- Ижтимоий ҳаёт

Ёш истеъдодлар анжумани

Ямяшил арчазорларга бурканган гўзал Зомин тоғлари, баҳаво Ўриклисой ўтган чоршанба куни истеъдодли ёш ижодкорларнинг шўх кулгулари, шеър ва қўшиқлари билан ажиб тароват касб этди. Бу ердаФидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг Зомин семинари ўз ишини бошлади. Анжуманга Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан бадиий ижодга иштиёқи баланд талабалар, коллежларнинг истеъдодли ўқувчилари, иқтидорли ёшлар, таниқли шоир ва ёзувчилар ташриф буюрди.

Бундан йигирма йил олдин Зоминдаги сўлим Ўриклисойда республика ёш ижодкорларининг семинари ўз фаолиятини бошлаган ва бунга ўша пайт­да Жиззах вилояти ҳокими вазифасида ишлаган Шавкат Мирзиёев ташаббускор бўлиб, адабиёт аҳлига, айниқса, ёш истеъдодларга бағрини кенг очиб, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлагани сабаб бўлганди. Ёзувчилар уюшмаси моддий жиҳатдан қийналган, бундай семинарларни кўнгилдагидай ўтказишга қурби етмай турган бир пайтда бошланган анжуман сабоқлари туфайли жуда кўплаб иқтидорли ёш шоир ва ёзувчилар кашф этилди. Илк ижод намуналарини устозлар назаридан ўтказиб эътиборга тушган, биринчи китоблари чоп этила бошлаган, олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган ёшларнинг кўплари катта адабиёт майдонига Зомин ижод мактаби орқали кириб келганини ҳануз фахр-ифтихор билан эслашади. Истеъдодли ёшларни бағрига чорлаган Зомин ижод мактаби нав­қирон ижодкорларнинг адабиётимизга гуркираб кириб келишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Зомин семинари иш бошлаган биринчи куннинг ўзидаёқ беғубор тоғларнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб нафас олган, чеҳралари гул-гул ёнган ёшлар бир-бирлари билан танишиб, ижодий суҳбат қуриб катта мақсад йўлидаги азму қарорини намоён этишга ошиқар экан, уларни улкан гулхан атрофидаги қизғин суҳбат ва гўзал мушоира кутиб турарди. Мавжланиб оқаётган жўшқин Ўриклисой соҳилидаги пешлавҳаларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга доир даъватлари, ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг “Шундай ўлка доим бор бўлсин, Шундай ўлка элга ёр бўлсин!” каби гўзал мисралари ёзиб қўйилган. Юртбошимиз томонидан ўртага ташланган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” даъвати ёш истеъдодларнинг маърифий суҳбати ва мароқли мушоиранинг бош мавзусига айланди. Хоразму Андижондан, олис Сурхону Қорақалпоғистондан, Қашқадарёю Жиззахдан, гўзал Фарғонаю азим Тошкентдан Зомин тоғларига қадам қўйган ёш истеъдодлар ўқиган Ватан ва муҳаббат, она диёр ва улуғ аждодлардан ифтихор туйғуларига тўлиб-тошган шеърлар, айни чоғда Чўлпону Усмон Носир, Ҳамид Олимжону ўафур ўулом, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева сингари устозлар ижодидан илҳомланиб ўқилган шеърлар ҳам қизғин ижодий гурунглару мушоирага файзу тароват, бетакрор руҳ бағишлади. Ёш кўнгилларнинг ижодий гурунглари узоқ ­давом этиб, хушҳаво тоғлар ­булбуллар навосидан янада файзиёб бўлди.

Анжуманда Ижод фонди ҳомийлигида чоп этилган йигирма бир нафар ёш ижодкорнинг ўн тўққиз номдаги биринчи китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Семинарнинг барча иштирокчиларига Президентимизнинг совғалари топширилди.

Она замин қўйнини мусаффо эпкинларга тўлдирадиган дилбар саболар юксак тоғлар, асрий арчазорлар бағрида туғилгани каби беғубор Зомин тоғлари бағрида истеъдодини устозлар назаридан ўтказаётган ёш кўнгиллар ҳам бошқаларникига ўхшамайдиган ўз овози, бетакрор сози билан адабиётимизга янги нафас, янги ҳаво олиб кириб, буюк адибларимиз яратган улкан ижод боғини гулу гулзорларга буркайдилар, деб умид қиламиз.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan