Сўз ранглари

Сирожиддин Рауф “Йиғлаётган ой”, “Кўк гумбаз”, “Сиз менга кераксиз” шеърий тўпламлари, болаларга бағишланган “ўалати мусобақа” китоби, жаҳон шеъриятидан таржималари ва долзарб мавзудаги бадиий публицистик мақолалари билан танилган.

Шоир шеърларида ҳолатлар ва туйғуларнинг турфа рангларини, сўзларнинг хилма-хил маъноларини излаб топишга ҳаракат қилади.

Озодлик, мустақиллик соғинчи мавзусини Сирожиддин Рауф “Устоз Икром Отамуродга” номли шеърида тун, тўлғоқ, тонг тимсоллари орқали ифодалайди. “Сукунат кўксида кезади шовқин, Туркистон тунини тутмоқда тўлғоқ” сатрлари билан бошланган шеърда тазод санъатидан самарали фойдаланади шоир. “Т” товуши билан бошланувчи сўзлар аллетирацияси — бир хил товушларнинг такроридан ҳосил бўлган оҳанг уйғунлиги айни пайтда бир фикрни ўзгартирмай қатъий сақлаш, бир ҳолатни таъкидлаш маъносини ҳам ифодалайди. Тазод драматизм, қарама-қаршиликни кучайтиради. Тун — зулмат, эрксизлик, тонг — озодлик тимсолларидир. Лирик қаҳрамон тонгнинг, албатта, туғилишини ҳис этади.

Барибир тоғларнинг башорат сўзи

Тилидан тушмайди сира сабонинг:

“Тонг албат туғилар, доялик қилса,

Сайроқ тўрғайлари Қашқадарёнинг”.

Шеърда ҳар бир образга маънолар юкланган. Тоғ, сабо, тўрғай…

Бу сўзлар Сирожиддин Рауфнинг бадиий тасаввури тасвирига кўра ­Ватан, озодлик, шоир сўзларининг ­синоними бўлиб жа­ранг­лайди. Ватан тоғдек буюк, сабо ҳеч қачон елиб чарчамайди, у ҳеч қачон ҳеч кимга асир тушмайди, гулларнинг, гиёҳларнинг ифорларини таратиб тинимсиз куйлайверади. Шоирлар эса тўрғайлардир. Тўрғайлар Ватан осмонида парвоз қилиб, сайрайверадилар, шоирлар озодликни тараннум этаверадилар. Шоирлар озодликнинг туғилишига доялик қиладилар деган образли ибора тагидаги мазмун ниҳоятда гўзал ва жонли.

Шоир сўзнинг рангларини кашф этади. Шеър туйғунинг, хаёлнинг, фикрнинг рангларини ифодалайди. Сирожиддин Рауфнинг шеърларида сўзнинг таг маъноларига ишоралар, фикрнинг товланишларига мисоллар бор.

Майсани майсадек кўрдим мен,

Харсангни харсангдек, гилни гил.

Ёмғирни булутдан сўрдим мен…

Тангрим, кўрлигимни кечиргил!

Шоир маънавий сўқирликни, кўнгил кўзи кўрликни, ҳиссиётсизлик ва дилмаргликни назарда тутмоқда. Аслида майсалар, тошлар, тупроқ, ёмғир ва булутлар биз ўйлагандек шунчаки оддий нарсалар эмас. Улар Худонинг яратган мўъжизаларидир. Уларнинг ҳам жони бор. Улар ҳам гапирадилар, ўйлайдилар, юрадилар, севинадилар, қайғурадилар, ҳатто қарғайдилар ҳам.          Владимир Арсеневнинг “Дерсу Узала” номли машҳур романидаги бош қаҳрамоннинг фикрлашини эсланг. Айиқ ҳам одам, йўлбарс ҳам одам, балиқ ҳам одам, қўнғиз ҳам одам, юлдуз ҳам одам… Фақат одамларнинг эмас, ҳайвонлар, қушлар, ҳашоратлар, ўсимликлар, тошлар, ҳатто жонсиз нарсаларнинг ҳам руҳи бор. Улар ҳам одамдек гаплашади, фикрлайди, дардини айтади. Фақат ҳамма одамлар ҳам уларни тушунмайди.

Маҳмуд Кошғарий бобомизнинг табиат ҳақидаги лирик шеърларини эсланг: қиш ёз билан уришмоқчи бўлиб, бир-бирига қарши қўшин тузишади. Қор, муз, совуқ, лойгарчилик, очлик — қишнинг лашкарлари, ям-яшил майсалар, гуллар, мевалар, тўкин-сочинлик, ҳароратли қуёш — ёзнинг лашкарлари… Оқибатда ёвузлик тимсоли бўлган қишнинг устидан эзгулик тимсоли — баҳор ғолиб чиқади.

Ҳайрат ва ҳаяжон, тасаввур ва юрак билан ҳис этиш керак табиатни. Мана шу ҳақиқий шеърият. Бадиий адабиётда буни ифодалайдиган “ташхис”, “жонлантириш” деган тасвир воситалари бор. Умуман, шеъриятнинг ибтидоий вазифаси табиатга тақлид қилиш бўлган.

Американинг асил — ерли халқи уларнинг тупроғига келган истилочиларни беақл телбалар деб атаган ва бу гапни шундай изоҳлашган: улар бош мия билан фикр­лайдилар, аслида, соғлом инсон юрак билан фикрлаши зарур… Сирожиддин Рауфнинг юқоридаги сатрларида ана шундай ҳикматли сўзларга ҳамоҳанглик бор.

Тушунчанинг, фикрнинг номи — сўз. Дунёда инсон англаб етган жонли борлиқнинг, нарса ва ҳодисалар, ҳаракатлар, ҳолатлар сўз билан номланган. Демак, аввало, сўзнинг ўзи образ. Ана шу образни ўз ўрнида қўллашдан ташқари унинг воситасида янги образларнинг кашф этилишидан бадиий асарлар яралади.

Товушларнинг инсон руҳи, онгу шуурига сирли таъсири, сеҳру синоатини сўз ва оҳанг усталари бўлган шоирлар англашга, ҳис этишга ва ифодалашга интилишган. Товушлар уйғунлиги шеърда тасвирий тимсоллар суратларини чизади. Унли ва ундош товушларнинг сатрларда кетма-кет такрорланиши шамол, гулу гиёҳлар, қушлар ҳаракатини ифодалайди, овозини эшиттиради.

Сирожиддин Рауф ҳам товушлар сеҳрига маҳлиё бўлади, сатрларда оҳанглар композициясини, мусиқий шакллар суратларини, товушларнинг рангларини — маъноли бирикмаларни чизади, бир ўзакли сўзлардан ясалган, турли хил маъноларни ифодаловчи тажнисли бирикмаларнинг товланиши ўқувчи диққатини жалб этади: “Сипқораман тахайюл майин, Хаёлимга ҳаялламай кел”. “Тахайюл” — хаёлнинг кўплиги, кўп вақт хаёлга берилиб, анча муддатни ўтказиб юборган, вақтни беҳуда кеткизиб, бировни интизор қилган кишини шевада “ҳаяллаб қолди” дейишади. Энди лирик қаҳрамоннинг тахайюл майини сип­қоришини ва “хаёлимга ҳаялламай кел” деган сўзларининг маъносини бир тасаввур қилинг. Жуда нозик ва гўзал ҳис тасвирланган.

Сирожиддин Рауф кашф этган сифатнинг орттирма даражасининг янги формаси, сўз латофатига эътибор беринг:

Энг сара нигоҳинг менга бағишла,

Бир фахр кўксимда чечакдек унсин.

Қуйида тазод санъати маҳорат билан қўлланган:

Бир оташ соғинчдан

музлаб бораман.

Истиора санъатининг чиройли намунаси билан кўз ёши шундай тасвирланади:

Кўзимда шашқатор кўнглимнинг сели.

Қанотли сўзлар, ташбеҳлар, метафоралар, ташхислар устоз шоирлар ибораси билан айтганда, “увада камзулда биллур тугма”дек ярақлайди:

Бенаво ўтмагай дамларим энди

Сепкил юзларига термулиб туннинг.

Сен борки боқийдир умримнинг тонги,

Эй, кузда юз очган баҳорим менинг.

Ёки:

Чирқиллаб йўлингга интизор боқар

Умидим — ёлғизим, умидим — қушчам.

Сирожиддин Рауф муҳаббат бу дунёда инсонни камолотга элтувчи ягона қудратли куч, ҳаётда ягона нажот фариштаси, одамни ёвузликдан муҳаббат қутқаради, деган фикрни чиройли тасвирлайди. Шеърни ўқиб, шоир кашф этган сўзнинг рангларидан тасаввурингиз чарақлайди:

Қуршовдаги

довюрак жангчи

ўқдонида қолган

энг сўнгги ўқдек

менинг ҳаётимга кераксан,

Севги!

Сўзнинг ранглари, рангларнинг сўзи билан Ватан суратини чизишни ният қилиб қўлига қалам олган ­Сирожиддин Рауфнинг ижодий изланишларидан айрим мисолларни келтирдик, холос. Шоир инсон ҳис-туй­ғулари, орзу ва армонлари, эзгу тилаклари суратларини ҳам сўзларнинг рангидан фойдаланиб маҳорат билан чизади. Айни пайтда шоир ҳамон изланишдан, сўз рангларини излашдан тўхтаган эмас. Сўзнинг рангларини ҳис этиш, унинг суратларини чизиш шоирнинг бахти, уларни ўқиб, томоша қилиб завқланиш эса, китобхоннинг бахти.

 

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan