ҲАЁТ АДАБИЁТИ ва АДАБИЁТ ҲАЁТИ

443

АЁЛ СЕҲРИ
Қадимги хитойликларнинг “Дао ва Дэ” китобида шундай бир битик бор. Будда роҳиби кўп йиллар хилватда таркидунё қилиб, фақат тоат-ибодат билан машғул бўлади. У кундан-кун руҳан кучайиб, сирлар оламига кириб боради. Ниҳоят, кун келиб роҳиб ўзида қушдай уча олишга, ўтирган жойида осмонга кўтарилишга рағбат сезади ва шунга тайёр бўлади. Бу унинг кўп йиллар давомидаги орзуси, мақсади эди. Роҳиб шу даражага етиш учун кўп қон ютган, кўп тер тўккан.
Роҳибнинг кулбаси дарё бўйидаги ўрмонда эди. У аста-секин осмонга кўтарила бошлайди. Аввал кулбадан баландлайди, сўнг дарахтлардан. У пастда кумушдай ярқираб ётган дарёни кузатади ва дарё бўйида кир юваётган аёлларга кўзи тушади. Бир аёл роҳибнинг диққатини тортади. Сўнг лозими тиззасигача туриб қўйилган аёлнинг чайқалаётган кумуш сув устидаги буғдойранг болдирларини кўриб қолади. Роҳибнинг кўнгли бузилади ва ерга қайтиб тушади.
Лев Толстойнинг “Сергий ота” қиссасида енгилтак бир ойимча таркидунё қилиб, хилватга кетган авлиёни йўлдан уриш учун дугоналари билан баҳс бойлайди ва у қишнинг қорга бурканган бир кечасида Сергий отанинг ўрмондаги кулбасига (адашиб қолганини баҳона қилиб) кириб боради. У тоат-ибодатдаги Сергий отанинг одамгарчилигига шайтонгарчилик билан жавоб беради. Нима қилсин, авлиё даражасига етган бўлса-да, уям одам, биологик мавжудот. Нозу истиғно, макру карашма Сергий отанинг кўнглини бузади… Шунда у ўзини зўрға босиб, ҳаросот ва майл жодусидан қочиб ташқарига чиқади ва болта билан бир бармоғини кесиб ташлайди.
Лев Николаевичдан минг йил аввал “вақтнинг имоми” Шайх Зуннун Мис­рий бир воқеани баён қилган. Унга кўра, бир обид савмаъада, яъни хилватдаги ҳужрада кечаю кундуз тинимсиз ибодат билан машғул эди. Бир куни тоат-ибодатдан бир неча дақиқага бўшаган обид ҳужра туйнугидан ташқарига қарайди ва гўзал бир нозанинга кўзи тушади. Шу лаҳзадаёқ ақлу ҳуши учади. Обид шахт билан ўрнидан турадию шу аёлни яна бир бор кўриш илинжида ташқарига интилади. Обиднинг бир оёғи савмаъа эшигини ҳатлаб ўтганда, бирдан унинг ҳуши жойига келади ва ортига — ҳужрага қайтади. Ахир, шунча тоат, шунча ибодат, шунча риёзат нечун? Шунинг учунмиди? Обид ўша куни ҳужрадан изнсиз ташқарига чиққан оёғини кесиб ташлайди. “Шайхулислом дебдурки: “Ниҳовандий дедиким: “Аларки ҳиммат аҳлидурлар. Агар сўл иликлари аларни андин машғул қилса, ўнг иликлари била ул сўл иликни кесарлар” (“Насойим ул-муҳаббат”).

БИР МИСРАНИНГ НАРХИ
Машҳур Рюноске Акутагаванинг “Инсоннинг ҳаёти Бодлернинг бир сат­рига арзимайди” деган кескин айтилган гапи бор.
Битта сатр ё бир байтни тинглай туриб, жони танидан чиқиб кетганлар бор.
Битта сатрни ҳаётига алмаштирганлар бор.
Сўз Одамдан кўра кучли.
“Насойим ул-муҳаббат”да Навоий айтганлар:
“Абулқосим Сойиҳ қавм била меҳмонлиғда эрдилар, гўянда ўқидиким, “Сен яшаётган ҳар бир уйда чироққа эҳтиёж йўқ. Одамлар ҳужжатлари билан келадиган кунда сенинг ёруғ юзинг бизнинг ҳужжатимиз…”. Абулқосим Сойиҳ ўнг иликин кўтарди ва неча фарёд урди ва йиқилди ва оламдин ўтти”.
Шайхулислом дебтурки: “Нишобурда ҳодиса эрдики, халойиқ шаҳардан чиқиб эрдилар. Мен бир масжидда эрдим. Ва ул масжид гўшасида яна бир дарвеш бор эрди. Гўянда кирди, ул дарвеш анга дедиким, бир нима ўқи! Ул ўқудиким: “Мен ўзим ва муҳаббат ўртасида бир маърифатни топдимки, у абадий ниҳоя топмайди ёки абадият ниҳоя топади. Сизларнинг муҳаббатингиз ҳеч ким сезмайдиган фалокатлар орасида қолганида, мен бу дунёдин чиқиб кетаман.” Ул дарвеш йиқилиб, ики намоз орасиға талпинур эрди то оламдин ўтти”.

ФИКРСИЗЛИКДАГИ ЗЕРИКИШ
Шодмонқул Салом бир мақоласида шундай ёзибди: “Ёлғиз кишининг, умуман, бугунги кун одамининг энг катта фожеаси зерикишдир. Зерикаётган одамдан кўра хавфли мавжудот йўқ”. Бу фикр раҳматли Абдулла Ориповнинг бир гапини эсимга солди. Чамаси, ўтган асрнинг 90-йиллари эди. Абдулла ака Италияга бориб келди. Сафар таассуротларини эшитайлик, деб уйига зиёратга бордик. Абдулла ака гурунгида: “Римга нега келдинг, тунислик бола?” деган шеърини ўқиб бериб, шеърнинг яралиши ҳақида сўзлади. Воқеа шундай эди: бир тунислик саргардон ўсмир бола иш излаб Римга келиб қолади. Бир кечаси римлик бой-бадавлат одамларнинг олифта болалари овора юрган шу мусофир болани кўчада тутиб оладилар ва устига бензин қуйиб ёқиб юборадилар. Тунислик бола шу жойнинг ўзида куйиб ўлади.
Абдулла ака ҳодисанинг охирини хавотир ва қайғу билан айтгани ҳамон эсимда: “Биласизларми, кейин нима бўлган, – деди-да у бир муддат ўйга толди, кўзларида мунг қалқди. – Кейин тергов пайтида олифта безорилардан: “Нега бундай қилдинглар?” деб сўрашганида, улар: “Зерикиб кетдик. Зерикканимиздан шундай қилдик. Томоша учун”, деб жавоб беришган.
Шодмонқул тўғри ёзибди, зерикаётган одамдан кўра хавфлироқ мавжудот йўқ, айниқса, у фикрламайдиган бўлса.

БАЧАДОН МЎЪЖИЗАСИ
Кеча Интернетда коронавирусга ча­­­лин­­ган ҳомиладор аёлнинг боласи соғлом туғилгани ҳақида хабар тарқалди. Ақл бовар қилмайдиган ҳодиса. Бир бармоқнинг учи тегиб кетса юқиб қоладиган касаллик шу касал билан оғриган вужуд ичидаги ҳомилага таъсир қилмаса. Бундай ҳолатни ОИТСга чалинган аёлларда ҳам учратиш мумкин. Бунгаям ақл бовар қилмайди. Ҳомила барча озуқани – қонни ҳам, жонни ҳам, ҳамма-ҳаммасини ўзи яшаётган шу вужуддан олсаю, лекин унинг касалидан ҳимояланган бўлса. Бачадон Худонинг бир мўъжизаси эканлигини шундан ҳам билса бўлади.
Имом Бухорий Яратган билан бачадон, яъни раҳм ўртасида ғаройиб келишув ҳақидаги ҳадисни келтиради: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бундай дедилар: Оллоҳ таоло одамни яратиб бўлгач, раҳм (бачадон) унга: “Қон-қариндошлик алоқаларининг узилмоғидан асрамоғингни тилайдирганнинг жойи ҳали шу бўлдими?” – деди. Оллоҳ таоло: “Ҳа, шундай! Аммо агар мен қон-қариндошликни мустаҳкамлаганларни ярлақасаму уни узганлардан эрса раҳматимни дариғ тутсам, рози бўлғаймисан?” – деди. Раҳм: “Ҳа, ё раббий, розидурмен!” – деди. Оллоҳ таоло: “Сени деб шундай қилғумдур!” – деди.
Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Раҳм (сўзи) раҳмон (сўзи) билан узвий боғлиқдир” деганлар”.
Инсон вужудида шунча сир яширинганки, одам неча минг йиллардан бери бу сирлар қошида лол ва яна неча минг йиллар лол бўлиб қолаверади. Рабиндранат Тҳокур айтганидай: “Мен шундай бир мўъжизаманки, ҳар куни бу мўъжизага қараб ҳайратланиб ўтираман.”

КАРАНТИН
Мамлакатда карантин эълон қилингач, уч нарса хаёлимдан ўтди.
Биринчиси, қадимги Будда донишмандларининг: “Уйдан чиқмай туриб, дунёни англаш мумкин” деган гапи.
Иккинчиси, Габриэль Маркес “Юз йил ёлғизликда” романини олти ой битта хонадан чиқмай ёзгани. Адиб бу пайт­да бошқа хонага ҳам чиқмайди. Ҳатто хотини Мерседес унинг ҳожати учун тувакни ҳам шу хонага киритиб беради. Хуллас, “Инсон нимаики эзгу нарсани яратган бўлса, бу уни ёлғизликда яратган” дейилганидай, у мўъжизани ёлғизликда яратади.
Учинчиси, Навоий Абулҳасан ас-Субайҳий ҳақида ёзган: “…анинг саройида бир уй бор эрди, ерда қозған. Ўтуз йил андин чиқмади”. ­Навоий яна бир олим ҳақида айтади: ­“…рамазон ойи бўлғач, Абу Убайд бир уйга кирар эрди ва буюрур эрдиким, эшигин суваб беркитурлар эрди ва бир тешук қўярлар эрди. Ва ҳар кеча бир таҳ ўтмак (нон) ул тешукдин солурлар эрди. Ийд бўлғачким, эшикни очарлар эрди, ўтуз ўтмак (нон) уйнинг гўшасида эрдиким, бир ойда не таом еб эрди ва не сув ичиб эрди. Ва ўтуз кеча-кундуз бир таҳорат била сув ичиб эрди”.

МЎЪЖИЗАНИНГ ҚАДРИ
Беш-олти яшарлик пайтларимда қиш­лоғимизда фақат Қобил муаллимникида телевизор бўлганини яхши эслайман. Жуда ибтидоий, гоҳ кўрсатиб, гоҳ кўрсатмай қоладиган, зўрға оқни қорадан ажратиб турадиган кичик экранли ойнаи жаҳон! Шом билан хуфтон оралиғида овулнинг ярми шу ҳовлига тўп­ланарди. Қирқ-эллик чоғли каттаю ­кичик тунги соат ўн бирларгача, то Анд­рей бобонинг движоги ўчгунга қадар мўъжиза – қутига термулиб ўтирарди. Баъзан Қобил муаллимнинг ҳовлисига одам тўлиб кетиб, ўтиришга ҳам жой топилмай қоларди.
Шунгаям эллик беш йилча вақт ўтибди.
Кеча асрдан сўнг кўча айлангани чиқаётиб, қўшнимиз Ҳосил акани учратиб қолдим. Ҳосил ака ёши олт­мишдан ошган, бола-чақадан тинчиган, ўзига тўқ одам. Ўғилларини уйли-жойли қилган, тинчроқ бўлади деб хотини билан иккови яшайди. Унинг ёнида бир йигит катта қутида янги телевизор кўтариб келаётган экан. Саломлашиб сўрашганимиздан сўнг ундан, янги телевизор олдингизми, деб сўрадим. Ҳосил ака кулиб жавоб берди:
— Биласиз, мен футбол жиннисиман, хотиним сериал жинниси. Икковимиз бир телевизорни талашиб қолаяп­миз. Шунга янгангизга деб телевизор олиб келаяпман. Мана энди истаганича сериалини кўраверсин. Икковимизга икки телевизор.
Шунда менинг кўз ўнгимдан олис болаликда, овлоқ овулда, кечки салқинда Қобил муаллимнинг ҳовлисида ғира-шира кўрсатаётган кичик бир телевизорга термулиб ўтирган бир тўп одамлар ўтди. Ҳозирги энг замонавий телевизорлардан кўра ўша қути менга кўп қадрли туюлди.

КАТТА АДАБИЁТ ВА КИЧИК УНСУР
Чингиз Айтматов “Юзма-юз” қиссасида қочоқ Исмоилнинг онаси Бексаат энани элдошлари қандай кўмиш­лари тасвирида шундай жойи бор: “Сўнг яна тўда ҳаракатга келиб қолди, энди майит­ни қабр ичига туширдилар-да, шоша-пиша гўрга тупроқ тортдилар”.
Нега шоша-пиша тупроқ тортадилар? Ахир, ҳамма шу маросим учун келган бўлса?..
Абдулла Ориповнинг бир шеърида шундай сатрлар бор:
Кўчангдан лопиллаб ўтганда тобут,
Сен уни бир бора кузатганмисан?
Нега тобут лопиллаб ўтади? Нима учун уни кузатиш керак? Гап шундаки, тобутни кўтариб келаётганлар иложи борича тез ва шошилинч ҳаракат қилиш­лари керак. Шунинг учун шошилиб кетаётганлар елкасидаги тобут лопиллаб ўтаётгандай кўринади. “Лопиллаб” сўзи “лоп этиб” сўзидан олинган бўлиб, бирдан, бир онда бўладиган ҳаракатни билдиради. Олов лоп этиб ёнади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “лопиллаб” сўзига “ён-верига чайқалмоқ”, “баланд-пастга чайқалмоқ”, “лапангламоқ” маъноларида изоҳ берилган. Бу изоҳда ҳам шошилиш, тез ҳаракат қилиш мазмуни бор.
Мақсадга ўтсак. Бизда азалдан марҳумни тобутда олиб кетишаётганда ҳам, кўмишаётганда ҳам шошилиш зарур бўлган ва бу нарса удум даражасига етган. Динимизда ҳам фақат бешта нарсага шошилиш керак, бошқа вазиятлардаги шошилиш макруҳ дейилган. Бу бешта ҳолат қуйидагилар:
1. Мусофирнинг қорнини тўйдиришга шошилиш; (Абдухолиқ Ғиждувоний фиқҳга оид мулоҳазаларида қози қорни оч пайтида ҳукм чиқариши мумкин эмас, деб таъқиқлаган.)
2. Ўликни тез кўмишга шошилиш;
3. Қизни вақтида эрга беришга шошилиш;
4. Намозни ўз вақтида ўқишга шошилиш;
5. Ўлим келмасидан ўлимга тайёргарлик кўришга шошилиш.
Гувоҳи бўлганингиздек, Чингиз Айт­матов тасвирида ҳам, Абдулла Орипов шеърида ҳам шу бешта ҳолатнинг иккинчиси, яъни марҳумни ўз вақтида кўмишга шошилиш миллий қоидаларга мос тасвирланган. Зеро, миллий руҳни яхши билган адиблар ижодида энг кичик деталларда ҳам бу руҳ ўз аксини топади.

Эшқобил ШУКУР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг