«ЖАҲДИМ АНДОҚДУР…»

351

«Ғаройиб ус-сиғар», 73-ғазал

Жаҳдим андоқдур етишгайменму деб васлингға бот,
Ким қабул этман оғир деб чиқса эгнимдин қанот.

Сабр тоғи бирла қилмоқ пўя бўлмас, эй кўнгул,
Ташла ул юкни етишмак истасанг васлиға бот.

Шаҳсуворимнинг буроқи пўясидин қолди барқ,
Ким анинг феъли шитоб эрмиш, мунунг расми сабот.

Кўп Масиҳодин дам урма, қил ҳаётингни туфайл
Ангаким, топмиш Масиҳ анинг туфайлидин ҳаёт.

Меҳр юз кўрмай ўчашди пардадин чиққач юзунг,
Олғали қўймас сариғ юзин қора ердин уёт.

Чун юди кўзлар саводин ашк, ёрут юз очиб,
Ким дирамсиз элга бой эл фарздур бермак закот.

Эй Навоий, хоки пойи васфида ширин сўзунг
Бор биайниҳ тўтиё ичинда солғандек набот.

Бахти кулиб, умрида бир марта висолга етишган ошиқнинг ёрнинг дийдори ва висолига эришиш иштиёқи олдингидан ҳам кучлироқ бўлиши образли тилда ифодаланган ушбу ғазалда. Биринчи висол ошиқнинг руҳиятига шунчалик кучли таъсир қилганки, унинг жисми ҳам руҳи покланиб, фаришталардек қанот чиқариш имконига эга бўлиб турибди. Аммо унинг жидду жаҳди ҳам иштиёқига мос равишда кучайгани сабабли фаришталардек фақат тасбеҳ ва талбия билан умр кечиришни истамайди:

Жаҳдим андоқдур етишгайменму деб васлингға бот,
Ким қабул этман оғир деб чиқса эгнимдин қанот.

Ишқнинг азоб ва қийноқларига ягона даво сифатида дониш аҳли сабрни тавсия қилишади. Навоийнинг ўзи ҳам “Маҳбуб ул-қулуб”да сабрнинг фойдалари ҳақида фикр юритиб, “Ишқ аҳли зикридин мутағаййир (хафа, ранжиган) ва лекин ғояти – васлға умидворлиқ, ҳажр эли ёдидин мутанаффир (нафратланган) ва лекин ниҳояти (охири) – иттисолға комгорлик (етишмакдан хурсанд бўлиш)”, дея қайд қилади. Аммо ғазалда сабр қилиш – ошиққа ёт амал эканини таъкидлаб, муродга етишиш учун кутишдан кўра интилиш ва ҳаракат қилиш тезроқ кўзланган матлабга етказади, деган фикрни илгари суради. Бу билан шоир ошиқликнинг табиатидаги беқарорлик ва ақл эгалари назарида енгилтаклик кўринадиган саъй-ҳаракатлар маҳбубага хуш келишини таъкидлайди:

Сабр тоғи бирла қилмоқ пўя бўлмас, эй кўнгул,
Ташла ул юкни етишмак истасанг васлиға бот.

Учинчи ва тўртинчи байтлардаги “Буроқ” ва “Масиҳ” сўзлари шоир васф этган ёр – Аллоҳ таоло “Ҳабибим” дея эъзозлаган Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) экани равшанлашади. Шоир “Буроқ” сўзини келтириш орқали Меърож мўъжизаси талмиҳ қилинган бўлса, кейинги байтда Имом Термизий ривоят қилган ҳадиснинг мазмунига ишора бор. “Сунани Термизий”­да Аббос ибн Абдулмуталлибдан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, бир куни саҳобалар пайғамбарни кутиб ўтирардилар. У зот чиқиб, саҳобаларга яқинлашганларида, улар Иброҳим Халилуллоҳ, Мусо Нажиюллоҳ, Исо Руҳуллоҳ, Одам Сафияллоҳ каби пайғамбарларни эслашиб, сифатлаётганларини эшитиб қоладилар. Салом бериб, улар суҳбатига қўшилган пайғамбар уларнинг сўзларини тасдиқлаб, илова қиладилар: “Огоҳ бўлингким, мен Аллоҳнинг Ҳабибиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ. Мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчи ҳамда биринчи шафоат сўровчиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ. Мен қиё­мат куни биринчи шафоат қилинувчиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ. Мен жаннат ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ уни (айнан) мен учун очар ҳамда мени ва менинг умматимнинг фақирларини унга киргизар. Мен аввалгилар ва охиргиларнинг энг мукаррамиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ”. Бошқа бир қудсий ҳадисда Аллоҳ таолонинг “Эй Муҳаммад, агар сен бўлмаганингда бу оламни яратмас эдим” деб марҳамат қилгани охирзамон пайғамбари Борлиқнинг пайдо бўлишига асосий сабабчи эканини билдиради. Навоий ушбу ҳадисларга асосланиб, ўликларга жон берувчи мўъжиза соҳиби бўлган Исо Масиҳнинг ўзи Муҳаммад Мустафо туфайли ва шарофати билан ҳаёт топганини нозик ишоралар билан билдириб ўтган:

Шаҳсуворимнинг буроқи пўясидин қолди барқ,
Ким анинг феъли шитоб эрмиш, мунунг расми сабот.
Кўп Масиҳодин дам урма, қил ҳаётингни туфайл
Ангаким, топмиш Масиҳ анинг туфайлидин ҳаёт.

Бешинчи байтда оламга нур ва зиё бағишловчи қуёш аслида ёрнинг порлоқ юзини кўргач, хижолатан сарғайган юзини ердан ололмай қолган деган муболағали тасвир орқали Аллоҳнинг Ҳабиби юзидан балқиб турган имон нури васф этилган бўлса, ундан кейинги байтда ҳусни таълил санъатининг гўзал намунасига дуч келамиз: кўп йиғлаганидан қорачиғи ювилиб, кўзлари оқариб қолган ошиқ мутлақ ҳусн мазҳарига мурожаат қилган ҳолда жамолини кўрсатиш орқали кўзига нур бағишлашни истайди ва бунга бадавлат кишилар молидан арзимаган қисмини закот қилиб бериши фарз эканини далил келтиради. Ушбу шоирона тасвир шунчаки лутф бўлмай, балки чуқур фалсафий маъноларни ҳам ўзида жам этган. Гап шундаки, кўз қорачиғи ҳам, комил инсон ҳам, асл моҳият ҳам, олтин ҳам араб тилида “айн” сўзи билан ифода этилади. Ушбу маъноларни байтга татбиқ этсак, қуйидаги фикр ҳосил бўлади: “Эй комилликнинг олий намунаси бўлган зот, сенинг шавқингда тўкилган кўз ёшларим туфайли зоҳир оламининг турфа алдов ва найрангларини кўролмайдиган бўлдим, энди мурувват қилиб, моҳиятни кўра олиш имконини берувчи басират кўзимни очгин. Негаки, бадавлат одамлар мискинларга ўз бойлигидан қирқдан бир ҳиссасини закот қилиб бериш фарздир”. Авлиёлик – пайғамбарликнинг қирқдан бир ҳиссасига тўғри келади, деган ақидани ҳам ҳисобга олсак, закот фарзи билан фикрни далиллаштириш шунчаки шоирона ўхшатиш эмаслиги янада равшанлашади:

Чун юди кўзлар саводин ашк, ёрут юз очиб,
Ким дирамсиз элга бой эл фарздур бермак закот.

Мақтаъ байтида Навоий ёрнинг хоки пойининг васфида айтган байтлари тўтиёга солинган новвотга ўхшатиб, ифтихор этади. Тўтиёни кўзга ёруғлик бағиш­ловчи шифобахш суртма эканини биламиз. Машҳур араб олими Али ибн Исо(милодий 11-аср)нинг “Тазкират ул-каҳҳолин” (Кўз шифокорлари тазкираси)да берилишича, тўтиёнинг уч тури мавжуддир: маҳмудий (қуритилган) тўтиё, ҳажарий (қаттиқ) тўтиё, коний (асил) тўтиё. Булардан энг шифобахш тури коний тўтиё бўлиб, унга туйилган новвотни қўшиб кўзга суртилса, қонталаш бўлган кўз томирчалари ҳамда кўп ёш тўкилиши каби касалликларга даво бўларкан. Мазкур тиббий кўрсатмани шеърият тилига кўчириб, шоир ҳижронда қонли ёш тўкадиган ошиқларнинг дардига ёрнинг васлига муштоқликнинг ёрқин ифодаси бўлган ғазаллари бир нав таскин ва тасалли эканидан қаноат ҳиссини туйиб, шоир ёзади:

Эй Навоий, хоки пойи васфида ширин сўзунг
Бор биайниҳ тўтиё ичинда солғандек набот.

Олимжон ДАВЛАТОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг