КИТОБ, КИТОБХОНЛИК ВА КУТУБХОНА

378

Cурхондарё буюк термизийлари, тарихий обидалари, ўзига хос қадамжолари, илму ирфонга ўч зиёлилари, меҳнатсевар халқи, қолаверса, китобга катта маблағ сарфлаган Ислом Худойбердиев сингари табдиркорлари билан машҳур.

— Вилоятда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг талаб ва эҳтиёжлари, муаммолари ҳар томонлама чуқур ўрганилиб, саноат, аграр соҳа, умуман, барча жабҳада қуйи қатламнинг турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини таъминлаш мақсадида янгидан-янги иш ўринлари яратилмоқда, — дейди Денов туман ҳокими Рустам Пардаев. — Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар ва ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил этади ва шу боисдан ҳам ижтимоий масалаларнинг аксарияти улар билан чамбарчас боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига тегишли давлат сиёсатини назорат қилиш механизми яратилиб, вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар кесимида тўртта сектор томонидан моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати тузилиб, ёшлар ҳамда аёллар дафтари шакллантирилди.
Денов туман ҳокими Рустам Пардаев хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини ўрганар экан, уларнинг кўпчилиги олий ўқув юртларида таҳсил олишни исташларига алоҳида аҳамият қаратди. Бундай эзгу ниятлар рўёбига хизмат қилувчи ўқув марказларида яратилган имкониятлар, қолаверса, Давлат тест синовларига тайёрланаётган хотин-қизлар ва ёшлар билан учрашиш мақсадида, “Чағониён” китоб мажмуасига ташриф буюрди. Ҳоким мавжуд шарт-шароит билан яқиндан танишар экан, таъсисчи Ислом Худойбердиевга мурожаат қилди:
— Кутубхона таркибидаги ўқув маркази 2019 йили катта бир мактаб даражасида кенг қамровли фаолият юритган, — деди у. — Бу ерда минглаб хотин-қизлар ва ёшлар таҳсил олган. Бугунги кунда эса, негадир улар сони камайиб кетибди. Агар гап маблағда бўлса, айтинг, имтиёзли кредит олишда ёрдамлашайлик.
Дарҳақиқат, улуғ мутафаккирлар бешиги бўлмиш она юртимиздан келажакда ҳам термизийлар, бухорийлар, навоийлар, берунийлар етишиб чиқишини чин дилдан истаган деновлик тадбиркор Ислом Худойбердиев бундан тўрт йил муқаддам 2 миллиард 700 минг сўм сарфлаб, “Чағониён” китоб мажмуа­сини бунёд этганди. Уч қаватли муҳташам бино битта китоб дўкони, кутубхона ҳамда замонавий ўқув марказини ўз ичига олган.
— Тўғри, пандемия сабаб, бу йил ўқувчиларимиз сони камайди, — деди Денов туман Кенгаши депутати И.Худойбердиев. – Аммо жорий йилда ўқув марказимизда барча умумтаълим фанларидан пухта сабоқ олган беш юз нафардан зиёд хотин-қиз ва ёшларнинг уч юз нафаридан зиёди, яъни 67 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Улар 15 минг китоб захирасига эга кутубхонамиздан, қолаверса, яна мингдан зиёд электрон китобларимиздан фойдаланадилар. Бундан ташқари, Интернет тармоғи орқали исталган кутубхонадан ўзимизда йўқ китобларни электрон шаклда олиб ўқиш имконияти ҳам яратилган.
Шу ўринда, яна бир муҳим янгилик: бу йил мазкур ўқув марказида Президент мактабларида ўқишни истовчилар учун тайёрлов курси ташкил этилиб, унга 150 нафар ўқувчи-ёш қабул қилинди. Тадбиркорнинг таъкид­лашича, бу келажакка очилган эшикдир.

Шуҳрат АЗИЗОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг