ТАДБИРЛАР, ТАҚДИМОТЛАР, ЯНГИ НАШРЛАР

78

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ­Ўзбекистонда хизмат кўрстган санъат арбоби Омон Мухтор таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан адиб яшаб, ижод қилган уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Хотира барельефининг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари, таниқли ёзувчи, шоирлар, адибнинг шогирдлари ва оила аъзолари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги фармойиши мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, Омон Мухтор ижодининг муҳим жиҳатларига эътибор қаратдилар. Адиб хотирасини абадийлаштириш ҳамда унинг бой адабий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бугунги кундаги устувор вазифалардан бири эканлигини алоҳида таъкидладилар.

— Ёзувчини ҳаётлигида кўрган бўлмасам ҳам шеърлари, асарлари орқали унинг ички ва ташқи дунёсини ўрганиб,  сиймосини яртишга ҳаракат қилдим, —  дейди ёдгорлик муаллифи Оллаберган Аллаберганов. — Ўрганиш жараёнида  шунга амин бўлдимки, Омон ака ҳаётни борича севадиган одам бўлган экан. Ижодида ҳам ҳаёт нафаси уфуриб туради.

Дарҳақиқат, таниқли шоир ва носир Омон Мухторнинг бизга қолдирган адабий мероси салмоқли. Унинг биринчи «Чорлар қуёшли йўллар» шеърий тўп­лами 1966 йилда чоп этилган. Шундан сўнг у шоир, ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис сифатида йигирмадан ортиқ китоб нашр эттирган. Адибни яқиндан биладиган ёзувчи, шоир­лар ҳамда оила аъзолари хотира  барельефи пойига гуллар қўйишди.

* * *

Руминиянинг “Мустақил газетаси” ҳамда 6 сайти шоира, “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири Хосият Рус­тамова­нинг туркум шеърлари ва кундаликларини румин тилида эълон қилди. Ушбу нашрлар шоира ижоди ҳақида батафсил маълумот берди.

— Николай Лабиш ва Михай Эминескунинг румин шоирлари экани хотирамдан кўтарилган экан, — деди  шоиранинг ўзи ижтимоий тармоқда берган интервьюсида. — Уларнинг кўп­лаб шеърларини Фароғат Камол таржимасида ўқиб, яхши кўргандим.

* * *

Донецк шаҳрида нашр этиладиган “Автограф” адабий журналининг июль-август сонида ҳам 9 нафар ўзбекистонлик ижодкорнинг асарлари  эълон қилинди. Жумладан, Рустам Мусурмон, Николай Ильин, Иброҳим Йўлдошев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Луқмон Бўрихон, Назар Шохин, Фурқат Алимардон, Фарҳод Эшонов асалари хорижлик ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган. Бундан ташқари, журналнинг “Эртаклар” рукнида фантаст-ёзувчи Муҳаббат Йўлдошеванинг эртак­лари берилган.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг