МИЛЛАТНИНГ ОЛТИН  ФОНДИ

412

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институтига ташриф буюрди. Ушбу даргоҳда яратилган қулайликлар билан танишди. Янги иморатда еттита илмий лаборатория ва «Ёш математиклар» маркази фаолият юритади. Бинонинг шинам қаватларида ахборот-ресурс маркази ва семинар хоналари, академик ва тадқиқотчилар учун кабинетлар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона жойлашган. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

Кашфиёт азалдан илм аҳли учун ҳаёт мазмуни саналади. Ҳақиқий, фидойи олим ҳар қандай шароитда ҳам изланади. Аммо бугунги кунда муносиб моддий шароитсиз илм олиш ҳам, кашфиётларни юзага чиқариш ҳам мушкул. «Математика фанининг тамал тошини Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний каби улуғ боболаримиз қўйган. Бу бизнинг қонимизда бор. Лекин охирги йигирма йилда математикадан билим даражаси пасайиб кетди. Чунки ўқитувчиларга керакли эътибор, муносиб ойлик беролмадик, пировард мақсад қўя олмадик. Бунинг оқибати ҳозир кўпдан-кўп соҳаларда сезиляпти. Бугун бу фанни ривожлантиришдан мақсадимиз – математика бўйича рақобат муҳитини яратиш, саноат, муҳандислик йўналишлари бўйича етук кадрлар тайёрлаш», деди давлатимиз раҳбари.

– Бизда илмий тадқиқотлар борасида кўп ишлар амалга оширилмоқда, – дейди кимё фанлари доктори Қурбонқул Каримқулов. – Чет эл олимларидан ҳеч камчилигимиз йўқ. Тўғри, улар роботлар, автомобиллар, янги технологиялар кашф этишмоқда. Бизнинг олимларимиз олдидаги мақсадлар ­бошқа. Бу мақсадларга эришилмоқда. Ҳамма нарса – мақсадга боғлиқ.

– Президент барча шароитни яратиб берди, энди биз ўзимизни кўрсатишимиз керак, – дейди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов журналистларга берган интервьюсида. – Давлатимиз раҳбари соҳага эътибор қаратиб, алоҳида вазирлик сифатида ташкил этилганимизга уч йил бўлди. Биздан нега ишларингиз кўринмаяпти, деб кўп сўрашади. Аввало, суриштирганимизда, “инновация” сўзини нафақат оддий юртдошларимиз, балки олимларимиз ҳам ҳар хил тушуниши маълум бўлди.

Мутасадди ва олимларимиз фикр­лари ўринли, албатта. Балки катта илмий кашфиётларни биз англаб етмаётгандирмиз. Етарлича баҳолай олмаётгандирмиз. Барибир, бу каби саволларга жавоб топгимиз келади: натижа қани? Атрофимиздаги деярли кўп нарса хорижники-ку? “Юртимизга энг илғор хориж технологиялари келтирилмоқда…” деймиз. Хўш, ўзимизнинг технологиялар-чи? Бизнинг олимларимиз нима қилишяпти? Қани улар кашф қилаётган технологиялар?

Бир гал олий ўқув юртида дарс пайтида талабалардан: “Бугунги кунда юртимиздаги энг машҳур (турли соҳаларда) 10 нафар олимнинг исм-фамилиясини санаб беринг”, деб сўрадим. Ажабки, бу савол талабалар учун “қийин вазифа” бўлди, шекилли, ҳеч кимдан сас-садо чиқмади. Шунда савол географиясини анча қисқартириб, институтдаги ўн нафар олимнинг номини айтишни сўрадим. Яна жимлик…

Шундан кейин илм ва олим ҳақида обдон ўқиб, билиб олишимиз зарур бўлган саволларни қуйидагича ёзиб чиқдим: Олим ким? Бугун олим бўлишнинг шартлари қандай? Олимларимизнинг жаҳоншумул кашфиётлари халқаро миқёсда тан олинганми? Амалиётга жорий этилганми? Агар бўлса, улар қандай кашфиётлар? Оламшумул кашфиётлардан қанча иқтисодий даромад олиняпти? Ҳар йили нечта илмий кашфиёт амалиётга жорий этилади? Уларнинг самарадорлиги қандай? Ёшларимиз ўртасида олим бўлишга қизиқиш қай даражада? Уларнинг неча фоизи шу йўлда илмий изланишлар олиб боришмоқда? Бизда илмий янгиликни “юзага” чиқаришнинг шарт-шароит ва имкониятлари қай аҳволда?

Зийрак ёшларнинг кимга ва нимага ҳавас қилишлари – муҳим масала. Ҳавас ҳам кўп ҳолларда турмуш тарзимизни белгилайди.

Давлат раҳбарининг соҳага оид барча жараённи бир жойга жамлаш ғояси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги барча шароити бор бинога эга бўлди. Энди олимларимиз учун ишлаб ўзини кўрсатадиган пайт келди. Вазирлик бевосита инновацион ғоялар туғиладиган жойга – Талабалар шаҳарчасига жойлашди. Чунончи, бугун биз илмни қай даражада севамиз? Жамиятда олимларимизнинг мавқеи ва ўрни қандай? Масалан, Россияда машҳур болалар доктори Леонид Рошални кўпчилик билади. Пётр Капица, Сергей Капица, Сергей Велихов, Евгений Чазов, Жорес Алферов каби академикларни фақат зиёлилар эмас, балки кенг омма танийди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга шу йил январь ойидаги Мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналиши ривожлантирилишини айтган эди. Жорий йилда математика ана шулардан бири сифатида белгиланди. Бу халқимизни ҳам, илмий жамоатчиликни ҳам ғоят қувонтирди. Чунки математика юртимизда чуқур тарихий асосга эга ва бугунги кунда тараққиёт учун ғоят долзарб.

Президентимиз таъкидлаганидек, иқтидорли ёшлар онгида: “Ота-онам илмни танлаб кам бўлмади, мен ҳам шу йўлдан бораман”, деган хулосани шакллантириш бугун барчамиз учун жуда муҳим саналади.

 Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг