СЎЗДА ТУТАШГАН УМР

448

ЎзРФА Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейининг тўртинчи қаватидаги “XX аср ўзбек мумтоз адабиёти” бўлимидан Ўзбекистон халқ рассоми, академик Раҳим Аҳмедовнинг “Саида Зуннунова ва Саид Аҳмад” (мато, мойбўёқ, 165х207, 1974-1978) рангтасвир асари жой олган. Унда атоқли адибларнинг суҳбатлашиб ўтирганлари акс эттирилган.

Саида Зуннунова эгнида оч яшил, ёқали, учта тугмали, енги узун кўйлак, сочлари ўрилиб бошига чамбарак турмак қилинган, ўнг қўлининг тўртинчи бармоғида феруза кўзли олтин узук, қулоғида қизил тош­ли қашқар балдоқ. Саид Аҳмаднинг эгнида узун енглари тирсагидан юқори шимарилган пушти ранг кўйлак, жигарранг камарли кулранг шим, оёғида ўтирган курси остидан паркет полда қизил уй шиппаги кўриниб турибди. Адиб букилган қўлларини бирлаштириб, тирсакларини стол устига тираган ҳолатда ҳозиргина Саидахон ўқиб берган сатрларни чуқур ўйга толиб мушоҳада қилмоқда. Унинг ўйчан кўзлари бир нуқтага тикилган:
Хаёлим қалбингга бўлиб ҳамқанот,
Олис-олисларга этдилар парвоз.
Ўқидим ғазалларни дўстим, азизам,
Ижод оламига берибсан пардоз.
Тасвирдаги Саида Зуннунованинг маъюс нигоҳида: “Ҳозир ёзганларим ҳақида қандай фикр билдирар эканлар?”, деган ботиний савол бордек. Шу билан бирга, бу маъюслик Саидахоннинг қуйидаги мисраларини ёдга солади:
Эҳ-ҳе, нималарни гапирмадилар,
Барига чидадим, қилолдим бардош.
Ишондим, бир куни кириб келасиз,
Кечанинг кетидан чиққандай қуёш.
Асарда севимли адибларимизнинг оддий уй шароитлари кўрсатилган. Тасвирнинг қуйи планида суянчиқлари ёғочли яшил ранг кресло, марказий планда оч жигарранг стол, атрофидаги курсиларда ўтириб суҳбат қураётган ижодкорларнинг орқасида очиқ дераза ва ойна ортидаги ям-яшил боғ. Тасвир марказидаги дераза ўртасида кесакига букиб осиб қўйилган беш гул баргли оқ ҳарир парда бамисоли бешафқат синовлардан мардонавор ўтган жуфтликнинг пок инсоний севги-муҳаб­батлари рамзи бўлса, Саид Аҳмаднинг ортида тасвирланган дарахтнинг кесилган катта шохи адибнинг ноҳақ қатағонга учраб, қамоқда зое кетган йилларини эслатаётгандек…
Мазкур бадиий асар, биринчидан, томошабин нигоҳида мусаввирнинг XX аср ўзбек миллий рангтасвиридаги портрет жанрининг ёрқин ишларидан бири бўлиб гавдаланса, иккинчидан, мазкур адибларимизнинг ҳаёт ва ижод йўлларини эслашга, уларнинг ўзбек халқининг бой маънавиятига қўшган улкан ҳиссалари ҳақида мушоҳада қилишга ундайди.

Бахтиёр ТОИРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг