БУЮК ДАРГОҲ БЎСАҒАСИ

266
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
Баллада
…Туманлар шаҳрига совуқ куз келди,
Ёмғир ёғаверди муздай ва эзгин.
Этни ўяр бўрон увиллаб елди,
Намчил хазонларни юлқилаб бетин.
Чеккароқ мавзе, бир ошён бадқовоқ,
Ғариб жуфтлик яшар арзон хонадон:
Яқинда дунёга келган чақалоқ
Ва яқинда эрдан ажралган жувон.
Тор хона муздайин ҳавога тўлар,
Иситиш тизими уйга бегона.
Жигарбандин қучиб иситмоқ бўлар
Адёлга ўранган муштипар она.
Қаранг-а, дунёнинг ишлари ажаб,
Ким нега ташнаю нега зор эди.
Мана шу вужуди қалтираб-қақшаб –
Турган аёл қалбан Ижодкор эди…
Туйқус у ўрнидан қўзғалди шошиб,
Қалин либосларга вужудин тиқди.
Аравачага сўнг боласин солиб
Тунд, ўшшайган совуқ кўчага чиқди.
Ёмғирли изғирин, туриб бўлмайди…
Эй она, жонингдан кетдингми тўйиб:
Бу аҳволда ахир юриб бўлмайди,
Чақалоқ ҳаётин хатарга қўйиб.
Алоҳа  бир чироқ кўринди титраб,
Ўзига чорлабми кўз қисар ёғду.
Жувон шу тарафга йўл олди шитоб,
Қаҳвахона эди мўъжазгина бу.
Иссиқ… иссиқ ҳаво остонаданоқ,
Қайноқ қаҳва бўйи, тамаки дуди.
Бирдан “инга”лашдан тўхтар чақалоқ,
Бўшашиб кетади аёл вужуди.
Оёғи чалишиб кетётган аёл
Энг чекка столга бориб чўккан пайт
Қаршисида пайдо бўлади дарҳол
Назокат тимсоли официант.
“Хуш келибсиз…” “Раҳмат”.
“Марҳамат, меню,
Хоним, ёққанини танланг бемалол”.
Қўйиб берсанг кўнгил нелар истару
Аммо… имконини билади аёл.
“Менга… мумкин бўлса бир финжон қаҳва”,
“О, албатта! Хоним, танловингиз соз!”
Йигит шод: камтарин буюртма ила
Бахтиёр этгандек дунёни мижоз.
Аёл аслзода оқсуяк каби
Лабини теккизиб қўяр финжонга.
Қайноққина қаҳва… беҳишт неъмати,
Ҳарорат югурар тўнғиган қонга.
Жувон кўзларини юмади беҳол,
Ёноқларда ўйнар сирли табассум.
Ё раббий, қанчалар бахтли бу аёл,
Рафторида қанча сурур тажассум.
Илҳом фариштаси балки шу лаҳза
Жувонни авайлаб бағрига олган,
Қулоқчаларига шивирлаб аста
Ёзажак сўзларин кўнглига солган.
Аёл шошқин олиб аравачадан
Бир даста қоғозни – ўз қўлёзмасин,
Давом эттиради ҳаяжон билан
Биринчи рўмоннинг дастлабки фаслин.
Сўзлару жумлалар келади оқиб,
Тилсим ҳодисотлар, о, қайнаб-тошар.
Қордай оқ қоғозга аёл ютоқиб
Барини муҳрлаб қўйишга шошар.
Гарчанд ижод асли синоат, афсун,
Жунунни англамоқ буткул беимкон –
Шундайин илоҳий лаҳзалар учун
Яшасанг арзийди дунёда, Инсон!
Жувон ёзаверди… Чақалоқ эса
Баайни тушуниб она аҳволин,
Ором олётгандай иссиқ гўшада
Ухлайверди ширин, пишиллаб, сокин.
Бешак фаришталар уни ухлатган
Ҳарир қанотларин оҳиста елпиб.
Қулоғига ажиб эртаклар айтган
Бесадо пичирлаб, сассиз тўлиқиб.
Деворда осиғлиқ соат миллари
Бир-бирин қувгандай чопиб-елади,
Тун яримлаб борар, қаҳвахонани
Бекитар вақти ҳам етиб келади.
Хизматчи йигит минг хижолат ила
Жувон қаршисида эгилади ним.
“Маъзур тутинг, хоним. Фурсат бўлди-да.
Акс ҳолда… Узр, безовта этдим”.
Туйқус сесканиб бош кўтарар аёл,
Атрофга қарайди дилгир ва ҳайрон.
Қайда?.. Нима учун?.. Нега?… Бу не ҳол…
Сергак тортиб барин эслайди шу он.
“Маъзур тутинг…” Аёл шошиб қўзғалар,
Қоғозларни жойлар аравачага.
Йигит мижозини эшикка қадар
Кузатиб қўяди илтифот ила.
“Келиб туринг, хоним…” “О, ҳа, албатта…”
“Ташрифингиздан бизга шараф ва эъзоз”.
Йигит шод: камтарин буюртмаси-ла
Бахтиёр этгандек дунёни мижоз…
Аёл… қаерга ҳам борарди, айтинг,
Зимистон кўнглига қайда бор ёғду?
Кейинги куни ҳам қаҳвахонанинг
Очилиш пайтига етиб келди у.
Яна сертавозе официант,
Яна буюртмага бир финжон қаҳва.
Илоҳий туйғулар бағрида сармаст
Аёл ёзаверди тинмай бир лаҳза.
Яна париларнинг ҳарир қаноти
Маъсум чақалоқни эркалар суйиб.
Онанинг энг буюк, чин кашфиёти –
Бола ором олар фароғат туйиб…
Кейинги кун яна, кейин ҳам тайин,
Илҳом тинмай сеҳр лойин қоради.
Битик варақлари ортгани сайин
Фурсат мутаносиб ўтиб боради.
Аммо… мулозимлар бир хилмас, ахир,
Элчилик-да, турфа феъл-атворлар жам.
Бу ғалат машғулот оқибат-охир
Энсасин қотирди аллакимнинг ҳам.
Гарчанд дахлсиздир ҳар ким ўлчови,
Мижоз зоти мудом ҳақдир бегумон.
Бироқ шунча вақт ва хизмат тўлови
Бор-йўғи қаҳваю уям бир финжон.
Бу аҳволда қайдан келарди фойда,
Қаҳвахона ахир бизнес бор-йўғи.
Бешак, бундай мижоз кўпайган жойда
Пасайиб кетади даромад чўғи.
Маънодор йўталлар, томоқ қиришлар,
Буюртма олар чоғ виқорли малол –
Сира таъсир қилмас, у тинмай ишлар,
Ўзга дунёларга кетган-ов хаёл.
Алоҳа топилди ҳамфикрлар ҳам,
Улар бир-бирларин қўллашлар ила,
Фурсат топиб кириб бордилар илдам
Хўжайиннинг мўъжаз кабинетига.
“Шундай, шундай…” деди гуруҳ дарғаси,
“Сэр, ўзимизнимас, сизни деб фақат…”
“Токай биз хайрия муассасаси –
Ўрнидамиз… Қарор сиздандир, албат…”
Истараси иссиқ, камтар, мулойим,
Нигоҳлари нурли кекса жентельмен,
Бармоқларда тараб кумуш сочларин
Майин кулимсираб қўйди: “Шундай денг…
Ойна ёнидаги, чекка столда
Кундалик мижозми… Ҳа, хабарим бор.
Бу борада сизга илтимосим ва,
Изн этингиз, қатъий бир талабим бор.
Фунт стерлинг зарур, аммо биз, ҳайҳот,
Ҳаммасини фақат пулда ўлчасак,
Пул қолару Буюк Ижод, Кашфиёт
Лета дарёсига  ғарқ бўлар бешак.
Мижозни кузатдим ташлаб кўз қирим,
Ёнидан атайин ўтиб неча бор.
Мени пайқамади… Туйқус тушундим
Бизнинг меҳмонимиз – Асл Ижодкор.
Ижод бу шуурдан ташқари тилсим,
Ижод бу юраклар ҳис этар ҳолки,
Умрида ҳеч қурса бундай дардга ким –
Бир бора йўлиққан, тушунар балки.
Гўзаллик дояси, илоҳий неъмат —
Ижод Яратганнинг иноятидир.
Мана шу аёлга бахшида қувват
Балки Мелъпомена, ҳимоятидир…
Шукрона айтайлик  қайта ва қайта –
Одми гўшамизни танлабди жувон.
Йўқса емакхона камми шаҳарда,
Барига иззатли  бундайин меҳмон.
Бундайин воқелик асли учрар кам
Қодир табиатдан туҳфа истеъдод.
Бошингизга Биг-Бен  қулаб тушса ҳам –
Чидаб, Ижодкорнинг кўнглин этинг шод.
Тушунинг, қаламкаш қалби нозикроқ,
Бир сўз ё қарашдан вайрон бўлади.
Жиноят бўлмайди бундан ортиқроқ,
Чунки унда Илҳом, Ижод ўлади.
Хоним бизга қадам ранжида этган
Эрта ҳам, индин ҳам, бир йилдан сўнг ҳам,
Энг олий мақомда уни қаршиланг,
Унутманг: бу ташриф биз учун байрам.
Хуллас, сўзлайверсам фикр мўл, лекин
Хоҳишингиз йўқдир нутқ эшитишга.
Гаплашиб олдик-ку. Энди-чи, секин,
Хонимлар, жаноблар, борингиз ишга”.
Андак изза бўлиб қайтишар экан
Йўлакда ким биров айлади хитоб:
“Барини тушуниб етдим дафъатан,
Ахир, хўжайиннинг хоббиси китоб”.
Ҳамма эслаб қолди, бошлиқ ҳар маҳал
Китоб деса ўзин томдан ташлайди.
Тонг саҳарда келиб газета, журнал –
Ўқиб бўлгандан сўнг ишни бошлайди.
Уйини-ку, дерлар, зўр кутубхона
Оёқ босишга жой топилмас экан.
Гарчанд милён фунтга баҳоланса-да,
Бу хазина минбаъд сотилмас экан…
Ҳар бир мижоз юксак ҳурматга ноил,
Қаҳвахонага бу қонун бегумон.
Мазкур гурунгдан сўнг ижодга мойил
Аёлни эъзозлаш юксалди чунон.
Ёнидан ўтарлар оёқ учида,
Ўзаро пичирлаб гаплашишади.
Кимдир шовқин қилса, бесас, ўтинч-ла
Лабга бармоғини тез босишади.
Фақат аёл кўрмай бунинг барини
Ўзининг тўлғоғи билан банд эди.
Вужуди шу ерда ва лекин руҳи
Ўзга оламларда орзуманд эди.
Кунлар ўтаверди шундай сермазмун,
Кунлар ўтаверди шундай сермаҳсул.
Гўё туғилажак мўъжиза учун
Қаҳвахонанинг бор ходими масъул.
…Ниҳоят, ниҳоят  юз берди бу ҳол,
Битикка қўйилди энг сўнгги нуқта.
Осмон, кўз ёшларинг йиғиштириб ол!
Замин, айланишдан бир нафас тўхта!
Аёл қўлёзмадан кўз узиб илкис
Атрофга аланглар эсанкираб, лол.
Қайда? Нима учун?… Англолмас, туйқус
Самодан қулаган фаришта мисол.
Фарзанди ухларди аравачада,
Атрофда ҳаётдан мамнун оломон.
Енгил кулги, шовур, таниш мусиқа,
Столида эса бўшаган финжон.
Шунда ҳаммасини эслайди аёл,
Кўз олдида барин яққол кўради.
 Хижолат аралаш қўзғалиб, дарҳол
Официантдан ҳисоб сўради.
“Келиб туринг, хоним…” “О, ҳа, албатта…”
“Ташрифингиздан бизга шараф ва эъзоз”.
Йигит шод: камтарин буюртмаси-ла
Бахтиёр этгандек дунёни мижоз…
Кейин нима бўлган? Кўпларга аён,
Жувон сарфлаганча сўнгги чақасин
Ишончга чоғишган ҳаяжон билан
Нашриётга йўллар ўз қўлёзмасин.
Узоқ куттирмайди жавоби қурғур,
Мактубда инглизча назокат, одоб:
“О, бизни танлабсиз, минг бор ташаккур,
Таассуфки, асар салгина бўштоб…”
Аёл маҳзун тортар, аммо кўнглида
Қандайдир бир туйғу уни қўллайди,
Озгина қарз…  Некбин умидлар ила
Кейинги манзилга дарров йўллайди.
Бу ҳол такрорланди… нақ ўн бир марта,
Жавоблар бир тарзда келарди нуқул.
Фақат бири қўшган: “Хоним, агарда
Бошқа иш қилсангиз бўларди мақбул…”
Бари тамом бўлди, умид чечаги
Баҳор нурин кўрмай бериб бўлди жон.
Алвидо, кўнгилнинг содда эртаги,
Алвидо, саробга соврилган  имкон.
Аммо… Ижодкорни тушуниш қийин,
Онгу шуурини бошқарарми қалб?
Балки юрак билан ҳис этмоқ мумкин,
Аммо ақл билан бўлмагай англаб.
Гарчанд таслим бўлмоқ вақти келди-ку,
Мужда кутавериб чарчаган ҳар гал,
Сўнгги заиф илинж қутқусида у
Ўн иккинчи марта қилди таваккал.
Узоқ куттирмайди жавоби қурғур,
Мактубда инглизча назокат, одоб:
“О, бизни танлабсиз, минг бор ташаккур,
Таассуфки, асар салгина бўштоб…”
Аёл кўзларини юмар инграниб,
Қонсиз бармоқларини бурдалар нолон.
Наҳот шунча вақти ўтди алданиб,
Наҳот ёзмоқ энди мангулик армон.
Қоғозга томади аччиқ кўзёши,
Чаплашиб кетади ёзувлар, не ҳол…
Алоҳа аёлнинг етиб бардоши
Мактубнинг охирин ўқийди беҳол.
“Хоним, биз тажриба учуноқ майли
Чоп этиб кўрамиз уч минг ададда.
Зарар кўрармиз бу китоб туфайли…
Очиғи, шундайин эҳтимол катта.
Бозор-да: талабга яраша таклиф,
Рақобат майдони тиғиздан-тиғиз.
Ёзув-чизувларни балки тўхтатиб,
Бошқа, даромадли юмуш топарсиз…”
Аёл ўқ егандай қалқар ногаҳон,
Сўнгги япроқдайин вужуди титрар.
Қорайиб кетади баногоҳ осмон,
Омонат шуълалар йўқликка йитар.
Муздай полга беруҳ қулайди аёл,
Ўртанган юракдан сизади ингроқ…
Волида аҳволин сезгани мисол
Чинқириб юборар ногоҳ чақалоқ.
Аёл сергак тортар, қайтади ҳуши,
Дилбанди озурда, турмоқ керак, бас.
Ахир бу дунёнинг жами ташвиши
Гўдак тўккан томчи ёшга арзимас.
Жувон фарзандини қучади маҳкам,
Қайноқ кўз ёшлари шашқатор оқар.
Мактубга илова шартномани ҳам
Кўз ёш-ла имзолаб, ортга юборар.
Кейин нима бўлган… Кўпларга аён.
 Бунчалар ширинсан, о, аччиқ ҳаёт!
Сенда мўъжизалар мўлдир бегумон,
Сенда машаққатлар ажри мукофот.
Уч минг адад китоб саноқли кунда
Тарқалиб кетгач сўнг қўлма-қўл бўлиб,
У ҳаваскор бўлиб ётдию тунда,
Эрталаб уйғонди юлдузга дўниб.
Бозор-да: талабга яраша таклиф…
Лаҳза сайин сўров ортгани учун
Босмахона бошқа ишин қантариб
Фақат шу китобни босар туну кун.
Кунлар арифметик кўпайтмага мос
Ўтиб борган сари маромда, сокин.
Талаб ҳандасавий кўпайтмага хос
Ошиб-тошар эди билмайин тизгин.
Турли рўйхатларнинг бошида китоб,
Эътирофлар юксак: “Шаксиз, бестселлер!”.
Шундай қадрланди илҳомли ижод,
Шундай қадрланди ҳалол манглай тер.
Китоб чет тилларга тез ўгирилар,
Дунё ҳайратлардан лолу адодир.
“О, қанчалар ажиб фусункор асар!..
Сирли афсунлари оҳанрабодир!..”
Асар давомини олмоққа шошган
Турнақатор сафда ноширлар илҳақ.
Адад энди юз минг, милёндан ошган,
Қалам ҳақи шунга муносиб барҳақ.
Эсанкиратмади аёлни бу ҳол,
Ҳаволантирмади заррача ҳам, йўқ.
Фақат ишлайверди яйраб бемалол,
Илло шароитдан энди кўнгил тўқ.
Чанқоқ ўқувчига у туҳфа этмиш
Бестселлер кетидан янги бестселлер,
Ногоҳ бўлиб қолди ҳунари ёзиш –
Аёллар ичида  илк миллиардер!
Бу яхши, албатта, жуда ҳам аъло,
Азалдан аён-ку, бўш қоп тик турмас.
Бироқ ижодкордан сўз кетар асно
Моддият биринчи ўринда юрмас.
Гарчанд илкидаги бор-йўқ имкони
Инсоний ҳисларга қасида фақат,
Ҳақиқий Ижодкор мамлакат шони,
Миллат ғурурига эврилар, албат.
Улкан давлатларнинг етакчилари
Йўллари тушганда Англия тараф,
Адиба билан бир учрашмоқликни
Билдилар ўзлари учун деб шараф!
Аёл эса ишлар, ёзар тинмайин,
Илоҳий онлардан топар ҳаловат.
Ақл бовар қилмас улкан маблағин
Хайру саховатга йўллайди фақат.
Ўшал қаҳвахона… музей,  кўп машҳур,
Қишу ёз навбатнинг кети узилмас.
Адиба1 ишлаган курсида бир қур
Ўтирмоқ барчага эзгу ҳой-ҳавас…
* * *
Азиз фарзандларим, ўғил-қизларим,
Кўзлари чақнаган полапончалар.
Сизларга ҳавас-ла боққаним сайин,
Қалбим ҳаяжонга тўлар қанчалар.
Сўйлаганим асли аёндир сизга,
Ҳар нечук, Кулойим чўпчаги эмас.
Ул машҳур адиба замондош бизга,
Мана шу ҳаводан олади нафас.
Фақат олис юртга термулиб баъзан
Энтикиб-тўлиқиб қўйганингиз дам,
Эсланг ўзимизнинг яқин мозийдан
Буюк сабоқ бўлар ҳикматларни ҳам.
Эсланг, эл-улусни ҳайратга солиб, –
Бундай ҳол учрамас ҳеч даҳр аро –
Ҳазрат Навоийни отга мингазиб,
Ўзи жиловбардор бўлган Бойқаро.
Во дариғ, дунёнинг ишлари ажаб
Шоир суворий-у, подшо пиёда!
Сўзни бундан ортиқ бўлмагай алқаб,
Эъзозлаб бўлмағай бундан зиёда!
Томчида акс этар қуёш бегумон,
Инсоннинг Ижодга тенгсиз таъсири
Шу икки мисолда бўлар намоён,
Бири машриқдаю мағрибда бири…
Азиз дилбандларим, сизларга боқиб
Дилимда сурур жўш урган маҳали,
 Шивирлаб қўяман кўксим гупириб:
 “Бу боғлар – бир боғлар бўлади ҳали…”2
Сизлар озчиликсиз, шунда ҳам балки
Ҳаммангиз бўлмассиз адиб ё шоир.
Бироқ мактаб берган сабоқ туфайли
Қалбга уруғ тушган ижодга доир.
Магар имконингиз кетса юксалиб,
Дилда уриб турсин эзгу ният бонг:
Асл ижодкорни отга чиқариб
Жиловбардор бўлиб қолсангиз не тонг.
Ахир асли шу-да кўнгил матлаби,
Дурдона китоблар гадоси бўлинг.
Ўшал қаҳвахона эгаси каби
Мудом Адабиёт шайдоси бўлинг…
Шунда натижа юз кўрсатиб, яна
Оламга таралар ўзбекнинг оти.
Дунё Сўз мулкида қилар тантана
Буюк Ўзбекистон Адабиёти.
1 Адиба – Жоан Кэтлин Роулинг, британиялик ёзувчи, Гарри Потер ҳақидаги романлар муаллифи.
2 Зулфиянинг «Бу оқшом» шеъридан.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг