РАМЗЛАР ЖИЛОСИ

410

Ўзбек киносида ўзига хос йўналишга эга ижодкор Ёлқин Тўйчиев 2019 йилнинг сентябрь, октябрь ойларида “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмини суратга олди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда “Fox music cinema” киностудияси ҳамкорлигида суратга олинган мазкур фильм Сурхон воҳасининг Бойсун тоғларида тасвирга туширилган. Фильм оператори Баҳодир Йўлдошев, рассом Бектош Ражабов, картина директори Шавкат Ризаев, продюссер Дониёр Аъзамов, иккинчи режиссёр Нодира Зуфарова.

Янги киноасар Ё.Тўйчиевнинг нав­батдаги муаллифлик фильми бўлиб, картинада Баҳром Матчонов, Маржона Ўлжаева, Нодира Хожиқулиева, Юлдуз Ражабова, Илмира Раҳимжонова, Анвар Ҳамроқулов, Санобар Ҳақназарова, Комил Шокиров каби маҳоратли ва ёш актёрлар қатнашган.
“Фариданинг икки минг қўшиғи” фильми “Олтин глобус”нинг бу йилги “Хорижий тилдаги энг яхши фильм” номинациясида қатнашиш учун танлаб олинди. Ушбу йўналишдаги совринга 77 мамлакатнинг 138та фильми даъвогарлик қилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон “Оскар” қўмитаси томонидан сайёрамизнинг нуфузли Оскар мукофотининг “Энг яхши халқаро бадиий фильм” йўналиши бўйича Ўзбекистон номидан айнан шу фильм танланди. Маълумки, “Оскар” тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтади.
Хўш, “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильми ўзбек киношунослари ва нозиктаъб киносеварларни нимаси билан қизиқтирди? Унинг ўзига хос жиҳати нимада?! Фильмнинг жанрига “Ўзбеккино” МА қуйидагича тавсиф берган: “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмида ўтган асрнинг бош­ларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил тўртинчи бор уйланади. Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади”.
Ҳақиқатан ҳам шундаймикан?.. Фильмни бир неча марта кўрган томошабин сифатида шуни айтишим мумкинки, унинг ўзига хос жиҳати халқ турмушидаги урф-одатлар, қадриятлар, ҳатто буюмлар ҳам яширин синоатни очишга хизмат қилишида. Томошабинда “Комил додҳо(актёр Баҳром Матчонов)нинг тўрт хотини бор. Тўртинчи аёли Фарида. Нега фильм “Ҳусния, Робия, Мағфиратнинг икки минг қўшиғи эмас, Фариданинг икки минг қўшиғи деб номланади?” деган савол туғилиши табиий. Савол пайдо бўлишининг ўзиёқ фильмнинг жумбоқ эканлиги ҳамда ушбу жумбоқ режиссёр бошчилигидаги ижодий жамоа орқали томошабин билан биргаликда ечилишига ишорадир. Шу жиҳатдан қараганда, бу асарни этнография унсурлари мужассам, рамзлар, метафораларга тўла мелодрама, деган бўлардим.
Томошабин фильмдаги рамзларга кўчган “улкан билим” орқали режиссёр нима демоқчилигини англаши мумкин. Зеро, рамзлар фильм мазмунини тушунишда бир калит. Калит билан қопқани очиб кириш, “хазина”га эга бўлиш очгувчига боғлиқ, албатта. Ҳар қандай бойлик қадрланса, баҳоси бўлади. Баҳосини олган нимаики бор, янгидан туғилиб, қайта қувватга киради. Фильм­даги воқелик билан нафис уйғунлашган халқ қўшиқлари андуҳлими ёки орзу-изтиробларга тўлами, барча-барчасидан самарали фойдаланилган. Қаҳрамонларнинг нутқи, хатти-ҳаракатлари, ишлатаётган буюмларигача рамзийлик бор. Камина ундаги рамзларни ўзак рамзлар (Ҳофизтоғ, Мағфират ўзи учун ясаган қафасмонанд “қўрғонча”, додҳонинг уйи, ундаги катта, кичик, ўрта ракурсда кўрсатилган том, деразалар, уй атрофида санғиб юрган ит) ва вазият рамзларига (олма, пичоқ, ўсма, хина, аччиқтош, тош, тароқ, белбоғ, савағич, ковуш, хамирдан нон зуваласини ясаш, сочни тараш, бош ювиш, чигалини ёзиш, бир лагандан ош ейиш, чой, “Маузер” тўппончаси, грамафон сингари) ажратдим.
Воқеалар Комил додҳо Ҳофизтоғ этагидаги қўрғонга келинчак Фаридани қўқон аравада олиб келиши билан бош­ланади. Нима учун Комил додҳонинг ҳаёти, турмуши Бухоро амирлигида эмас, балки тоғлар этагидаги сомонсувоқли, томи лойсувоқли жойда кечади? Унинг бойлиги етарли бўлса. Чунки Додҳо сиёсатдан чекиниб, тоғ ёнбағрида ўз оламини яратишга ҳаракат қилади. Донишмандлар оламни Улкан ва Кичикка ажратиб таснифлашади. Улкан олам ичида инсон Кичик олам саналади. Оламларнинг ўзаро боғлиқлиги, ягоналиги қайд этилади. Айни пайтда ҳар бир одам ўзича бир олам. Комилбек додҳонинг тўрт аёли тўрт олам, тўрт воҳанинг ўзига хос темпераментига (мижозига) эга аёллар. Актриса Илмира Раҳимжонова ижросидаги бош хотин Ҳуснияда оғир-босиқлик, мулоҳазакорлик, тупроқдек хокисорлик аро хонадонни бошқариш устун бўлса, Юлдуз Ражабованинг Робиясида қизиққонлик, ишқ йўлида барча нарсани йўқ қилиб, “куйдириб ташлаш” хусусияти мужассам. Учинчи хотин ролини ижро қилган Маржона Ўлжаеванинг характерида шамолдек беқарорлик, болаларча беғуборлик бор: “ярим чала ўспирин, ярим чала жувон”. Санобар Ҳақбердиеванинг Фаридаси эса илмли, зиёли аёл тимсоли. Аёлларнинг қайси воҳаданлиги уларнинг либоси, шеваси орқали аниқ очиб берилган.
Фильмда актриса Юлдуз Ражабова — Робиянинг эридан хушнуд бўлган онларида томга чиқиб олиб қуритишга қўйилган сузма қурутларни тўрт саватдан истаганича олиб ейиши сюжети бор. Аҳамиятли жойи, қуритилган қурутлар бешинчи саватга йиғилади. Бу аёллар орасида ўзига хос ҳукмронлик, “энг севимли аёл” сюжет линиясини кўрсатишга хизмат қилган. Юлдузнинг аламзада ҳолатда олмаларни пичоқ билан шарт-шарт кесиши ҳам унинг орзу-умидлари саробга айланганини намоён қилган.
Сценарий муаллифи сифатида Ёлқин Тўйчиев қаҳрамонлар нутқида ўзига хосликни ниҳоятда маҳорат билан очиб берган. Нутқларни тинглар экансиз, ҳар бир қаҳрамоннинг ўзига хос характерини билиб оласиз ва ХХ аср бошларидаги ўзбек тилини эшитасиз. Ҳатто Додҳонинг жияни бўлмиш Қоровулбеги ролини ижро қилган Эгамберди Раҳимовнинг “…ватангадолик оғир мусибат, омма большавойни кўзи оч, омонлик кутманг”, деган мурожаатида ҳам бекларга хос виқорни англайсиз. Игорь Бухаидзе ижро қилган оқ аскарлар командирининг “Красные Харезм взяли. Нынче оно не ханство, а Советская республика… возьмут эмират и все. Тебе хана. Кабул, Герат, Истанбул, Париж, незнаю, Америка” каби сўзларидан билиш мумкинки, Комил додҳо қаердадир овлоқ жойда қолиб кетган инсон эмас. Унинг оқ подшо командири, Бухоро амирлигида ҳам обрў-эътибори бор, ватанпарвар шахс, юртининг бой одами.
Актёр Баҳром Матчоновнинг нигоҳида ҳаёт қийинчиликларида тобланган, аммо Ватанини ҳеч қаерга алмашмайдиган, оиласини ҳам “кичик Ватан” сифатида ардоқловчи оилапарвар, донишманд шахсни кўрамиз. Тоғ ва том — “оиланинг устуни” рамзлари Комил додҳога хослигини актёр кескин, ўктам нутқи, нигоҳи орқали кўрсатиб беролган. Унинг аёлларига қаҳри ҳам, меҳри ҳам ақл билан бошқарилади. Ўзининг бепуштлигини англаган ҳолда, Фариданинг фарзанд кутаётганини билгач, кенжа хотинини жазоламайди. Аксинча, “миллатим давомчиси туғилади” деган маънода ўзини билмасликка олиб, беайб Мағфиратни жазолайди. Бунда Комилбойнинг кейинги вазиятларни олдиндан таҳлил қила билиши — дип­ломатлигини кўриш мумкин. Ўша даврдаги ақидалар бўйича зинокор аёл ҳам, эркак ҳам тошбўрон қилинган. Комилбой бундай йўл тутмайди. Бойлар ўрнига келадиган “йўқсул зиёли йигит”га ўзининг “эрлик ўрнини” бўшатиб беради, уч аёлини ўзга юртга йўлга кузатаётганда уларни ҳамда бойликларини ўша зиёли йигитга ишониб топширади.
Фильм оператори Баҳодир Йўлдошев ва рассом Бектош Ражабовнинг ишларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Эр ва хотин ўртасидаги нозик, интим муносабатлар, суҳбатлар очиқ-ойдин кўрсатилмайди. Балки пичоқ, белбоғ, олма, илик қоқиш, лагандан бармоқ билан ош ошлаш, эшик ва деразаларнинг очилиш-ёпилиши билан намоён қилинади. Актриса Илмира Раҳимжонова — Ҳусниянинг Фарида ҳомиладор бўлгач, супра устида нонга зувала узиш жараёнидаги монологи унинг нақадар донолигини очиб берган. Ҳусниянинг: “Менга қаранг, ҳурлиқо, балки пешонангиз ярқирагандир, балки бу ҳомила нақ мўъжизадур, балки сиз авлиё, биз эса гуноҳга ботқон номаъқул банда… омма бу дигони мен кўр, кар, ёхуд ахмақ дегани эрмас. Ҳар банданинг, биласиз, ортида ўз сояси бор. Ул сояга кунму, тунму, қомар ёхуд шамс фарқи йўқ — нур бўлса етар — соя кўринади қўяди номард. Ҳм?” тарзидаги нутқининг ўзиёқ рўй берган вазиятни ойдинлаштиради. Халқда “зуваласи пишиқ”, “патирига яраша кулчаси” каби иборалар бор. Бадиий фильмдаги супра устидаги хамир детали ҳам бекор қўлланмаган. Бунда ўзак рамзнинг барқарор шакл ва мазмуни яққол кўзга ташланади. Ҳусниянинг доим ўчоқ, қумғон атрофида бўлиб, олов ёқиши ҳам оила қўрини ёритиб турувчилигининг белгисидир.
Фариданинг “оғир оёқлик” ҳолатини билгандаги Робиянинг олов атрофида “Лазги”га рақс тушишини дилдаги туғёнлари, изтиробларини ташига чиқараётган аёлнинг жазбаси деган бўлардим. Аслида ҳам, манбаларга кўра, “Лазги” рақси зардўштийлик динида гуноҳлардан фориғланиш ва экстаз ҳолатига тушиш учун оташкадаларда ижро қилинган.
Комилбек додхонинг Мағфиратнинг жимжилоғини чопқида узиб ташлаш сюжетида бечорагинанинг атрофида майда тошчалардан чегара қилиб олиши воқеаси қаҳрамон тилидан “тошинг­ни тер”, “менинг юмушимга, ҳаётимга аралашма” сингари кўчма маънолар анг­ланади.
Фильм якунидан олдинги сюжетда Комилбек додҳо Ҳофизтоғдаги ғорга бориб, оила аъзоларидан ташқари барчадан сир сақлаган биринчи хотинини оёғига қулфланган кишандан озод этади. Бу шахснинг дунёнинг майда-чуйда ташвишли кишанларидан озод бўлиб, ўзлигига қайтиши рамзидир. Додҳонинг ёғоч тароқда аёлининг соч чигалини ёзиши олдиндаги хатарли вазиятнинг ечимини топиб, чигалликларини ечганига ишора. Тароқ салбий эҳтирослар, ҳирс чангалзори рамзи. Нодира Хўжақулиева ижросидаги Хайринисанинг мингбоши қўлига тароқ тутишида ҳам инсон ўзи юзага келтирган мушкулотларни фақат ўзи ҳал қила олади, деган рамзий маъно мужассам.
Сиёсатга бир аралашдингми, ундан чиқиб кета олмайсан. Агар сен сиёсат билан шуғулланмасанг, сиёсат сен билан шуғулланади. Комил додҳонинг олдига келган “оқлар” ҳам, “босмачилар” ҳам унинг молини олишади, бироқ жонини омон қолдиришади. Аммо юқорида келганларнинг огоҳлантиришига қарамай, “қизиллар”дан хавфсирамаган бойнинг жонини янги, қаттол совет тузуми тўппонча отишни ўзи ўргатган севимли аёли Робия орқали олади. Бу эса ўша пайтларда ака укага, хотин эрига душман бўлган фуқаролик урушининг асосий иллатларидан эди. Дард, нола билан куйланган қўшиқ ўрнини граммафон орқали янграган Фёдор Шаляпиннинг қўшиғи эгаллайди. “Қизиллар” додҳонинг уйига ўт қўйиб кетишади. Бу янги тузумнинг ҳақиқий юзини кўрсатади. Қадим туркий халқ­лар оғзаки ижодининг жавҳарини ўзида жамлаган “Таъбирнома”(Ирқ битик)да “Катта уй ёнди. Унинг туби пойдеворигача ҳеч ким қолмади, Четанларигача қолмади дейишади. Билиб қўйинг — бу ёмон”, дейилган. Кино тилида фильм ижодкорлари янги — советлар тузумининг кўп инсонларга бахтсизлик олиб келганини, талон-торожликка асосланганини уйнинг ёқилиши орқали очиб беришган.
Алалхусус, “Фариданинг икки минг қўшиғи”ни томоша қила туриб, инсон нима учун қўшиқ тинглайди, нега сурат чизади, нега кино томоша қилади сингари саволларга жавоб топдим. Буларнинг барчасидан инсон ўзини қидиради. Қаердаки, ўзини топса, ўша санъат асарларига кўнгли боғланади. Боғланиш ҳайрат туғдиради. Ҳайратдан руҳий қониқиш топади. Ифода усуллари нурли ҳамда тафаккурга ундайдиган мазмун билан уйғунлашса, томошабинда тафаккурга чорлайдиган куч пайдо бўлади. Ҳақиқий бадиий фильмнинг бадиийлиги ҳам, эҳтимол, шунда бўлса керак.

Нигора УМАРОВА,
киношунос

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг