ЭЛ ОБОДУ ЮРТ ОБОД

275

Ҳол Муҳаммад ҲАСАН

        Алпомишнинг  қайтиши
Сунбула, сунбулсоч бойбича,
Ойлар ойдин, қара бу кеча.
Аждодин эслатиб алла айт,
Ойбўбагингни қуча-қуча.
Бахши бир термани айтди, де,
Зимистон битди, тонг отди, де.
Энди Отаюрт озод, дегин,
Алпомиш элига қайтди, де.
Қўнғиротнинг ботир беклари,
Чакманин тешгудай туклари.
Яғрини ер исин кўрмаган,
Эгасиз қолмагай юклари.
Норларим, номусим, орларим,
Бўридай танти, мард, зўрларим.
Қутлуғ бўлсин давру давронинг,
Оғайним, эгачим, ёрларим.
Бахши шу қўшиқни айтди-яй,
Ой ботиб, тонг тиниқ отди-яй.
Эл обод, юрт обод, бойбаёт,
Алпомиш тахтига қайтди-яй.
        Сирдарё
Ай, Сирдарё, Сирдарё,
Ай, асов айғир дарё,
Кўкка сапчийсан тинмай,
Ўжар дарё, ўр дарё.
Қир, дала-дашт, дов кездинг,
Жилов  уздинг, ғов буздинг,
Ҳаммадан ҳалол ўздинг,
Зўрсан ўзинг, зўр дарё.
Мен бағрингда кўз очдим,
Киндик қонимни сочдинг.
Бир гал ёмон обқочдинг,
Айлаб басир – кўр дарё.
Отам сен-ла чўл қувди,
Онам сенда  шўр ювди,
Қандай сир яширувдинг?
Ҳали-ҳамон сир, дарё.
Ҳамроҳим бўл, ҳамдам бўл,
Тўл,  тўлиб-тош, бардам бўл.
Бизни  кутмоқда оқ  йўл,
Юр, оқамиз,  юр, дарё.
Оқ ай, дарё, бир  дарё,
Оғадарём – Сирдарё.
             Бу дунё
Ўнгиб  тўзган кўҳна чопон,
Ҳар келган бир кийиб ўтган.
Биров ювиб, ямоқ солган,
Биров йиртиб, ўйиб ўтган.
Қирқ қулоқли бу дошқозон,
Қайнар унда обиёвғон.
Қорни ёриқ, нафси ёмон
Кўз косасин койиб ўтган.
Чархи нобоб тоштегирмон
Дўлга тушган қолмас омон.
Оқаргунча ҳар битта дон
Минг жонидан тўйиб ўтган.
Дунё, дунё, дунё – ёлғон,
Бу гап эскилардан қолган.
Бою боён, оқил, нодон,
Бари куйиб-куйиб ўтган.
            Оққушлар
Қилиқли қизни хуш кўрардим,
Қилиқларини туш кўрардим.
Қошларин учирса, чашмага
Тушган бир ташна қуш кўрардим.
Оқизоқ олмасин олмасдим,
Гўё ҳеч эътибор қилмасдим,
Эртага не бўлар, билмасдим,
Бугун ўзни беҳуш кўрардим.
Шўх эди, ваҳ, бирам шўх эди,
Толеидан кўнгли тўқ эди,
Кўнглида зарра кир йўқ эди,
Ёшидан анча ёш кўрардим.
Отаси жуда жоҳил эди,
Қорунбойга хеш, дохил эди,
Бадфеъл ҳам баджаҳл эди,
Учраса, ёзда қиш кўрардим.
Йил ўтди, ой ўтди, кун ўтди,
Лойқа сувларни кўл тинитди.
Қилиқли қиз мени унутди,
Унутмаса, “ташвиш” кўрардим.
Туш кўрдим, кеча бир туш кўрдим,
Сувсаған икки оққуш кўрдим.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг