«НУҚТАЙИ ХОЛИНГ НЕДИН…»

402

«Ғаройиб ус-сиғар»

45-ғазал

Юз сўзумдин бирига бермас жавоб ул нўшлаб,
Оғзини йўқтур десам воқиъки, ҳеч эрмас ажаб.

Нуқтайи холинг недин ширин лабинг устидадур,
Нуқта чун остин бўлур ҳар қайдаким ёзилса лаб?

Васл не янглиғ муяссар бўлғусидур, чун эрур
Дилбарим нозукмизожу мен бағоят беадаб.

Гар қуёш дерлар юзунгни, гарм бўлуб чекма тийғ,
Элга журме йўқ, инар чун осмондин ҳар лақаб.

Лаълинг олса чоклик бемор кўнглумни, не тонг,
Эй малоҳат нахли, чунким хастасиз бўлмас рутаб.

Зиндадил Мажнуннинг ўлмиш кўнгли чун Лайлоға ҳай,
Бас не осиғ ани ҳайдин қовламоғлиғ, эй араб.

Толиб ўлким топмасанг дағи бу баским, айламас
Бир нафас ғофил сени матлуб ёдидин талаб.

Қаҳр барқи бирла раҳмат ёмғури гар буйладур,
Эмин эрмас Булъало, навмид эмастур Булаҳаб.

Гар наво топса Навоий лабларингнинг зикридин,
Тонг эмастур, чун мудом афзун бўлур майдин тараб.

“Маҳбуб ул-қулуб” асарининг ўн олтинчи фаслида Алишер Навоий шоирларни бир неча гуруҳга таснифлаб, биринчи гуруҳга шеърда “асрори илоҳий адоси”ни мақсад қилган Аттор, Румий ва бошқа валийсифат шоирларни, иккинчи тоифага эса, ўзининг ғазал тавридаги устозлари – Амир Хусрав Деҳлавий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозийни мансуб қилиб, “ҳақиқат асрорига мажоз тариқини махлут (омухта) қилмоқ”ни улар услубининг асосий белгиси деб таърифлаган. Бу ғазал ҳам ана шу услубда – ҳам мажозий муҳаббат ва ҳам ишқи илоҳий тараннуми йўлида битилган.
Ғазалнинг мажозий маъносидан қуйидаги манзара ҳосил бўлади: лаблари болдек ширин маҳбуба ошиқнинг юз саволига бир мартагина жавоб беришдан ҳам эринади. Унинг оғзи шунчалар кичик ва кўринмаски, барча сўроқларга сукут ихтиёр этганидан оғзи йўқ деса ҳам бўлади (истиора, тазод, муболаға санъатлари). “Лаб” сўзини араб ҳарфлари билан ёзишда қоида бўйича нуқта арабча бе ҳарфининг остига ёзилади, аммо ёрнинг қора холи лабининг устида жойлашиб, жонларга минг шўриш солади (китобат, ташбиҳи киноя ва тажоҳул ул-­ориф санъатлари). Бундай таъби нозик дилбар билан ошиқдек одоб кўчасидан ўтмаганлар висол базмини қуриши имконсиз (тавсиф ва тазод санъатлари). Агар одамлар ёрни қуёш десалар, ёр бундан қизишиб, жазо ва жафо тиғини тортмасин, элда гуноҳ йўқ, ахир “исмлар осмондан тушади” деган гап бор (таносуб, истиора, ҳусни таълил санъатлари). Агар лаълдек қизил лабинг чок бўлган кўнглимни олса, ажабланмаслик керак, чунки хурмо барча хасталикларга даводир (истиора, тавсиф, нидо, ҳусни таълил санъатлари). Мажнуннинг кўнгли Лайли ишқига макон бўлгандан кейин уни овулдан ҳайдамоқликдан фойда йўқ (талмиҳ, нидо, тажнис санъатлари). Ҳамиша ёрнинг талабида бўлмоқлик керак, матлубнинг ёди толибни талабдан ғофил қўймаслиги ёрни топмаслик дардига даводир (тазод, иштиқоқ санъатлари). Фасоҳатли баён услуби, дақиқ маънолар ҳамда сатрлар силсиласида туйғу ва кечинмаларнинг тадрижий такомили ишқ дардига ошно бўлганларга кўтаринки кайфият бағишлайди, шеърхон ошиқ қаҳрамоннинг ўрнига ўзини қўйиб, “нўшлаб”нинг тавсифларидан оламжаҳон маънавий завқ олади.
Кейинги байт мазмуни эса ёрнинг тимсолини англашда миқёс ва қамровни кенгроқ олишни талаб қилади:
Қаҳр барқи бирла раҳмат ёмғури
гар буйладур,
Эмин эрмас Булъало,
навмид эмастур Булаҳаб.
Аллоҳнинг қаҳҳорлик сифатидан Абулъало Маъаррийдек тавҳид куйчиси омонликда эмас, ёмғир томчиларидан ҳам беҳисоб раҳматидан эса Абу Лаҳабдек ислом душмани ноумид бўлмас, дейилади бу байтда. Мазкур талмиҳ руҳий тарбиянинг асосий тамойилларидан бири – хавф ва рижо (хавф – Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш; рижо – унинг марҳаматидан умидвор бўлиш) мақомининг бадиий талқинидир. Абу Али Рўдборийнинг айтишича, хавф ва рижо – бир қушнинг икки қанотидир. Руҳ қушининг ушбу икки қаноти агар мутаносиб бўлса, юксак манзилларга кўтарила олади.
Мазкур талқинга таяниб, ғазални тасаввуфий йўсинда шарҳласак, янги маънолар хазинаси эшиги очилади. Тасаввуфий манбаларга кўра, лаб – пайғамбарларга маънолар оламидан малаклар воситасида, авлиёга эса илҳом орқали нозил бўладиган калом. Пирнинг илоҳий маърифатга лиммо-лим сўзи ва унинг мазмуни ҳам кўзда тутилади. Лаб суви оби ҳаётга, яъни ишқу муҳаббат чашмасига ташбиҳ қилинади. Лабдан мақсад – мавжудотга илоҳий файз етказувчи раҳмоний нафас ва кўнглини маърифат нурига ошно этувчи илоҳий сўз. Кичик оғиз эса, асл моҳияти инсонга маълум илоҳий каломнинг тимсоли (ўқувчига тушунарли бўлиши учун қисқача тушунтириш берамиз: бир оғиз сўз айтиш учун инсоннинг ўпка, юрак, ҳалқум, оғиз, лаб, тиш ва бошқа турли тана аъзоларининг иштироки керак бўлади. Моддият оламидан ташқарида бўлган Аллоҳнинг муқаддас каломи қандай содир бўлишига инсоннинг ақли етмайди). Мазкур талқинни байтга қўлласак, қуйидаги маъно ҳосил бўлади: мен Ёри азалнинг даргоҳига жуда кўп илтижолар қиламан, аммо менинг дуо ва муножотларимга жавоб эшитмайман. Бунинг ҳикмати эса фақат Ўзигагина аён…
Агар Алишер Навоий бундай мураккаб ирфоний ғояларни биз шарҳлагандек содда баён этганда, ғазалнинг таъсирчанлиги бу даражада бўлмас, орифона ғояларнинг ўзи-да ўқувчи юрагига сингмасди. Муҳаббатни мажозий йўсинда тасвирлашдан мақсад – тирик инсонларнинг қувончу қайғуси, ғам ва шодликлари, интилиш ва талпинишлари тимсол ва рамзларда, бир-биридан гўзал тасвирлар жараёнида берилади. Шундай экан, шоирнинг ғазалларини хоҳ мажозий йўсинда, хоҳ ирфоний тушунча ва талқинлар асосида ўқисак ва уқсак, у инсон онги ва тафаккурининг бепоён оламини ­бадиий ифода этувчи буюк сўз санъаткори сифатида намоён бўлади.

Олимжон ДАВЛАТОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг