Эски-янги асар

1268

Ўзбек давлат драма театрида саҳналаштирилган “Ер барибир айланаверади” асари муаллифи, атоқли драматург Шароф Бошбеков мавзуни мистик буффонада жанрида ёритишни маъқул кўрган бўлса-да, таниқли режиссёр Олимжон Салимов уни драматик фарс жанри қонун-қоидалари асосида талқин қилган.
Бу ҳол асарда кўтарилган ўта жиддий масалалар тиғини хийла ўтмаслаштириб, уларни фарс либосига ўраб, томошабинга тақдим қилиш имконини берган.

Спектаклда тасвирланишича, ношуд кишилардан бири ҳокимлик қилган даврда вилоятдаги қишлоқ хўжалиги ҳам, қурилиш ҳам, соғлиқни сақлаш ҳам, маориф ҳам, қўйингки, барча соҳалар ўтириб қолади. Президент иштирок этган вилоят фаоллари йиғилишида ҳоким хизмат вазифасидан озод қилиниб, қамоққа олинади. Унинг ўрнига тайинланган ҳоким бир замонлар эл-юртга донг таратган вилоятнинг шундай аянчли аҳволга тушиши сабабларини билиш учун қамоқхонага бориб, собиқ ҳоким билан учрашади. Собиқ ҳоким билан Янги ҳоким ўртасида бўлиб ўтган мулоқот спектаклнинг ғоявий мазмунини ташкил этади. Воқеа асосан қамоқхона камерасида ва муайян вақт ичида рўй беради. Шундай чегараланган макон ва замонда бир вилоятнинг обод вилоятдан хонавайрон вилоятга айланиши сабабларини саҳна воситалари билан очиб бериш драматургдан ҳам, театрдан ҳам катта ижодий меҳнатни талаб этиши, шубҳасиз.

Яна бир муҳим муаммо асарнинг бундан йигирма йил аввал ёзилганлигидир. Шуниси ғаройибки, бундан йигирма йил аввал қайси соҳалардаги хато ва ўпирилишларни бартараф этиш талаб қилинган бўлса, бугунги кунда ҳам қарийб ўша соҳаларни тубдан қайта кўриш ва яхшилаш масаласи кун тартибига қўйилган. Спектаклнинг “Ер барибир айланаверади” деб номланишида ҳам шу масалага имо-ишора сезилиб туради.

Янги ҳоким билиши керак бўлган масала аниқ: “Нега, нима учун шундай бўлди? Айб кимда – раҳбардами, тузумдами, одамлардами?” Собиқ ҳоким: “Буни менам охиригача тушуниб етганим йўқ. Буни ҳеч ким билмайди”, дейди. “Бутун бошли вилоятнинг иқтисоди бутунлай издан чиқиб кетсин-у, ҳеч ким билмасин – йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!” – дейди қатъий Янги ҳоким.

Чиндан ҳам, бунинг сабабларини ҳеч ким — собиқ ҳоким ҳам, янгиси ҳам – ҳеч ким билмайди! Чунки бунда кўплаб кишиларнинг айби бор. Янги ҳоким буни яхши билади. Шунинг учун у ишни ҳар қандай жамиятни таназзулга олиб борадиган бирламчи иллат – порахўрликка қарши курашдан бошлашга аҳд қилади.

Драматург воқеликдан олган таассуротлари субъектив бўлиши мумкинлигини сезган чоғларида халқ ривоятларига мурожаат этади. Ривоятлар эса реал ҳаёт дарахтининг аччиқ-чучук меваларини тотиган кишилар томонидан тўқилади. Шундай бир ривоятда айтилишича, қадим замонда бир юртга ким подшо бўлса, тахтда кўп ўтирмай ўлиб кетаверар экан. Навбатдаги подшо бунинг сабабини сўраганида, авлиёлардан бири шундай жавоб берибди: “Бу юртнинг одамлари ҳалол, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди. Шунинг учун унинг қарғиши ҳам, дуоси ҳам ижобатга ўтади”. Подшо айёр экан. Бундай жавобни эшитгач, юртга: “Ҳар бир фуқаро биттадан тухум олиб, шаҳар майдонига қўйиб кетсин!” деб амру фармон берибди. Кимдир товуқ, кимдир ўрдак, кимдир каптар тухумини олиб келибди. Тухум бир тепани ҳосил қилганида, яна буйруқ берибди: “Энди олиб кетилсин!” Каптар тухумини олиб келган товуқ тухумини, товуқ тухумини олиб келган ўрдак тухумини олиб кетаверибди. Шу тарзда ҳалқумига ҳаром аралашган халқнинг дуоси ҳам, қарғиши ҳам ижобатга ўтмайдиган бўлибди. Драматург томонидан топилган, гоҳ ижобий, гоҳ салбий қаҳрамон тилидан айтилган бу каби ривоятлар саҳнада тасвирланаётган воқеанинг кўлами ва моҳиятини беҳад кенгайтириб, унга глобал маъно бағишлаб туради.

Собиқ ҳоким билан Янги ҳоким ўзаро баҳслашар экан, аччиқ ҳақиқатни айтиш  кўпинча улардан биринчисининг зиммасига тушади. Чунки у пок ниятларининг амалга ошишига нималар монелик қилганини яхши билади ва дадил айта олади. Шу масалада Янги ҳоким бироз журъатли, айни пайтда тилига эҳтиёт бўладиган, истиҳолали киши. Худди шу ҳол ижобийлик мақомининг спектаклда Янги ҳокимдан Собиқ ҳокимга (ва аксинча) ўтиб туришига сабаб бўлади.

Драматург асарга яқин ўтмишда, собиқнинг ҳокимлик вақтида бўлиб ўтган бир неча воқеани ҳам киритган. Одатда раҳбар қабулхонасида турли-туман дардлари, муаммолари билан келган кишилар саф тортиб ўтиришади. Собиқ ҳокимнинг қабулига кирган кишилардан бири Чол бўлиб, уни безовта қилган масала “пахта солиғи”дир. Маълум бўлишича, “планга жижжа етмай турибди”, деган узр билан хўжаликларга шундай солиқ солинган экан.

Бу, қип-қизил абсурд, ақл бовар қилмайди, лекин яқин ўтмишимизда  рўй берган воқеа. Пахтакор халқ ўша вақтларда қор-ёмғир демай, чиллайи газарон демай, эрта саҳардан далага чиқиб, зулмат пардаси тушгунга қадар  пахта экар, унга сув тарар, ўғит берар ва эрта куздан қиш чилласи бошлангунга қадар “оқ олтин” терар, аммо шу машаққатли меҳнатига муносиб иш ҳақини олмасди. Давлат эса ер юзидаги аксар мамлакатларни ўзбек пахтаси билан таъминлаб, чўнтагини қаппайтирарди. Ўзбек халқи андишали бўлгани учун давлатнинг бундай сиёсатини нотўғри, деб чиқмаган. Чиқиши ҳам мумкин эмас эди.

Чолдан кейин ҳоким қабулига маҳаллий шоирлардан Яшил Япроқ, ундан кейин янги кўприк лойиҳасини чизган Муҳандис кириб келишади. Агар шоирнинг дарди ёзган шеър­ларининг нашри учун қоғоз сўраш бўлса, Муҳандиснинг дарди-фикри махсус комиссия томонидан тасдиқланган лойиҳани ҳоким назаридан ҳам ўтказиб, унга хушомадгўйлик қилишдир. Улардан кейин қабулга келган Аёлнинг дарди мутлақо ўзгача. Унинг тракторчи эри кўкнори эккани учун саккиз йилга қамалган. Тўрт ойдан бери бечора аёлнинг учрашмаган одами қолмаган. Кимга учрашса, “Кўкнори эккан бўлса, уни қамамай, медаль берсинми?” дейди. Аёлнинг сўзларидан маълум бўлишича, уйда 86 ёшга кирган қайнотаси бор. Вилоятга донғи кетган Парпи пахсачи! Ёшлигидан “кўкнор ўлгур”га ўрганган экан. Шу бўлмаса, на чой ичади, на овқат ейди. Эри шу чол учун томорқасига уч тупгина кўкнор қадаган экан.

Аёлнинг ғоят мушкул аҳволда эканини кўрган Собиқ ҳоким кўкнори масаласи жуда жиддийлигини яхши билишига қарамай, вилоят ҳуқуқ-тартибот бўлими бошлиғига қўнғироқ қилади, бутун масъулиятни бўйнига олиб, Аёлнинг эрини озод қилиш ҳақида буйруқ беради.

Қабулхонага келган кишилар билан мулоқот Собиқ ҳокимнинг барча ижобий ва салбий томонларини дафъатан нурлантириб юборади. У лаганбардорларни, мустақил фикрга эга бўлмаган, аммо хушомадгўйлиги билан жамиятда илдиз отган, ўз ҳақ-ҳуқуқининг топталишига қарши бош кўтармаган кишиларни ёмон кўради. У йўл қўйган аксар хатолар, ўзининг эътироф этишича, “йўқ” дея олмаганида, юқоридан келган буйруқларнинг ножўя эканлигини билса-да, бажаришга мажбур бўлганидадир.

Айблари шундан иборат бўлган кишиларнинг бир қисми баланд деворлар билан ўралган жойларда жазо муддатини ўтаётган бўлиши мумкин. Ҳозир мамлакатимизда кечаётган жараёнлар яқин ўтмишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш, халқнинг соғлом муҳитда яшаш ва ишлашини кафолатлаш, фан ва маданият, қишлоқ хўжалиги ва саноат сингари мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини янги тараққиёт босқичига олиб чиқишга қаратилган. Шу маънода театр жамоасининг Шароф Бошбеков пьесаси асосида саҳналаштирган янги спектаклидан бугуннинг, худди шу кунги даврнинг ҳаётбахш нафаси уфуриб турибди.

Шуни айтиш керакки, Ўзбек давлат драма театрига режиссурамизнинг забардаст вакили Олимжон Салимов келганидан кейин жамоа ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Актёрлар ансамбли мўътадиллашди. Театр репертуари янги ва яхши спектакллар билан бойиди. Қувонарлиси, О.Салимов Ш.Бошбеков сингари истеъдодли драматургларни театрга таклиф этиб, улар билан бирга янги саҳна асарларини ярата бошлади. Бу режиссёр аввал саҳналаштирган Карло Гольдонининг “Труффальдино – икки бойнинг малайи” спектакли билан ҳозирги ўзбек театрига янги ижро санъатини олиб кирган, Абдулла Қаҳҳорнинг  “Аяжонларим” пьесаси асосидаги спектакли билан миллий комедия анъаналарини давом эттирган эдики, бу икки ижро йўналишининг уйғунлашуви актёрлар маҳоратининг ўсишида муҳим омил бўлади.

Биз тақриз қилаётган спектаклда Собиқ ҳоким ролини артист Б. Мирмақсудов, Янги ҳоким ролини И.Бердиев билан И.Мирзааҳмедов, Муҳандис ролини  Ўзбекистон халқ артисти Э. Носиров, Яшил Япроқ ролини Р.Аҳмедов ва И.Очилов, Чол ролини ў.Жуманов, Аёл ролини Т.Мирмақсудова ва М.Хуррамова маҳорат билан ижро этдилар. Спектаклнинг томошабинларга манзур бўлишида рассом С.Чуфарнов, либосчи рассом Р.Йўлдошева, Бола ролининг ижрочиси И.Ҳикматжонов ва бошқаларнинг ҳам хизматлари оз эмас.

Дарвоқе, спектакль финалида собиқ ҳоким озод қилиниб, темир панжара ва эшиклар орасидан чиқиб келади. Шу пайт Аёлнинг кўз ёшларини кўрган Бола саҳнага югурганча келиб: “Нега онамни йиғлатдинг?!” деб Собиққа дағдаға қилади. Бу, Ҳоким айтганидек, ўз ҳақини билган, ота-онасини ҳам ҳимоя қила оладиган янги авлоднинг овози эди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг