ШОИР ҚАЛБИ САДОЛАРИ

385

Президентимизнинг Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарори ўзбек адабиётига эътиборнинг, эъзознинг яна бир кўринишидир.

Муқаддас ҳадисларда: “Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” дейилган. Сўзнинг сеҳри инсониятни ўз ўқи атрофида адашмай айланиб туришига катта хизмат қилади. Зотан, сўздаги илоҳий сирни, ҳайратангиз сеҳрни англаган, ҳис қилган инсон ҳаётнинг асл маъносини, мавжудиятнинг бор ҳақиқатини тушуниб етади. Сўзлардаги ана ўша тилсимли ҳақиқатни англаш ва англатишдек қутлуғ вазифа шоиру шуарога, фозилу фузалога, олиму уламога бекорга тортиқ қилинмаган.
Адабиётни миллат мураббийи деб билган муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан пойтахтнинг марказида Адиблар хиёбони деб аталувчи муҳташам гўша қад ростлади. Мазкур боғга салобат бағишлаб турган атоқли адибларимиз ҳайкаллари миллатнинг абадий бирдамлик рамзига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмас. Хиёбон эса, адабиёт бўстонига, маърифат, зиё сайилгоҳига айланди.
Ҳар бир даврнинг ўз ҳақиқий шоирлари бўлади. Ҳақиқий шоир ёзган сатрлар одамларни ўйлантирган, мушоҳада қилишга ундайдиган ва инсон изтиробларига малҳам бўладиган сатрлар муаллифи бўлишини адабиётнинг муаззам вакилларининг сўз неъматларидан бохабар бўлган сари тушуна бордим.
Ўзбек шеъриятида чақмоқ янглиғ из қолдириб кетган, фалсафий ҳикматларга тўла сатрлари кўнгилларга зиё олиб кира олган аллома шоир Абдулла Ориповни ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан, тўғрироғи “Митти юлдуз” – биринчи китоби орқали таниган юртдошларимиз “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, “Онажоним шеърият”, “Милтирайди митти юлдуз”, “Бургут”, “Биринчи муҳаббатим”, “Муножотни тинглаб”, “Онажон”, “Сен баҳорни соғинмадингму?”, “Ўзбекистон”, “Тилла балиқча”, “Имом Бухорий”, “Дорбоз”, “Отелло”, “Уйқу”, “Диалектика”, “Она тилимга” сингари шеърларини ҳайратланиб мушоҳада қилганлари рост.
Мана шу шеърлар унинг аллома шоиру адиблар назари тушишига сабаб бўлган: Абдулла Ориповга таниқли мунаққид Озод Шарафиддиновнинг “Оқ йўл”и, Абдулла Қаҳҳор ва Миртемирнинг сабоқлари, ­Ғафур Ғуломнинг қувончли эътирофларию Мақсуд Шайхзоданинг ҳикматли маслаҳатлари, Ойбек домланинг қўллаб-қувватлаганлари қанот бергани шубҳасиз.
Шиддатли ирмоқларни дарёларга қўшиш, жажжи ниҳоллардан мевазор пайдо қилиш — ўзбек адабиётини янги овозлар билан бойитиш миллатнинг, давлатнинг тараққиётига катта ҳисса қўшиш эканини Абдулла Ориповнинг ҳаётий ҳақиқатларида кўрдим. Чўнтагида иккитагина тўлиқ ёзиб битилмаган шеъри бўлмаган шоир шоир эмас, деган фикрни бир неча марта эшитдим. Битта шеър­ни ўнлаб, юзлаб қайта ишлаш, нашриётда нашрга тушириш арафасида ҳам ўзгартиришга, бирор сўзнинг номуносиб ўринда қўлланмаслигига чинакам ҳафсала қилган ҳақиқий шоир заҳматини кўрдим, сўзга меҳрни, сўзга ҳурматни англадим. Сўз ҳам нондек азизлигини, сўзни қадрлаш, ўрнида ишлата билиш, сўзни исроф қилмаслик, сўзга ҳурмат, она тилига фидойиликни “Она тилимга” шеърини ўқиганимда такрор-такрор ҳис этдим…
Шоирнинг “Ранглар ва оҳанглар”, “Уммон орти илҳомлари”, “Ҳаж дафтари”, “Сафардан сўнг” туркумлари, “Жаннатга йўл”, “Ҳаким ва ажал”, “Соҳибқирон” достонларини қайта-қайта ўқиган инсон ижтимоий ҳаётда учрайдиган оқ ва қора, савоб ва увол, яхшилик ва ёмонлик, меҳр ва қаҳр тушунчаларини англай боради, тушуна боради, ҳаётда яшашдан мақсад нима эканлигини мушоҳада қила боради. Ахир, “Адабиёт инсонни тарбиялайди” деган ҳикмат бежиз айтилмаган.

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,
шоира

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг