БИРОР ЖАМИЯТ ВА МИЛЛАТ ЎЗ ПЕДАГОГИКАСИДАН ЮКСАК БЎЛОЛМАЙДИ

315

Педагогика фанлари доктори, профессор, адабиётшунос олим Қозоқбой ЙЎЛДОШ билан суҳбат

Бир қарасангиз, адабиёт қўллаб-қувватланаётгандек, бир қарасангиз, эътиборсиз қолаётгандек туюлади…

– Кишини ўйлашга мажбур қиладиган гап айтдингиз. Ҳозир “адабиётга эътибор” деган тушунча ғоят кенг қамров касб этгани, ҳаётга кўчаётгани, амалий ифодасини топаётгани ва ёш ижодкорлардан тортиб кекса ёшдаги адибларгача бу эътибордан баҳоли қуд­рат баҳраманд бўлаётганини кўриб турибмиз. Лекин адабиётнинг энг муҳим ва қудратли эътибор бергувчиси, қўллаб-қувватловчиси ўқирман бўлиши керак, деб ўйлайман. Бу қўллаб-қувватлаш янги нашр этилаётган бадиий китобларни сотиб олиш, ўқиш, уқиш ва уққанларини ўз ҳаётига татбиқ этишда кўринади. Халқи томонидан ўқилиб, муносабат билдирилаётган адабиёт чинакамига қўллаб-қувватланаётган адабиёт бўлади. Одамлар ўқимаса, ундай адабиётни қўллаб-қувватлаш билан узоққа олиб бориб бўлмайди. Биз ҳозир бадиий асар ўқимаган одамлардан ёзғиряпмиз. Лекин уларда китоб ўқишга ички эҳтиёж уйғотишнинг йўлини тополганимиз йўқ. Одамларга китоб керак бўлса, топиб ўқийди. Бир вақтлар китоблар талаш бўларди, уни олишга узундан-узоқ навбатга туриларди, ёзилиб, пулини тўлаб қўйиб ойлаб кутиларди. Энди ўқиш керак бўлмаётгандирки, уйига олиб бориб берилса ҳам ўқимаяпти. Ёки китоб ўқигани учун тақдирланишини кут­япти. Бу жуда ғалати ҳолат…

Лекин умидсизликка ўрин йўқ. Кузатишимча, миллатдошларимиз секин-аста китобга қайтаяпти, бадиий асар ўқишга тутинишмоқда. Тўғри, кўп йиллар аввалгидек қарқин(суръат)да эмас, аммо орада муайян муддат ҳукм сурган ўлик мавсум босиб ўтилгандай, гўё. Бу борада китоб ўқишни кўпайтириш, китобхонлик маданиятини ошириш борасида ҳукумат миқёсида амалга оширилган изчил тарғибот ҳам улкан аҳамият касб этганидан кўз юмиб бўлмайди.

Энди адабиёт ривожига ҳукумат даражасидаги эътибор масаласига келсак, биласизки, оламдаги ҳар қандай нарса-ҳодисага муносабат азалдан ҳар кимда ҳар хил бўлиб келган. Фридрих Нитцшенинг: “Очунда менинг тасаввурларимдан ўзга нарса йўқ”, дегани бежизга эмас. Шу маънода адабиётга эътибор турли кишиларга турлича кўринаётгани ҳам табиий. Баҳраманд бўлаётганлар учун бу эътибор чиндан ҳам бор, ундан четда қолаётганлар учун эса, табиийки, йўқ. Эътибордан ташқарида қолаётган кишини бошқа бировнинг эътибор кўраётгани қониқтирмаслиги бор гап. Барчанинг кўнглини бирдай олиш эса имкондан ташқаридаги юмуш. Холисона айтганда, адабиётга, айниқса, адабиётчиларга кўрсатилаётган эътибор ортиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Лекин бу эътибордан қандай фойдаланилаётгани бошқа масала. Шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар шу катта эътиборга яраша асарлар тақдим этишмаяпти, дейиш ҳам инсофдан бўлмас. Воқеа бўладиган яхши асарлар яратилмоқда. Миллат ҳаётидаги муҳим ҳодисаларни одамлар руҳияти призмасидан ўтказиб тасвирлаш тажрибаси юзага келди. Тарих ва бугуннинг ҳодисаларига янгича назар, мумтоз адабий анъаналар ва чет эл адабиётидаги илғор тажрибалардан ижодий фойдаланишга уриниш кучайди.

– Сиз адабиётнинг жамиятдаги бугунги ўрни ва аҳамиятини қандай белгилаган бўлардингиз, аслида адабиёт жамиятда қандай мавқеда, нимадан олдин, нимадан кейин бўлиши керак?

– Инсоният ўз тараққиётининг шундай босқичига келдики, эндиликда уни фақат тафаккур ва маънавий етукликкина чинакам қудратли қила олади. Тафаккур тоза руҳиятга эш бўлгандагина эзгулик касб этади. Тоза руҳият эса ўзгаларни англаш, туйиш, яъни эмпатия  орқали юзага келади. Ўзгаларни туймоқ ва англамоқ хусусияти одамда бадиий адабиёт воситасидагина шакллантирилиши мумкин. Адабиётнинг жамият ҳаётида қайси ўринда туришини мана шу ҳолат белгилайди. Яъни миллат маънавиятининг қандайлиги кўп жиҳатдан айнан бадиий адабиётга боғлиқ.

Менинг назаримда, бадиий адабиётга оммани мавсумий тадбирлар орқали қизиқтириб бўлмайди. Кишида маънавий юксалишга ички эҳтиёж бўлганда кўркам адабиётга зарурат туяди. Ички эҳтиёж эса одамда ўз шахсига ҳурмат ва эътибор пайдо бўлганда юзага келади. Ҳозирча бизнинг жамиятда моддий эҳтиёжларни қондиришга интилиш устувор, кун келиб маънавий-руҳий эҳтиёжлар олд планга чиқади, деб ўйлайман. Чунки моддий эҳтиёжлар қондирилгач, табиий равишда, одамда маънавий юксалишга, руҳий тозаришга, сезимлар ингичкалигига интилиш пайдо бўлади.

– Сиз кўп йиллар мобайнида ўрта мактаблар учун ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини тайёрлаш амалиёти билан шуғуллангансиз. Айтинг-чи, бугунги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси қандай бўлиши ёки қандай бўлмаслиги керак?

– Ижтимоий ҳаётнинг бир ҳақиқати бор: бирор жамият ва миллат ўз педагогикасидан юксак бўлолмайди. Чунки миллат ва жамият педагогиканинг меваларидир. Меванинг қандайлиги эса оғочига боғлиқ. Шунинг учун ҳам ўқитувчи миллат тақдирини ҳал қилувчи сиймо ҳисобланади. Бугунги филолог ўқитувчи кўркам адабиётни севадиган, асл бадиий асарни шунчаки яратилган битиклардан фарқлайдиган, адабиётнинг қонуниятларидан хабардор, адабий жараёндаги етакчи тамойилларни биладиган, кўркам сўзнинг жозибасини ҳис қиладиган, тинимсиз ўқиб борадиган, энг муҳими, болаларни яхши кўрадиган мутахассис бўлиши керак. Адабиёт сабоқлари зинҳор тест топшириқларини бажариш ёки қандайдир бошқа ўткинчи мақсадларга хизмат қилдирилмаслиги керак. Адабиёт дарслари руҳият ва кўнгил сабоқлари бўлиши, ўқувчиларнинг туйғуларини нозиклаштириш, уларнинг ингичка сезимларни илғайдиган, хаёлотининг парвози баланд, эркин фикрлайдиган шахслар бўлишига қаратилгандагина кутилган самарани беради.

Тил ва адабиёт ўқитувчиларининг қандай бўлмаслиги ҳақидаги сўровингизга эса улар ҳозиргидай бўлмасликлари керак, деб жавоб бериш мумкин. Кўпинча жамиятда ўқитувчининг обрўсини ошириш керак, деганга ўхшаш гаплар юради. Бирор-бир мутахассиснинг ойлигини ошириш, мукофотларини кўпайтириш, имтиёзларини орттириш мумкиндир, лекин обрўсини ошириб бўлмайди. Обрў, қандай касбдалигидан қатъи назар, ҳар бир одамнинг ўзи томонидан қозонилади.

– Бир қоида бор: ўқитувчининг ўзи ўқиган бўлиши керак. Шундай экан, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари қандай ўқитилиши, қандай тайёр­ла­ни­ши лозим, деб ҳисоб­лайсиз?

– Ўқитувчининг ўқимай қўйиши – ҳеч нарса билан изоҳлаб ҳам, тушунтириб ҳам, оқлаб ҳам, кечириб ҳам бўлмайдиган ҳолат. Афсуски, бу ҳолат бугунги кунда жуда кенг ёйилиб, одат тусига кириб қоляпти. Тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлишга интилган талабгорлар, менингча, албатта, оғзаки имтиҳон топширишлари керак. Бу имтиҳон талабгорнинг билимидан ташқари, бўлажак ўқитувчининг кўриниши, нутқининг нуқсонсизлиги, болага муносабати сингари жиҳатларни баҳолашни ҳам ўз ичига олиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, олий мактабда талабанинг бўлажак мутахассислигига бевосита тегишли бўлмаган фанларга мутлақо вақт сарфланмаслиги, ихтисослик фанлари эса жуда чуқур ўқитилиши зарур.

– Сиз таълим масканларида адабиёт фанини ўқитиш бў­йича дарслик яратган олимсиз. Ахборот ва фикр ҳаракати тобора тезлашиб бораётган бугунги кунда адабиёт дарсликлари қандай бўлиши керак?

– Адабиёт дарсликлари ўқувчиларни бадиий асар юзасидан мустақил фикрлашга йўналтирадиган бўлиши керак. Дарслик муаллифлари адабий таълимнинг барча босқичларидаги дарслик­ларда ўргатилаётган бадиий асарни таҳлил қилишга қаратилган мақола ёзмасликлари, бадиий матн ўқувчилар томонидан мус­тақил идрок этилиб, ундан мустақил хулоса чиқаришга йўналтирилиши зарур. Бунинг учун дарсликдаги савол-топшириқлар асар воқеаларини эслатишга эмас, балки матн моҳиятини англашга, бадиий сўз жозибасини туйишга қаратилган концептуал характерга эга бўлиши зарур. Бир вақтлар битта шундай дарслик яратилган эди. Мавжуд қолиплардан чиқа олмайдиган айрим кимсаларнинг дарслик бундай бўлмаслиги керак, тарзидаги иддаоси сабаб ундан воз кечилди.

Мактаб “Адабиёт” дарсликларига адиб эмас, асар танланиши керак. Негаки, мактаб адабиёт дарсликлари филолог мутахассис тайёрлашга эмас, маънавияти етук инсон тарбиялашга қаратилади. Шунинг учун ҳам бадиий асарлар орасидан муайян ёшдаги ўқувчиларда муайян маънавий сифатларни шакллантиришга хизмат қиладиган асарларгина дарсликка киритилиши зарур. Дарсликка олинган асарнинг бадиий ҳамда тарбиявий хусусиятларга эгалиги устувор аҳамият касб этади. Ҳатто ўқувчиларда муайян эзгу, ахлоқий сифатларни шакллантиришга хизмат қиладиган биргина асар ёзган адибнинг ўша битиги ҳам дарсликдан ўрин олишга ҳақли. Асарининг дарсликдан жой олиши ижодкор учун имтиёз ҳам, унинг адабий мавқеини билдирадиган кўрсаткич ҳам эмас. У тамомила ўзига хос педагогик юмушдир.

Яна бир мулоҳаза: мамлакат мактабларида турли дастурлар асосида яратилган турли вариантдаги “Адабиёт” дарсликлари бўлиши керак. Шунингдек, турли синфлардаги дарсликларнинг турли муаллифлар эмас, балки барча синфлар учун синовлардан ўтган ишончли бир муаллиф ёки битта муаллифлар гуруҳи томонидан яратилишини йўлга қўйиш зарур. Бунда бир хил ёндашув бўлишига эришилади, дарсликни ўзлаштириш осонлашади.

– Ижодий соҳаларга ҳам кириш имтиҳонларининг тест­лаш­ти­рил­гани тўғри деб ўйлайсизми?

– Шахсий манфаатнинг аралашуви ҳар қандай гўзал ниятни йўққа чиқариб, ярамас ҳолатга келтириши мумкин. Шу боис ҳозирча тестни керакли тадбир сифатида қабул қилишга мажбурмиз. Лекин юқорида айтилганидек, ижодий соҳаларда истеъдод даражасини аниқлашга доир қўшимча синовлар киритилиши лозим. Бундай қўшимча синовларда талабгорнинг фақат билими эмас, балки муайян касбга жисмоний-маънавий жиҳатдан мос келиши ҳам кўзда тутилиши зарур.

– Адабий танқидчиликнинг бугунги ҳолати бўйича нималар дея оласиз? Балки бора-бора – китобхоннинг бадиий диди, тафаккури юксалгани сари, эҳтимол, адабиётшуносликнинг адабий танқидчилик соҳаси керак бўлмай қолар?

– Адабий синчиликнинг бугунги ҳолати мақтанарли эмас, аммо кўзёш тўкадиган даражада хароб дейиш ҳам инсофдан бўлмайди. Миллий адабиёт тараққиётининг шиддати олдида синчилик бир қадар сустлик қилаётгани, олдинги даврлардагидай тезкор бўлолмаётгани бор гап. Лекин синчиларимизнинг бадиий асарга ёндашиш, ундаги ютуқ ва етишмовчиликларни илғаш ҳамда кўрсатиш борасида салафларидан бир қадар илдамлаб кетгани ҳам чин. Инсоф билан айтганда, ўзбек синчилигининг мавжуд бўлиб турганининг ўзи таҳсинга лойиқ. Бугунги синчи на шуҳратга, на моддий ва маънавий рағбатга эга бўлмагани ҳолда фаолият кўрсатаётирки, бунинг учун уларга раҳмат дейиш лозим. Тирик вужуднинг мавжуд бўлиши учун озиқ кераклиги маълум. Синчиликни озиқлантирадиган бирор манба йўқ-ку жамиятимизда. Дейлик, сиз берган саволларга жавоб бериш учун мен яқин бир ой вақт сарфладим. Лекин газетангиз мени нима билан рағбатлантиради?

Синчиликнинг керак бўлмай қолишига эса ишонмайман. Чунки ёзарман билан ўқирман ўртасида ҳамиша бир воситачи бўлиши лозим. Жамиятнинг тафаккури қанчалик юксалмасин, ижодкорнинг эстетик қарашлари жамият аъзоларининг барчасига ҳам тушунарли бўлавермайди. Бизнинг бугунги жамиятнинг бадиий савиясини-ку асло юксак деб бўлмайди. Юксак фикр ва нозик туйғулар доимо илмий изоҳга муҳтож бўлади. Яхши битикнинг яхшилигини таъминлаган омиллар, ёмон битикнинг ёмонлиги сабаблари илмий изоҳланиши керак. Лекин бундан буён синчиликнинг фикри ўқирманлар учун ҳукм бўлолмаслиги аниқ. Чунки миллат борган сари  ўз диди ва фикрига эга шахслардан иборат бўлиб бормоқда. Шу сабаб эндиликда оммавий шуҳрат қозонадиган асарлар яратилишига унчалик ишонмайман.

– Адабий танқид – янги ғоя, янги фикр дегани. Ҳозирги кунда ана шу янги ғоя, янги фикр яратилаётган бадиий асарларнинг олдида эмас, ортидан бораётгандек туюлади. Нега шундай?

– Адабий синчилик – йўл кўрсатувчи эмас, балки саралаб, баҳолайдиган ҳодиса. Ижодкорга йўл кўрсатишдан зарарлироқ тутум йўқ асли. Унга халақит бермасликнинг ўзи – етарли. Йўлини ўзи топа билгани учун ҳам у ижодкор шахс ҳисобланади. Саралаш ва баҳолаш учун эса олдин сараланадиган ва баҳоланадиган нарса-ҳодиса мавжуд бўлиши керак. Шунинг учун синчиликнинг бадиий асарлар ортида бораётганидан эмас, адабий жараёндан орқада қолиб кетаётганидан нолинган маъқул.

– Адабиётимизда, кўпчилик хоҳлаганидек, замон қаҳрамони сиймоси яратилмаётганининг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Замон қаҳрамони нега керак ўзи?

– Бир замонлар жаноб Лермонтов киноя билан яшашдан та­йин­ли мақсади йўқ Печорин сиймоси бош қаҳрамон қилиб тас­вирланган асарини “Замонамиз қаҳрамони”, деб номлаган эди. Адиб нега яшаётганини билмайдиган кимсани замон қаҳрамони, дея киноя қилганди. Кинояни унчалик ҳам англайвермайдиган коммунистик мафкура буни жиддий адабий талабга айлантирганди. Муайян замонда яшаган одамларнинг хусусиятларини ўзида жамлаган битта адабий қаҳрамон бўлиши мумкинлиги ва кераклигига ишонмайман. Адабий қаҳрамонлар бетакрорлиги, фақат ўзига хос шахсиятга эгалиги билан қимматли. Барчасини битта одамда ифодалаш мумкин бўлган жамият жуда ачинарли кўринади менга. Ҳар қандай жамият ва миллат бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган ҳар хил шахслардан иборат экани билан гўзал ва қимматли. Шу сабаб адабиётдан йўқ ва бўлмайдиган замон қаҳрамонини кутиш керак эмас, деб ҳисоблайман.

– Сизнингча, XX ва XXI асрларда миллий адабиётимизда яратилган қайси асарлар кейинги юзйилликларда ҳам ўқилади?

– Бундай асарлар саноғини келтиришни газетангиз ҳажми кўтармайди, деб ўйлайман. Саводли ўқирман бугун роҳатланиб ўқийдиган ҳамда унинг туйғуларига таъсир кўрсатадиган барча асарлар кейинги юзйилликларда ҳам ўқилиши керак ва мумкин. Лекин урпоқларимиз бунга вақт ва истак топа олишармикин?

– Жамиятда китобхонликнинг ўлчов ва меъёри борми? Китоб ўқишдан келадиган маънавий озуқани берадиган манбалар тўхтовсиз  кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда замон ёшларининг китобхонлиги қай даражада бўлиши лозим, деб ҳисоблайсиз?

– Эндиликда ўқимасдан юксалиб бўлмаслиги – исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Фикран ва руҳан юксалишни истаган миллат бадиий асар ўқишга юз бурмаслиги мумкин эмас. Сиз айт­ган ўша тўхтовсиз кўпайиб бораётган манбалардан ҳам инсоннинг ақли ва маънавиятини юксалтирадиган нарсаларни танлаб ўқий билиш лозим бўлади. Ҳозирги ёшларнинг қандайдир танловда ютиб чиқиб, бир нарсали бўлиб қолиш учун эмас, балки завқ олиб, роҳатланиш учун китоб ўқийдиган вақти узоқ эмас, деб умид қиламан. Жамиятимизда ўқирманлик даражаси юксалгани сари жуда кўп маиший-ташкилий муаммолар ўз-ўзидан барҳам топиб кетади. Негаки, тоза руҳиятли, маънавияти баланд одам тубан ишлар қилишни ўзига эп кўрмайди. Тубан ишлар бўлмагач, жамиятда муаммо камаяди. Маънан ва руҳан тозаришга эҳтиёж сезган миллат бадиий асар ўқишга ҳам зарурият туяди. Шундай кун келишига ишонаман.

– Бугун баъзан соҳада олиб борилаётган ишларни кузатиб, нима, ҳаммани бирваракайига шоир ёки ёзувчи қилмоқчимизми, деб ўйланиб қоласан, киши. Бундай қамров, ҳаммабоп­лик адабиётнинг фойдасига “ўйнайдими”, зараригами?

– Бу саволингиз одамни жуда ўйлантиради. Тўғри, ўқиб ижодкор бўлиш мумкин эмас, лекин ўқимай ҳам ижодкор бўлиш имконсиз. Турли ижод мактабларининг очилиши – бирорта ҳам истеъдод эгасининг эътибордан қолиб кетмаслигини исташ натижаси. Аслида-ку чин истеъдод айнан ҳар қандай тўсиқларни енгиб, ўзига йўл топа олиши билан истеъдод саналади. Лекин истеъдоднинг қулай муҳитга тушиб қолиши унинг эртароқ бўй кўрсатиши, узоқроқ ва самаралироқ фаолият кўрсатишига имкон бериши ҳам бор гап. Шу маънода турли ижод мактабларининг очилишини ҳаммани ижодкор қилишга эмас, балки кўпчиликни юксак ижод намуналарини англайдиган қилишга интилиш меваси дейиш мумкин. Ижод мактаблари ёшларимизни ўз имкониятларига инсоф билан холис баҳо беришга ўргатар, деб умид қиламан.

– XX асрда миллий адабиётимизнинг асосий мақсади ва вазифаси миллат ва Ватан мустақиллигини қўлга киритишга, жорий юзйилликнинг бугунги кунигача мустақилликни мустаҳкамлашга қаратилди. Нима деб ўйлайсиз, XXI асрда – бундан кейин адабиётнинг мақсад ва вазифаси нимага қаратилиши керак?

– Йигирма биринчи юзйилликда ўзбек адабиётининг вазифаси шу асрда яшаган турли-туман ўзбекларнинг кўнгил ҳолати ва руҳиятидаги универсал қирраларни бетакрор йўсинда тасвирлашдан иборат бўлса керак, деб ўйлайман. Шунингдек, бу давр адабиёти ўзбекнинг ўхшашсиз миллат эканини кўрсатадиган, миллат аҳлининг шаъни, қадри ҳамда ўрни юксак бўлишига интиладиган фарзандларини тарбиялашга хизмат қилиши керак.

– Кейинги даврда миллий адабиётимизга жаҳон адабиётидан янги метод ва услублар, янги ғоялар кириб келдими, бунинг натижасида адабиётимизда қандайдир илғор сифат ўзгаришларини кузатасизми?

– Бугунги кунда ўзбек адабиёти очун адабиётининг ажралмас бир бўлаги экани чинакамига англаб етилди. Шундан келиб чиққан ҳолда очун адабиётидаги турли-туман шаклий-мундарижавий изланишлар бизнинг адабиётимизга ҳам кириб келмоқда. Бугунги адабиётимизда инсон фақат меҳнат қиладиган ва муайян ижтимоий қатламга мансуб яратиқ сифатида эмас, балки бетакрор ўзига хос хусусиятларга эга шахс тарзида кўрсатилаётгани; одамнинг табиати қатъий ва ўзгармас нарса эмас, балки вазият ҳамда кайфият тақозосига кўра турли эврилишларга йўлиқиши мумкин бўлган тушунча экани акс этган асарлар кўпайиб бораётгани ана шу таъсирлар натижасидир.

Айни вақтда бизнинг ижодкорларимиз ҳам етарлича тизимли ва кўламдор бўлмаса-да, очун адабий кечимига таъсир кўрсатмоқда. Шоир-ёзувчиларимизнинг битиклари Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Тожикистон, Ҳиндистон, Белорусь, Россия, Англия, Франция, АҚШ сингари мамлакатларда чоп этилаётгани адабиётимизнинг ўзга халқлар адабий ижодига таъсир кўрсатаётганини билдиради. Бу таъсир сиртдан сезилмаслиги мумкин, лекин шаксиз, шу жараён кечмоқда.

– Бугунги кунда адабиётимизда мавжуд, лекин зудлик билан тузатиш зарур бўлган энг муҳим ўнта муаммони санай оласизми?

– Адабиётни маиший манфаатларга хизмат қилдиришга уринишдан; танилиш, кўзга ташланиш қуроли қилишдан; маддоҳлик воситасига айлантиришдан; илинжга хизмат қилдиришдан; сўзга бепарволикдан; адабий ёлғончиликдан; бир-бирини ўқимасликдан; кўролмасликдан; ўзгани тан олмасликдан; тарқоқликдан қутқариш энг муҳим юмушлардир.

– Бугун ёзилаётган асарлар қай даражада миллий, қай даражада умуминсоний бўлиши керак, бунинг пропорцияси борми, ахир, бу миллий адабиётимизнинг жаҳонга чиқиши билан боғлиқ эмасми?

– Бугун ўзбек адабиётида яратилаётган ҳар бир асар тўла даражада миллий бўлиши керак. Бу сўзсиз бажарилиши керак бўлган талаб. Аслида-ку, бу битиклар ўзбек тилида яратилганининг ўзи билан бир қадар миллий ҳисобланади. Лекин унда ўзбекнинг руҳияти, кайфияти, минази ҳам ёрқин акс этгандагина том миллий адабиёт юзага келади. Дунё бизда бизни, яъни ўзбекни кўрмоқчи бўлади. Тўғри, ўзбек ҳам бир одам ўлароқ бир дунё умуминсоний хусусиятларга эга. Аммо бу универсал жиҳатлар айнан бизнинг ўзига хослигимизда намоён бўлсагина қизиқарли. Чинакам миллий адабиёт ана шу чигал ҳолатни ўзида уйғунлаштира билади.

–  Яқин ва узоқ келажакда дунё адабиёти ва миллий адабиётимизда қандай тенденциялар, услублар етакчилик қилади, деб ўйлайсиз?

– Дунё адабиётини ва ундаги тенденцияларни яхши биламан, деб айтолмайман. Айниқса, очун адабиётининг бугунги қарқини башорат қилишда эҳтиёт бўлишга ундайди. Ҳар ҳолда постмодерн дунёда постмодерн адабий уринишлар етакчилик қилса керак. Яъни адабиётга ҳам фақат истеъдодлар яратиши мумкин бўлган ҳодиса, деб эмас, балки оммавий маданият каби оммавий адабиёт тарзида қараш кучаяди. Такомиллашган поэтик машиналар яратилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Ўзбек адабиётида эса, ижодкорлардаги ички цензура, хавотир йўқолиб кетади, ижодкорлар нимани ёзмасликни эмас, балки фақат қандай  ёзиш кераклигини ўйлайдиган бўлишади. Демакки, қўрқувдан қутулинади. Қўрқмай ёзган ижодкорларнинг бадиий кашфиётлари мўл бўлади, албатта.

– Давр ўзгарувчан, инсон фикри, қарашлари, туйғулари ўзгариб, янгиланиб боради – ўзи ҳам. Бунга, албатта, ҳаётда рўй бераётган воқеалар ҳам таъсир қилади. Ўзгаришлар шароитида бутун дунёда одамларда ватанпарварлик туйғуси сусайгандек туюлмайдими ёки аксинча кучаймоқдами? Ўзбек азалдан юртпарвар эди. Бугунги ўзбек-чи? У эртага қандай бўлади? Ватанпарварлик ўзи нима? У қандай бўлиши керак?

– Бу дунёда тинимсиз ўзгаришлардан бўлак ўзгармас нарса йўқ. Борлиқдаги, фикрдаги, ҳаётдаги ўзгаришлар ҳар битта одам маънавиятию руҳиятига ҳам, бутун бир жамият ахлоқий қиёфасига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Глобаллашув шароитида ер юзи кичрайди, одамнинг ўз туғилган масканига жуғрофий боғлиқлиги кескин камайди. Олдинлари одам фақат ўз юртининг одами бўлса, бугун тобора бутун ер юзининг одамига айланиб бормоқда. Бундай шароитда одамнинг отамаконга боғлиқ туйғуларида ҳам бир қадар ўзгаришлар бўлиши табиий. Глобаллашган даврнинг одамидаги ватаний ахлоқда ҳам бир қадар сусайиш кузатилмоқда. Бу фақат моддий етишмовчилик туфайли эмас, балки бугунги одам руҳиятидаги ўзига хос эврилиш туфайли юзага келган ҳолат. Одам бутун ер юзини ватаним, деб қарай бошлади. Башариятда ижтимоийлашув, бир-бирларидаги ўзгачаликларга бағрикенглик билан қарай билиш фазилати шаклланиб бормоқда.

Маълумки, ўзбек – азалдан юртсуяр миллат. Халқимиз орасида: “Элдан чиқсанг ҳам юртдан чиқма”, деган мақол  бежизга айтилмайди. Алпомишнинг бегона юртда қолиб кетган амакисини Бойсунга қайтариш учун етти йил зиндонда заҳмат чеккани шунчаки афсона эмас. Ўзбек яшаш қулай бўлган жойни ватан ҳисоблашдан уялади. Ҳамиша ўз ота юртини қўмсаб, унга интилиб яшайди. Шу сабаб бизда ҳалигача сал наридан келган одамга “келгинди”, деб қаралади. Ўзбек эркаги табиатан дон берган ернинг товуғи бўлишни истамайди. У “Ўзга юртда султон бўлгандан ўз юртида ултон бўлишни” хоҳлайди. Лекин бугунги одам фақат идеал орзулар оғушида яшайверадиган романтик индивид эмас. У ғирт прагматик ва амалиётчи шахс ўлароқ эртанги улкан ваъдалардан кўра бугунги кичик нақдинани афзал билади. Шундай экан бугунги ўзбекдаги ватаний туйғуларнинг ҳам бир қадар эврилишга йўлиққани ажабланарли эмас. Бугунги ўзбек ватанда етарли шароит, кўпгина қулайликлар, имтиёзлар бўлишини истайди. Ва у бунга ҳақли ҳам. Бир вақтлар одамларнинг: “Ватан менга нима берди, – деб эмас, мен ватанга нима бердим?” – деб сўрашлари тарғиб қилинарди. Эндиликда: “Ватан менга нима берди?” – деб сўраш ҳам айб эмас. Адабиётимизда ҳам ана шундай одамлар образи анча чуқур ва ишонарли ёритилмоқда.

Ватан фақат жуғрофий-сиёсий эмас, балки маънавий-руҳоний тушунча ҳамдир. Ватансуяр одам учун отаюрт ўзидан ташқарида ётган тупроқ эмас, балки унинг юрагидан жой олган руҳий ҳодиса ҳисоб­ланади. Шундай одамдагина ватанга чин муҳаббат бўлади. Ватан – шиор, чақириқ эмас, балки ғоят нозик, муқаддас маънавий тушунча. У тўғрида камроқ гап сотиб, кўпроқ иш қилиб, ватандошларнинг ҳолатини яхшилаш, турмушини фаровон қилиш йўлларини ўйлаш керак.

– Нега бизнинг миллий алифбо борасида қатъий бир томонга ўтишимиз қи­йин кечди ва кечмоқда?..

– Бирор ишга қўл урганда шу ишнинг ҳақиқатини эмас, балки унинг кимгадир маъқул келиш-келмаслиги муҳим саналганда шунга ўхшаш ҳолат юзага келади. Биздаги мутасадди шахслар муаммони тўғри ҳал қилишдан кўра уни ўзидан юқорида ўтирадиганларга ёқадиганроқ қилиб ечиш тўғрисида кўпроқ ўйлашади.

Тил – миллий руҳият қўрғони. Миллий ўзлиги бўлмаган, ўзини, демакки, ўз миллатини ҳурмат қилишга ўрганмаган кимсаларнинг тафаккур ва руҳиятлари қўрғовсиз. Уларга миллий ўзликни сақлаб қолишдан кўра, бошлиғининг ўзига бўлган ишончини сақлаб қолиш муҳим кўринади. Бундайлар миллат тақдирига таъсир кўрсатадиган улкан ва улуғ ишларга ҳам майда манфаатлар туйнугидан қарайди. Негаки, уларнинг ҳақиқати манфаати етовида бўлади.

Янги ўзбек ёзувига ўтиш шунчаки кириллдан зерикканликдан эмас, балки туркий дунё бирлиги асосидагина миллий қиёфани сақлаб қолиш мумкинлигини англаш эҳтиёжи натижаси эди. Ёзув ва товушлар бир хиллиги туркий халқларни бир-бирига яқинлаштириб, қудратли этносга айлантиришга умид қилинганди. Биз шу ўринда ҳам бошқа туркийлардан “ўзгача” эканимизни кўрсатдик. Унлилар сонини худди ўрисларникидай олтитага туширдик, миллий тилимизга ёт арабий белгиларни алифбомизда сақлаб қолдик. Шу сабаб ўзбек алифбосининг ҳозирги ҳолати бағримиздаги қорақалпоқникидан ҳам хароброқ бўлиб турибди.

– Халқимиз табиатидаги фазилатлар ва иллатларни санаб бера оласизми? Уларнинг яхшисини кўпайтириб, ёмонидан халос бўлиш учун нималар қилиш керак?

– Ҳар биримиз ҳам шу халқнинг бир вакили ўлароқ ўзимдаги фазилату иллатларни санаб беришимиз керак бўлади. Лекин бу юмушни холис қила олармиканмиз? Фазилатларимиз: ишонувчанлик, кичикфеъллик, меҳрибонлик, раҳмдиллик, яшовчанлик; иллатларимиз: тарқоқлик, ўжарлик, ўзи ва ўзиникини ҳурмат қилмаслик, орсизлик, кўникувчанлик, мунофиқлик, ялтоқилик, хушомадгўйлик. Бу иллатлардан қутулиш учун миллат аҳлида ғурур ва ўзига ҳурмат пайдо қилиш керак бўлади.

– Ўзбекнинг ўқ илдизи – у нима ўзи?

– Ҳар қандай этнос сингари ўзбекнинг ҳам ўқ илдизи унинг ғурури, ор-номуси, деб ўйлайман. Шу сифатларга эга бўлган миллат, катта-кичиклигидан қатъи назар, жаҳон айвонида ўзининг муҳташам ўрнига эга бўлиши аниқ.

– Сизнингча, кейинги ойларнинг энг муҳим воқеаси, деб қайси воқеани айтиш мумкин? 

– Сиёсий ҳаётда Афғонистондаги вазият юзасидан бир қатор давлатларнинг безовталаниб, ҳолатни тинчлик сари ўзгартириш борасида тадбирлар белгилаш учун Тошкентга келишгани, адабий ҳаётда эса ёш ижодкорларнинг Зомин гурунгининг жуда яхши ташкил этилганини кейинги ойларнинг муҳим воқеалари сифатида кўрсатишим мумкин.

– Шу ўринда мен жорий йил апрель ойида бўлиб ўтган воқеани эсламоқчиман. Тожикистон–Қирғизистоннинг чегара ҳудудларида яшаган аҳоли ўртасида сув туфайли низо чиққани ва одамлар бир-бирини англамагани ортидан кутилмаганда қалтис вазият юзага келди. Икки давлат чегараларига икки томондан қўшимча ҳарбий кучлар, замонавий ҳарбий техника олиб келинди. Икки мамлакат ҳарбийлари бир-бири билан юзма-юз, кўзма-кўз келиб қолди. Айни  мураккаб  вазият бир неча кун сақланиб турди. Шундай пайтда қанчадан-қанча одамлар юрак ҳовучлаб кун ўтказганини тасаввур қилишнинг ўзи оғир. 

Ўша кунларда Президентимиз Тожикистон ва Қирғизис­тон давлат раҳбарлари билан бир неча марта мулоқот қилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли муаммо ечим топди, юзага келган баҳсли масалани кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ишонч руҳидаги мулоқот асосида ҳал қилишга эришилди. Мавжуд вазиятни бартараф этишда Президентимизнинг хизматлари катта бўлганини ўшанда жаҳон жамоатчилиги эътироф этди. Бу – Президентимизнинг минтақадаги обрў-нуфузи, мураккаб вазиятларда тўғри, истиқболни ўйлаб қарорлар қабул қилишининг яна бир исботи эди.

– Ҳа, албатта.

Олдимизда Ватанимиз эгаманлигининг 30 йиллигидай жуда катта воқеа турибди! Ушбу қутлуғ сана – яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам билан барча юртдошларимизни қутлайман! Шундай кунларда эгаманлик йўлида қурбон бўлган, фидойилик кўрсатган, озми-кўпми меҳнати сингган инсонлар хотирасини ёд этиш ва улар ёдини юксак тутиш бизнинг одамлик бурчимиз, деб ҳисоблайман. Уларнинг жонли ва ҳаётий образларини турли жанр­даги бадиий юксак асарларда акс эттириш эса ижодкорларимиз олдида турган муҳим бадиий-эстетик вазифадир.

Салим АШУР суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг