ОБОДЛИК ҚУВОНЧИ

435

Бугун инсон манфаати ҳар қандай ишдан муҳимроқ. Халқнинг ­ҳаётдан рози-ризо бўлиб яшашини таъминлаш мамлакат ижтимоий сиёсатининг асосий мақсади ва бош тамойилига айланди.

Уйлар, кўприклар, мактаблар, масжидлар, кутубхоналар, маданият ва спорт саройлари, йўллар, хиёбонлар – мамлакатимизда бунёд этилаётган бундай муҳташам иншоотларнинг барчаси ҳар биримизнинг тинч, хотиржам ва бахтли-саодатли ҳаёт кечиришимизга йўналтирилган, албатта.
Барча бунёдкорликлар негизида эзгу ният ва илм-маърифат мужассам. Биноларнинг пойдевори қанчалик мустаҳкам бўлса, улар асрлар бўйи қад ростлаб, инсониятга хизмат қилади. Муҳандисларнинг иншоотлар тархини чизаётгандаги эстетик диди, билими, фаҳм-фаросати ўша қурилган бино ёки хиёбонларда ўз аксини топади. Гўзаллик кўнгилга кўчади… Бир неча марта Тошкент шаҳрининг маънавий-маърифат кўрки бўлган “Адиблар хиёбони”га бордим, зиёрат қилдим. Мусаффо, очиқ осмон остида, табиат бағрида талабалар билан адабий машғулотлар ўтказдим. Янги ташкил этилган ижод мактабларининг ўқувчилари билан гурунглашдим. Инсоннинг ички ва ташқи олами, кўнглидаги кўклам ва атроф-муҳитдаги кўркамлик уйғунлашганда юрак шодликка тўлади, гўзалликдан, орасталикдан, ёруғликдан, адолатдан, ҳақиқатдан, одамга эътибордан қувонади киши.
Яқинда пойтахтимиздаги “Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача қурилиб ишга туширилган ер усти метросида сайр қилиб, уч-тўрт йил олдин Берлинга борганим эсимга тушди. Шаҳар атрофида доира ясаб айланиб юрадиган S-41, S-42 рақамли ер усти метросида ҳавасланиб, атай саёҳат қилгандим ўшанда. Ер устида юрадиган бундай уловни немислар S-Bahn, ер ости метросини эса U-Bahn деб аташади. Бизда шу пайтгача U-Bahn – ер ости метросининг ўзаро кесишган бир нечта тармоқлари ишлаб тургани ҳаммага маълум. Аммо бизнинг шаҳарларда ҳам одамларга беминнат хизмат қиладиган S-Bahnлар қачон қурилади, деб орзу қилган эдим. Берлин атрофида бир соатдан кўпроқ йўл юргандим. Зотан, хорижга борган киши ўз юрти билан ўша ҳудудлардаги шарт-шароитни, қулайлик ва имкониятларни беихтиёр таққослай бошлайди. Эзгу орзуларга, хаёлларга берилади. Орзулар ва хаёллар рўёби – бу адолатли ҳақиқат. Табиийки, эртага юртимизга келган меҳмонлар ҳам биздаги биноларни, уй-жойларни, кўчаларни, бекатларни кўриб, бу эл-юрт бунёдкорлари, аҳолиси кайфияти ва маданий даражасига баҳо беради…
Хорижда юриб қилган орзуларим орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳақиқатга айланди. Бу ҳодиса адабиётшунослик тилида чинакам реализм дейилади. Бу билан нима демоқчиман? Ер усти йўли бугун барча қулайликлари билан шаҳар аҳлига хизмат қилмоқда. Бу йўлларни, умуман, шаҳарлар, мамлакатлар, Ер шари бўйлаб қурилган ҳар қандай йўлни мен адабиётчи муаллим сифатида инсон организми — танасидаги саноқсиз қон томирларга ўхшатгим келади. Инсон аъзосидаги катта-кичик барча томирда қоннинг юриб туриши – бу саломатлик, тириклик аломати. Агар уларда тиқин пайдо бўлса, аҳвол ёмонлашади. Баъзан йўллардаги тирбандликлар, автоуловларнинг тўхтаб, тиқилиб қолиши сабабли асабийлик бошланади. Йўловчилар ҳаловатини йўқотади. Ғадир-будир нотекис йўллар одамни ғашлантиради. Бундай вазиятларнинг олди олинса, шаҳар ва мамлакат “қон томирлари”да ҳаракат равон бўлса, яъни ижтимоий қулайлик — йўллар текислиги ва ободлиги, энг аввало, маданий муҳитга катта таъсир ўтказади…
Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари – ер ости ва ер усти метроларининг ишга туширилиши, янги қурилаётган тураржой мажмуаларининг ўз эгаларига топширилиши, текис йўлларнинг қурилиши юртимиз одамларининг турмуш даражасини юксалтиради.
Мустақиллик байрами арафасида бир гуруҳ ижодкорлар янги қурилган метро бекатлари, жумладан, “Юнусобод”, “Туркистон” ҳамда “Дўстлик-2” йўналишидаги еттита бекатда бўлдик. Айтиш жоизки, улар шаҳримиз кўркига кўрк қўшиш баробарида инсонларнинг узоғини, оғирини енгил қилади.
Қадим-қадимдан йўллар кесишади, бир-бирига рўбарў келади, йўллар ёнма-ён тушади. Учоқлар учун осмонда, поездлар учун темир изларда махсус йўллар бор. Сув ости йўллари, ер ости йўллари – йўллар инсонларнинг умр йўлларига ўхшайди. Йўл — оралиқ масофа. Бошланиши, бекатлари, охири бор. Бундай йўллар қурилишида меҳнат қилаётган қурувчиларга раҳмат!

Баҳодир КАРИМОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг