ТУРКМАН ШОИРЛАРИНИНГ ҲАМ УСТОЗИ

218

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номи ва асарлари ҳаётлик пайтидаёқ туркий халқлар орасида маълум ва машҳур бўлган. Зеро, шоирнинг ўзи Хитодин то Хуросонгача турк улусини, ҳатто Шерозу Табризни ҳам қўшин тортмай, қалами кучи билан эгаллаганини фахрланиб эътироф этган.

Кўнгил бермиш сўзимга турк жон ҳам,
На ёлғиз турк, балким туркмон ҳам.

Туркман мумтоз адабиёти намояндалари ҳазрат Алишер Навоийни ўзларига устоз деб билган. ХVIII–ХIХ асрларда яшаб ижод этган Озодий ва Махтумқули, Андалиб ва Камина, Мулланафас ва Зелилий, Шоҳбанди ва Котиби ҳамда яна ўнлаб туркман мумтоз шоирлари Навоий анъаналарини ўз даври ижтимоий-тарихий шароити руҳида давом эттирганлар. Давлатмаммад Озодий шундай шоирлардан бири эди. У туркман адабиёти тарихини фалсафий дидактик достонлари билан бойитган қалам соҳиби, Махтумқулининг отаси.

Озодий туркман адабиётида “Ваъзи Озодий” (“Озодий насиҳатлари”) ва “Беҳиштнома”дек фалсафий-таълимий достонлар муаллифи сифатида танилган. “Ваъзи Озодий” достони Шарқ анъаналари руҳида ёзилган. Шоир ўз ўрнида Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Низомийнинг “Махзан ул-асрор”, Саъдийнинг “Бўстон” ва “Гулистон” ва айниқса, Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достони таж­рибаларидан унумли фойдаланган. Хусусан, “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги етакчи мавзулар саналмиш адолатли ва адолатсиз подшоҳлар, илм ва илм аҳли, меҳнатни улуғлаш, сахийлик, зулм ва золимликнинг зарари каби маънавий-ахлоқий масалалар Озодий достонида ҳам бор.

Махтумқули-Фироғий ижоди туркман адабиёти тарихида алоҳида босқични ташкил этади. Махтумқули учун Низомий, Румий, Ҳофиз, Саъдий, Фузулий ва айниқса, Алишер Навоийдек даҳо шоирларнинг ижод хазинаси катта мактаб бўлгани ҳақиқат. У ўз асарларида бу улуғ шоирларнинг номларини устоз сифатида тилга олади. Хусусан, шоирнинг “бўлсам” радифли шеърида шундай бир банд бор:

Ҳақ йўлида юрган устод Навоий,

“Чордевон”и , “Фарҳод Ширин” зебойи,

Заҳириддин Бобур, “Мезон ул-авзон”и

Қошларига бориб мен Мажнун бўлсам!..

Маълумки, Махтумқули Хивадаги “Шерғози” мадрасасида таҳсил олган. Шарқ мумтоз адабиёти, айнан, Навоий мероси билан ҳам мазкур мадрасада танишган. Чунки Шарқ адабиёти намояндалари, хусусан, Навоий асарларидан мадрасада дарслик-қўлланма сифатида фойдаланилган. Махтумқулининг “Қоши ёй”, “Қайдасен”, “Эй, дўст”, “Тўғриси”, “Бор менинг”, “Келдим”, “Туркман биноси”, “Билмасмидинг”, “Кўрмишам”, “Керакмас”, “Айлади” каби ўнлаб ғазал ва мухаммасларида Навоийга хос бадиий талқин ифодасини кўрамиз. Чунончи, Навоийнинг “айт” радифли ғазали Махтумқулига илҳом берган ва у ғазалга мухаммас боғлаган. Мана, “Наводир уш-шабоб” девонидаги тўққиз байтли ғазалнинг матлаъси:

Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт,

Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт.

“Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги етти байтли “айт” радифли ғазали эса, қуйидаги мисра­лар билан бошланади:

Эй, насими субҳ, аҳволим дилоромимға айт,

Зулфи сунбул, юзи гул, сарви гуландомимға айт.

Энди Махтумқулининг “айт” радифли мухаммасининг бир банди билан танишинг:

Эй сабо, арзимни қаҳри қаттиқ ул туққонга айт,

Бир умр зор айлаган ул кўзи тўла қонга айт,

Шум фалакнинг дастидан тарк айлаган жононга айт,

Айрилиб ғам чеккан ул бахти қаро жонга айт,

Бу жаҳонда топгани дард ошиғи ҳайронга айт.

Мухаммас Навоий ғазали таъсирида ёзилгани шубҳа уйғотмайди. Бироқ лирик қаҳрамонларнинг қалб зиддияти икки шоирда икки хил. Ғазалда ҳам, мухаммасда ҳам “сабо” образи бор. Лирик қаҳрамонлар “сабо”га мурожаат этади. Лекин мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра ҳам турлича. Навоий лирик қаҳрамони дарду ҳасратини “Жону жаҳондин ҳам яхши кўрадиган жонони”га етказишни сабодан сўраса, Махтумқулининг лирик қаҳрамонини ҳаётдаги ижтимоий муаммолар қийнайди. Ҳаётнинг беҳисоб зарбаларидан зада бўлган, “зулм исканжасида қанотлари қирқилган”,“кўз ёшлари дарё бўлиб оққан” лирик қаҳрамон арзи ҳолини айтиб “сабо”га ёлборади, мадад сўрайди.

Навоий ижодининг XVIII аср туркман адабиётига таъсири ҳақида гапирганда Нурмуҳаммад Андалиб ижодини ҳам тилга олиб ўтиш ўринлидир. Андалиб ўзбек ва туркман адабиёти тараққиётига сезиларли ҳисса қўшган шоир. “Лайли ва Мажнун”, “Юсуф ва Зулайҳо” достонлари, туркум ғазаллари, мухаммаслари билан ҳар икки адабиётга дахлдор ижодкордир. Андалиб меросининг салмоқли қисми лирик ғазаллар ва мухаммаслардан иборат. У Навоийнинг ўн етти ғазалига мухаммас боғлаган.

ХIХ аср туркман адабиётини Мулланафас ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Бошқа туркман мумтоз шоирлари сингари Мулланафас ҳам Шарқнинг даҳо ижодкорлари меросини ўрганди, лириканинг кўплаб жанрларида бадиий-­эстетик пишиқ асарлар яратди. Шоир бу жараёнда устозлар ижоди ўзи учун сабоқ бўлганини мамнуният билан ёзади:

Румнинг гулшанию ҳам ҳинд товуси,

Ёлғончи дунёдан ўтар маносий.

Низомий, Навоий яна Фирдавсий,

Сизга мудом ҳурмат қўйибди кўнглим.

Мулланафаснинг “Ўртанур”, “Иккимиз”, “Кўрмадим”, “Бир гўзал”, “Тилла ғозим”, “Кел буён”, “Жононинг”, “Кўзларинг”, “Эй сабо”, “Қолмишам” каби ғазал ва мухаммасларида Навоийнинг поэтик маҳоратини эслатадиган хусусиятлар жилоланиб туради.

Мулланафасни Навоий шеърияти билан уйғунлаштириб турадиган яна бир асари — “Зуҳра ва Тоҳир” достонидир. Тўғри, бу асар ёзилиш услуби, сюжети, образлар туркуми жиҳатидан Навоийнинг бирор-бир дос­тонига ўхшамайди. Достон ХIХ аср туркман ҳаётидан олиб ёзилгандек таассурот қолдиради.

Алишер Навоий адабий мероси нафақат бу икки қардош адабиёт, балки барча туркий халқлар адабиётлари учун ҳам улкан ижод мактаби. Бу жараён келажакда ҳам янада кенг миқёсда, янги-янги мезонларда давом этиши, ривожланиб боришига шубҳа йўқ.

Каримбой ҚУРАМБОЕВ,

филология фанлари доктори,

профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг