ФАЙЛАСУФ АДИБ

398

“Адабиёт – инсонни тушунишга уринишдир. Ҳар бир ижодкор, ҳар бир асар инсонни қайтадан, янгитдан, мутлақо ўзгача нуқтаи назарлардан тушунишга ҳаракатдир…
Адабиёт ўлмайди, у яшайверади. Мухлислар доираси камайиши, сийраклашиши мумкин, лекин бутунлай йўқолиб кетмайди.”

Бу фикрлар муаллифи Хуршид Дўстмуҳаммад эканлигини адабиёт мухлислари яхши биладилар. Унинг ёзганларини фалсафага тўйинган асарлар дегимиз келади. Сўнгги йилларда ёзилган “Донишманд Сизиф” романини олинг. Сизиф – жаннатдан қувилган одам! Сизифнинг харсангтошни гоҳида чираниб, гоҳида ҳузурланиб, баъзан руҳланиб, баъзан тушкунликда… чўққига олиб чиқиш жараёни – бир банданинг ҳаёт моҳиятини англашга интилиши, ўз ҳақиқатларини излаши, гуноҳу савоблари, шукронаю тавба-тазарруси, покланишга ҳаракат, қувилган манзил – жаннатдан умид… Тириклик фалсафаси.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг биринчи бадиий асари – “Ажажа” деб номланган фантастик ҳикояси 1979 йили «Фан ва турмуш» журналида эълон қилинган. 1980 йилда «Гулистон» журналида босилган «Киова қуёши» номли иккинчи ҳикояси бирмунча баҳсларга сабаб бўлган.
Таржима асарлар унинг янгича ёзиш кераклиги хусусидаги фикрга келишига туртки берган бўлиши мумкин, деб ўйлаймиз. Фикримизча, унинг ёзувчи сифатида шаклланишига тинимсиз мутолаа ва энг асосийси, ижодга илмий ёндашув ҳам асос бўлган.
Ҳолбуки, Хуршид Дўстмуҳаммад 1995 йилда “Ҳозирги ўзбек ҳикоячилигида бадиий тафаккурнинг янгиланиши (80-йилларнинг иккинчи ярми ва 90-йилларнинг аввалидаги ҳикоялар мисолида)” мавзусида номзодлик ишини ёқлайди.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги истиқлолга эришиш арафаси ва унинг дастлабки йилларида бадиий тафаккур табиатидаги янгиланишнинг ўзига хос хусусиятлари адабий жараённинг тараққиёт тенденциялари билан, санъаткорнинг ижодий эволюцияси билан, жанр, қаҳрамон, сюжет сингари бадиий асар компонентлари билан узвий боғлиқликда ўрганилган. Янгиланиш омиллари аниқланган, бадиий асар структурасига олиб кирган сифат ўзгаришлари, воситалари атрофлича таҳлил этилган.
Ўзбек адабиётининг бадиий баркамол намуналарини дунё адабиётининг бир бўлаги сифатида тадқиқ этаркан, “умуминсоний қадриятларни, жаҳоний бадиий тафаккур хазинасини бойитувчи ҳикояларимиз” намоён бўлишини таъкидлайди. Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” асари билан Акутагаванинг “Расёмон дарвозаси” ҳикоясини таржима қилиб қиёслайди ва бадиий ижод психологиясининг икки қонуниятини кўрсатиб беради:
“Биринчи – ер юзининг бошқа-бошқа минтақаларида яшаётган ва бир-бирининг ижодидан бехабар икки ё ундан кўп ижодкор турли жиҳатдан ўхшаш сюжетлар, эгизак образлар асосида бадиий тафаккурнинг нодир намуналарини яратиши эҳтимолдан холи эмас.
Иккинчи – санъаткор дунёқарашидаги сифат ўзгаришлари, эстетик принципларининг шаклланиши ва муайян тамойил касб этиши мафкуравий қолипларга – андозаларга, сиёсий-иқтисодий омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳам кечаверар экан.
Бадиийлик, тарихийлик сингари принципларнинг шаклланишидаги янгича қарашлар ва эстетик мезонлар тадқиқотнинг муҳим илмий янгилигини белгилайди”.
Тадқиқот учун танланган ва албатта, таҳлилу тадқиқ қилинган миллий адабиётимиз (Абдулла Қодирийдан Назар Эшонқулгача) манбаларига, уларга қиёсан ўрганилган жаҳоннинг етук ёзувчилари (Аристотелдан Ж.Жойс, М.Пруст, Ф.Кафка, А.Рюноскэ, Э.Фромгача) ва уларнинг асарларига эътибор қилинса, кўриладики, тадқиқотчи уларни ўзгача тартибда ўқиган, оддий китобхондан фарқли ўлароқ қиёслаган, ёзувчи сифатида тафаккурини кенгайтирган, ижодини ривожлантиришга асос яратган.
Абдулла Қодирий ҳаётининг таҳликали кунларига бағишланган “Ёлғиз” қиссаси адиб ижодида алоҳида ўрин тутади.
Адиб “Ёлғиз” қиссасида мустамлакада қолган аҳоли қатлами руҳиятини, даврнинг фожиасини тасвирлаб берган. Улуғ Темур қурган салтанатни парчалаб, миллатни таназзул ботқоғига ботирган, ҳурлик учун курашиш хаёлига келмаган ­аъёнлар – мударрис, олимлар, савдо билан шуғулланадиган, шу билан бирга, юртма-юрт кезиб дунё тамаддуни янгиликларини юртга ташиши лозим бўлган пулдорларнинг тубан дунёқараши ва пуч нарсадан ҳаволаниб юрган бу “юқори табақа” оилаларининг залолатга ботган афтода ҳолини Қодирий фелъетонларидаги беаёв масхаралаш усулига уйқаш оҳангда тасвирлаган.
Шу билан бирга миллатнинг поймол бўлишини истамаган, курашган, бунинг учун бошини мустамлакачилар кундасига қўя олган маърифатпарварлар оз бўлса-да, бор эди. 1918 йилда Қўқонда эълон қилинган Туркистон мухторияти иттифоқсизлик сабаб бостирилгач, иштирокчиларнинг баъзилари қатл этилган, бошқалари қочқинликка юз тутган, бир гуруҳи чекка ҳудудларда босқинчига қарши курашаётган, бир қисми эса даҳрийлар қўл остида бўлса-да, Ватанда қолиб қаламлари билан озодликни орзулаётган тарихий жараённи ҳам ишонарли тасвирлай олган. Улардан бири ва энг тили ўткири қисса қаҳрамони Абдулла Қодирий эди.
Асарда Қодирий Мунавварқорининг “Тараққий” газетасида ёзган фикрларини эслайди ва хаёлан хитоб қилади: “Хўп ёзган, топиб ёзган, англаб етармиканлар деган ниятда аччиқ, қиличнинг тиғидек ўткир ёзган – дунёға нима учун келгонини билдирмоқликни кўзламоқ зарур, билсин ахир, одамларимиз! Билсин, билсин, кўзи очилсин! Йўқ, яна бир карра, ўн карра йўқким, “…билмаслар, билмаганликларини ҳам билмаслар!”
Абдулла Қодирий: “Буюк падаримиз Беҳбудий ҳаётини, умрини, жисми жонини гумроҳлар боши узра машъала ўрнида ёқди – билдиларми?”
Ёзувчи Фитратни, Чўлпонни эслайди, Таваллонинг маърифий шеърларига мурожаат қилади:
“Бошқа миллат қилди ғайрат,
минди мақсад отиға,
Маҳрум ўлдук лоф уриб,
чойхоналарда куну тун.
Офарин, домулло Тавалло, офарин! Аччиқроқ, чимдимроқ айтаверинг эмди ҳақ сўзни, Усто, аччиқроқ! Ғайрат уйи эмас чойхона, ғафлат уйи, уйқу уйи – ҳасратхона. Неча-неча эр йигитлар умри зое – чойхона! Чойхонага қурбон эл қалбида ўқимоққа муҳаббат уйғотмоқлик учун ҳам кўп, рост ва қизиқ ёзмоқлик шарт”.
Бу фикрлардан кўринадики, оддий насиҳатомуз гаплар одамларга таъсир қилмай қўйган. Хуршид Дўстмуҳаммад буни турли ҳаётий саҳналарда, гурунглар воситасида кўрсатиб берган.
Адиб “Ёлғиз”да “Ўткан кунлар”даги образлар, жумладан, Юсуфбек ҳожи, Отабек, Кумуш, Ҳомидлардан маҳорат билан фойдаланган. Айниқса, муҳаббат ёшидаги китобхонларни Юсуфбек ҳожи образига чорлаши жуда мароқли топилма. Муаллиф асарда Юсуфбек ҳожи образига мурожаат қилар экан, уни юртини ҳур ва адолатли кўришни истаган миллат донишманди сифатида кенгроқ тасвирлайди. Бугунги ўқувчига Абдулла Қодирий қаттол сиёсат сабаб очиқ ёритолмаган, лекин “Ўткан кунлар” мағзига сингдирган, ҳар киши ҳам илғаши қийин бўлган синоатларни очиқлайди.
Худди шу ўринда Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг: “Абдулла Қодирий типик жадид эди… Асарларининг мавзулари, идеяларигина эмас, балки уларнинг формал тузилишлари, бадиий хусусиятлари, даражалари ҳам жадид адабиётининг типик намуналарини ташкил этади”, деб бежиз айтмаганини хотирлагимиз келди.
Жадидлар ғояси эса озодлик эди!..
Қисса қаҳрамони, Ойбек айтмоқчи, жадидлар ғояси билан тарбия топган Абдулла Қодирийнинг “Йиғинди гаплар”и фақат 1926 йил воқеалари муносабати билан эмас, балки билимсизлик, иттифоқсизлик, сотқинлик сабаб асралмаган озодлик қайғуси, Туркистон мухторияти қонга ботирилганининг саккиз йиллигига бағишланган ва албатта, қалбида йиғилиб қолган битмас дарду аламлар ифодаси эди.
Хуршид Дўстмуҳаммад Туркис­тоннинг ана шу аламли тарихида большевиклар сиёсатига кўника олмай юрган юрт зиёлилари тимсолини, жадидлар ботинидаги жасоратни, шижоатни, қолаверса, тушкунликни Қодирий образида ишонарли, таъсирли тасвирлаган.
“Ёлғиз” қиссаси Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор”, “Донишманд Сизиф” романлари, “Нигоҳ”, “Паноҳ”, “Оромкурси”, “Сўроқ”, “Ҳижроним мингдир менинг”, “Куза..”, “Ёлғизим — Сиз” каби қиссалари, “Маҳзуна”, “Ибн Муғанний”, “Жажман” каби ҳикоялари ўзбек адабиёти хазинасига қўшилди.
Адибнинг “Чаёнгул” қиссаси асосида бадиий фильм яратилгани, “Ёлғиз” қиссаси асосида театр асари саҳналаштирилгани ҳам унинг ўзбек маданиятига қўшган ҳиссасидир.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида қонунлар такомили йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган, табаррук ёшини нишонлаётган донишманд устозимиз журналистика, адабиётшунослик соҳасида “Журналист бўлмоқчимисиз?”, “Журналистнинг касб одоби муаммолари: назарий-методологик таҳлил”, “Ижод – кўнгил мунавварлиги” , “Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа” , “Умрнинг олмос мавжлари” каби кўплаб тадқиқот, илмий-оммабоп китобларини ёзди. Филология фанлари докторлиги учун диссертация ёқлади.
Журналистика бўйича сабоқ олаётган талабалар унинг бетакрор дарсларини жон қулоқлари билан тинглашади, ҳаётий сабоқлар олишади. Хуршид ака ёшлар орасида аллақачон севимли устоз мақомини олган.
Халқда ўзингни, ҳаёт моҳиятини англашни истасанг ўқи ёки дунё кез, қабилида нақл бор. Хуршид Дўстмуҳаммад кўп ва мунтазам ўқийди. Оллоҳнинг марҳамати ила ҳаж амалларини бажарди. Ҳуррият насимлари уни мутараққий мақомини олган дунё мамлакатларини кўриш, муайян соҳалардаги тажрибасини ўрганишига боис бўлди. Ўқиганларини кўрганлари билан қиёслади, хулосалар чиқарди, уларни ҳамкасбларига, жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилди ва ҳаётнинг, инсон умрининг қадр-қимматини шунда деб билароқ, эзгу амалларини юқори мақомларда давом эттирмоқда.

Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари номзоди,
доцент

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг