ЯХШИ НОМ – ИККИНЧИ УМР

528

Одам умри ўткинчи, унга берилган фурсат ўлчанган. Худо ярлақаган одамларгина ана шу қисқа фурсатдан асрларга арзирли улуғ ва савобли ишларни бажаришда фойдалана билади. Бу орқали эзгу номини тарих саҳифаларига, авлодлар қалбига кўчира олади. Атоқли олим ва адиб Поён Равшанов тақдири мисолида бунга яна бир марта иқрор бўлиб турибмиз. Ягона таскин шундаки, ундан юқори савияда ёзилган бадиий, адабий-тарихий асарлар, муносиб шогирдлар ва солиҳ фарзандлар қолди.

Олимнинг асарлари ўз ичига уч йирик йўналишни қамраб олади: адабиётшунослик, бадиий ижод ва тарихшунослик. Зоҳиран бир-биридан фарқли бу уч йўналишни моҳиятан уйғунлаштира олгани Поён Равшановнинг илмий-ижодий салоҳияти нечоғли баланд бўлганининг исботидир. У адабиётшунос сифатида болалар қиссачилиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. “Болаликнинг сеҳрли олами”, “Адабий саҳифалар”, “Адабиёт: назария ва амалиёт” сингари рисолалари билан эътиборга тушди.
У қўлёзма ва тошбосма манбалар устида ишлаш заҳматидан ҳаловат топа билган олим сифатида “Темурнома”, “Туркий қавмлар тарихи” сингари манбаларни нашрга тайёрлаб, халқимизнинг маънавий мулкига айлантирди. “Ватан тарихидан: Турон VII–XIX асрларда”, “Амир Темур хонадони”, “Амир Темур ватани”, “Қашқадарё тарихи”, “Қарши тарихи”, “Шаҳри­сабз тарихи”, “Женов тарихи” каби ҳажм жиҳатдан ҳам, моҳият эътибори билан ҳам салмоқли илмий асарлар яратди. Ўзи йиққан тарихий-илмий материаллар асосида “Завол”, “Нахшаб қиссаси”, “Темурбек ва амир Ҳусайн қиссаси”, “Шукуҳли умр” сингари бадиий асарлар ижод қилди.
Асл илмий ҳақиқатлар асосида яратилган “Ўзбекистоннинг янги тарихи: Ўзбекистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида” номли йирик тадқиқотга ҳаммуаллифлик қилди. Уч жилдли “Қизил салтанат исканжасида”, “Амирлашкар Алимқули тарихи” китобларини ёзди. Ушбу асарларидаги тарихий воқеликлар асосида “Қамоқ салтанати” романини, “Малика Кенагас ойим ёхуд Амир Насруллонинг ўлими қиссаси”, “Қоровулбеги қисмати”, “Қўлга тушган қасос­корлар” каби қиссалари дунё юзини кўрди.
Олимнинг адабиётшунос сифатида яратган “Адабий саҳифалар” асарида Қашқадарё тимсолида халқи­миз­нинг энг қадимги даврларидаги ҳаёти ва ижодий тафаккур тарзи ёритилган. Адабиётшуносликда биринчи бўлиб ушбу асарда IX–X асрлардан то XIX аср бошига қадар воҳада яшаб ижод этган Насафий ва Кеший нисбали 21 шоир ва 9 хаттот фаолияти ҳақида, уларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни тўғрисида қимматли маълумотлар берилган.
Поён Равшанов тарихшунослигининг каттагина қисми соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлиги даври тадқиқига бағишланган. Бу фаолият 1988 йил “Амир Темур муҳри” номли мақоладан бошланган эди. Мақола кўпчиликнинг эътиборини тортди, унга турли муносабатлар билдирилди. Шундан сўнг изма-из Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома”си таб­ди­ли ва тадқиқи, “Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси”, “Амир Темур ватани”, “Амир Темур ва Амир Ҳусайн қиссаси”, “Амир Темур хонадони” асарлари яратилди. Олим Муиниддин Натанзий, Ҳофизи Абру, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий, Фасиҳ Хавофий, Абдураззоқ Самарқандий, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий, Ибн Арабшоҳ сингари ўрта асрлар муаллифларининг, кейинги даврлар муаррихларининг асарларини қайта бошдан ўрганиб, бир зарбда икки китоб: “Амир Темур сулоласи” ва “Темурийлар силсиласи”ни ёзди.
“Амир Темур сулоласи”ни муаллиф тарихий роман сифатида тақдим қилади. Асарда Соҳибқирон ва унинг Марказий Осиё, Хуросон, Эрон ва Ҳиндистонда беш асрга яқин ҳукм сурган сулоласи қисмати тасвирланган. Китоб тарихий фактлардан бир қадам ҳам йироқлашилмагани боис биз ўрганган роман талабларига жавоб бермас, бироқ у турли жанрлардаги жуда кўп асарларга тайёр манба бўлиб хизмат қила олади.
“Амир Темур сулоласи” асарининг нашри олимнинг кейинги изланишларига куч ва рағбат берди. Сулола тақдири, унинг юксалишию таназзулига боис бўлган, ўзи аниқлаган бошқа масалаларни ҳам алоҳида китобда ёритишга киришди. 1447 йилдан 1507 йилга қадар Мовароуннаҳр ва Хуросонда кечган шиддатли воқеа-ҳодисалар, сулоланинг олтмиш йиллик тарихи ёритилган “Темурийлар силсиласи” асари шу тарзда дунё юзини кўрди. Маълумки, бу даврда Шоҳрух ва Улуғбек Мирзодан мерос юртни идора қилган темурийзодалар ҳаёти ва фаолияти анча чигал кечди. Асарда тожу тахтга интилган, унга бир сира ва давомли муяссар бўлган бир неча темурийзодалар қисмати тарихий-бадиий тасвир доирасига тортилган.
Китобда туркман, мўғул ва Дашти Қипчоқ сардору хонлари тажовузи, ички ишларга аралашиш манзаралари ҳам чизилган. Шунингдек, унда бир неча ўринда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида сўз юритилади. Туркман сардорлари Жаҳоншоҳ, амир Ҳасанбек, мўғул хонлари Юнусхон, Султон Маҳмудхон, Дашти Қипчоқдан Абулхайрхон ва Муҳаммад Шайбонийларнинг Мовароуннаҳр ва Хуросон ички ишларига аралашуви, мирзоларни ва элу улусни танг аҳволга солиб қўйиши воқеалари ҳам тасвирланади.
Бу асарлар қаторида “Оқсарой тарихи” ҳам алоҳида ўрин тутади. Оқсарой қасри Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари барпо эттирган улуғвор, муҳташам, тенгсиз меъморий обидадир. 1380–1396 йилларда қурилган сарой тарихининг ҳайратланарли жиҳатлари китобда атрофлича тасвирланган. Мустабид тузум даврида нашр этилган манбаларда Оқсаройнинг қулаши 200 йил муқаддам содир бўлгани каромат қилинган эди. Бу 1775 йил нари-бериси, деган гап. Унга ишониладиган бўлса, ўша даврдаёқ, яъни XVIII асрнинг иккинчи ярмида Оқсарой нураб, хароба ҳолига келган ва ундан бор-йўғи пештоқнинг икки олд ён томони устунлари қолган бўлиб чиқади. Манбаларни синчиклаб ўрганиш эса бу маълумотнинг ҳақиқий ҳолатни хаспўшлаш ва фикрни чалғитишни кўзлаб айтилганидан далолат беради. “Оқсарой тарихи”да бу қарашларнинг асоссизлиги, саройнинг талафоти асосан чоризм ва шўро истилолари даврига тўғри келиши фактик материаллар асосида исботланган.
Олимнинг чоризм ва шўро истибдоди, улардан озод бўлиш учун олиб борилган истиқлолчилик ҳаракатлари ҳақида топилма қўл­ёз­малар, архив материаллари асосида ёзган асарлари миқдор жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатидан ҳам мисли кўрилмаган даражада салмоқли. Улар жуда катта тадқиқотлар бўлиб, алоҳида таҳлилни талаб қилади.
Умуман, вақтни жиловлай олган, илму ижод йўлида ундан унумли фойдалана билган адиб ва шоир, адабиётшунос ва тарихчи Поён Равшанов баракали илмий-­ижодий фаолияти билан адабиётимиз, тарихчилигимиз ривожига сал­моқли ҳисса қўшди. Унинг Ватан ва халқ олдидаги хизматлари муносиб тақдирланиб, “Шуҳрат” медали (1996) ва “Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” (2003) фахрий унвони билан мукофотланди. Энг муҳими, олим ўзидан эзгу ном қолдирди.

Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори,
профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг