Остонангга ҳурматинг – ватанга ҳурматингдир (шеърлар. 2019 йил, 11 сон)

1004

Наврўз ғазали

Наврўз ила кенг олам, бу кавну макон янги,
Сойларда ажиб туғён, сувларда баён янги.

Ҳар ёнда жаранг бергай гул рангию дил ранги,
Бир лола ифоридин бу кўҳна жаҳон янги.

Соҳилда кулол янглиғ лой танласа қалдирғоч,
Мусича билан саъва сайр этса қаён — янги.

Эврилса агар рўзғор эллик йилу эллик ой,
Эллик била эл янги, қирқ йилда қозон янги.

Ҳижрону фироқларда эскирди менинг кўнглим,
Келгил, менга дил бергил, эй қоши камон янги.

Гул баргига теккизсанг лаб бирла забонингни,
Гул барги бўлур хандон, лаб бирла забон янги.

Кўз бирла қароғингни жонимда ниҳон айлай,
Менга янги жон, сенга бу тахти равон янги.

Қадрига ет, эй боғбон, ҳар ғунчаниким, такрор
Бу боғ ила бу бўстон бўлгай қачон янги?

Тошқинсану шошқинсан умрим каби, эй дарё,
Эсиз, мен эскирдим, сен эрса ҳамон янги.

Айём маҳал бергай, минг панду масал бергай,
Минг шеъру ғазал бергай бу давру замон янги.


 

Моҳи муаддаб, сарви шакарлаб
Мир Алишер Навоий ғазалига мухаммас

Нигоредур ажиб хушгўю хуштабъ,
Менга бир шундайин ой эрди матлаб,
Ишимни қилмиш ул ғоят мураккаб,
Қачон мактабқа ул моҳи муаддаб
Борур, ўздин борурлар аҳли мактаб.

Кийикдай ўзию ҳам кўзи жайрон,
Изидин кўю кўча анбарафшон,
Кириб борса бу нозик инжа мижгон,
Бўлур лавҳи забаржад аҳли ҳайрон,
Чу олур илгига лавҳи музаҳҳаб.
Ул ўлтургунча барча термулурлар,
Ўтургач эрса ичдан емрулурлар.
Неча бир нозанинлар қоврулурлар,
Дегач абжад, бошиға эврулурлар
Қамар бирла қуёш, яъни жаду аб.

Қошининг ёларига қўл уруши,
Хату холи, хаёлу ўй суриши,
Мени ўлдургуси бори туриши,
Нечукким, мактаб атфоли хуруши
ўамидин халқ аро фарёду ё раб.
ўамига неча йил тоқат берурмен,
Бу жонға неча минг офат берурмен,
Юзига ишқ аро оят берурмен,
Муаллим қуллуғиға хат берурмен,
Гар озод ўлса ул сарви шакарлаб.

Фалак бузмай туриб бунёди қасрин,
Киши кўнглига ишқ дарсини берсин,
Кейин ўз кўнглининг ҳолини кўрсин,
Дабистони фанода шурб дарсин
Равон қилмай эмассен аҳли машраб.

Сен, эй нозикниҳол, ингичка хонум,
Кўзингдек қора бўлмиш хонумонум.
Сенингсиз умру жоним – бори мавҳум,
Навоий ашкидин то шом анжум
Тўкар, чиққайму деб ул саъд кавкаб.


Азизим

Магар уйқуда юзунг кўргай эрдим,
Вале ҳажрингда кўздин учти уйқу…

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Тун шамоли эсмоқда. Юлдузлар жимир-жимир,
Дарахтларнинг сояси чайқалар шитир-шитир.
Дунёда армон ҳам кўп, валекин ором ҳам бор,
Ойнамизни япроқлар аллалар шивир-шивир.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Ой ҳам ботиб бормоқда. Тун ярмидан оғмоқда,
Сомон йўлидан нурли елпиғичлар оқмоқда.
Дунёда ҳижрон ҳам кўп, вале дийдор ҳам бордир,
Ойнамиздан эгилиб фаришталар боқмоқда.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Ўкинмагил, дунёда ким бу туйғуга етган,
Ким бу туйғуга етган – дарду қайғуга етган.
Ором олар бор олам. Сен ҳам тинчлан бир нафас,
Мену сендай дунёда ким бу уйқуга етган?
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.
Менинг туну кунларим кўзларингдан киприкзор,
Сен менга интизору мен ҳам сенга интизор.
Уйқумда ҳам ўнгимда сезгум қарашларингни,
Уйқунгда ҳам ўнгингда зор-зор қарашларим бор.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Биз кўнгилдан тикладик бу кўшку тахтимизни,
Шабнамларга чайганмиз ишқимиз, аҳдимизни.
Бир умр бедорликдан васли саодат излаб,
Эҳтимол, рўёлардан топгаймиз бахтимизни.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Ҳаммаси изга тушар. Бир гап бўлар эртага,
Қулоқ солгин, тинчланмиш ер усти ҳам ер таги.
Умримнинг афсуни ҳам афсонаси ўзингсан,
Сен — бедор ҳаётимнинг гўзал, мунгли эртаги.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Бу дунёда икки зор онайизор бор доим,
Бири – сенинг адойинг, бири менинг адойим.
Икки онайизорким, умри зор, бедор ўтгай,
Дуоларин ижобат қилсин охир Худойим.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.


Ёшлик чоғида

Талаба укаларимга
Сен ғанимат бил мудом
барвақт туриб тонг чоғини,
Офтоб ёқмай туриб
тандир билан ўчоғини.

Ёшлик – фазлу камол,
онгу тафаккур чоғидир,
Берма бой ёшлик билан
фазлу камол, онг чоғини.

Нафс аҳли ҳар йўсинда
қондирурлар нафсини,
Сен билим бирлан мудом
қондир кўнгил чанқоғини.

Маърифат аҳли билан
дил аҳли билсанг бир эрур,
Илму ишқинг бирла боғ
этгил ҳаётинг боғини.

Элу юртга қанчалар
меҳру матонатлар керак,
Сен садоқат бирла яшнат
элу юрт тупроғини.

Бу жаҳон, ёруғ жаҳон
ярми жаҳолатдир ҳамон,
Сен ёруғ этгил анинг
бир гўша ё пучмоғини.

Ўйлагин: олам азалдин
мисли пўчоқ бирла мағз,
Мағзи қайси – англагил,
ҳам англагил пўчоғини.

Битта ёнғоқ ичра қанча
мўъжиза бермиш Худо,
Мия ёнғоғи билан
чаққин илм ёнғоғини.


Огоҳ бўл

Саҳар туриб шукр қил,
Шабнамларга гапиргил.
Ўз кўнглингни супургил,
Ўз уйингни супургил.
Остонангни кўргилу
Ўз онангни фикр қил.
Қўрғонларинг, уйларинг
Меҳнату заҳматингдир.
Остонангга ҳурматинг –
Онангга ҳурматингдир.

Деворингга бир ғишт қўй,
Дарахтларни оқлаб қўй.
Бориб мозор бошига
Отангни ҳам йўқлаб қўй.
Бу дунёнинг кўрки гар
Боғу гулзоридандир.
У дунёга остонанг
Отанг мозоридандир.
Остонангга ҳурматинг –
Отангга ҳурматингдир.

Туғишган уй деганда
Нечун кўзлар ёшланар?
Ватан меҳри, юрт меҳри
Остонангдан бошланар.
Бу дунёда ортингдан
Қолар ёруғ изингдир.
Остонангда кутган шу
Азиз ўғил-қизингдир.
Остонангга ҳурматинг –
Болангга ҳурматингдир.

Ватанлар бор – қуш учмас,
Тинчлик осмондан тушмас.
Саҳар туриб фикр қил,
Тинч элингга шукр қил.
Эзгуликка даргоҳ бўл,
Огоҳ бўлу огоҳ бўл.
Ойлар ўтар, йил ўтар,
Остонангдан эл ўтар.
Остонангга ҳурматинг –
Одамга ҳурматингдир.

Ўз бурчингни фикр қил,
Инсонсан-ку – шукр қил.
Ватан – бўйнингдаги қарз,
Кўчангга бир гул ўтқаз.
Токи файзу тароват
Ҳар уй, бинода бўлсин.
Ватан озода бўлсин!
Ватан озода бўлсин!
Остонангга ҳурматинг –
Ватанга ҳурматингдир.


 

Ўрганинг

Бу дунёда гўзал, жозиб яшашни
Хушахлоқу хушсувратдан ўрганинг.
Ҳар нарсага бирдек назар ташлашни
Қуёш сочган мурувватдан ўрганинг.

Дилингизда нечун торлик, на сирдир?
Қаранг, баҳор қандай ажиб тақдирдир.
Кесакка ҳам, тошларга ҳам у бирдир,
Баҳор берган ҳурриятдан ўрганинг.

Гапга чечан, эй оқила барнолар,
Ишқ боғида унган гулираънолар.
Лайли, Мажнун ўтиб кетган саҳролар,
Улар етган сукунатдан ўрганинг.
Беш оқшомлик шамол эрур ёшлик ҳам,
Атиргулнинг япроқлари нечун нам?
Нечук давлат эрур умр, нечук ғам?
Умр кўрган пурҳикматдан ўрганинг.
Ҳаёт эса гоҳ ош тутар, гоҳ қирмоч,
Суйгандан ҳам, куйгандан ҳам сўрар бож.
Шифтингизга келган бир жуфт қалдирғоч
Тортган азоб-уқубатдан ўрганинг.
Бахту толе тилай сизга Оллоҳдан,
Йироқ юринг ёмонлик ҳам гуноҳдан.
Садоқатнинг рамзи Расулуллоҳдан
Мерос бўлган муҳаббатдан ўрганинг.


 

Меҳр

Гуллар тўкиб баҳор кетар сўрингиздан,
Эрта-индин ой ҳам кетар қирингиздан,
Нима фойда кўнгилдаги кирингиздан,
Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

Майсалар ҳам бир-бирига суйкалади,
Қаранг, ҳатто чумолилар тўй қилади,
Нечун ҳасад кўксингизда куй чалади?
Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

Бугун сизга оқ дастурхон тўшар ҳаёт,
Таронани тоғорага қўшар ҳаёт.
Ҳам сингил, ҳам ёрингизга ўхшар ҳаёт,
Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

Келолмагай энди ҳаргиз тупроқ ёриб,
Отангизнинг мозорлари бунча ғариб,
Онангизнинг изларини ўпинг бориб,
Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

Дунёнинг бу паллалари топилмайди,
Эшиклари тун-кун очиқ, ёпилмайди,
Меҳр кейин дўконларда сотилмайди,
Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.


Келиб кетмоқ

Саҳар туриб оламга боқ:
жилғалари равондир,
Чарақлаган тоғлар боши
шомга бориб тумондир.
Тойчоқларинг қаёндиру
қулунларинг қаёндир?
Кўрганларинг ўзингники,
кўрмаганинг гумондир.
Инсон бўлиб бу дунёнинг
бозорини кўрдингми?
Зарлари ҳам зорларию
озорини кўрдингми?
Саҳар туриб ўз отангнинг
мозорига бордингми?
Борганларинг ўзингники,
бормаганинг гумондир.

Келиб кетмоқ ўйин эрмас,
саёҳат ё зиёрат,
Умр йўли заҳматлару
меҳнатлардан иборат.
Кўнгилларга қурдингми бир
кўприкми ё иморат?
Қурганларинг ўзингники,
қурмаганинг гумондир.

Атрофингга қараб боргил,
англаб боргил йўлингни,
Кўз бўлсанг гар, қароғ деб бил
она Юртинг, элингни.
Бергил унга эътиқодинг,
меҳринг, жону дилингни,
Берганларинг ўзингники,
бермаганинг гумондир.


 

Ҳар кимсанинг…

Ҳар кимсани жоми била
паймонаси бўлак,
Қисмат элининг кулбаю
кошонаси бўлак.

Май ўзгадурур, косасию
кўзаси ўзга,
Ҳар кимни хароботию
майхонаси бўлак.

Кўнгил уйида жамдир агар
дўст ила ағёр,
Меҳмонлари бир, дўст ила
бегонаси бўлак.

Инсон ўзи даҳр ичра
мусофирдир азалдан,
Бир йўлчи эрур, лек
суву донаси бўлак.

Мен ёрни жон бирла
жаҳоним дея суйдим,
Тан ўзгаю жон ўзгаю
жононаси бўлак.

Булбул била гул қиссасидин
сўйлама менга,
Булбул била гулнинг бугун
афсонаси бўлак.

Ҳар кимсанинг ўз шаъмию
парвонаси куйгай,
Ҳар кимсанинг ўз шаъм ила
парвонаси бўлак.

Кўнгил била ёр кўйида
йилларки югурдим,
Бул иккисининг хонаю
ҳамхонаси бўлак.


 

Инсон

Ё ғойиб ва ёким ҳозирдан тушар,
Ё пирдан ё ҳазрат Хизрдан тушар.
Инсон фақат бир бор тушар назарга,
Тушса фақат бир бор назардан тушар.

Тандир

Дилга тандир шу тандир,
Дил тафтига тан — тандир.
Дил ёниб турмаса гар —
Бу не дил, бу не тандир?

Овоз

Аҳмад Зоҳир, оғо, овозинг тирик,
Агарчи товушни қучоқлаб бўлмас.
Пичоқлаш мумкиндир қўшиқчини, лек
Қўшиқни ҳеч қачон пичоқлаб бўлмас!

Баҳор

Не тошқинлар, тўлғонишлар
Обизаранг сойидадир,
Ёш кўнгиллар мисол гўё
у ҳам асал ойидадир.

Мухбир

Бутун олам юзига тенг шивири,
Оламга тенг кўламдан хабар берар.
Бойчечак – баҳорнинг махсус мухбири,
Бор оламга кўкламдан хабар берар.

Жамият

Жамулжамдир ҳар ниятдир,
ҳар жиҳатдир,
Ҳамжиҳатлик, ҳамниятлик
жамиятдир.
Устоз шеърига
Биринчи муҳаббатим,
Оғрир дил, муҳаббатим:
Биринчи муҳаббатим –
Охирги муҳаббатим!

Кеча ва бугун

Кечаги кун эртанг эди,
Бугун энди у кун бўлмас.
Эртанг эрта бугун бўлар,
Эрта эса бугун бўлмас!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг