«ҚЎЛИНГИЗНИ БЕРИНГ, АКАМУЛЛО…»

129

Ҳабиб СИДДИҚ

Ишдан қайтаётгандим. Бекат яқинида лўли аёл йўлимни тўсиб чиқди.
– Қани, қўлингизни беринг, акамулло.
– Нега? – дедим хушламайроқ.
– Қўлингизга қараб тақдирингиздан фол очаман?
Шундоқ ҳам таранглашиб турган асабим энди чидамади.
– Нари тур-э, – деб бақириб бердим. – Сен айтмасанг ҳам ҳамма менинг қўлимга қараб тирикчилик қилишини яхши биламан. Уйимда еттитаси қўлимга қараб турибди. Ишхонада бош­лиқ қарайди. Боғчада мудира аввал қўлимга қараб, кейин набирани олади. Мактабда директор ҳам фол очиб ўтирибди. Чунки иккита неварам ўша ерда ўқийди.
– Ҳеч йўғи бир йўталиб қўйинг, акамулло…
– Ана холос, энди “йўталинг” дейишни ҳам ўрганиб олибсан-да. Қайга борсам, йўталишимни кутишади! Катта-катта идораларга ҳам салом бериб киргандан кўра “йўталиб” кирганнинг обрўси баланд. Бу кетишда ҳамма кўкйўтал бўлмаса деб қўрқаман.
– Хўп, денг, энди, акамулло… Беринг қўлингизни…
– Э-э, нима дедим сенга?! Ўзи бошимда мингта ташвиш. Уларни ҳал қиладиганларнинг олдига боролмай юрибман. Борсам, қўлимга қарайди. Бу қўл ўлгирда қадоқдан бош­қа нарса кўринмаса… Улар-ку хижолат бўлишмайди-я, ўзимга ноқулай.
– Ман келажагингизни башорат қиламан, акамулло…
– Э, бор, бор. Ўзи ғам-ташвишлар жонга тегиб, ўнгу терсимни адаштира бошладим, шекилли, хотиним эҳтиёт чорасини кўриб қўйибди, охирги пайтларда туманимиздаги руҳий хасталиклар шифокори ҳам қўлимга қараб турибди. Унинг ҳам дарди битта, ҳар гал қўлимга қарайди-да, бир гапни такрорлайди: “Саломатлигингиз ўз қўлингизда!”
– Иби, акамулло, – дея қорамтир лаб­лари орасидан сариқ тишларини кўрсатиб кулди лўли аёл. – Уларингиз бундайчигин қилаберишса… биз лўлиларга нон қолмас экан-да…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг