ЮРГИМ КЕЛАДИГАН СЎҚМОҚЛАРИМ БОР

265

Соғинбой ИБРАГИМОВ

* * *
Чўлнинг ориятли, содда боласи –
кўнасан бу савдоларга.

Сен таниган аслни кимлар
қандай яна қанча парчаламасин –
асл аталади синиқлари ҳам.

* * *
Олтин қуйилиши мумкин миснинг устига,
олтиннинг устига мис қуйилмайди.

Тўла жом чайқалар ҳамда тўкилар,
туби тешик жомни тўлдириб бўлмас.

Бургутлар чарх уриб учган юксакда
арвоҳи ҳам бўлмас япалоқларнинг.

“Виждон”ни луғатдан ўчириб бўлар,
асаб томирлари соғ қолар бироқ…

Тишларимда тишлаб бу ҳикматларни,
бир сўқмоқни очиб боравераман –

Оғир кесакларни тўқнашиб, суриб,
туяжун чакмоним зил бўлар тердан…

Бу йўлда банданинг қадр-қиммати –
унинг Худоси ҳам пайғамбаридир.

Ҳар даврнинг ўз ҳақиқати бор,
ҳар давр сен ёнган ўтда ёнади.

* * *
Осмоннинг остида бир оғиз ҳам
сўзим йўқолмайди. Ҳақ тарафида
не айтсам – юлдузлар ёдлаб олади.

Ноҳақнинг фойдасига айтган сўзларим –
ернинг қобирғасин қайиштиради.

* * *
Жар ўпириб оқаётган дарёсан,
мен қирғоқда туриб довруқ соламан,
бироқ тўлқинларнинг шовуллашидан
довушимни етказолмай қоламан.

Жар ўпириб оқаётган дарёсан,
Мен бошимни эгиб келдим ёнингга –
не амр айлаб, қандай ҳукм қиласан,
борлиғим бахш этиб келдим ёнингга.

Тўлқингдан жонда жўшди ҳаяжон!
Сен менинг кўнглимга солган туйғулар
мени сиғдирмайди чексиз кенгликка
этак-енггим қанча кенг бўлган билан.

Осмоннинг остида, ернинг устида
минг бор пастдан дўнгга чопганим билан –
дарём, сен оқасан ўз шиддатинг-ла,
тўғон бўлиб сени тўса олмасман.

Гирдобларга мени тортиб, куласан,
шаршара бўласан, ўйнаб-аврайсан –
Сендан бошқа ҳеч бир сеҳргар билан
Мен ҳеч қачон бахтли бўла олмасман.

Шундай тураверсанг сен қучоғимда,
шундай тураверса бошинг эгнимда.
Юрагимда югуриб бораётган
Бир уюр йилқининг дупурин тинглаб.

* * *
Бу дунёнинг шундай жафолари бор –
қудрат билан енгиб бўлмайди,
ҳийла билан олиб бўлмайди,
ақл билан ечиб бўлмайди.

Бу дунёнинг шундай жафолари бор –
ипак билан ёпиб бўлмайди,
олтин билан қоплаб бўлмайди,
кўзни юмиб кўрмай бўлмайди.

Бу дунёнинг шундай жафолари бор.

* * *
Бу дунёда кўп нарсаларни
ақл билан тушунтириб бўлмайди.
Қай бир тўлқинларин одам жонининг
ақл билан енгиб бўлмайди.

* * *
Банд бўлиб яшайман хаёлларимга,
ўзимнинг камимни бутунлаб ўзим,
айтилавермайди бекорга сўзим,
банд бўлиб яшайман хаёлларимга.

Тўрт фасли мукаммал табиат каби
бағримга бежирим боғлар киради,
тушимга мен ошиқ тоғлар киради,
банд бўлиб яшайман хаёлларимга.

Юргим келадиган сўқмоқларим бор,
кечгим келадиган ирмоқларим бор,
қучгим келадиган ужмоқларим бор,
банд бўлиб яшайман хаёлларимга.

О, бошимга келган йўловчи Қуёш,
мен ҳам йўлдошингман – фалакдаги бош,
саҳроларда қумман, чўққиларда тош,
айрилгим келмайди хаёлларимдан.

* * *
Бўзтўрғайга дедим: бўзлайсан нега
кун бўйи муаллақ туриб тепамда.
Кимдан яна қандай хабар келтирдинг.

Дедим: мен фаровон яшаётирман
ҳамду сано айтиб Осмонга –
сен унинг тариқдай бир заррасисан.

Ул бўзтўрғай деди: аввал кўнглингда
мени бу осмондан айириб ол,
сўнгра пайғомимни мендан айириб ол…

Ўшанда умрингда жумбоқ қолмайди –
ўшангача менинг тилимни
тушунаман деганинг ёлғон…

Қорақалпоқчадан
Рустам МУСУРМОН таржимаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг