ЎЗБЕКНИНГ БУРГУТЛАРИ

175

«Токио–2020» олимпиадасида ғалаба қозонган
Баҳодир Жалолов ва барча ўзбек спортчиларига бағишланади

Айналайин, Баҳодиржон, бўйингдан,
Айналайин, камол топган жойингдан,
«Бисмилло»ни айтиб чиққин уйингдан,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

 Ўйнаб-ўсдинг Сангардакдай жойларда,
Сувлар кечдинг тошқин-жўшқин сойларда,
Омад сени кутар эди қайларда,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Мард бўлади йигитларнинг дангали,
Ушладими ҳеч қўймайди чангали,
Укажоним, ўзинг Рустам жуссали,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Олимпия байроғини кўтариб,
Қўшюрагинг яналар ҳам каттариб,
Юргин қанотингни ёзиб юбориб,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Речирд Торрес зарбингдан тош қотганди,
Буни кўриб қанчалар бош қотганди,
Ринг ичида рақиб қанча ётганди,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Муздай булоқ сувларидан қонамиз,
Лекин доим юрт деб куйиб-ёнамиз,
Дуо қилар Сабоҳатхон онамиз,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Сен норисан шундай улуғ карвоннинг,
Дуосини олдинг одил сарбоннинг,
Сен ўғлисан Исомиддин полвоннинг,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Ёшлигингда ўйнаб-ўсдинг Сурхонда,
Бугун тенгсиз боксчисан жаҳонда,
Ўзбекистон қўллаб турар орқангда,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Сен оқлайсан еган нону тузингни,
Сен оқлайсан доим айтган сўзингни,
Токиода кўрсатолдинг ўзингни,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Бахтиёрдай бахши айтди сўзини,
Сен биласан ўз ишингнинг кўзини,
Олавергин совринларнинг юзини,
Баҳодиржон, сен ўзбекнинг бургути.

Бахтиёр бахши ОРТИҚОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг