ЧЎҚҚИ

81

Тонг ухлар. Сукунат. Шамол ҳам жимдир.
Кавказ тоғи сари чоғладим ўзни.
Тош қотдим. Чўққига лавҳ қадаб кимдир
Ёзибди: “Севинглар, бир-бирингизни…”

Худо суйган қай бир бандаси ёзди?
Тўхтанг, олиб қочманг кўз қирингизни.
Бизнинг телбаликлар дунёни бузди,
Одамлар, севинглар бир-бирингизни!

Меҳр — муз. Қалб — қаҳр. Қабоҳат — очун…
Зарра қум қадридан арзондир кўзёш…
Юракда қатра нур уйғотиш учун
Узилиб тушсинми фалакдан қуёш?

Энам дер: “Нафс — фитна. Гилам остидан
Чиқса вайрон этар уй тўрингизни.
Омон қолмоқ учун унинг дастидан,
Болаларим, севинг бир-бирингизни.”

Кўз тўймас. Осмону ер талашамиз.
Шу ер ютмаганми Доро, Чингизни?
Ҳатто ўлмай туриб гўр талашамиз…
Одамлар, севинглар бир-бирингизни!

Жонимни топшириб тошу хасларга,
Чўққига тирмашдим чирт юмиб кўзни.
Чиқдим. Пастда ҳайрон боққан касларга
Қичқирдим: “Севинглар бир-бирингизни!”

Қичқирдим! Майсалар дод солди ростдан,
Тўфонлар чинқириб отди денгизни.
Тоғлар ҳайқирдилар — ёрилди осмон:
“Одамлар, севинглар бир-бирингизни!

Одамлар севинглар бир-бирингизни!”

 

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг