УЮШМАГА ЯНГИ АЪЗОЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

132

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан юртимизда яшаб ижод қилаётган 14 нафар турли миллат вакиллари бўлган ижодкорлар уюшма аъзолигига қабул қилинди.

Дўстона мулоқот, юзма-юз суҳбат ва мушоира шаклида ўтган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва таниқли шоир Салим Ашур сўзга чиқиб, қардош халқлар ўртасида адабий-маданий дўстлик алоқаларини мус­таҳкамлашда ҳисса қўшаётган ижодкорларнинг уюшма аъзолигига қабул қилинганлиги билан қутлади.

Маълумки, юртимизда рус, қозоқ, тожик, корейс каби қатор миллатлар аҳил ва иноқликда яшамоқда. Қардош миллатларга мансуб ижодкорларнинг бадиий асарлари мунтазам нашр этилмоқда ва ўз ўқувчиларини топаётир. Давлатимиз томонидан, миллати, динидан қатъий назар, барча фуқаролар учун тенг шароитлар яратилган. “Халқлар дўстлиги куни”ни белгилаш ва кенг нишонланишида ҳам халқимизга хос бағрикенглик ва азалий дўстлик ғоялари ўз ифодасини топган.

Учрашув сўнггида уюшма аъзолигига қабул қилинганлар ўзларининг дил сўзларини изҳор қилиш баробарида турли тилларда ёзилган ижод намуналаридан ўқиб беришди.

Шуҳрат АЗИЗОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг