ШЕЪРИЯТ МАШЪАЛИ ЎЧМАЙДИ

453

Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори атоқли шоиримизнинг минглаб мухлисларини беҳад қувонтирди. Унда белгиланган тадбирлар фақат бир умр халқи ва Ватанини эъзозлаган ва ўзбек адабиёти хазинасига улкан ҳисса қўшган ижодкорга кўрсатилган эъзоз ва эҳтиромгина бўлиб қолмасдан, балки маданиятимиз, шу жумладан, адабиётимиз равнақи, келажак авлодларнинг маънавиятимиз сарчашмаларидан баҳраманд бўлиши кўзда тутилган.

Айниқса, қарорда “Абдулла Орипов ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон адабий-эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказиш ва анжуман материалларини алоҳида тўплам ҳолида чоп этиш, шоирнинг китобларини қорақалпоқ, инглиз, рус ва бошқа тилларда нашр этиш белгилангани маънавий бойлигимизни кўз қорачиғидек асраш ва жаҳонга танитиш борасида ғоят хайрли ва узоқни кўзлаган мақсад экани билан ажралиб туради.
Ўттиз йиллар олдин Грузияга саёҳат қилганимизда Тбилиси яқинида грузин адабиёти классиги Илья Чавчавадзе уй-музейини зиёрат қилиб ҳайратда қолган эдик. Бундан икки юз йилларнинг нари-берисидаги ҳолат, буюмлар, ашёлар қандай бўлса, шундай сақланиб қолган. Бизда ҳам Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом каби атоқли адибларимизнинг уй-музейлари борлигига шукрона айтамиз. Шоирнинг рафиқаси Ҳанифа аянинг айтишича, Абдулла Ориповдан ҳам катта адабий мерос ва ёдгорлик буюмлари (қўлёзмалар, ижоди билан боғлиқ шахсий буюмлар, эсдалик совғалари ва ҳоказолар) қолган. Менинг ўзимда ҳам қарийб эллик йил шоирнинг ёнида юриб китобларини нашрга тайёрлаш жараёни билан боғлиқ материаллар, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан бошлаб шеърлари биринчи марта эълон қилинган газета-журналлар тахламлари, ижодий кечалари афишалари, қўлёзмалари мавжуд. Уларни асраб-авайлаш ва сақлаб қолиш, келгуси авлодларга етказишга бурчлимиз. Қарорда белгиланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишда ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратилади, деб ўйлайман.
Ушбу қарор Абдулла Орипов ёқиб кетган шеърият машъали абадий порлаб туриши, асрлар оша авлодларга маънавий ҳамдам бўлиши йўлида қўйилган муҳим қадамдир.

Дониёр БЕГИМҚУЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг