БУТУН ИНСОН ҚИЁФАСИ

534

Коронавирус хуружи кучайиб, ҳамма уйда қамалиб ўтирган кунлари Япониянинг 297 қисмдан иборат “Ошин” номли сериали икки ярим ой давомида ойнаи жаҳонимизда қайта намойиш этилди. Биз, ёши улуғлар сериални анча илгари кўрган, ўшанда ҳам у халқимизнинг диққатини ўзига тортган, барчага бирдек манзур бўлган эди.

Глобаллашув шароитида сериалда кўрсатилган оддий япон аёлининг машаққатларга тўла ҳаёти, ҳар қандай зулм, жабр-жафога қарамай орномус ва виждони, инсоний қиёфасини сақлаб қолган, бизнесда ҳам фақат фойда эмас, балки инсоф­адолат бирламчи, деган ақидага қатъий амал қилган Ошин Танакура ҳаёти ўзбек томошабини қалбида хайрихоҳлик ва эзгу туйғуларни уйғотиши тайиндир. Ошин сиймосида ХХ асрда дуч келган оғир кулфатларга қарамай ўзининг чин инсоний қиёфасини сақлаб қолган БУТУН ИНСОНни кўрамиз. Сериалнинг мукаммал чиқишида, шубҳасиз, бош ролни ўйнаган япон актрисаларининг маҳорати, жозибасига тасанно айтиш керак. Айниқса, 16 ва 45 ёшлардаги Ошинни ижро этган актриса ролни ниҳоятда табиий ва назокатли ўйнаган. Унинг юз тузилиши, вазиятга боғлиқ равишда чеҳрасидаги нозик ўзгаришлар, қалб тебранишлари ғоятда таъсирчан чиққан. Мен “Ошин” сериали тарихи билан қизиқиб, мамлакатимиздаги Япония элчихонаси билан боғландим. Элчихонада кўп йиллардан бери Беҳзод Гулметов элчи ёрдамчиси бўлиб хизмат қилади. Айтгандай, биз биргаликда Япониянинг юртимиздаги навбат бўйича учинчи элчиси Кёко Накаяма хонимнинг элчилик пайтидаги воқеа ва кечинмалари ҳақидаги гўзал хотира китоби — “Ўзбекистон сакураси”ни таржима қилганмиз, унинг бир боби “Жаҳон адабиёти” журналида
чоп этилган. Насиб этса, уни китоб ҳолида тўлиқ нашр этмоқчимиз. Хуллас, Беҳзодга мақсадимни айтдим ва у элчихона маслаҳатчиси, маданият ва ахборот бўйича масъул ходими
Суда АЦУШИга илтимос қилиб, қуйидаги мақолани ёздириб берди.

Сувон МЕЛИ

 “Ошин” Ўзбекис­тонда қайта намойиш этилди

“Ошин” – япон аёлининг машаққатли ҳаёти ҳақидаги бадиий тўқима, лекин реал тарихий воқеаларга асосланган драмадир. Бадиий тўқима бўлишига қарамай, сериалнинг бош қаҳрамони образи нафақат Япония, балки бутун дунё халқлари орасида катта эътибор қозонди. Ошин бошидан кечирган ҳаётий воқеа-ҳодисалар шу қадар зўр таъсир кучига эга бўлдики, у ўзига хос ноёб ҳодиса, ижтимоий феномен ҳосил қилиб, бутун дунё томошабинини ғам чекишга, ҳам кулиб, ҳам йиғлашга мажбур қилди. Дастлаб драма “Эн-Эйч-Кей” (Япон телерадиокўрсатув корпорацияси) телеканалида 1983 йил бутун йил давомида кўрсатилди ва шундан сўнг бир неча ўн йилликлар мобайнида 68дан зиёд давлатда қайта-қайта намойиш этилди. Хўш, бу асарнинг дунё томошабинларига бу қадар ёқиб қолгани сабаби нимада? Шу ўринда сериал воқеаларига қисқача тўхталамиз.

Драманинг илк намойиши Иккинчи жаҳон урушидан салкам 40 йил ўтгач ҳамда 1965 йилги Токиода Олимпия ўйинларидан кейинги даврга тўғри келади. Бу пайт­да Япония иқтисодиёти ривожланган улкан давлат, катта еттилик аъзоси сифатида халқаро ҳамжамиятда кучли салмоққа эга бўлганди. Бу яна шундай давр эдики, ҳаётдан зерикиш, яшашдан безиш ва тўқликка шўхлик авжига чиқиб, ватанимиз ўтмишда бошидан кечирган қашшоқлик, етишмовчиликлар унутила бошланган эди. Айниқса, ёш авлод томонидан.

Шундай бир ижтимоий шароитда намойиш этилган сериалнинг бош қаҳрамони Шин Танакура (Ошин) 1901 йили Япониянинг шимолий-шарқий ҳудудидаги со­­вуқ ва камбағал-юпун қишлоқда ижарачи деҳқон оиласида туғилди. Бу даврда Япония ғарб давлатларига етиб олиш ва ўз миллий қудратини кучайтириш мақсадида бор диққат-эътиборини ҳарбий соҳага қаратган эди. Ҳарбий соҳадаги жадал тараққиёт жамиятда турли инқирозлар авж олишига сабаб бўлди. Ошин каби камбағал-қашшоқ одамларнинг кун кўриши ғоят оғирлашди. Етти ёшида оиладаги қашшоқлик туфайли битта еяр оғиздан қутилиш ва пул топиш илинжида ёш болаларга қарайдиган энага сифатида бошқа, бегона жойга юборилган Ошин урушдаги мағлубият, ундан кейинги қайта тикланиш, эркин фуқаролик жамияти учун кураш ҳаракати, буюк Канто зилзиласи, милитаризмнинг авж олиши ва Хитой ҳудудига бостириб кириш, япон-америка-хитой уруши каби воқеа­лар фонида яшайди. Драма 80 ёшли Ошиннинг ўз ҳаёти ҳақидаги хотиралари, уларнинг тасвир ва тавсифидан иборат.

Ошин фаросатли ва оқила, аммо у яшаган замон аёллар учун жуда оғир бўлиб, синфий ва жинсий тенгсизлик авжида, турмушда патриархал тизим ҳукмрон эди. Лекин бундай тўсиқларга қарамай, қашшоқлик сабаб бош­ланғич мактабга бора олмаган Ошин меҳнатсеварлиги ва одоби билан ўзи хизмат қилган хонадон соҳибларига ёқиб қолгани туфайли ўқиш, ёзиш ҳамда ҳисоб-китобни ўрганиб олади. Бунинг устига ўша замондаги маърифатли япон аёли билиши зарур бўлган ҳуснихат, икебана (гул дасталаш санъати), чой маросими, кимано тикиш уқувини ҳам эгаллайди. Ошиннинг оилапарварлиги, она-ватанига муҳаббати, ўзига яхшилик қилганларга, дўстларига чексиз садоқати атрофдагиларга ҳам юқиб, уларни ҳам шундай олижаноб ишларга ундайди. Ошин атрофида деярли ҳамма вақт яхши одамлар керагича топилади. У оҳанрабо каби ўз атрофига яхши одамларни тўп­лайди.

Юқорида айтилганидек, Ошин жуда кўп қийинчиликларни бошидан кечиради. Даҳшатли зилзила оқибатида бутун мол-мулкидан ажралади, қайнона зуғуми туфайли ўнг қўли шикастланади, эри эса Иккинчи жаҳон урушида Япония мағлубиятига чидай олмай жонига қасд қилади.  Шунча кулфатга қарамай Ошин ҳеч қачон умидсизликка тушмайди. Ҳатто уйидан қувилиб, оч қолган, қариндошларини соғиниб азоб чеккан пайтларда ҳам чексиз ҳаётсеварлиги, қолаверса, дўстлари ва мурувватпеша одамлар ёрдамида ҳар сафар қийинчиликларни енгиб ўтади ҳамда чин инсон бўлиш жараёнининг барча босқичларини босиб ўтиб, ҳар қандай шароитда ҳам яшаб қолиш ва яшай олиш лаё­қатини намойиш этади. Драмадан сиз ҳар қандай оғир аҳволга тушманг, агар атрофдагилар билан ҳақиқий инсоний муносабатни ўрната олсангиз, пировард натижада, ўзингизга, оилангизга яхшилик қилган бўласиз, деган эзгу ғоя қизил ип бўлиб ўтади.

Ошин номидаги “шин” бўғини япон тилида “кучли асос”, “ҳақиқатгўй” ва “садоқат” маъноларини англатувчи иероглифга тўғри келади. Ҳозирги японлар унутишга чоғланган ушбу қадриятларни ҳаётий ақидасига айлантирар экан, Ошин нима қилиб бўлса-да, қашшоқликдан қутилишга қасам ичади, ҳар гал қаршисидаги ғовни енгиб ўтар экан, бу борада қилмаган иши, шуғулланмаган касби қолмайди. Соч турмаклайдиган сартарош бўладими, кўчада олди-сотди билан шуғулланадими, болалар кийими тикадиган кичик фабрика очадими, балиқ сотадиган дўкон ёки катта супермаркетга эгалик қиладими, ҳамиша ўз давридан илгари кетиб, бош ҳаётий шиори – ҳар қандай шароитда ҳам мижозларга ҳурмат, уларнинг талаб-эҳтиёжини қондиришга содиқ қолади. Шу тариқа Ошин менеджер сифатида катта обрў-эътибор қозонади.

Ошиннинг покиза ҳаёт тарзи  миллатидан қатъи назар барча одамларга ёқади, шундай гўзал фазилатларга эга бўлган япон аёли тақдири барча томошабинларнинг қалб торларини чертиб ўтади. Ўз кечмиш ҳаёти ҳақида сўзлаб бераётган, ҳаёти давомида зарра қўрқоқлик ва нопоклик қилмай, ўзини аямасдан тинмай меҳнат қилган ва бунда ҳеч қачон ўзига яхшилик қилган одамлар олдидаги маънавий қарзини эсдан чиқармаган пок аёл образи одамлар қалбида муҳаббат ва хайрихоҳлик туйғуларини уйғотиши муқаррардир.

Бинобарин, қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, “Ошин” сериалида тасвирга туширилган воқеалар, олға сурилган ғоя­лар, алқалган қадриятлар нафақат японлар, балки бутун дунё халқлари учун ҳам севимли ва долзарбдир. Ўзбекистонда ҳам шундай ҳолат кузатилади. Оилага, ота-онага  ҳурмат, ўз халқи ва яшаб турган шаҳар – маконга муҳаббат, дўст  ва яқинларига ғамхўрлик каби азалий қадриятлар Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун ҳам хосдир. Ошиннинг ҳаётий аъмоли, ахлоқ-одоби, чин садоқати ўзбек халқининг энг нозик ҳис-туйғуларига ҳамоҳанг деб ўйлайман. Ўн йил ўтгандан кейин қайта намойиш этилган “Ошин” сериали, аввал бўлгани каби, бугун ҳам мамлакатингизда жуда яхши қабул қилингани ўзининг яққол исботини топмоқда ва биз бундан жуда хурсандмиз.

Муболағасиз айтиш мумкинки, “Ошин” сериали шарофати билан стратегик ҳамкор икки мамлакат халқлари яна бир бор қалбан мус­таҳкам боғландилар. Натижада мамлакатларимиз ва халқларимиз орасидаги яқинлик янада кучайди, деб ўйлаймиз. Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар шароитида ҳар қандай офат ва фалокатларга қарши тура олган Ошин Танакура каби гўзал инсон тарихи иккитомонлама алоқаларимизга самарали таъсир кўрсатади, деб умид қиламиз. Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси бундан ке­йин ҳам ўзбекис­тонликларни Япониянинг анъ­ана­вий маданияти ва гўзал қадриятлари билан муттасил таништириб  боришни ўзининг муҳим, шарафли миссия­си, деб ҳисоблайди.

                        Суда Ацуши,
Япониянинг Ўзбекистондаги
элчихонасининг маданият ва
ахборот бўйича масъул ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг