УСТОЗЛАР ДАВРАСИНИ КЎРГАН

591

Адабиётшунос, мунаққид Абдулла Улуғов олтмишга тўлди. У адабий жараёнда бажариши мумкин бўлган ишларни сидқидилдан адо этиб келаётир. Олим уч юздан ортиқ адабий-танқидий мақола, “Қиссачилигимиз қирралари”, “Инсон ибратга интилади”, “Асл асарлар сеҳри”, “Ватан – жон ва тан”, “Қалб қандили”, “Дурдона ёхуд таг маъно тўла “Даҳшат” сингари китоблар, “Адабиётшуносликка кириш”, “Адабиётшунослик назарияси” каби ўқув қўлланма ва дарсликлар муаллифи. Бу китоблар бугун мамлакатимизда таълим олаётган филолог талабаларнинг қўлларида. Адабий-илмий мақолаларида у замонавий адабий жараёнга баҳо беради, яқин ўтган давр ўзбек адабиёти сиймоларининг дурдона асарларини таҳлил қилади, мунаққид ва адабиётшунослар ижодини текширади.
А.Улуғов “Асл асарлар сеҳри” китобида Абдулла Қодирий романларини, Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини, Абдулла Орипов шеъриятини чуқур таҳлил қилган. “Дурдона ёхуд таг маъно тўла “Даҳшат” номли китобнинг ўзи олимнинг бадиий асарни таҳлил қилиш маҳоратидан далолатдир. Бу монография фақат “Даҳшат” ҳикояси тўғрисида эмас, балки муаллиф шу асар баҳонасида инсонга, бадиий сўз қадрига, образга, поэтик нутққа, бадиий маҳоратга, ҳикоянинг матн ости қатламига, умуман, бадиий адабиёт ва ижодкорга бўлган қарашларини баён қилади.
Мунаққид улуғлардан сабоқ олади, устоз-муаллим сифатида ёшларга сабоқ беради. Аллома адиблар ижодини эъзозлайди, мумтоз ўзбек адабиёти, қардош халқлар сўз санъати, жаҳон адабиёти намояндалари ва адабиётшунослари ижодига мурожаат қилади. Шунинг учун Алишер Навоий ва Бобур ҳикматларидан, Жалолиддин Румий, Шекспир, Р.Тагор, Ч.Айтматов, Л.Толстой фикрларидан ўз асарларида унумли фойдаланади. Салмоқли “Бахтиннинг бахти ва…” номли адабий-танқидий очерки таниқли рус адабиётшуноси М.М.Бахтиннинг машаққатли ҳаёти ва гениал ижоди, асарларининг мазмун-моҳияти тўғрисида етарлича тасаввур беради. А.Улуғов рус олими ўз тадқиқотларида филология фанига бир қатор янги атамалар олиб кирганини таъкидлаб, ўзи илгари сураётган тезисни М.Бахтиннинг Ф.М.Достоевский, Ф.Раблега бағишланган фундаментал китобларини таҳлил орқали асослайди.
А.Улуғов ўз мақолаларида бугунги адабиётга баҳо бераркан, асарларни беозор танқид қилади. Бу ҳам мунаққиднинг ўзига хос таҳлил усули, муносабат тамойили, қолаверса, инсоний фазилатлари сирасига киради. Шоир Икром Отамурод тўғрисидаги бир мақоласи “Муҳими — кўнгил” деб номланган. Кўнгил – сирли дунё, кўнгилни англаш мушкул, аммо муҳим. А.Улуғов ҳар бир бадиий асар ортида кўнгил одами, сўз санъатига ошуфта бир қалб эгаси турганини ҳис этади, аяйди, унинг кўнглига, ёзган сўзига қараб фикр айтади, ўзига тенгдош ижодкорлар асарларига меҳр-муҳаббат билан ёндашади. “Юрак ёғдусига йўғрилган”, “Шеърсевар эл шоири”, “Ҳур гулсан, ҳаёт”, “Қалб чилтори” каби мақолалари тенгқурлари — Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Азиз Саид, Ҳалима Аҳмедова каби шоирлар ижоди тўғрисида.
Дарвоқе, А.Улуғов ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетида ўқиди, аспирантурада таълим олди, профессор Норбой Худойберганов раҳбарлигида замонавий ўзбек қиссачилиги тўғрисида номзодлик ишини ёқлади, доцент илмий даражасига эга. Айни пайтда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талабаларга бадиий ижод қонуниятларидан, адабиётшуносликка кириш, қардош халқлар адабиёти тарихи фанларидан сабоқ беради.
Абдулла Улуғов дарс жараёнида бадиий асарларни ҳаёт ҳодисаларига, образларни турмушда учраган турли тоифа вакилларига қиёслаб тушунтиради. Зеро, унинг ўзи ёзганидек, “Таққослаш – одамзот ақли эришган энг тўғри адолат мезони саналади”. Талабалар берган саволларга у батафсил жавоб беради, тўлиқмайди, сукут сақламайди. Назаримда, университет талабалари Абдулла акадан нафақат адабиёт сабоғини, балки инсонийлик ибратларини, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, ҳалоллик, камтарлик, тўғрилик каби фазилатларни ҳам ўрганишади. Зеро, адабиёт тўғрисида мулоҳаза юритаётган инсоннинг табиати ҳам покиза-ораста бўлмоғи лозим. Ўқиб уқмаганлик ёмон. Ўқиш бошқа – уқиш бошқа. Адабиёт инсоннинг руҳиятига тоза ҳаволар олиб киради. Бу каби фикр­лар А.Улуғовнинг ҳаётий тамойиллари, адабий талқинлари асосини ташкил этади.
Сўз одамни саодатли қилади. Сўз заҳматкаши ўлароқ А.Улуғов сўзнинг “гавҳари шариф”, “ўликка жон ато этувчи малҳам” эканини яхши билади. Шу туфайли ҳам мақола ва китоблари учун танланган номларга — сўзларнинг таниқлигига, жаранглаб туришига диққат қаратади: “Қалб қандили”, “Инсон ибратга интилади”, “Бахтиннинг бахти ва…”, “Тилдан дилга”, “Муҳими — кўнгил”. Бунда ҳам бир ҳикмат ва ибрат бор, албатта.
Абдулла Улуғов устозлар даврасини кўрган, ХХ аср ўзбек адабиётининг дарғалари Иззат Султонов, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов каби атоқли олимларнинг сабоғини олган олим. Ҳаётийлик, одамийлик, илмийлик мезонлари ҳам шу рутбага мос. Зотан, зиёли инсон учун булар ҳам жуда муҳим фазилат, албатта.

Баҳодир КАРИМ,
профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг