КЎНГИЛ ЮКСАКЛИКЛАРИДА

471

Довруқли шоир Усмон Азим ижодининг илк босқичидан эътиборан ўқирманни инсонни тушуниш ва туйишга даъват қилиб келади. У кўп йиллар давомида битикларида инсонлараро муносабатлар чигаллиги ва ижтимоий муаммоларни бартараф қилишга диққат қаратди. Кейинги йилларда поэтик нигоҳини кўнгил кенгликларини тадқиқ қилиш сари бурди. Шоир тоғлар чўққисини забт этишдан кўра кўнгил юксакликларини эгаллаш қийинлигини тас­вирлай бошлади.

Фавқулодда образлар, кутилмаган ташбеҳлар, чийратма ифодалар устаси бўлган Усмон кейинги шеърларида тириклик, кечирилган умр мазмуни ҳақида ўйга толган мутафаккир сифатида намоён бўлади. Бу ҳол шоир битикларида фикру туйғуларнинг ифода йўсини ҳам сезиларли янгиланишига сабаб бўлди. Шоир “Чақалоқ заминни кечага ўраб, беланчак шамолда тебратади куз” сатрлари билан бош­ланган шеърида умр кузидаги ҳолатини кутилмаган тарзда акс эттиради:
Кузлигим муборак ўзимга! Ёнди
Эту суягимнинг ҳар бир зарраси!
Кулларим соврилди, фақат руҳ қолди,
Узун бу умримдан узун “уҳ” қолди –
Қайнаган онгимнинг пинҳон наъраси.
Бу мисраларда умрининг кузига етиб келгунча эту суягининг ҳар бир заррасини илҳом оловида ёндириб яшаган, кўп эзгуликлар қилгани ҳолда узун умридан фақат узун “уҳ”гина қолгандай надомат чекаётган шоир руҳияти ёрқин акс этади. Умрнинг кузида одам босиб ўтган йўли қандай бўлганини ўйлайди. Лирик қаҳрамонга умри ёмон ўтмагандай, демакки, нарёқда ҳам ёмон бўлмайдигандай кўринади: “Куз аро бораман. Тақдир дастида Ҳаёту ўлимга бош эгмиш юрак. Ёмон ўтмагандай умрим аслида: Ярашиб яшадим ернинг устида, Ернинг тагига ҳам ярашсам керак”.
Парадоксал мантиқ ва фавқулодда ифодадан ташқари, аллетрация қўлланилгани битикка ўзгача жозиба берган.
Шоир У.Азимнинг шеърлари тўғрисида сўзлаш қийин, ёзиш янада мушкул, уларни фақат ўқиб роҳатланиш керакдай. Чунки рўзғорий мантиққина сўзга тўлиқ кўчади. Шоир хаёлоти эса маиший мантиқдан юксакларда парвоз қилади. Залворли фикрлар кутилмаган ифода йўсинини тақозо этади. “Бир ҳодиса ва бир тахмин” ана шундай шеърлардан:
Кичкина идоранинг кичкина ходими
Маҳмуд вафот этганда, роса эркалатишди.
Ювиб-тарашди аввал
(бундай эъзоздан марҳум роса уялди!)
Йиғлаб ҳам туришди бошида
(ўзининг ҳам йиғлагиси
келди Маҳмуднинг),
Худди байрамлардагидек
оппоқ матоларга ўрашди
Барча сукутда, қўллар қовуштирилган…
Сўнг (ишонасизми!)
Елкаларида кўтариб кетишди уни
Жуда таъсирланди Маҳмуд,
қайта яшагиси келди:
— Ўлим керак эмас, сиз билан яшайман, — дегиси келди
Маҳмуднинг.
Аммо ҳеч нарса демади,
Миқ этмасдан кетаверди
Чунки Маҳмуд жуда тажрибали,
Жуда ақлли (бекорга ўлмаган!):
У жуда яхши билади – бундай бахтли кун
Инсонга бир бор насиб этгусидир.
Бу битик кишини чуқур ўйга толдиради. Пичинг, изтироб, рамз ва ишора ўзаро уйғунлашган бу битикда анъанавий поэтик унсурлар йўқлигига қарамай, ўзгача йирик бир шеърий руҳ борлиги кишини ҳайратга солади. Одамни ўлгандагина қадрлашга қаратилган ментал ёндашув фожеаси эсда қоладиган шаклда моддийлаштирилган.
Илк шеърларидан инсон ҳурлигини ҳаёт маъноси, деб билган шоир учун кўнгил озодлигига таҳдид ҳар қандай ёвузликдан ёмондир. Эрк душманлари учун одамнинг тирик ё ўлик­лиги эмас, озод ёки қул экани муҳимдир. Ке­йинги бандда ёвларнинг бунчалар жонсараклигини: “Гўштимни еяркан қувонар ёвлар, Аммо гап гўштдамас, гўштдамас, ёҳу! Озодлик ўлсин деб бўлганди овлар, Мен эса бир ҳуркак ҳурлик эдим. Шу!” Бу сатрлар бир умр ҳуркак ҳурлик бўлиб яшаган шоир сезимларини ўқирманга туйдиргандай бўлади. Бошқа бир шеърида шоир кўрилган нарсадан ҳеч кўрилмаган хулосага келади:
Уй бахт билан тўла
Бахтга ҳеч ким эътибор ҳам бермайди,
Бу эътиборсизликдан негадир
каттарар бахт.
Бу эътиборсизликдан негадир
яна чарақлар.
Хуллас, уй бахт билан тўла
Аммо уни ҳеч ким кўрмайди.
Худди шундай!
Бахт йўқлигида кўринади, холос.
Кўринадики, ҳаётий ҳолатни акс эттиришда шоир вазн, қофия, туроқ сингари унсурларга эътибор қилмайди. Худди ҳаётий эътиборсизлик бахтни каттартгани каби поэтик эътиборсизлик ҳам шеърга ўзгача жозиба беради.
Усмоннинг шеърларида ялтироқ, жўн, юк ташимайдиган бирор тимсол ва ифода, тагмаънога эга бўлмаган сўз учрамайди. У ҳамма нарсада, ҳатто хунуклигу қабоҳатда ҳам поэзия кўра олади. Унинг шеъриятга мутлақо алоқаси йўқдай нарсалардан гўзаллик топа билиши ҳайратга лойиқ. Ота тилининг жилваларини нозик ҳис этган шоир нафақат воқеа-­ҳодиса ёки вазият, балки руҳий ҳолатни-да бутун товланишлари билан бера билади. Шоирнинг: “Сенга айтадиган сўзим қолмади, Сенга айтадиган жимликларим кўп” тарзидаги парадоксал иқрорида айтиладиган ҳолатнинг айтилмайдиган йўсинда айтилгани кўринади. Бошқа бир шеърида ўзини, ўзлигини, шу орқали Яратган эгасини излаётган одамнинг чигал руҳий ҳолати ифода этилади: “Қандай жафо етди – қисматга тенгсиз? Бу ҳолинг висолнинг мантиғи эмас. Тўрт тараф сенсану тўрт тараф сенсиз, Барча йўл сен томон, сенга ҳеч етмас”. Бу сатрлар шунчаки бир мубҳам руҳий ҳолатнинг чигал манзараси эмас, балки олам Яратувчисининг чексиз қудрати ва саноқсиз тажаллисидан ҳайратга тушган соликнинг иқрорларидир. Ҳар бир одамнинг умри Аллоҳ жамолига етиш сари юриш муддатидир. Лекин ҳар бир нарса ва ҳамма нарсада кўриниб турган қудрат эгасини инсон кўра олмайди. Тўрт тарафида бўлгани ҳолда ҳеч қаерда кўринмайдиган, барча йўллар Унга элтгани ҳолда бирорта йўлдан етиб бўлмайдиган зот қудратидан ҳайратга тушади шоир. Кейинги банддаги:
Туманда минг туман ҳайрондир ҳолим,
Қай қисмат бу тонгда менга етмоқда?
Сеҳргарим маним! Тўзғин иқболим!
Сенданману сенсиз умрим ўтмоқда —
сатрларида ҳам кузги боққа тушган туман бағрида, ҳам адоқсиз фикрлар оғушида минг туман ҳайронликда қолган шоир тириклик моҳияти тўғрисида ўйлаётган файласуф сифатида намоён бўлади. Барча Ундандир ва Унга боради, лекин ўткинчи умрида ҳеч ким Уни кўролмайди. Англатиш ҳам, тушуниш ҳам мушкул бўлган ҳолат Усмоннинг сеҳрли қалами сабаб жуда таъсирли акс эттирилган. Айни вақтда бу поэтик иқрор суюкли ёрга қаратилган дейиш ҳам мумкин.
Шоир инсон руҳий кечинмаларининг босқичларини ҳам моддийлаштира олади. Уч бандлик бир шеърнинг биринчи банди “Мен сени деб бу дунёмдан айрилдим”, иккинчи банд “Мен сени деб у дунёмдан айрилдим”, учинчи банд эса “Икки дунём йўқдир, фақат сен борсан” йўсинида тугалланади. Ишқ йўлида икки дунёсидан айрилган ошиқ ҳолатини босқичлаб тасвирлаш шеърнинг таъсир кучини кўп бор оширган. Шоир ёрсиз кечирилган умрни ҳаёт санамаслиги “Умр кўрдим − Умр сенсиз кадар бўлди” сатрларида акс этади. Кадарли ҳаётдан кўра ўлимни афзал кўрган ошиқнинг афсуси эса: “Сенсиз ўлдим − тирикликдан баттар бўлди” тарзида мутлақо оригинал тасвир этилади.
Усмон Азимнинг насрий асарлари ҳам ифода қудрати, тимсоллар руҳиятининг теран тасвири, муаллиф ниятининг фавқулодда тозалиги, акс этган ҳаётий манзара залвори билан ажралиб туради. Айниқса, адибнинг “Ишхонадаги кўргазма”, “Бир даста қизил гул” ва “Ходимлар бўлими мудири” учлик (триптих) ҳикояси бадиий қуввати билан миллий ҳикоячилигимизнинг ютуғи бўлди. Ўзаро мантиқий боғлиқлиқдаги бу учлик ҳикоя композицион қурилиши, қаҳрамонлар руҳий дунёси тасвири теранлиги ҳамда ижтимоий муаммоларнинг инсон тақдирига уйғун тасвирланишига кўра ўзбек новеллистикасида янгилик.
“Ишхонадаги кўргазма” ҳикоясида қайнотаси талабига кўра рассомликни ташлаб юборган талантли шахснинг ишхонадаги кичик бир кўргазма сабаб катта амали, турмушидаги барча имтиёзлардан кечиб, кўнглига Яратган азалдан жойлаб қўйган қисмати бўлмиш рассомчиликка қайтгани ўта пўртанали руҳий олишувлар асносида кўрсатилади. Ҳикояда кўнгилга мувофиқ яшай билиш ҳар қандай шахс учун улкан енгиш экани жуда таъсирли ва ишонарли акс эттирилган.
Умуман учлик ҳикоя ифода бетакрорлиги, тасвир кўлами, тақдирлар ҳаққонийлиги, бадиий маъно салмоғи жиҳатидан насримизнинг кейинги йиллардаги энг сара ҳикоялари қаторида туради.
У. Азим драматург сифатида ҳам самарали ижод қилди. Шу вақтга қадар унинг қаламига мансуб ўндан ортиқ пьеса мамлакатимизнинг турли театрлари саҳнасида қўйилиб келинмоқда. Улар орасида “Бир қадам йўл” ҳамда “Тонг отган томонларда” асарлари алоҳида бадиий қимматга эга. “Бир қадам йўл” драмасида уч азамат ўғли бўлгани ҳолда умри меҳнатда ўтган, бир қадамгина йўлдаги Самарқандни кўриш орзусига етолмаган ота ва бугуннинг одамларига хос маънавий сифатлар таъсирли акс эттирилган. Драмада одамга меҳрни вақтида кўрсатиш кераклиги, ўз пайтида қилинмаган эзгулик ёмонликдан фарқ қилмаслиги борасидаги ҳаётий ҳақиқат жонли тақдирлар мисолида кўрсатиб берилади.
“Тонг отган томонларда” драмасида Усмон ижодига азалдан хос бўлган романтик кўтаринкилик, шонли тарих яратувчилари бўлган бобо-момолар шахсиятидаги нурли қирраларни бўрттириб кўрсатиш яққол гавдаланади. Бу асарда машҳур Алпомиш тамомила ўзгача ракурсда гавдаланади. Унинг яраси тузалган ғозни учираётиб айтган сўзларининг саъжда берилиши, Кунёруғнинг Тонгёруғни “янга”, Тонгёруғнинг уни “қиз” дейишлари асарга ўзгача колорит бахш этади.
Муаллиф ёрдамчи саҳнавий восита бўлмиш ремаркага салмоқли бадиий-эстетик юк ортади. Сибизиқ ва чанқовуз мусиқасидан фойдаланилгани ҳам асарга ўзгача руҳ беради. Йиғлаб ажрашаётган Кунёруғ ва Тонгёруғ ҳолати муаллиф тилидан “Шу пайт мусиқа ҳам кўнгил бўлиб ҳўнграйди” тарзида кучлантирилади.
Драмадаги ҳар бир сўз қаҳрамонларнинг ўша вазиятдаги шуури ва кўнглидан ўтказиб ифодаланган. Кўп нарсани ғайришуурий билиши сабаби Тонёруғ тилидан: “Ҳасратда яшаган одам нималарни билмайди, болам! Бу гапларни қушлардан эшитдим! Ҳасратдан ҳимиллаб турган ҳаволар айтди. Қайғудан энгашиб қолган осмон сўзлади! Ёлғизлигимиз жами тирикликнинг тилини англашни ўргатди менга!” тарзида ишонарли изоҳланади. Асардаги драматик таранглик қачонлардир айтилган ҳақ гапнинг ўзгарган вазият туфайли ўзгача маъно касб этиши сабаб янада кучаяди. Ўғил Ёлғизмерган онасига: “Ўзингиз айтгансиз: “Эр кишининг ўқи хато кетгани, ўлгани”, дегансиз. Ўқим хато кетди… Ичимдаги ўқ томирим узилди, эна!”, деган гапида мерган шахсиятидаги йириклик, у мансуб қавмнинг руҳий қудрати намоён бўлади.
Тонгёруғ Ёлғизмерганда фақат ўз ўғлини эмас, балки бутун бошли бир элатнинг давом эттириши мумкин бўлган сўнгги эркакни кўради. Унинг: “…ўғлим Тонгли улусининг сўнгги илдизчаси! Мен уни ўн саккиз йил асраб-авайладим. У жувонмарг бўлса, бус-бутун эл қайта кўкармайди – дунёдан беиз йўқолади” тарзидаги ноласида йирик шахснинг элсақларлиги намоён бўлади.
Асарда тимсолларнинг фикр ва руҳият динамизмидаги ҳар бир ўзгариш аниқ берилганки, бунга нафақат драматик, балки насрий асарларда ҳам ҳар доим эришаверилмайди. Драманинг икки қаҳрамони ҳам – сўз одамлари. Улар – айтилган сўзнинг устидан чиқиш учун нафақат ўлиш, балки ўлмасликни ҳам эплайдиган шахсиятлар. Ёлғизмерганнинг онасига: “Хавотир олманг!.. Келгунингизча, ўлим билан жон талашиб тураман. Енгилмайман!” дейишида ўлимни-да бўйсундирадиган киши минази кўринади. Онанинг ўн саккиз йил давомида ўлмай, ўғлини ҳам омон сақлаб келиши қайнотасига берган сўзи устидан чиқиши натижаси бўлса, чалажон ўғилнинг онаси қайтмагунча ўлимга бўй бермаслиги нафақат ўзининг, балки ундан тўрайдиган кейинги авлод иродасига хос жиҳатларни ҳам намоён этади.
Онанинг Кўк Тангрига қилган: “Мени ғозга айлантиргин-да, кейин инон-ихтиёримни ўзимга бер! Тангрим! Тангрим! Мени ғозга айлантир!..” тарзидаги илтижосида боласи учун ўлимга тик қараган она фидойилиги акс этади. Драмада онанинг ғозга айланиш жараёни шу қадар жонли тасвирланадики, ўқирман бу кечимни кўзи билан кўриб тургандай бўлади. Ёлғизмерганнинг ўқимдан қутулиб кетган ғозни қайта учрат дея қилган илтижоси, ғозга айланган онани кўриб қолгандаги қувончи жуда табиий тасвирланган. Тонгёруғ боласини ўлимдан сақлаб қолиш учун ғозга айланиб ёлғизининг ўқига нишон бўлади. Ўз ҳаёти эвазига ўғлига ори ва тириклигини қайтариб беради.
Айтишларича, бундан қирқ беш йил олдин Ереванда бўлган бутуниттифоқ йиғинида Усмон ўзини: “Мен энг талантли шоир Усмон Азим бўламан”, деб таништирган экан. Усмонгагина хос дангалликдан холи бўлмаган бу даъвонинг қанчалик ҳақиқат эканини орадан ўтган йиллар яққол кўрсатиб турибди. Энг талантли адибимизни ҳам қутлуғ етмиш ёши, ҳам давлатнинг улкан мукофоти билан қутлаймиз!

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,
филология фанлари доктори,
профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг