ХАЛҚИМГА ОМОНЛИК БАХШ ЭТДИНГ ЎЗИНГ

303

Икром ИСКАНДАР

МЕҲНАТИМ

Ҳам ғурурим, ҳам сурурим,
ҳам ҳузурим, меҳнатим!
Шароф Рашидов

Ассалом, умримга мазмун бахш этган,
Ҳам шараф келтирган менга, меҳнатим.
Мен сендан бахт топдим, ҳаловат топдим,
Сен билан тенг бўлдим тенгга, меҳнатим.

Сен Одам Атодан мерос аъмолсан,
Қадрингни билганга ҳузурсан, болсан,
Она сути каби оқсан, ҳалолсан,
Ҳалолликда энгсан энгга, меҳнатим.

Асрлар… Асрлар…
Ёдга олсам гар,
Боболар заҳмати кетгайми бадар,
Тонгдан тунга қадар, тундан тонг қадар
Тер бўлиб синггансан енгга, меҳнатим.

Гоҳ қаҳат бўлса-да, бир парча бўзинг,
Элга илинж берди бурда ризқ-рўзинг,
Халқларга омонлик бахш этдинг ўзинг,
Барча машаққатни енга, меҳнатим.

Интилсанг – саодат ёр экан мудом,
Сенингсиз турмуш ҳам хор экан мудом,
Дунё ҳам кўзингга тор экан мудом,
Бу олам кенг экан кенгга, меҳнатим.

Қайда бўлсам, сен-ла фахр этиб юрдим,
Сенда ўғил-қизим ризқини кўрдим,
Биламан, сен билан юксалгай юртим,
Шу боис, бор меҳрим сенга, меҳнатим.

ПОЛИЗ НАТЮРМОРТИ
Бир тараддуд кезар полизда.
Гарчи ҳали осмон мовийдир,
қайноқ кунлар қолган олисда –
тарқаётган тун салқинида
қовуннинг бадани совийди.

Ўтаётган вақт талқинида
тасвир топган қоқ қовоққа боқ.
Мана, энди сувлар тиниди,
қандай етилди у, бир пайтлар
ҳандалакдан олганди сабоқ.

Қуёш ҳали ўқимай байтлар,
ҳали қочмай шудрингнинг нами,
тарвуз тонгга саломлар айтар –
тарсиллаган таранг танидан
таралади тароват таъми.

МАНЗАРА
Қуёшнинг шашти паст
ё бир ўйга ғарқ,
кўзин қисиб қарар
оламга бефарқ.
Нима бўлётганин
англолмай карахт,
атрофга безовта
боқар ҳар дарахт.

Шамол эса хушҳол
топгандай тилла –
баргларни бирма-бир
юлқир бу палла.

Парвойига келмай
шамолнинг ўйи,
ишига қунт билан
банд бўлган кўйи,
яшил япроқларга
бериб олтин тус,
боғда кезиб юрар
алкимёгар куз.

СОДИҚЛИК
Гўдак туғилдию дунёга келди,
Уни қўлга олди ҳатто доя ҳам.
Бирга-бирга кечди ота-онага
Шодлик, завқ улашган тетапоя ҳам.
Умр ўтаверди, вақт тўфонига
Бардош бера олмас экан қоя ҳам –
Бир куни дунёдан ўтганда одам…
У билан қабрга кирди
Соя ҳам.

* * *
Кимлар менинг бағримни
зарраларга бўлдилар?
Танимдаги тарқоқлик
охир мени ўлдирар.

Мен шу қора тупроқман,
кўнгли яра тупроқман,
мен бир карра гул эдим,
минг бир карра тупроқман.

Кафтдай кўнглим ерча кенг
эзгуликни тусади,
кифтимда эса яшнаб
хиёнатлар ўсади.

Чанглар менинг оҳимдир,
кўксимни ситолмадим –
зарра-зарра оҳларга
айланиб кетолмадим.

Дил бандини тортар мунг,
билмам, қайга етаклар.
Юрагимни силкитсам,
тўкилади эртаклар.

* * *
Нега ҳавас қилмай собитлигингга,
Ҳар баҳор қайтадан гуллай олмоқ – бахт…
Ҳар нечук, заминда қадамларимдан
Сенинг илдизларинг мустаҳкам, дарахт.

ЯПРОҚЛАР САРҒАЯР…
Тушунаман, шартмас, албатта, афсус,
ўз вақти-соати бор-ку ҳар дамнинг…
Фақат… нега бунча шошиб келар куз,
нега бунча йўли узоқ кўкламнинг?

* * *
Ё ака, ёки ука,
ёки тенг-тўшми бўлдим –
бир муддат уч азамат
теракка қўшни бўлдим.

Кўксида ҳаво тўла,
адл эди бўйлари,
тун-кун бетин шивирда
акс этарди ўйлари.

Сўздан қайтиш йўқ, деб онт
ичган бўлса керак-да,
бир хил шивир-шивирга
содиқ эди тераклар.

Қушларнинг нағмасига
назар ҳам солмас эди,
на-да шамол аҳдидан
қайтара олмас эди.

Ҳатто бағрин ўйса ҳам
ёмғирнинг найзалари,
асти йўлдан қайтмасди,
борарди орзу сари…

Баъзан турфа туйғулар
эзар экан юракни,
эсга оламан ногоҳ
уч азамат теракни.

УМР
Баҳор шошқинлиги ўхшайди селга,
Ёз ўтар маҳтал бўп бир тутам елга.
Ҳорғин кўзларингга уринади куз…
У энди сен билан қолишга келган.

* * *
Мана, йилларки,
ҳузуримга келиб-кетиб юрар,
эски жароҳатларим даволар –
менга унутмоқни ўргатади Вақт.

* * *
Қани бўлса, қаноат – қанот,
Орзуларни нафс кўмганида.
Кўзи очлар кўзи очилар
Бу дунёдан кўз юмганида.

БАЛКИ…
Қирқма қирқ ўрим сочни,
Қўй, қирқма қирқ ўримни.
Пўрим бўлай демагин,
Қиз соч билан кўримли.

Ўсма тортма қошингга,
Қўлингга хино қўйма.
Гўзал бўлай деб яна
Ўзингга бино қўйма.

Шундай дейману, лекин…
Балки, бу пардозмасдир?
Ахир сен деб ақлидан
Озганлар ҳам озмасдир.

Балки шудир мақсадинг –
Ошиқ ғамин егайсан,
Ушшоқ учун сочларим
Дор бўлмасин дегайсан.

Упа суртиб юзингга,
Бўяркансан кўзингни,
Пардоз ортига, балки
Яширгайсан ўзингни.

* * *
Ҳузурингга шамолдай
шошилиб боражакман,
шовуллаган қўшиғим –
сенга битган қасидам
авжларидан дарахтлар
ларзага келар, яккам
суратинг кўрингайдир
шаффоф вақт ойнасидан.

Бир зум тин олмоққа ҳам
бормиди ихтиёрим,
қачонки, дилга васлинг
истаклари жойланар –
имконларни дарахтдай
силкитади қарорим…
Шамолга дош беролмай
тарс синади ойналар.

* * *
Ҳуснингга ул моҳ ҳам эмиш маҳлиё,
Сенга матлуб бўлмоқ бўлиб матлаби
Ки, қаён бормагил, ортингдан ой ҳам
Эргашиб юрармиш дугонанг каби.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг