ШОИР БАХТ ҲАҚИДА ЁЗАДИ

371

Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони

Шеър шоир қалбида туғилган ҳаётий туйғуларни ифода қилади ва шу билан бирга ўқувчи қалбини ром этади. Шоир ўзи ёнмаса, бошқаларни ёндиролмайди, қалб ҳисларида оташ бўлмаса, бошқа қалбларга ҳарорат беролмайди. Бу сеҳрли оташсиз ҳар қандай шеърий жамжамалардан, бадиий воситалардан, маҳоратдан наф йўқ.

* * *

Инсон юраги ҳам бир олам. Унинг ҳам баҳор ва кузлари, тонг ва тунлари, ором ва зилзилалари бор. Шеърият юрак садоси бўлганидан ана шу мураккаб туйғулар оламини ифода қилади. Шунинг учун ҳам бир шеърни ўқиб қувонсак, кўксимиз сурур ва ифтихор туйғуларига тўлса, иккинчи бир шеърни ўқиб хаёлга толамиз, инсон дардларига ошно бўламиз. Шоирлик ўша туйғуларнинг табиийлиги ва ҳаққонийлигига шеърхонни ишонтира олишдир. Ишонтира олиш қобилияти истеъдоднинг ибтидоси.

* * *
Бахт шундай нарсаки, борлигида киши уни сезмайди, йўқлигида орзу қилади. Бахт­ли одам “мен бахт­лиман”, деб оламга жар солмайди. Инсон ҳеч қачон бахтга тўйган, бахтим етарли, деган эмас.
Аслида, ҳаётда бирор мақсад билан яшашнинг ўзи бахт. Мақсадсиз яшаш шундай кўргиликки, у ҳеч кимнинг бошига тушмасин! Кишида мақсад бўлса, унга эришиш йўлида курашиш, машаққат чекиш, таъна-дашномлар эшитиб куйиб-ёниб юриш ҳам – бахт.

* * *
Мен киночи бўлсам, “Бахтиёрлик лаҳзаси” деган фильм яратган бўлардим. Бу фильм бахт лаҳзалари мажмуасидан иборат бўлар эди. Унда маррага етиб келган спортчининг ғалабадан чарақлаган кўзлари, Ерга қўнган космонавтнинг кулгусини, илк бор висол дамларига етишган икки севишган ёш қалб тошқинларини, шеър ёзиб тугатган шоирнинг қувончини, чет элдан қайтаётган туристнинг мамлакатимиз чегарасини кесиб ўтгандаги шодлик-ҳая­жонини, узоқ жудоликдан сўнг боласига етишиб қучоқлаган онанинг севинч ёшларини, ўз меҳнат самарасини кўриб мамнун бўлган киши севинчини… суратга туширган бўлардим.
Шоир нимаики ёзса, бахт ҳақида ёзади, бахтини ёки бахт ҳақида орзусини ёзади.

* * *
Ҳиндистон оламга кўп даҳо шоирлар берган мамлакат. Улар ўз она юртлари қисматини буюк асарларда куйлаб ўтганлар. Шундай шоирлардан бири Бенголанинг оташин фарзанди Назрул Исломдир.
Назрул Ислом Ҳиндистоннинг бирлиги ва озодлиги учун курашиб, ўзининг ёш жонини фидо қилган сиймо. У мустамлакачилар зулмига қарши шеъри билан ошкора жанг қилган, ватанини озод, мустақил, қўшнилари билан бирдам кўрмоқни орзу қилган эди.
Муттасил қувғин, ҳибслар шоирни оқибат ҳалокат гирдобига олиб келди. У ўттиз бешга тўлмаган ёшида, айни ижоди камолга етган чоғда эс-ҳушидан айрилди.
Назрул Ислом бир неча йил муқаддам табаррук ёшда вафот қилди. У қирқ йил дунёда беҳуш, девона бўлиб яшади. Ўзи орзу қилган озодликни, мустақилликни барҳаёт бўла туриб билмади, сезмади.
Мен ана шу фожеий қисмат тўғрисида достон ёздим.

* * *
“Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”. “Наводир уш-шабоб” девонидаги бу мисра хаёлимни банд этиб, Навоий китобини яна қўлга олдим. Ҳазрат қаламидан тўкилган борлиқ дурдоналар каби бу сатр ҳам мени қайта ҳаяжон ва қайғуга солди.
Бу оламда йўқотишлар ичидаги энг оғир йўқотиш инсоннинг ўзлигини йўқотишдир. Одамзод тафаккур ва эҳтирос, руҳият ва имон дунёсида яшайди. У юрагидаги эътиқод билан, ишонч билан тирик ва бутун. Ўзликни йўқотмоқ ана шу оламдан жудо бўлмоқдир, инсон иморатидаги рукнларнинг – устунларнинг синмоғидир.

* * *
Ўзбекда ҳам, тожикда ҳам бир одат бор: кўришган одами билан яқинлашиб олиш учун уни сўроққа тутиб, авлод суриштириш одати.
– Ассалому алайкум, қаердан сўраймиз?
– Исфарадан (ё Боғдоддан, ё Риштондан)…
– Янгиқўрғондан (ё Учкўприкдан, ё Қизилтепадан)…
– Учкўприкданман денг! Яккақудуқлик Бегмат полвонни танийсизми?
– Таниганда қандоқ. Бегмат полвон бизга тоға ҳисоби.
– Э, боядан бери шуни айтмайсизми. Қани, қани бир бошқатдан қучоқлашиб сўрашайлик, қариндош чиқиб қолдик. Биз ҳам Бегмат полвонга жиян ҳисоби.
Агар ўзбек билан тожик ўтириб ана шундай авлод суриштирадиган бўлсалар, улар ҳам бориб-бориб Зебунисо ва Мирзо Бедилга жиян, Беруний билан Ибн Синога набира, Аҳмад Дониш билан Айнийга фарзанд бўлиб чиқадилар.
Биз бугун Душанба ва Конибодомда ўз шеъримизни ўзбекча ўқисак, тожик шоирлари Самарқанд ва Бухорода тожикча ўқиб олқиш оладилар. Биз ширу шакар йўлида битилган байтнинг икки сатримиз.

* * *
Кишига дунёни кўрмоқ учун кўз берилган, уни эшитмоқ ва сезмоқ учун қулоқ ва сезгилар берилган. Оламни билиш учун эса одамзоднинг тафаккури бор. Инсон дунёга келиб дунёни билишга интилади. Кўз билан кўриш учун машаққатлар чекиб олам кезади, оҳангларни эшитиш, завқлана билиш учун мусиқа ўрганади. Ўтмишу бугунни ёрқинроқ тасаввур этиш, эртани хаёл билан қамраш учун болаликдан йиллаб меҳнат қилиб савод ўрганади, китоб ўқийди. Чунки китоб инсонга табиат томонидан мўъжизадек ҳадя этилган тафаккурни ёритувчи машъалдир.
Гётенинг “Фауст”ини таржима қилишга мени нима ундади? Бу саволга нима деб жавоб берсам экан? Ватанпарварлик, гражданлик туйғуси десам, баландпарвозроқ бўлади. Газетага муҳаббат десам, бу сўзнинг ўзи камроққа ўхшайди. Шеъриятнинг олий курсига талаба бўлмоқчиман, “Фауст” мактабини ўқимоқчиман, десам камтарликдан холи бўлади. Менимча, бу асарни мен таржима қилганимда ҳам, бошқа шоир қилганида ҳам барибир шу кунларда қилиниши керак бўлган, зарур ишлардан бири деб ўйлайман. Маданиятимиз даражаси шу даражага етиб келди, деб ўйлайман.

“Шоиру шеъру шуур”
китобидан.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг