АДИБЛАР АДИБИ, ФОЗИЛЛАР БОШИ

516

Тарихда номлари қолган буюклар кўп. Улар ўзларининг ижодий фаолияти, кўп­лаб илмий, тарихий, адабий асарлари билан замондош­ларининг ҳурмат-эътиборини қозонишган, кейинги авлодларнинг ҳам эътирофларига сазовор бўлишган. Аммо шундай адиблар ҳам борки, улардан фақат биргина асар етиб келган, холос. Маҳмуд Кош­ғарий (“Девону луғоти-т-турк”), Юсуф Хос Ҳожиб (“Қутадғу билиг”), Аҳмад Югнакий (“Ҳибат ул-ҳақойиқ”) ана шу сирага киради.

Уларнинг учаласи ҳам Шарқ Ренессанси — Уйғониш даврида яшаган, аниқроғи, ўша илк Ренессанснинг равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишган. Бу даврни Адам Мец “Мусулмон Ренессанси”, академик Н.И.Конрад “Шарқ Уйғониши” деб номлаган. Уйғониш даври кўплаб мутафаккирлар, буюк алломаларни майдонга келтирган. Муҳаммад Хоразмий, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Ибн Сино жаҳоний эътирофларга сазовор бўлишган. Юқоридаги уч мутафаккир ҳам шу силсиланинг муносиб ҳалқаларидир.
Уйғониш даврининг асосий хусусиятларидан бири маданий ва тафаккурдаги юксалишнинг очиқ намоён бўлиши билан белгиланади. Унинг асл моҳиятини жаҳолат ва мутаассибликка қарши курашиш, инсонни улуғлаш, унинг истеъдодини ва қобилиятини юзага чиқариш, умуминсоний ва миллий маънавий фазилатлар уйғунлигини тарғиб-ташвиқ қилиш ташкил этади.
Айни мана шу жиҳатлар адиб Аҳмад Югнакийни ҳам илк Уйғониш даврининг муносиб вакилига айлантирган. Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг шарофати билан адибнинг:

Улуғлар не берса емасман дема,
Ағиз ач, илик ур, емасанг ема —

мисралари халқимиз орасида машҳур бўлиб кетган.
Аҳмад Югнакий ҳам Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб сингари қорахонийлар даврида яшаган, туркий тилнинг кучи, қудрати, ифода имкониятларини кўрсатиб бериш билан жуда жиддий ва самарали тарзда машғул бўлган. Ўзининг “кошғарий тил била” ижод қилганидан чексиз фахру ифтихор туйган:

Тамоми эрур кашғарий тил била
Айитмиш адиб риққати дил била.
Агар билса қашқар тилин ар киши,
Билур ул адибнинг неким аймиши.

Адиб “кошғарий тил” деганда устозлар Маҳмуд Кошғарий ҳамда Юсуф Хос Ҳожиб қўллаган туркий тилни назарда тутади.
Афсуски, бу аллома ҳақидаги маълумотлар унчалик кўп эмас. Илк маълумотлар эса асарнинг ўзидагина мавжуд:

Адиб Аҳмад отим, адаб, панд сўзим,
Сўзум мунда қолур, борур бу ўзум.

Демак, муаллиф номи – Аҳмад. Адиб – унинг ижодкорлигига, ижодининг бадиий адабиёт билан алоқадорлигига ишора. Эҳтимол, бу халқ орасидаги машҳурлик белгисидир.
Энди мана бу мисраларга эътибор берайлик:

Атаси оти Маҳмуди Югнакий,
Адиб Аҳмад ўғли, йўқ ул ҳеч шаки.

Демак, адибнинг отасини Маҳмуд дейишган. У Югнакда истиқомат қилган. Адиб Аҳмад унинг фарзанди бўлган.
Қуйидаги мисралар эса унинг туғилган жойи ҳақидаги маълумотни бериши билан алоҳида аҳамият касб этади:

Адибнинг ери ати Югнак эрур,
Сафолик ажаб ер, кўнгуллар ёрур.
Ушбу байтда тилга олинган Югнак номи кенг тарқалган. Бу ном билан аталадиган шаҳар ва қишлоқлар талайгина. Буюк маърифатпарвар адибимиз Абдурауф Фитрат Аҳмад Югнакий ва “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарига махсус мақола бағишлаган эди. Унда айни мана шу манзилнинг аниқ географик ўрни муаммоси билан жиддий қизиққан. Олимнинг кузатишича, Югнак номини Фарғона, Самарқанд ва Туркистон ҳудудларида учратиш мумкин. “Югнак”нинг “Сиғноқ” кўриниши ҳам мавжуд. Бундай жой Самарқанд яқинида деб кўрсатилган.

Туға кўрмас эрди адибнинг кўзи,
Тугатди бу ўн тўрт баб ичра сўзи —

мисралари ҳам ўзига хос маълумотларни сақлаган. Бундан маълум бўладики, адибнинг кўзи туғма ожиз бўлган. Асар эса ўн тўрт бобга бўлинган.
Асарнинг муаллиф томонидан ёзилган илк қўлёзма нусхаси ҳозирча топилган эмас. Мавжуд қўлёзмалар эса нисбатан кейинроқ кўчирилган. Туркиялик машҳур туркийшунос ­Р.Р.Арат Истанбул кутубхоналарида сақланаётган учта, бош­қа шаҳарларидаги яна учта, шунинг­дек, Берлин кутубхонасида сақланаётган битта нусха ҳақида маълумот берган. Бу нусхалардан биттаси араб ва уйғур ёзувида Истанбулда Абдураззоқ бахши томонидан кўчирилган. Яна бир уйғур хати асосидаги нусха эса Ҳиротда кўчирилган. Уйғур ёзувидаги асосий нусханинг 1444 йили Самарқандда Зайнул Обиддин бахши томонидан кўчирилган нусхаси, албатта, алоҳида аҳамият касб этади. Қ.Содиқов асарнинг Голландиядаги қўлёзмалар фондида сақланаётган араб ёзувли қўлёзмасини ҳам кўрсатиб ўтган.
Асарни Ўзбекистонда Қозоқбой Маҳмудов алоҳида ўрганган. Бу ҳақда олимнинг салмоқли ишлари, алоҳида мақола ва китоблари бор. У асар матни, тил хусусиятлари, унинг луғат таркиби борасида кенг қамровли тадқиқотларни амалга оширган. Профессор Қосимжон Содиқов эса ўтган (2019) йили унинг янги йиғма-чоғиштирма нашрини тайёрлаб эълон қилди.
“Ҳибат ул-ҳақойиқ”даги мана бу мисралар ҳар қандай кишининг эътиборини тортади:

Адиблар адиби, фазиллар баши,
Гуҳартин сўз аймиш, ўгун сўз биши.

Мазмуни: Адибларнинг адиби, фозилларнинг бошлиғи (ўзининг) гавҳарга тенг сўзларини айтди, бошқа сўз (унинг олдида) қадрсиздир. Бу адибнинг шахсий эътирофи, фахриясидир. Унинг бу фахрияга муносиблигини қуйида кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Адиб Аҳмад ҳақида Алишер Навоий ўзининг “Насойим ул-муҳаббат” асарида жуда муҳим маълумотларни беради: “Адиб Аҳмад ҳам турк элидин эрмиш. Анинг ишида ғариб (ажойиб, қизиқарли) нималар манқулдур (нақл қилинган). Дерларки, кўзлари бутов (битган, ёпиқ) эрмишки, асло зоҳир эрмас эрмиш. Басир (кўрмайдиган) бўлуб, ўзга басирлардек андоқ эмас эрмишки, кўз бўлғай. Аммо бағоят зийрак ва закий ва зоҳид ва муттақий (тақводор, парҳезкор) киши эрмиш. …Ҳақ субҳонаҳу таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратқондур, аммо кўнгли кўзин бағоят ёруқ қилғондур”.
Шунингдек, Алишер Навоий Аҳмад Югнакийнинг Бағдод атрофидаги қишлоқлардан бирини маскан тутгани ва машҳур Имом Аъзам сабоқларига пиёда келиб кетиши ҳақида ҳам хабар беради.
Алишер Навоий айтган фикрлар, шунинг­дек, “Ҳибат ул-ҳақойиқ”нинг уйғур ва араб ҳарфлари билан кўчирилган нусхаларининг кўп­лаб тарқалиши асарнинг Навоий яшаган даврида ҳам анча машҳур бўлганини кўрсатади.
“Ҳибат ул-ҳақойиқ” “Ҳақиқат совғалари” демакдир.
Асар дунё туркийшунос олимлари томонидан изчил ўрганиб келинмоқда. Унда муаллиф ўзидан олдинги дидактик адабиёт анъ­аналарини изчил ва ижодий давом эттирган. Асарда маърифат ғоялари ташвиқи етакчи ўрин тутади.
Асар 14 бобдан иборат. У 256 байтни ташкил қилади. Анъанавий ҳамд, наът ва бағиш­ловларга эга. Сўнг билим таърифи ва жоҳилликнинг зарари, тил одоби ва уни тийиш, сахийлик ва бахиллик ҳақида баҳс юритилади.
Адиб илм-маърифатга алоҳида эътибор қаратади. Билимдонликни ва билимли кишиларни улуғлайди, нодонлик, жаҳолат инсон маънавиятини ерга урадиган ҳодисалар қаторида саналади. Адибнинг талқинида билим – саодат йўлидир:

Биликтин айурмен сўзумга ула,
Биликликка, я дўст, ўзунгни ула.
Билиг бирла билнур саодат йўли,
Билиг бил, саадат йўлини бул-а!

Ёки:

Баҳолик динор ул биликлик киши,
Бу жоҳил биликсиз, баҳосиз биши.
Билиглиг билигсиз қачан тенг бўлур,
Билиглиг киши – эр, билигсиз – тиши.

Мазмуни:
Билимли киши қимматли
(баҳоси баланд) динордир,
Жоҳил, билимсиз киши баҳоси йўқ
чақадир.
Билимли билан билимсиз
қачон тенг бўлади?!
Билимли аёл – эркак,
жоҳил (эркак эса) аёлдир.

Аҳмад Югнакийнинг тушунтириш усуллари жуда содда ва ихчам. Уларда бадиий сўз қувватининг кучи, қудрати очиқ кўриниб туради. Бу куч ва қувват эса адибнинг миллий тафаккур тарзи билан, унинг шоирона салоҳияти билан боғлиқ. Ҳар бир ҳодиса ўқувчи учун содда ва оддий шаклда, аммо унинг қалбига таъсир кўрсата оладиган ифодаларда тавсифлаб берилади:

Сўнгакка йилигтег эранга билиг,
Эран кўрки – ақл ўл, сўнгакнинг – йилик.
Билигсиз йилигсиз сўнгактег хали,
Йилигсиз сўнгакка сунулмас алиг.

Бу мисраларнинг ўзбекча табдилини келтириш шарт эмас, уларнинг барчаси ҳозирги китобхон учун ҳам тўлалигича тушунарлидир. Демак, адиб она тили имконларини сабот ва матонат билан мунтазам излаган, улардан кўпроқ ва унумлироқ фойдаланишга ҳаракат қилган. Натижада мана шундай содда, қуйма ва табиий жарангга эга ажойиб мисралар пайдо бўлган. Туркий халқлар учун суяк образи жуда таниш, табиий. Илиги бор суяк – ижтимоий фойдалилик даражасига эга образдир. Халқимизда “илиги тўқ”, “илиги бақувват”, “илиги бўш”, “илиги пуч” деган ифодалар ҳозир ҳам фаол истеъмолда. Адиб билими борни илиги тўла суякка, билими йўқни эса илиги йўқ, яъники фойдасиз нарсага қиёсламоқда. Бу образларнинг машҳурлиги эса китобхон учун адиб ғоя­ларининг бадиий-эстетик жиҳатдан ҳам таъсирчан тарзда “ҳазм қилинишига” олиб келган.
Адибнинг назарида билим инсон номини мангуликка элтади, уни абадийлаштиради, аксинча ҳолат эса унга шараф келтирмайди:

Билиг билди – бўлди эран белгулуг,
Билигсиз тиригла йитик кўргулук,
Билиглиг эр ўлди ати ўлмади,
Билиглиг эсан эркан, ати – ўлуг.

Мазмуни:

Киши билим ўрганиб таниқли бўлди,
Билимсизлик тирикликдаги
ўчмас кўргуликдир.
Билимли киши ўлди,
(аммо унинг) номи ўлмайди.
Билимсиз эсон (тирик) бўлганида ҳам
оти ўликдир.
Инсон билимли бўлса, ҳар қандай дарду балолардан фориғ бўлади. Адибнинг назарида ҳар қандай ёмон нарсалар билим туфайли ювилиб кетади, покланади. Аммо жоҳилликни, нодонликни ювадиган нарса йўқ. Улар нопоклигича қолаверади.
Адибнинг сўз ва ундан фойдаланишга оид кузатишлари, ўгит ва пандлари ҳам диққатга сазовор. Айтилган сўз сўзловчини бошқалар назарига тушириши лозим. Бунинг учун эса киши сўз мағзини чақиб, ўқиб, уқиб сўзлаши, гапирганда, бошқаларга сўзлаётганда мутлақо шошилмаслиги керак. Агар ўзини аксинча тутадиган бўлса, сўздан тийилгани маъқул. Чунки пинҳон тутилиши керак бўлган сўз қўлидан чиқиб кетса, бошни яшириб юришига мажбур қилиши ҳеч гап эмас:

Уқуб сўзла сўзни, эва сўзлама,
Сўзунг кизла, кезин башинг кизлама.

Асардаги бошқа ўринларни айтмаганда ҳам, фақат нутқ одоби масалаларининг ёритилишида адибнинг Маҳмуд Кошғарий ҳамда Юсуф Хос Ҳожиб ижодларига мурожаат қилгани, уларнинг шу соҳадаги қарашларини ижодий ривожлантиргани очиқ кўринади. Фикримизни қуйидаги тўртлик асосида изоҳлашга ҳаракат қилайлик:

Эшитгил, биликлик неку теб айур,
Адаблар баши тил кўдазмак турур.
Тилинг бекта тутғил, тишинг синмасун,
Қали чиқса бекта, тишинг сийур.

Мазмуни:
Илмли киши нималарни сўзлайди,
сен унга қулоқ сол,
Одоблар боши тилдир, уни тиймоқ зарур.
Тилингни тий, тишинг синмасин,
Агар бехос сўзлаб юборсанг, тишинг синади.

Бу ерда дастлаб кўзга ташланадиган нарса Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк”и­да келтирилган мақолга ҳамоҳангликдир. Ушбу мақол XI асрда “Ардам баши – тил”, яъни “Одобнинг боши — тил” тарзида қўлланган эди.
Тўртликнинг кейинги қисми эса Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида келтирилган қуйидаги мисраларни ёдга солади:

Сўзунгни кўдазгил, башинг бармасун,
Тилингни кўдазгил, тишинг синмасун.

Мазмуни:

Сўзингни асрагин, бошинг кетмасин,
Тилингни тийгин, (токи) тишинг синмасин.

Аслида бу тарздаги эслатмалар оғзаки ижод намуналарига ишора вазифасини адо этади. Бу ҳолатни эсда тутадиган бўлсак, Аҳмад Югнакийнинг халқ анъаналаридан ҳам унумли фойдаланганига иқрор бўлишимиз мумкин. Таъкид­лаш жоизки, адиб Аҳмад Югнакий ўтмишдаги устозлари таъсири доирасида қолиб кетмаган, уларнинг ахлоқий-таълимий қарашлари заминида ўз оҳангларини янада баландроқ пардаларда, ўз замондошлари талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда куйлади.
Шоир назарида энг муҳим нарса “кўни сўз” айта олишдир. “Кўни” — тўғри, рост, ҳаққоний деган маъноларга эга. Тил – оғизнинг безаги. “Кўни сўз” эса инсон қалбини, киши кўнглини безамоғи керак. Бунинг учун ёлғон гапирмасликнинг ўзи кам: ёлғончи одам билан яқин турмаслик, ундай кишилар билан мулоқотдан ҳам ўзини тия олиши даркор:

Тили йалған эртин йирақ тур тез-а,
Кечур сан-ма умрунг кўнилик уза.
Ағиз, тил безаги кўни сўз турур,
Кўни сўзла сўзни, дилингни беза.
Шоирнинг тўғри ва ёлғон сўзлар учун қўллаган ўхшатишлари ҳам эътиборни тортади. Тўғри сўз ёқимли бўлганидан уни ширинлик­ларнинг энг аълоси – асалга, ёлғон сўзнинг киши қалбига аччиқ таъсирини эса ёввойи саримсоқ пиёзга қиёслаш мумкин. Югнакий бу билан кифояланмасдан тўғри ва ёлғон сўзни тингловчи кўзи олдида янада аниқроқ гавдалантиришга уринади. Бу мақсадда касаллик ва унинг давоси билан боғлиқ ўхшатиш­ларни келтиради. Бунда ёлғон сўз дард, касалликка, тўғри сўз эса унинг давосига қиёсланади:

Кўни сўз асалтег, бу ялған – басал,
Басал еб ачитма ағиз, е асал.
Бу ялған сўз игтег, кўни сўз – шифа,
Бу бир сўз ўзағи урулмиш масал.

Мазмуни:
Тўғри сўз асал кабидир,
ёлғон (сўз) саримсоқ пиёздир,
Саримсоқ пиёз еб оғизни
ачитмай асал егин.
Ёлғон сўз касаллик кабидир,
чин сўз шифодир,
Бу сўз тўғрисида (қадимда)
шунда масал тўқилган.

Сўзни ўз ўрнида қўллаш – нозик санъат. Бу ҳар кимнинг қўлидан осонликча келадиган иш эмас. Бу нозикликни англаш учун талаб этиладиган биринчи шарт билим ҳамда билимдонликдир. Билимли одам сўзни қўллаш меъёрларини ҳам билади, ундаги маъно нозикларини яхши туяди. Билимсиз эса, сўзга эътибор бермайди, унда ифодаланган маънонинг киши қалбига, руҳий оламига кўрсатадиган таъсирини ҳис этишдан маҳрум. Ҳар ким кўргиликни тилидан кўради, дейилишининг бош асоси ҳам аслида шу билан боғлиқ:

Неки келса эрка тилитин келур,
Бу тилтин ким эзгу, ким ақир бўлур.
Эшит, бут бу сўзга қамуғ тенгда тенг,
Кўзуб, тилга юкнуб тазарру қилур.

Сўз маъноларининг барча жиҳатларини пухта ўзлаштириш уни қўллаш имкониятларини кенгайтиради. Эзгу сўзли кишининг ёши, жинси, миллати муҳим эмас. Муҳими, унинг алоҳида кишиларга, кўпчиликка, бутун жамиятга етказадиган нафида. Ана шу наф туфайли билимдон кишилар “ажам ҳам араб”лар орасида эътибор топади, ўз шаънининг улуғланишини таъминлайди:

Биликлик сўзи панд, насиҳат, адаб,
Билигликни ўгди ажам ҳам араб.
Таварсизга билги туганмас тавар,
Насабсизқа билги туганмас насаб.

Мазмуни:
Билимли кишининг сўзи ўгит,
насиҳат, одобдир,
Шунинг учун ҳам билимлиларни
араб ҳам, ажам ҳам олқишлади.
Молсиз фақир кишига унинг илми
туганмас бойликдир,
Ҳисобсизга унинг билими ечилмас
(очилмас) ҳисобдир.

Аҳмад Югнакий умумтуркий адабиёт, жумладан, ўзбек адабиёти тарихида алоҳида ўринга эга. У Юсуф Хос Ҳожибдан кейин дидактик адабиёт ривожига катта ҳисса қўшди.
Ҳажман катта бўлмаган (500 мисрадан кўпроқ) “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари орқали у юксак инсоний туйғуларни, инсонпарварликни, яхши фазилатларни, инсоннинг маънавий камолотига ижобий таъсир кўрсата оладиган хусусиятларни тарғиб қилди.
Бу мерос бугун ҳам эл хизматида. Ундан замондошларимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп фойдаланса, баҳраманд бўлса, назаримизда, жамиятимиз ҳам шунчалик маънавий бойиб, камол топиб бораверади.

Боқижон ТЎХЛИЕВ,
филология фанлари доктори,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети профессори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг