Енгилмас куч бўлсин

2

Барча орзуманд инсонлар қатори ҳаётимнинг энг ёруғ кунлари илк бор қўлимга китоб олиб ўқий бошлаган пайтим, деб ҳисоблайман. Яхши китоб кишини беминнат, бетаъма қилиб тарбиялаб боради. Ноёб инсоний фазилатлардан бири дид-фаросат бўлса, китоб шу ноёб гавҳарни боғбон каби парваришлайди.

Йигирма ёшимда ўқиган китоб­ларимни ўттиздан ошганда қайта ўқий бошладим. Онгу шууримда бутунлай янгича ҳис-туйғулар уйғонди. Чингиз Айтматов асарларини қайта-қайта ўқир эканман, китоб деган мўъжизани яна бир бор англаб етдим. Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини қирқ ёшда ўқиганимда теранроқ тушундим. Бу кичкина ҳаётий тажрибамдан англаганим шу бўлдики, назаримда, инсон 30 ёшдан ошгач ҳар куни нимадир ўқишни зарур эҳтиёж деб билмоғи лозим экан. Чунки китоб ўқимоқ ҳам тақдир насиб этадиган нурли, таъбир жоиз бўлса, соҳир лаҳзалардир. Китоб ўқиётган одам – сув ичаётган одам кабидир. Зотан, сув ичаётган одамни чалғитиб бўлмайди. Кўп ўқиган одамнинг қалб булоқлари очилади. Бу булоқлар авлоддан-авлодга ўтадиган маънавий бойлик, ҳеч тугамайдиган, кетмайдиган давлат. Инсоният яралганидан буён зиёга, маърифатга интилиб яшайди. Оламнинг барча эзгуликлари китоб аталмиш мўъжизавий куч атрофида айланади.

Китоб йиғиб уни ўқимайдиган ва ундаги фикрларни ҳаётига татбиқ этмайдиган, йиққан китоби билан мақтанишдан бошқа иш қўлидан келмайдиганларнинг ўзини маърифатли, деб юрганини ҳам кўрдим. Бундайлар ҳамма замонда бўлган. Қишлоғимиздан шаҳарга иш излаб кетган Салом ака йиллар ўтиб икки нафар фарзандли бўлгач, яна қишлоққа қайтиб келди. Отасидан қолган эски уйини таъмирлаб, кўчиб келганида биз болалар унинг китобларини ташишгандик. Ўшанда мен битта одамнинг шунча кўп китоби борлигини кўриб ҳайратга тушганман. Эрталаб мактабга кетаётганимда ҳам, келаётганимда ҳам деразасидан қарасам, у китоб ўқиб ўтирган бўлар эди…

Китобларни далага олиб кетардик. Адирга бормаган кунларда эса тушлик вақти, боғнинг тўридаги олма дарахти шохига ўтириб олиб китоб ўқийдиган бўлдим. Қайси асар эканлиги ёдимда йўқ, аммо қизиқ жойи келганда роса кулганман, момом: “Набирам китоб жинниси бўлиб қолди”, деб мени бағрига босиб, сув ичириб, оҳ-воҳ қилганлар.

Раҳматли отам менга янги китоб олиб келиш учун вақт топиб, Нарпайдан Самарқандга борар эди. У пайтлар Нарпай билан Самарқанднинг ораси жуда олис эди… Балки отам ўшанда зар дўппилар, ҳар хил ширинликлар ҳам келтиргандир, аммо кўзим фақат китобларга тушар эди. Хотирамда қолгани ҳам китоблар бўлди.

Истиқлол шарофати билан миллий қадриятларимизга эътибор ошди. Бугунги ўзбек китобхони нимани ўқиш кераклигини англаб бормоқда. Энг муҳими, ёшларимиз зарарли китобдан, турли маънисиз битиклардан ҳимояланган. Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармони ижод аҳлини беҳад руҳлантирди. Китобхонлик маданияти — миллий маданиятимизнинг энг нодир кўринишидирки, бу эзгу ишга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Юртбошимиз Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари   билан танишиш чоғида Юнусобод туманида жойлашган Увайсий номидаги маҳалла аҳли билан учрашиб, китобхонлик ва унинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни ҳақида кўп маслаҳатлар берганида юрагимдан шундай туйғулар кечди: ўз замонаси зулмидан чеккан нолалари, кўз ёшлари ғазалларида маржондек тизилган Увайсийнинг руҳи шод бўлди. Ҳа, одамзод яшар экан, қалби нурланиб турмоғи шарт. Бу нур китобдадир. Китобга эгилайлик, китобни тавоф этайлик. Болаларимизга китоб совға қилайлик!

Осмонларда юрганлар,

Кўшку сарой қурганлар,

Не берай, деб турганлар,

Болага китоб беринг!

Бола оққуш, оқ каптар,

Дунёлардан бехабар,

Ёвузлик топмай хабар,

Болага китоб беринг!

Кўзи очиқ, кўрмасдан,

Шайтон йўлдан урмасдан,

Отадан юз бурмасдан,

Болага китоб беринг!

“Лисон ут-тайир”ларим,

Юракка сайрларим —

Денгизим, наҳрларим —

Болага китоб беринг!

Кескир қилич бўлсин у,

Китобга ўч бўлсин у,

Енгилмас куч бўлсин у,

Болага китоб беринг!

 

Зулфия МЎМИНОВА,

шоира

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here