросга, ота-боболаримиз қолдирган ўчмас қадриятларга бўлган бундай эътибор янги ислоҳотларни ишонч билан бошлашга ундовдир. 2021 йилда туризм соҳасида изчил ислоҳотларни давом эттириш иқтисодий барқарорлик кафолатлари сирасидандир. Агар биз тарихий обидаларимизга саёҳат қиладиган
бўлсак, ички туризм, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратсак, шубҳасиз, янги ютуқларга эришамиз. Ваҳоланки, зиёрат туризми бўйича мамлакатимизнинг салоҳияти жуда юқори, юртимизда Ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолар, улар қолдирган илмий, маданий-маърифий ва давлатчиликнинг нодир излари жуда кўп.
Туризмнинг фойдаси фақат иқтисодий жиҳат билан боғланиб қолмайди, соҳа ривожи тарихимиз, миллий маданиятимиз, қадриятларимиз ривожига ҳам салмоқли таъсир кўрсатади. Шу мақсадларда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларда театр ва маданият объектларини қуриш ва сифатли таъмирлаш вазифаси белгиланди.
Шу ўринда, келгусида сайёҳлар учун янада кўпроқ майдон яратиш мақсадида бир таклифимни ўртоқлашмоқчиман.
Ўзбек халқи деганда, албатта, унинг меҳнатсеварлигини алоҳида эътироф этамиз. Шундай экан, халқимизнинг бундай ноёб хислатини нима учун дунёга кўз-кўз қилмаслигимиз керак, деган савол туғилади. Қолаверса, ким ўз она Ватани учун тер тўккан ота-бобоси ҳақида билишни истамайди? Мана шу мақсадда Катта Фарғона канали ҳамда Каттақўрғон сув омбори бўйлаб халқимизнинг “ҳашар” деган удумини, эл-юрт манфаати йўлидаги куч-қудрати ва жасоратини намоён этадиган музейлар барпо этиш лозим, деб ўйлайман.
Музейларнинг ташқи деворларида ҳазрат Алишер Навоийнинг қаҳрамони Фарҳод сингари юрт ўғлонларининг тас­вирини ёш авлод онгига сингиб борадиган даражада яққол акс эттириш ва у ҳар қандай сайёҳни беэътибор қолдирмайдиган меъморий хусусиятларга эга бўлиши жоиздир.
Музейлар меҳнаткаш халқимизнинг келажак авлодлар учун бажарган эзгу ишларини, жипслик, ҳамжиҳатлик бўлса, меҳнат билан ҳар қандай улкан натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатиб турсин.
Албатта, сув бўйидаги ҳар иккала музей ҳам халқимизнинг номоддий мероси – Ҳашар удумини абадиятга муҳрлаб, машҳур меҳнат қаҳрамонларининг ҳеч бирини унутмаган ҳолда, уларнинг суратлари, оилавий аҳволи, бажарган ишлари, иш қуроллари акс этган кўргазмали воситалар билан бойиши даркор.
Бундай музейлар ёш авлод учун ибрат оладиган, меҳнатсеварликни ўрганадиган ўқув марказларига айлансин. Ёш авлод вакиллари бу сингари тарихий ишлар ҳеч қачон унутилмаслигини ҳис этсин ва эътиборсиз қолмаслигини билсин.

Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг