- Ижтимоий ҳаёт

“Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим”

Ҳақиқий шоир, аввало, шеърнинг руҳини янгилаши ва тилнинг табиатига таъсир кўрсата олиши керак. Бу дегани “достон”га “бўстон”ни   қофия қилманг дегани эмас. “Баҳор”га “наҳор”ни ҳам бемалол қофия қилавериш мумкин. Агар шеърнинг руҳи янгиланса, қофияларнинг табиати ҳам янгиланади, улар ўз-ўзидан янги сифат босқичига кўтарилади. Йўқса, бу қофиялар чайналавериб ўлик сўзларга айланади. Ҳалима опа ўз овози билан ўзбек шеърининг руҳини янгилаган забардаст шоирларимиздан. Шеъриятда “овоз” дегани жуда кенг қамровли тушунча. Ўзбек адабиётида Ҳалима Худойбердиеванинг овози янграй бошлаганига 50 йилдан ошди. Унинг биринчи китоби “Илк муҳаббат” 1968 йилда чиққан.

Ўтган йиллар мобайнида Ҳалима опанинг шеърлари ўзбек аёлининг мардонавор овози каби жаранглаб турди. Бу шеърларда биз муштипар оналаримизнинг юрак уришларини сезганмиз, опа-сингилларимизнинг меҳр-оқибатга тўлиқ беғубор туйғуларини, уларнинг орзу-армонларини, изтироблари, қувонч ва ташвишларини ҳис этганмиз. Бир сўз билан айтганда, ўзбек аёлининг қалбини ўрганаман, ўзбек аёлининг қалби билан танишаман деган одам Ҳалима опанинг шеърлари билан таниш бўлиши зарур.

Ҳалима опага яна бир шараф ёрлиғи ато қилинганки, бу   ҳам ҳаммага насиб этавермайди. Гап шундаки, баъзан ҳамма яхши кўрадиган шоирни адабиёт яхши кўрмаслиги мумкин. Ҳалима опани Адабиётнинг ўзи яхши кўради, уни собит, мустаҳкам, фидойи ва заҳматкаш қизи сифатида эъзозлайди. Чунки у адабиётга нафақат садоқат билан, шу билан бирга буюк муҳаббат билан хизмат қилди. У ҳар қандай вазиятда адабиёт руҳи билан нафас олди, адабиётнинг мустаҳкам мезонлари билан яшади.

Бир пайтлар Зулфия опа “Юрагида аланга бор шоира” деб таъриф берганида Ҳалима опа ҳали мактабда ўқиб юрган муштдай қизалоқ бўлган. Мана, орадан ярим асрдан зиёд вақт ўтди. Қарангки, ўша аланга, ўша шижоат тобора кучайса кучайиб бордики, лекин сусаймади, ҳамон унинг қалбида шу ўт гуриллаб турибди. Зеро, бу алангани Худонинг ўзи берган. Ҳалима опанинг:

 

Салом, дедим ёнмоққа,

Салом, гуриллаган ўт! –

 

деган сатри ҳам шунга ишора. Ҳалима опа бирор сатрини ҳам шунчакига ёзмаган. Шунчаки, эрмак учун ёзишни ор билган, сўзбозликдан номус қилган. Бу ижодий интизом эса унинг ҳар бир шеърига ҳаёт ва ҳақиқат руҳини олиб кирган. Шунинг учун шоир бўламан деб қўлига қалам олган ҳар бир одам, хусусан, сўз юкини зиммасига олаётган ҳар бир ёш ижодкор Ҳалима опанинг қуйидаги сатрларини ўзига шиор қилиб олса арзийди:

 

Шунчаки ёзмоқ-чи, кўнгил тўлмайди,

Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.

Шунчаки ёзмоққа чидаб бўлмайди,

Шунчаки ёзмоқ бу – шоирга ўлим.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Бу ҳодиса адабиётимизнинг катта байрамига айланиб кетди.

Муборак кунларингиз муборак бўлсин, азиз Ҳалима опа!

Эшқобил ШУКУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan