ХАЗОН БЎЛГАН УМР

504

Зикир МУҲАММАДЖОНОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони

Ўзбек аёлининг саҳнага чиқиши фавқулодда ҳодиса ҳисобланган давр­да чўчимай, довюраклик билан саҳнага отилган хотин-қизлардан бири Маъсума Қориева (аслида Саъдия Низомиддинова)дир. У татар қизи бўлса ҳам, ўзбеклар ичида ўсиб-улғайиб, “ўзбек қизи”га айланганди.

1916 йили 15 ёшли Маъсума Бокудан Тошкентга гастролга келган театр труппасининг “Лайли ва Мажнун” спектаклини томоша қилади. Ҳатто труппа раҳбари Сидқи Руҳилло (ке­йинчалик, у СССР халқ артисти унвонига сазовор бўлган)дан илтимос қилиб, омма­вий саҳналарда иштирок этади. Шу-шу саҳнага маҳлиё бўладию актриса бўлиш орзуси билан яшайди.
Ўша йиллари тараққиёт йўлига тушган, ўзларини “жадид” деб номлаган ёшлардан бир нечтаси театр тузиш пайи­да бўладилар. Чор Русиясининг Тошкентдаги генерал-губернаторига совға­лар тақдим этиб, “Лайли ва Мажнун” спектаклини қўйишга рухсат сўрай­дилар. Айёр генерал-губернатор совғаларни мамнунлик билан қабул қиладию бошидан соқит қилиб, Петербургдан рухсат олиб келишларига “оқ йўл” тилаган бўлиб, чиқариб юборади. Узоқ сафарга бориб, бюрократ амалдорлар эшигини қоқиб, яқин 6 ойдан сўнг спектаклни ўзбекларга фақат бир марта кўрсатишга ижозат олиб қайтадилар. Аммо шариат аёл кишининг саҳнага чиқишига монеълик қиларди. Шу пайтда Маъсума Қориева, тошбўронга тайёр турган ҳолда, роль ижро этишга киришади. Бошқа аёл ролларини эркаклар ижро этишга мажбур бўлган эди. Спектакль шу қадар муваффақиятли намойиш этиладики, бир марталик ижро кўпчиликни қониқтирмайди. Ниҳоят, пьесани русчага таржима қилиб, яна амалдорлар эшигига югуришади. Хуллас, ҳар сафар спектакль қўйилмоқчи бўлганда, албатта, бирор тўқнашувга дуч келишар эди.
М.Қориева Маннон Уйғур раҳбарлигида Тошкентда ташкил этилган ўзбек театр труппасига қабул қилинади. Труппа актёрларидан бири Сайфи Олимов М.Қориевани эслаб шундай деганди: “Дастлабки йилларда труппада аёллардан ёлғиз унинг ўзи ишлаган. Ташвиқот поездида шаҳарма-шаҳар кезган. У табиатан санъат фидойиси эди. Шунинг учун ҳам ҳамиша одамлар ичида бўлар, халққа хизмат қилгиси келарди”.
Маннон Уйғур Маъсумадаги талантни кўриб, унга ёрдамлашган, деярли ҳамиша бош роллар ижросини ишониб топширган. Шу тариқа у Ғ.Зафарийнинг “Ҳалима”, Чўлпоннинг “Ёрқиной”, У.Ҳожибековнинг “Аршин мол олон”, Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, Хуршиднинг “Лайли ва Мажнун” пьесаларида Ҳалима, Ёрқиной, Гулчеҳра, Луиза, Лайли ролларини маҳорат билан ижро этиб, эл-юртга танила борди. Актриса, айниқса, “Ҳалима” спектаклидаги Ҳалима образини шундай бир маҳорат билан ижро этганки, томошабинлар у билан бирга йиғлаб, бирга кулишган.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларига келиб М.Қориева истеъдодини ­А.Файконинг “Портфелли киши” (Буви), Н.Погодининг “Менинг дўстим” (Ксения), М.Горькийнинг “Егор Буличов ва бошқалар” (Варвара) асарларида синаб кўришга жазм этади. Бир-биридан тубдан фарқ қилувчи уч образ унинг ижросида янада тиниқлашди ва сайқал топди. Халқимизнинг севимли санъаткори Сора Эшонтўраева ўша йилларни хотирлаб шундай деганди: “Мен Маъсума Қориевани устозим деб биламан, саҳнага чиқишимда унинг жуда катта хизмати бор. Шунингдек, қатор образлар яратишимда ҳам ҳамиша унга суянардим”.
Актриса “Гамлет” фожеасида шаҳзоданинг онаси Гертруда образини яратишга кўп йиллар тайёргарлик кўрди, тинимсиз изланди. Натижада Гертруда саҳнада ишқда эҳтиросли, айни пайтда фарзанди Гамлетга ғамхўр ва меҳрибон аёл сифатида намоён бўлади. Айниқса, сўнгги кўринишдаги Гертруданинг ўз ўғли олдида гуноҳкордек сезиши томошабинда бу образга нисбатан хайрихоҳлик туйғусини уйғотади.
Мени театрга ишга қабул қилишган йиллар алғов-далғов замонлар эди. Ҳар куни кимнингдир яқин кишиси ҳибсга олингани ҳақида хабар топардик. Актёрларимиз бир-бирлари билан кўришганларида секингина: “Тинчликми?”, деб сўраб қўйишарди. Жамоа аъзолари, айниқса, Маннон Уйғурдан хавотирланар, у киши театрга кириб келиши билан ҳамма: “Худога шукр”, дегандай қувониб кетарди. Чунки у кишининг сафдошлари аллақачон ҳибсга олиниб бўлганди. Биз кўпроқ машҳур ёзувчи, драматург, театр директори Зиё Саиднинг қамалиши Маннон Уйғур тақдирига таъсир этади, деб ўйлардик. Оғанинг бўлаётган воқеалардан ич-ичидан қайғураётгани сезилиб турарди.
Бир куни эндигина репетиция бош­ламоқчи бўлиб турган эдик, Маъсума Қориева тўғри Оға ҳузурига келдию ўзини унинг бағрига ташлади. Турмуш ўртоғи ўша замоннинг маърифатпарварларидан бўлиб, катта идоралардан бирида раҳбарлик лавозимида ишларди. Маъсума Қориева ўзини бироз тутиб олгач, Босит Қориевни кечаси олиб кетишганини айтди. Маннон Уйғур бироз сукутдан кейин унинг елкасига қўл теккизиб, “дадил бўл” ишорасини қилдилар. Ҳа, ўша йиллари ҳамдардлик қилиш ҳам хавфли эди. Артист Муҳсин Ҳамидов бир ёзувчи қамалганида “нотўғри” деб юборгани учун бир неча кун сўроқ берганини ҳаммамиз билардик. Қамалган кишининг оиласи, бола-чақаси, ҳатто яқин таниш-билишларининг ҳам аҳволи танг эди. Айниқса, оила аъзолари кўп нарсадан четлатиларди. Ана шундай фожеа Маъсума Қориеванинг ҳам бошига тушди. Ижодкор учун ижоддан четланиш ҳамма ташвиш­лардан ҳам энг мудҳишидир.
1939 йили Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий вафотига ўн йил тўлиши муносабати билан унинг “Бой ила хизматчи” пьесаси Комил Яшин таҳрири билан қайтадан саҳналаштириладиган бўлди. Асар талқини машҳур режиссёр Етим Бобожоновга юклатилди. Пьесада аёллар образи шу қадар кўп эдики… Роль тақсимотида М.Қориеванинг номи чиқмади. Бунга фақат актриса эмас, балки ҳамма ҳайрон бўлди. Демак, актриса шубҳа остига олинган. 1939 йили Катта Фарғона каналига бутун санъат жамоалари қатори театримиз жамоаси ҳам отланди. Аммо борадиганлар рўйхатида М.Қориеванинг номи яна чиқмади. Сафардан қайтишимиз билан бир неча ёшлар у кишидан хабар олгани уйларига бордик. Маъсума опа ҳар сафаргидек эндигина ўша идора эшикларидан қайтган эканлар. Бизни ўғиллари кутиб олди. Маъсума опа эшикдан кириб, бизни бағриларига босдилар. Бир ой ичида инсоннинг бу қадар ўзгариб кетиши мумкинлигини Маъсума Қориева мисолида биринчи бор кўрган эдим.
Айтишларича, ҳали бирор марта эрлари билан учрашишга рухсат берилмаган. Ҳатто хат олиш ҳам таъқиқланган. Уларга сиёсий маҳбус деб қаралар, “халқ душмани”га чиқаришган эди. Маъсума опанинг айтишларича, таъна тошлари отилавериб, икки ўғли мактабдан совий бошлабди. У киши ҳамма нарсага дош берса ҳам, болаларининг ҳақоратланишига чидай олмасди. Ота-она бу икки ўғилни жуда катта орзу­лар билан вояга етказишни ният қилишганди. Хуллас, болалар мактабга бормай қўйишди.
Маъсума Қориеванинг бошига тушган ташвишлар бизнинг ташвишимиздек бўлиб қолди. Шундай кунларнинг бирида театримизга Москвадан ­Николай Владимирович Ладиган келиб, бош режиссёр бўлди. Маннон Уйғур бош режиссёрлик лавозимидан навбатчи режиссёрликка ўтказилди. Қирқинчи йилларда “Отелло”ни саҳналаштириш театр жамоасининг катта орзуси эди. Маннон Уйғур Ғафур Ғулом билан бирга асар таржимасини тайёрлаб юрарди. Н.В.Ладиган бадиий раҳбар бўлгач, бу асарни саҳналаштиришни ўз қўлига олди.
Роль тақсимотида Маъсума ­Қориева яна ижродан четлатилганига қарамай, Маннон Уйғур Эмилия ролини унга мўлжаллагани туфайли Н.В.Ладигандан илтимос қилди. Хуллас, жамоа­нинг қатъийлигими ё Маннон Уйғур ташаб­буси биланми, Маъсума Қориева бу ролга учинчи қилиб тасдиқланди. Иш бошланди. Аммо сафдошлар Тошхон Султонова, Зайнаб Садриева Эмилияни Маъсума Қориева ижро этишига, бу билан бироз бўлса-да, руҳан тетиклаштиришга ҳаракат қилиб, унга кўпроқ имконият яратиб беришга интилишди. Шундай бўлди ҳам, асосий репетицияда Маъсума Қориева қатнашди. Ладиган ҳам жамоанинг ташаббусига қаршилик қилолмади. Бу актрисага анча руҳ бағишлагандек бўлди. У киши ҳатто театрда ётиб қоларди. Шу спектаклда ёрдамчи режиссёр бўлиб ишлаганим ва доим театрда бўлганим учун ҳол-аҳволидан хабар олиб турардим. Қачон қарамай, ўз хоналарига кириб олиб, роль билан шуғулланар эдилар. Ниҳоят, “Отелло” саҳна юзини кўрди, катта довруғ қозонди. Отеллодан тортиб бошқа ҳамма роллар шу қадар қиёмига етган эдики, бу ҳақда матбуотда Отелло, Дездемона ва Яго роллари қаторида Маъсума Қориева ижро этган Эмилия роли ҳам алоҳида тилга олинди. Бу ҳол актрисанинг руҳини кўтариб, уни анча тетиклаштирди. Шундай кунларнинг бирида уруш бошлангани хабар қилинди. “Отелло” спектаклидан чиққан Маъсума Қориева алланималарни ўйлаб хаёлга толди. Эртасига маълум бўлдики, у икки ўғилни фронтга жўнатсам, отаси туфайли отилган таъна тошларидан қутулишармикан, деб ўйлаган. Болалар ҳам онанинг шу таклифини кутиб тургандек урушга отландилар. Икки ўғилни ҳарбий комиссарликка етаклаб олиб борган аёл яна бир калтакка дуч келди. Яъни “халқ душмани”нинг ўғиллари фронтнинг фақат “штрафной” батальонига олиниши мумкин экан. Ўғиллар бунга ҳам рози эканликларини билдиришди.
Маъсума Қориеванинг эски ғамлари янгилангандек бўлди. Энди фақат эрининг ташвишлари билан эмас, икки ўғилнинг ташвиши билан ҳам сочлари оқара бошлади. Биз бир неча бор у кишининг уйига бориб тополмадик. Хонадон ҳувиллаб қолган эди. Маъсума Қориева кўрпа-тўшагини олиб келиб театрда истиқомат қиладиган бўлди. Театр жамоаси агар бирон иш билан овора бўлса, қайғуси камаяр, деган умидда касаба уюшмаси ишига мўлжаллашди. Буни қарангки, маҳаллий қўмита раиси партия ташкилотининг тавсияси билан сайланаркан. Партия ташкилотининг котиби эса туман партия қўмитасидан юбориларди. У Маъсума Қориеванинг раис бўлишига қаттиқ қаршилик кўрсатди. Аммо театр жамоаси оёқ тираб туриб олди. Кўпчиликнинг кучи сезилди. Маъсума Қориева қийинчилик йилларида маҳаллий қўмита раиси бўлиб, жамоага онахонлик қилди. Артистлар турмуши жуда оғир бўлган бир пайтда уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга бел боғлади. Ана шундай пайтда Маъсума Қориева қаерлардандир сўраб, илтимос қилиб бўлса ҳам озиқ-овқат ундириб келиб, ҳар куни бир маҳал иссиқ овқат ташкил қилгани эсимизда. Худди шу йиллар иқтисодни ниҳоят яхши тушунадиган, актёрларга ғамхўр Собир Азизов директор эди. Улар биргалашиб жамоага кўп ёрдам беришган.
Қорасарой кўчасида катта боғ олинди. Озиқ-овқатлар бериладиган дўкон очилди. Бир қизиқ воқеани айтиб берай. Ўша йиллари Америкадан келтирилган тухум уни бўлар эди. М.Қориева ўша ундан икки қопини қаердандир ундириб келди-да, кейин тухум уни мол гўштига алмаштирилди. Гўштни тирик молга алмаштириб, актёрларга тарқатиладиган бўлди. Бундай қараганда, афсонага ўхшайди. Аслида шу Маъсума Қориеванинг ғамхўрлигидан, тадбиркорлигидан 20та сигир театр ҳовлисига боғлаб қў­йилганини ўзим кўрганман. Бунинг тақсимоти қандай бўлгани ҳам қизиқ. Фақат оиласи катталар рўйхатга олиниб, ундаям ноҳақлик бўлмасин, деб чек ташлашга қарор қилишди. Шу тариқа йигирмага яқин актёрнинг хонадонига сигир-бузоқ боғланган эди. Гарчи Маъсума Қориева ўзлари истамаган ҳолда рўйхатга киритилган бўлсалар ҳам, у кишига чек чиқиб, сигир олдилар. Маъсума хоним бу сигирни Азим ака деган кўп болали саҳна ишчисининг уйига олиб борибди. У дуо қилиб, сигирни олиб қолган.
Қорасарой кўчасидан театр жамоаси учун ажратилган боғда биз ёшлар деярли ҳар куни ишлардик. Маъсума Қориева бизни меҳрибонлиги, яхши сўзлари билан меҳнатга рағбатлантирарди. Экилган картошка ҳосили ҳаммага баробар тақсимланарди. Кунлар совиб қолганига қарамай, М.Қориева ҳосил йиғиб олингунча, боғда истиқомат қиладиган бўлди. Бир куни боғга борсак, опа ўртада ёниб турган оловга тикилганча хаёл сураётган экан. Биз опадан ҳол-аҳвол сўраган бўлдик. Бирдан ўринларидан туриб: “Энди Москвага бормасам бўлмайди”, деди. Турмуш ўртоқлари, ўғилларидан бирор дарак йўқ эди. Хуллас, Маъсума Қориева ҳақиқат қидириб, Москвага жўнади. Минг афсуски, кўп ўтмай, ҳаётдан кўз юмгани ҳақида шум хабар етиб келди. Биз унинг сабабини аввал шундай ўйладик: кишининг севинчдан ҳам юраги ёрилиши мумкин-ку! Йўқ, аксинча бўлган экан. Эрлари отилган, ўғилларининг иккиси ҳам ҳалок бўлган. Бу даҳшатли қайғу гўё илвиллаб турган юракни тўхтатиб қўйган. Шу тариқа меҳрибон она, ажойиб актрисадан айрилдик. Воқеадан хабар топишимиз билан театр директори Собир Азизов Москвага жўнади. Унинг бир неча кун қолиб кетиши бизни ташвишлантира бошлади. Маълум бўлишича, жасадни самолётга олмаган, поездда ноқулай бўлган. Натижада жасадни куйдиришга қарор қилинган. Шундай қилиб ажойиб қалбли она, ўзбек халқининг катта актрисаси кичик бир идишда кул қилиб келтирилди. Биз мотам маросимини тўрт кишининг вафотига бағишладик. Уларнинг бирортаси ҳам ўз ажали билан ўлмаган. Тўрт кишига бир қабр қилдириб, ўша идишдаги кулни қўйиб, қабр тепасига ҳар тўрталасининг ҳам исмини ёздирдик. Ҳамон уни “рамзий қабрлар” сифатида зиёрат қилиб турамиз.
Шундай саховатли қалб эгаси, ёш­ларнинг онахони ва устози, тажрибали актрисанинг 43 ёшида вафот этганини эсласам, кўзларимдан ёш қуйилиб, ўзимни қўярга жой тополмай қоламан. Ўзбекистон халқ артисти М.Қориева орамиздан кетган бўлса-да, унинг номи ҳамиша барҳаёт. У бошлаб берган йўлни дастлаб Назира Алиева, Тошхон Султонова, Замира Ҳидоятова, Зайнаб Садриева, Холида Хўжаева, Суйди Сотболдиева, кейинчалик Яйра Абдуллаева, Эркли Маликбоева, Ирода Алиева, Лола Бадалова, Рихси Иброҳимова, Гулчеҳра Жамилова, Ойдин Норбоева, Тўти Юсупова давом эттирди. Бир сўз билан айтганда, бугун ижодий парвозда бўлган саҳна маликаларини кўриб, уларга йўл очиб берган илк қалдирғочлардан бири Маъсума Қориева хотирасини фахр билан ёдга оламиз.
(З.Муҳаммаджоновнинг “Қалбдаги ўчмас излар” китобидан олинди.)

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг