Хуш келибсиз, навқирон авлод!

Шу йилнинг 5-7 июл кунлари Республика ёш ижодкорларининг
Зомин семинари бўлиб ўтади. Истиқлолимизнинг йигирма олти йиллик байрамига бағишланган ёшлик ва сурур намойиши, фахр ва ифтихор, адабиёт ва маърифат анжумани “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётгани билан ҳам ёшларимиз учун ғоят қадрли ва азиздир.

Ватанимизнинг эртаклардагидек гўзал ва бетакрор гўшаларидан бири Зомин тоғлари ва боғлари мамлакатимизда барчанинг диққатини ҳамиша ўзига оҳанрабодай тортиб турадиган файзиёб маскан ҳисобланади.

1997 йил, айни ҳозиргидек, июл ойи бошларида бу ерда, Ўриклисой мавзесида   Ўзбекистон ёш ижодкорларининг илк Зомин семинари иш бошлаган эди. Шуни айтиш жоизки, ўшанда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси моддий-техник базаси ночор аҳволда, бирон жойда шундай ижодий анжуман ўтказиш у ёқда турсин, ҳатто кимнидир ижодий сафарга йўллашга ҳам имкони йўқ пайтлар эди. Шундай бир вазиятда бундан йигирма йил аввал Жиззах вилоятида ҳоким бўлиб ишлаган, ҳозирда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев ёш ижодкорлар жонига оро кирди: салоҳиятли ёшлар келажагига катта ишонч билдириб, уларнинг эртасига умид боғлаб, адабиётни ва маънавиятни қўллаб-қувватлаш мақомини баланд тутиб, Ёзувчилар уюшмаси ижодий ниятини амалга оширишда кўмак қўлини чўзиб, Зомин семинарини муваффақиятли ўтказишда бош-қош бўлди. Бу адабиётга, демакки, маънавиятга катта эътиборнинг ёрқин намунаси эди. Бунинг учун ­Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевдан   беҳад миннатдор эканлигимизни изҳор этамиз.

“Зомин семинари” деган қутлуғ атама шу тариқа таомилга кирди ва ҳар йили бу анжуман ёш ижодкорларни ўз бағрига чорлайдиган бўлди. Бугунги кунда Зомин семинари мамлакатимиз ёш ижодкорларининг интиқ кутадиган, чанқоқлик билан интиладиган, ўқиб-ўрганадиган мактаби, уларни катта синовлардан ўтказадиган чинакам маҳорат майдонига айланди! Бу мактабда сабоқ олган ижодкорларимиз бугунги кунда адабиётимизнинг таниқли вакиллари бўлиб етишдилар ва адабиётимиз равнақи йўлида шижоат билан ижод қилмоқдалар.

Зомин семинари ёш ижодкорлар байрамидир. Бу йил 5-7 июл кунлари бўлиб ўтадиган семинарда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан етмишга яқин ёш ижодкор иштирок этади. Улар орасида адабиётнинг барча жанрларида қалам тебратаётган иқтидор эгалари — ёш шоирлар, адиблар, драматурглар, публицистлар, танқидчилар, таржимонлар бор. Семинар дастури тиғиз тузилган. Ҳар бир жанр бўйича таниқли адиблар раҳбарлик қиладиган ижодий гуруҳларда қатнашчиларнинг асарлари(қўлёзма тўплам шаклида) муҳокамалардан ўтади, ҳаётга йўлланма олади. Умид қиламизки, улар орасидан Қодирийлар, Чўлпонлар, Ойбеклар, Зулфиялар етишиб чиқади, Зомин семинарлари таассуротлари адабиётимизнинг ёрқин саҳифаларига айланади.

Бу йил семинар машғулотларида маҳорат масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган. Мавзу танлай билиш, ёритиш, сўз санъати сирларини англаш, сўз устида ишлаш, таҳрир ва, албатта, китоб мутолаасига бағишланган машғулотлар белгиланган. Бунда устоз ижодкорлар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб китоб мутолааси завқи ва маҳорат сирлари ҳақида ҳикоя қиладилар, саволларга жавоб берадилар. Ижодий баҳс­лар уюштирилади, қизиқарли мунозаралар бўлиб ўтади. Ростдан ҳам, “Ижод қилиш – ёзиш эмас, ўқишдир”.

Катта авлод билан кенжа авлод вакиллари ўртасида белгиланган учрашувлар ҳам қизиқарли ва сермазмун бўлиши кутилмоқда. Уларда мамлакатимизда олиб борилаётган илҳомбахш ислоҳотлар, янгиликлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан адабиётимизга, ёшларга бўлаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида сўз кетади, фикр алмашувлар, мулоҳазалар ўртага ташланади.

Семинар давомида уюштириладиган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган катта мушоирада турли авлод вакиллари — устоз адиблар, шоирлар, ёш ижодкорлар навбатма-навбат минбарга таклиф этилади ва ўз ижод намуналаридан ўқийдилар. Мухтасар айтганда, авлодлар мулоқотининг гувоҳига айланамиз.

Бугун Ўриклисойда шеър жаранглайди!

Хуш келибсиз, навқирон авлод! Сафимизни тўлдиргани адабиётимизга хуш келибсиз!

 

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

Халқ ёзувчиси

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan