БАҲОДИРЛИК ДОСТОНЛАРИ

596

Бундан 2800 – 3000 йиллар муқаддам Европа тупроғидаги мамлакатлардан бири — Юнонистонда ёзма бадиий ижоднинг илк намуналари юзага кела бошлади. Кейинчалик юксак камолот босқичига кўтарилган бу адабиёт эрамиздан аввалги III асрда Рим маданиятининг барпо этилишида, таркиб топишида ҳам катта ўрнак бўлди. Ер юзида ана шу икки қадимий халқ яратган маданият, санъат ва адабиёт антик маданият, антик адабиёт деб аталади. Лотин тилидаги “антик” (antiqus) сўзининг маъноси “қадимги” демакдир. Аммо бу атаманинг юнон, рим адабиётларигагина татбиқ этиш унчалик тўғри эмас, чунки маданиятнинг асл бешиги Шарқ мамлакатлари бўлган.

Юнон ёзма адабиётининг бизгача етиб келган энг қадимги намуналари “Илиада” ва “Одиссея” достонларидир. Мазкур асарларни ўқир эканмиз, асар муаллифи Ҳомернинг қанчалар буюк сўз устаси бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Барча халқларнинг тарихида бўлгани каби, юнон адабиёти ҳам муқаррар халқ оғзаки ижоди заминида майдонга келган. Тарих саҳифаларида юнон фольклоридан жуда кам намуналар сақланиб қолган бўлса-да, шуларга асосан ибтидоий қабилачилик давр­ларида юнон халқининг анчагина бой оғзаки адабиёти – эртаклари, мақоллар, маталлар, топишмоқлар, қўшиқлари бўлганлигини аниқлаш мумкин. Юнон мифологиясида тасвирланган маъбудларни одам қиёфасида тасаввур этиш ўз навбатида мифологияни ҳақиқий ҳаётга яқинлаштирди ва унинг образларига чинакам ҳаётийлик бағишлади. Юнон адабиётидаги образларнинг нафислиги, бутун инсоният тарихи давомида китобхоннинг диққатини ўзига жалб этиб келди. Юнон адабиёти, юнон санъатига эса беҳисоб порлоқ мавзулар олиб келди.
Ҳомернинг “Илиада” ва “Одиссея” дос­тонлари мавзуси Троя афсоналаридан, яъни юнонларнинг трояликлар билан уруши ривоятларидан олинган. Олимларнинг таъкид­лашича, юнонларнинг трояликлар устига бостириб келиши тарихий ҳақиқат бўлиб, бу эрамиздан аввалги ХIII – ХII аср олдин юз бергандир. Ривоятларда ҳикоя қилинишича, Троя шаҳзодаси Парис Спарта подшоҳи Менелайнинг уйи­га меҳмон бўлиб келади. Менелай Парис­ни иззат-­икром билан қарши олиб, унинг шарафига ҳашаматли зиёфат беради, базм уюштиради. Шу базмларининг бирида Парис мезбоннинг рафиқаси Еленани учратиб, унинг ҳусни-жамолига мафтун бўлиб қолади. Париснинг шарқона либослари Еленани ҳам шайдо этади. Кунларнинг бирида Менелай узоқ сафарда эканлигидан фойдаланган Парис Еленани йўлдан уриб, уни ўз юртига олиб қочади. Сафардан қайтиб келган Менелай меҳмоннинг кўрнамаклигидан дарғазаб бўлиб, изтироб қийноғида азоб чекади ва рақибидан ўч олишга аҳд қилади, бир қанча кемаларда Троя устига бостириб боради. Юнон аскарлари орасида замонасининг буюк баҳодирларидан бири Ахилл ҳам бор эди. Ўн йил давомида юнон лашкари Троя шаҳрини қамалда тутади. Ниҳоят, айёрлик йўли билан унинг ичига кириб ёндириб юборади, бутун шаҳар аҳолисини қиличдан ўтказиб, шаҳарнинг жамики бойлик­ларини талаб, Еленани олиб ўз ватанига қайтади. Бироқ ватанига қайтишда уларнинг бошига анчагина кулфатлар тушади: уларнинг баъзилари оғир йўл машаққатларига дош бера олмай ҳалок бўлади, баъзилари ортга эсон-омон қайтиб келганида хоинона ўлдирилади.
Троя уруши ҳақидаги ривоятларда, гарчи уларда бўлиб ўтган тарихий воқеа­ларни акс этса-да, бу воқеалар реал тас­вирларда эмас, балки мифологик образларга ўралган ҳолда берилади. Троя урушида ва бу уруш билан алоқадор ҳодисаларда одам болалари билан бир қаторда Олимп тоғининг маъбудлари, паризодалар, девлар ва бошқа ғайритабиий кучлар ҳам баб-баравар қатнашади. Шунинг­дек, Ҳомернинг иккинчи машҳур достони “Одиссея” асари ҳам “Илиада” дос­тонининг мантиқий давоми бўлиб, унда Итака шаҳрининг подшоҳи Одиссей ва унинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинади. Ўн йиллик Троя уруши тугагач Одиссей ва унинг ҳамроҳлари ўз юртларига қайтмоқчи бўлганида денгиз маъбуди Посейдон унинг йўлида даҳшатли тўлқинлар кўтариб, паҳлавоннинг бошига кўплаб мусибатларни солади. Унинг барча ҳамроҳлари денгизда ҳалок бўлади. Фақат Одиссейгина тирик қолади. Бу орада Одиссейнинг Итака оролида қолган рафиқаси Пенилопанинг бошидан ниҳоятда оғир кунлар кечади. Итака зодагонларидан бир нечтаси Одиссей сафардан қайтавермагач, уни ўлдига чиқариб, Пенилопани улардан бирига турмушга чиқишга мажбурлайдилар. Лекин вафодор Пенилопа бу таклифларни рад этади. Бу орада бошидан кўпдан-кўп ажойиботларни ўтказган Одиссей гўзаллик ва донолик маъбуди бўлган Афина ёрдамида Итакага кириб келади. Итаканинг золим амалдорларидан ўч олади ва яна подшоҳлик қила бошлайди. Юқорида кўрилган ҳар иккала достон халқ оғзаки адабиёти асосида яратилган баҳодирлик ҳақида ҳикоя қилувчи асарларнинг мумтоз намунаси­дир. Бироқ Гомернинг ҳар иккала достонининг бадиий даражаси, сюжет қурилиши халқ оғзаки ижодининг ўзига хос соддалик даражасидан анча устун туради.
Аввало, мазкур иккала поэманинг мазмуни ёлғиз битта қаҳрамон атрофида эмас, балки яхлит бир воқеа атрофида айланади. Чунончи, муаллифнинг “Илиа­да” достонининг асосий мазмуни асар қаҳрамони Ахиллнинг ғазабига қаратилган бўлиб, қолган барча воқеа-ҳодисалар ана шу машъум ғазаб билан боғлиқ ҳолда тасвирланади. Шу билан бирга ўн йиллик воқеалар 50 кун ичига сиғдирилган. Тинг­ловчи ва китобхондаги таассуротнинг тўла бўлиши учун асар давомида муаллиф йўл-йўлакай чекинишлар ясаб, турли-туман ҳодисалар билан асосий воқеани тўлдириб боради. Худди шундай уйғунлик “Одиссея” достонида ҳам яққол кўзга ташланади. Одиссейнинг ўз ватанига қайтиши ва сафар мобайнида бошидан кечирган мушкулотлар, учраган ажойибот ва ғаройиботлар асарнинг асосий мазмунидир.
Ҳомер усули, аввало, реалистик усулдир. Ҳар иккала достонда қадимги замон юнон турмуши ёрқин ҳаётий лавҳаларда тасвир этилган. Баъзи ҳодисаларни шоир шу қадар усталик билан тасвирлаганки, бу тасвирлар ҳаётнинг икир-чикирларини ҳам назардан қочирмаган рассомнинг асари сингари кўз олдингизда яққол намоён бўлади.
Биз Ҳомер асарларини ўқир эканмиз, улар билан бошқа халқларнинг бир қанча эпик асарлари, чунончи, ҳиндларнинг “Рамаяна” ва “Маҳобҳорат”, французларнинг “Роланд ҳақида қўшиқ”, немисларнинг “Нибелунгнома”, шунингдек, ўзбек халқ оғзаки ижодининг юксак намунаси “Алпомиш” дос­тонлари ўртасида ўзига хос ўхшашликни кўрамиз. Бу ўхшашликлар турли халқларнинг жангномаларида мазмун яқинлигида, қаҳрамонларнинг тавсифида яққол сезилади. Эпик асарларга хос умумий муштараклик тасодифий ҳодиса эмас, балки барча халқларнинг қаҳрамонлик дос­тонларида ўз ифодасини топган ижтимоий ҳаёт шароитларининг бир мунча яқинлигидадир.

Эшпўлат ЖУМАНОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг