- Назм ва наср

Ватан деб шивирлар кафтларим менинг

ЮРТ МАНЗАРАЛАРИ

Паришон шаҳарлар, ҳуркак овуллар,

Донишманд саҳролар, жўмард дарёлар,

Елкасин қор босган — ғурур-ла турган

Бобом кўзин кўрган эй, азим тоғлар…

 

Сочлари шамолда кўкни супурган,

Онамдай мунтазир тургувчи боғлар.

“Ҳаёт келаётир!” — хушхабар олиб

Шул боғлар пойига чопган ирмоқлар…

 

Бойчечакнинг тилло пиёласида

Ҳамаллар — амаллар, эриган қорлар.

ўолиб баҳодирнинг вазмин кифтида

Қизғалдоқ кўтарган мастон баҳорлар…

 

Оламга хирмонин устидан боққан,

Қўллари қадоқлар, оташин ёзлар.

Сахо бул тупроққа хайру хўш айта

“Баҳоргача…” дея бўлган парвозлар…

 

Шамол эркаланиб қолгани келган,

Офтоб тафт олгани ҳар кун ўтгувчи.

Ҳилол кўз узолмай, оз-оз ейилган,

Фасллар тез келиб, аранг кетгувчи…

 

Кўчалар, орзулар, хаёл, ташвишлар,

Рўзғорлар, ўтбоши, тотли кулгулар.

Автолар, сигналлар, даъватлар, ишлар,

Эртага ҳам давом этгич бугунлар…

 

Эринчоқ ё сергак тонглар, саволлар,

Кундузлар, асаблар, ёйиқ оқшомлар,

Ёмғирлар, соябон тутган қадамлар,

Ҳаёт томирида чопган одамлар…

 

Ана шу манзилдан ёниб ўтаман,

Ёғоч тулпорда ҳам севиб кетаман,

Бу меники дейман, ғурур этаман,

Ўғлимнинг, қизимнинг қўлин тутаман,

Ватан деб шивирлар кафтларим менинг,

Шундай тўлиб борар дафтарим менинг.

 

АҚЛ, СЕН БОРСАНКИ…

Манзура келганди, онам шод эди,

Бошқоронғу эди бизнинг Шоҳиста.

Руҳим қирларига турналар қўниб,

Сузиб кетардилар оҳиста…

 

Онамнинг қувончи жудаям қиммат,

Жуда осон эди ғусса ташрифи.

Манзуржон, бир даста гулдай келдинг-а…

Оғангнинг бундан соз йўқдир таърифи.

 

Манзура кенжамиз, эркароқ эди,

Унинг уч ўғлини овлади сайёд.

Кўнглига боқмадинг, кўзига боқмадинг,

Бунча қўлинг қаттиқ, отажон, Ҳаёт!

 

Кейин онам кетди… тўйга кетгандай,

Манзура кўнмади — йиғлоқ бўп қолди.

Унинг анор сувли жомдай кўнглига

Худойим барибир сабр ҳам солди.

 

Ҳа, шул-да, кўнмоқ-ку, бандадан талаб,

Не-не баҳоналар қилиб кўрмадим.

Бизларни Оллоҳдан олганди тилаб,

Айтган томонига сира юрмадим.

 

Ҳа, шул-да, юпанчим — таскинни топдим,

Йиғлатганин ўзи юпатди охир.

Қўноғидан қочган қулундай чопдим,

Бунчалар ширин бу! Воҳ, бунча талхдир.

 

Сен борсан, баҳорга ишонаман-да,

Сен борсан, кузакнинг тилин топурман.

Онам, синглим, қизим ва яна сен ҳам,

Келинглар, меҳримдан нонлар ёпурман.

 

Аёл, мен қошингда мангу гўдакман,

Шаррор қўшиқ бўлиб юрибман, мана.

Аёл, сен борсанки, ғамлардан кулиб,

Шоирлар қилурлар зебо тантана.

 

…Ердан бошқасида сув йўқ демишлар.

Қақраган кўнглимга оққувчи зилол.

Инсонга меҳр-ла қўл чўзган Тангрим,

Ўша азиз қўлнинг бир номи аёл.

Аёл, мен қошингда мангу гўдакман…

                                                    

ХИРМОНЛАРИМ

Деҳқон елкасига ўхшаган қирлар,

Деҳқон кафтларидай очилган чаноқ,

Эй, сиз бу оламда хирмони борлар,

Эй, сиз бу оламга бергани кўпроқ.

 

Эй, сиз манглайидан ёноқларига,

Менинг умрим каби терлари чопган.

Эй, сиз бошоқлари сутга тўлганда,

Азиз пешонасин уфқлар ўпган.

 

Эй, сиз кечаларин Хизр айланиб,

Денгиздай чайқалган далаларим-эй!

Милёнта садоқни шай тутган сарбоз,

Эй, менинг бешикаст қалъаларим-эй!

 

Бир елкада кетмон, бирига эса

Саратон офтобин тарвуздай қўйган.

Эй, тонгдан шом сари кетаётганда

Кенгиш майдонларда бир ҳордиқ туйган.

 

Кунларни умридан буғдойдай сочса,

Орзуси дон терган, ўзи шон терган.

Менинг шоир кўнглим сояга қочса,

Ариқда нонларин ивитиб берган.

 

Эй, сиз “ҳаййо-ҳуйт” деб, тут беланчакда,

Ўзингиз айтгансиз аллаларимни.

Дунё чумчуқларин юрагин ёрай,

Шеър айтиб қўриқлай далаларингни.

 

Қўйнимдан тўкилса, қўнжимга дея,

Тўнин этагида бунёд этган чош.

Хирмони тоғ бўлиб, сўнг шу қирлардан

Ўзга манзилларга йўл олар қуёш.

 

Оламда мусаввир, машшоқ халқлар бор,

Эллар томошага навбатда турган.

Аммо! Ўзбек деган буюк деҳқон бор,

Ўзбек эса доим хирмон кўтарган.

 

МАТАЛ

Ой — қўзисин йўқотган чўпон,

Маъраб кўрар нурлари билан.

Қўзичоғи менинг гул кўнглим,

Ачомлашар тушларим билан.

 

Ой — от миниб келаётган чўпон,

Қор оралаб йўртар йўрғаси.

Аёз — бўри, увуллар, аммо

Маърамайди тоғлар жилғаси.

Қўра олис — уфқ ортида,

Чўпон дилгир, оти ҳориган.

Менинг эса бошимни силар,

Дудуқ отам, кафти терлаган.

 

Сандалгами кўксини бериб,

Матал сўйлар отам қўллари.

Бош бармоғи — тўнғич баҳодир,

Хазинага элтар йўллари…

 

Қорачироқ — қушуйқу онам,

Қора тунни қордай курайди.

Тушларимнинг ташқарисида,

Бир қўзичоқ ожиз маърайди.

 

Самовотда ёлғиз, салт отлиқ,

Ва мингларча жондор кўзлари.

Гоҳ баъзиси ўтади учиб,

Кўкни бир зум тилар излари.

 

От дупури, сергакдир отам,

Уйдан чиқиб тунга киради.

Дўқиллатиб этикларини

Уй сиртига томон юради.

 

Елкасидан қорни тушириб,

Сўнг киришар отам ва чўпон.

Қўлларида митти қўзичоқ,

Вой, кўзлари қоп-қора маржон.

 

Тушларимда баҳор бошланар,

Дикир-дикир ўтлар қўзичоқ,

Аёз, жондор, бойчечак ҳақда,

Отам, чўпон ва қорачироқ,

Суҳбатлари баҳордай узоқ.

Шодмонқул САЛОМ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan