ОНА ТИЛИМ ОЛТИНДАН ҚИММАТ

318

Она тилим

Она тилим олтиндан қиммат,
Сенсиз қолсам ким бўламан мен?
Борса-келмас йўлларда ғойиб,
Тош бўламан, чим бўламан мен.
Она тилим, сенсиз сарғайиб,
Бир чеккада жим бўламан мен.
Ўзга тиллар салтанатида
Бир югурдак етим бўламан мен.
Кимдир айтди: “Бахтсиз тил – бу тил”,
Сени бахтсиз қилган менмасми?
Ўз онаси бир четда қолиб,
Ўзга тилга маҳлиё, мастми?
Нима қилсам кечирасан, айт?
Куйган нондек исрофлигим, айт!
Бухорийдек имонлигим, айт!
Термизийдек инсофлигим, айт!
То Ўрхундан Энасой қадар,
Ҳоқон тилим, қурбон тилим, айт!
Хос Ҳожибдек эшон тилим, айт!
Шоҳ Бобурдек чўлу дашт аро,
Тожсиз қолғон султон тилим, айт!
Кел, пойингга бошимни қўяй,
Оловлардан чиққансан омон.
Сен болам, деб бешикдан олиб,
Қулоғимга айтгансан азон.
Менинг учун сендан улуғ йўқ,
Она тилим – бузруквор шоҳим.
Мендан ўтди кечир, афв айла,
Она тилим – олампаноҳим!
Аллоҳимни танитган ҳайрат,
Нима қилсам мендан розисан?
Навоийдек муҳташам, ҳазрат,
Кошғарийнинг жойнамозисан.
Авлиёлар тутган тасбеҳсан,
Сочилмассан, тупроқ бўлмассан.
Оловлардан ўтган Қақнуссан,
Сен ўлмассан! Йўқ, сен ўлмассан!
Менинг учун сендан улуғ йўқ,
Она тилим – бузруквор шоҳим.
Сен бордирсан, демак, ўзбек бор,
Она тилим – олампаноҳим.
* * *
Тиканлар устида ётсак, майлими?
Қумга олтин каби ботсак, майлими?
Қиличлар дамидан ўтсак майлими?
Қалбимнинг султони, айтинг, майлими?

Бир дона майиздек тўкилдим мен ҳам,
Юрагим чўқиса қушчалар хуррам,
Талашиб ташиса чумолилар жам,
Майлими, султоним, айтинг, майлими?

Ҳали келмай туриб кетсак майлими?
Сизни деб оловлар ютсак майлими?
Дунёдан куйиблар ўтсак майлими?
Қалбимнинг султони, айтинг, майлими?

Заҳри қотил ичсак кошоналарда,
Ҳурларга қўшилсак афсоналарда,
Сиз ачинмайсизми Фарғоналарда?
Қалбимнинг султони, айтинг, майлими?

Минг йил яшаймизми, биридан кечса?
Сабрга темирдан либослар бичса,
Қоработир – тунлар, қонимиз ичса,
Қалбимнинг султони, айтинг, майлими?

Бир бор тингламадик кўнгил майлини,
Ҳатто гуноҳ дедик гуллар сайлини,
Тош йўлда ётган гул – шўрлик Лайлими?
Майлими, султоним, айтинг, майлими?
Тоғдан лола бўлиб пастга йўл олсак,
Бизни оларми деб термулсак, толсак,
Довонда кимнингдир қўлида қолсак,
Қалбимнинг султони, айтинг, майлими?

Кўнгил адашибди Ёзёвонларда,
Олтита ариғи бор маконларда,
Сув сўраб сарғайсак саратонларда,
Майлими, султоним, айтинг, майлими?

Умр учди тиғи парроналарда
Нодирадек йиғлаб сарсоналарда,
Тонгимиз отмаса Фарғоналарда,
Майлими, султоним, айтинг, майлими?

* * *
Бизлар кўришмадик, юз йиллар ўтди,
Ҳижрон тунлари бор, саҳарингиз йўқ.
Умр ўтда ўтди, кўз ёшда ўтди,
Қалбимнинг султони, хабарингиз йўқ.

Менга айтдиларки: “Вақт даволайди!”
Вақт даволамади, хабарингиз йўқ.
Вақт бевақт довулдек эгди, синдирди,
Қалбимнинг султони, хабарингиз йўқ.

Боғи Дилкушода гул бўлиб кутдик,
Сизнинг Самарқандга сафарингиз йўқ.
Олмалар тўкилди Боғишамолда,
Қалбимнинг султони, хабарингиз йўқ.

Ҳижрон музликлари ютди бу ишқни,
Музларни ёришга табарингиз йўқ,
Бу ҳолни ёзишга дафтарингиз йўқ,
Қалбимнинг султони, хабарингиз йўқ.

Боғи Фирузада Султон Улуғбек
Ишқдан сабоқ берди, хабарингиз йўқ,
Кавокиб сайлида ҳулкарингиз йўқ,
Қалбимнинг султони, хабарингиз йўқ.

Бизлар кўришмадик, юз йиллар бўлди,
Нечун бу юракдан кетарингиз йўқ?!
Ё борса келмасдан, борса келардан
Мактуб жўнатишга каптарингиз йўқ.

На бу ёзиқларни тузарингиз йўқ,
На бу ришталарни узарингиз йўқ,
Омон қолдиришга шаккарингиз йўқ,
Тамом ўлдиришга заҳарингиз йўқ.

Қалбимнинг султони, хабарингиз йўқ…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг