АТОҚЛИ ТАРЖИМОН

383

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Шу йилнинг 21 декабрь куни атоқли таржимон, адабиётшунос Амир Файзулла 76 ёшида вафот этди.
Амир Файзулла 1945 йил 15 январда Ғаллаорол туманида туғилган. 1968 йили Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган, мутахассислиги бўйича ҳиндшунос эди.
У дастлаб Ғаллаорол туманида мактаб ўқитувчиси, сўнг Тошкентда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, кейинчалик “Прогресс” нашриётида бўлим мудири, “Халқ мероси” нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон радио­сида таржимон, “Жаҳон адабиёти” журналида етакчи муҳаррир, бўлим мудири вазифаларида меҳнат қилди.
Амир Файзулла Ҳиндистон, Суринам, Голландия, АҚШ, Россиядаги илмий-амалий анжуманларда фаол қатнашар эди. Ҳиндий, урду ва рус тилларидан ўзбек тилига ўттиздан ортиқ роман ва қисса, тўрт юз сериядан ортиқ ҳинд фильмларини таржима қилди, юзлаб публицистик ва илмий-маърифий мақолалар ёзди. У таржима қилган “Ҳинд халқ эртаклари”, “Тўтинома” ва “Айёр вазир” номли ҳинд эртак­лари, Кришан Чандр, Яшпал, Премчанд, Бҳишам Саҳнийнинг ҳикоялари, “Оташ нафаслар”, “Индиранинг совғаси” ҳикоялар тўпламлари, Премчанднинг “Нажот”, “Жанг майдони”, “Фидойи”, “Севги инъоми”, “Нирмола”, Кришан Чандрнинг “Бир қизга минг ошиқ” каби романлар адабий жамоатчилик ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. У Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” асарини, Рейдар Хаггард, Теодор Драйзер, Бульвер Литтон, Жамол Ғийтоний, Лобсанг Рампа, Ирвин Шоу ва Мо Ян каби жаҳон адиб­ларининг тил ва услубий жиҳатдан мураккаб, аммо умуминсоний аҳамиятга молик асарларини рус тилидан таржима қилди.
Амир Файзулла “Маҳобҳорат”, “Мирзо Ғолиб”, “Рамаяна”, “Бобур” сериалларини, “Сангам” каби ўнлаб ҳинд кинофильмларини ўзбек тилига ўгирди. Ўзбек тилидан ҳиндий ва урду тилларига ҳам ўзбек адибларининг бир қанча асарларини таржима қилган. Унинг урду тилида “Ўзбекис­тон шоирлари” (1972), ҳиндий тилида эса “Мустақил Ўзбекис­тон ­шоирлари” (1995) ва “Ўзбек адабиёти намуналари ҳиндий тилида” (2014) тўп­ламларида таржималари чоп этилди. Увайсий ғазалларини, Нодира шеъриятидан намуналар ва Маҳзуна мухаммасларини ҳиндий тилига юксак маҳорат билан таржима қилди.
Амир Файзулла таржимашунослик тарихини атрофлича ўрганиб, айни пайтда ҳиндшунос сифатида ҳинд ва урду тилларидаги талайгина асарларни ўзбек тилига ўгириб, ўз таржима мактабини ярата олган улкан ва сермаҳсул таржимон даражасига кўтарилди.
Унинг миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига қўшган ҳиссаси давлатимиз ва жаҳон мамлакатлари томонидан муносиб тақдирланди. Амир Файзуллага “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони (2000), Тожикистон Фанлар академияси қошидаги Бадиий фанлар университетининг фахрий доктори унвони (2018) берилган. Ҳиндистон давлати ва Марказий ҳиндий тили инс­титути томонидан “Чет элда ҳиндий тилини ўқитиш, ташвиқот ва тарғибот этиш соҳасидаги муҳим фаолияти учун” доктор Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот (2020) билан тақдирланди.
Фаол таржимон, фидойи, ҳалол ва камтарин инсон, меҳрибон устоз, садоқатли дўст Амир Файзулланинг порлоқ хотираси ҳамиша қалбларимизда яшаб қолади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг