Муҳаббат, яна муҳаббат…

Ўзбекистон рус академик драма театри ижодий жамоаси мухлисларини яна бир янги томоша билан хушнуд этди. Таниқли драматург Иван Вырыпаев асари асосидаги икки кўринишдан иборат мазкур спектаклни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Михаил Каминский саҳналаштирган. ­Муҳаббатни тараннум этувчи асарига муаллиф Шарқ файласуфи Кори ал-Музанининг қуйидаги сўзларини эпиграф қилиб олган: “Вақтдан мантиқ ахтариб овора бўлманг. Зеро, вақтда мантиқ йўқ. Вақт­ни мантиқий йўл билан тушунтиришга интилманг. Бундай қилиб бўлмайди. Фақат икки нарса бор: ­муҳаббат ва яна муҳаббат”. Асар қаҳрамонлари шу сўзларга доимо содиқ қоладилар. Асар муаллифига Михаил Рошиннинг ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ёзилган “Валентин ва Валентина” асари туртки берган. Лекин Вырыпаев қаҳрамонлари учта: Валентина, Катя, Валентин.

Бу уч қаҳрамон ёшлигидан бир-бирига муҳаббат қўйган. Ўз муҳаббатига, орзу-ниятига эришиш учун ҳар бири исталган тўсиқни енгишга қодир. Спектакл давомида улар билан ўн саккиз, қирқ ва олтмиш ёшларида учрашамиз.

Валентин ўн саккиз ёшида айрим сабабларга кўра Валентина билан эмас, Катя билан турмуш қуради. Лекин қалби, вужуди доимо Валентина билан. Режиссёр Михаил Каминский спектаклни метафора асосига қуради. Яъни томошабин икки ярим соат давомида бугунги кундан ўтмишга, ўтмишдан келажакка, келажакдан яна бугунга шўнғиб, қаҳрамонлар билан бирга яшайди.

Салкам ўн йил бурун мазкур газета саҳифаларида Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов рус драма театри саҳнасига буюк Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов ҳамда Наби Раҳимовнинг донишмандлик ва миллий театр ижрочилик мактабига хос хусусиятларни олиб кирганини эътироф этгандик. Бугунги спектаклда шу анъаналар ривожини кўрдик. Бу бебаҳо мерос, айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Марина Турпищева ва Ольга Володина ижросида яққол кўзга ташланди.

Саҳна асари Валентина(М.Турпищева)нинг истиғфори билан бошланади. Айтиш керакки, бу қаҳрамон асарнинг ички ҳароратини белгилаб туради. М.Турпищева икки актёрдан фарқли равишда Валентинанинг 18, 40 ва 60 ёшлардаги даврларини ўзи ижро этади ва ҳар сафар томошабин уни бенуқсон ижрода кўради.

Уй олдидаги ҳовлида сочилиб ётган кузги япроқлар (рассом Сергей Чернов) томошабинга илиқ кайфият бахш этиб туради. Шу асно Валентина (М.Турпищева) 60 ёшлик таваллуд кунини нишонлаётганини маълум қилиб, ҳикоясини бошлайди.

Назаримизда, М.Турпищева машаққатли изланиш жараёнларини бошдан кечирган. Чунки у яратган образ майда қимматбаҳо тошлардан тузилган маржонни эслатади. Шу сабабли актриса томошанинг бошидан охиригача томошабин кўз ўнгида олмосдек ярақлаб туради. Валентин ва Валентинанинг биринчи бўсаси, энг бахтли сониялар ва орзу-ниятлар… Ўз дугонаси Катя Валентинни муҳаббатига ишонтириб, ортидан эргаштириб кетиши… Йигирма йилдан сўнг, Валентиннинг ўлимидан олдин Валентина билан охирги учрашуви…

Актриса Валентинанинг ўтмиш ва келажагини, кеча ва бугунини шу қадар таъсирчан ижро этадики, томошабин беихтиёр унга ишонади, ҳамдард бўлади. М.Турпищеванинг пластикаси, хулқ-атвори, ҳис-туйғулари ифодаси, ҳатто сўзсиз ҳолатлари томошабин нигоҳини саҳнага михлаб қўяди. Актрисанинг маҳорати, унинг ички руҳияти чуқур драматизмга эга образ яратишига асос бўлган. Валентинанинг “Муҳаббат лоқайдликни хуш кўрмайди, унга эришиш учун борлиғинг, бор вужудинг билан курашмоғинг керак”, деган сўнгги сўзларини томошабин чуқур ҳаяжон билан тинглайди. Асар муаллифи ва режиссёр Валентина қиёфасини нозик, енгил талқинларда яратган бўлсалар, Катя образини кескин зиддиятлар жараёнида тасвирлайдилар. Актрисалар Василика Сидирова, Екатерина Белова ва Ольга Володина ижросидаги 18, 40 ҳамда 60 ёшли Катя ҳаёти ва турмушининг мазмун-моҳияти “ҳар бир куним муҳаббат ва ҳузур-ҳаловатда ўтсин”, деган шиор билан йўғрилган. В.Сидированинг 18 ёшли Катяси тоза қалб эгаси. Унинг Валентинга муҳаббати чақмоққа ўхшайди. Йигирма йил Валентин билан кечирган умрини ўрта ёшли Катя (Екатерина Белова) аста-секин одатий турмушга айлантириб қўяди. Бундан кейинчалик ўзи ҳам афсусланади.

Турмушни шунчаки кун ўтказишга айлантириш ва оқибатда яккаланиб қолиш фожиасини биз Ольга Володина талқинида кўрамиз. Ёш ва ўрта ёш Катя образининг оғир юки истеъдодли Володина зиммасига тушади. Актриса бу ҳолатни Валентина (М.Турпищева) билан мулоқот ва муносабатларда, кескин ва шиддатли тўқнашувларда муваффақият билан очиб беради. “Валентиннинг ўлими бизни бирлаштирди, сени уйимга олиб кириб, бир хонада сен билан йигирма йил яшаб, тунлари овоз чиқармасдан кўзёш қилиб, сенга — муҳаббатим ўғрисига юрагимнинг бир бурчагидан жой берганимга афсусланаман. Сени жуда ҳам ёмон кўраман”, деган сўзларни Катя (О.Володина) ортиқча ҳис-туйғуга берилмай, оддийгина айтади. Валентина Турпищева эса етишолмаган ёридан, орзу-ниятларидан айрилиб, йигирма йил бирга яшаган дугонаси — рақибидан бу сўзларни эшитгач, шунақанги алам-аччиқ билан инграйдики, зал бундан ларзага келади. Саҳна асарининг асосий мағзини очиб берувчи бу ҳолат воқеаларга нуқта қўйгандек бўлади.

Ўн саккиз ёшли Валентин образини Александир Попов, қирқ ёшлигини Максим Фадеев талқинида кўрамиз.

Томошабин Валентин билан спектаклнинг биринчи қисмида танишган бўлса ҳам, унинг ички олами, дарду ташвишларини иккинчи қисмда билиб олади. Валентин анчайин мураккаб образ. Йигирма йил Катя билан яшаган бўлса ҳам, Валентина билан ўтказган юлдузли оқшомларини, айниқса, сир-синоатга бой биринчи бўсасини ҳеч унутолмайди.

Спектаклнинг жамоатчилик кўригида иштирок этган ҳамкасбларимиз Муҳаббат Тўлахўжаева ва Шуҳрат Ризаев Максим Фадеев яратган Валентин образини фожеий деб баҳолаб, асарнинг бадиий-ғоявий, фалсафий ечими айнан шу шўрпешона инсон тақдири орқали узил-кесил ҳал бўлишини таъкидладилар. Бу фикрга қўшилган ҳолда, Максим Фадеев яратган Валентин образини ҳаракатдаги вулқон билан таққослагим келади. М.Фадеев моҳир ва ақлли актёр. У ўзининг ижрочилик куч-қудратини яхши билади ва бундан ўта оқилона фойдаланади. Унинг Валентини юқори пардаларда сўзламайди, лекин юрак тўфонлари кўзларида намоён бўлади. Салкам ярим умр Катя билан ҳаёт кечириб, катта инсоний қалбини, одамларга меҳр-муҳаббатини йўқотмайди. Лекин ўша сирли биринчи бўса аста-секин Валентин   (Фадеев) қалбини кемириб боради. Афсуски, ҳар қандай кенг қалб ҳам баъзан чидаш беролмай, портлаши мумкин…

Спектакл сўнгида муҳаббат ишқида ёнаётган учта катта қалб эгаси бир-бирларининг қўлларидан тутиб оппоқ булутлар томон учиб кетадилар.

Ҳар қандай спектаклда мутахассислар кўзига айрим камчиликлар ташланиши табиий ҳол. Лекин мазкур саҳна асарининг ютуқлари, театр ижодкорларининг меҳнати, изланишлари, ноёб топилмалари баъзи нуқсонлардан кўз юмишга ундайди. Театр раҳбари, режиссёр Бахтиёр Ҳамидов ва Михаил Каминскийга, жамоага янги ютуқлар тилаб қоламиз.

 

Аҳмаджон РАҲИМОВ,

санъатшунос

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan