ИСТИҚЛОЛ – БОШ ҒОЯМИЗ, БОШ МАФКУРАМИЗДИР

159

Академик Наим Каримов билан суҳбат

– Бугун дунё, жамиятимиз, айтиш мумкинки, ҳар куни янгиланмоқда. Давр тараққиёти ғоят шиддатли кечмоқда. Бугунги юртдошимиз шу суръат билан ҳамқадам боряпти, дея оласизми? Инсон тараққиётга мослашишга улгуряп­тими?
– Мен умрим давомида турли даврларни кўрдим, лекин ҳозиргидек яшин тезлигида ўзгариб бораётган даврни нафақат мен, балки юз ёшдан ошган юртдошларимиз ҳам кўрмаган бўлсалар керак. Тўғри, ХХ асрнинг ўттизинчи йилларидаги бешйилликлар даврида тарихий вазият халқ ва мамлакат олдига шундай муҳим вазифаларни қўйган эдики, агар саноат, қишлоқ хўжалиги, маърифат ва маданият беш-ўн йил оралиғида олдингига қараганда йигирма-ўттиз баробар тезроқ ва кўпроқ тараққий этмаса, шўро давлатининг ривожланган хорижий давлатларга ем бўлиши ҳеч гап эмас эди. Шунинг учун ҳам бешйилликлар даврида юқорида тилга олинган соҳалар, кутилмаганда, яшин тезлигида ривожланиб кетди. Ҳатто шу йилларда Ойбекдек реалист шоирлар барпо этилаётган саноат гигантларини кўриб, “Асрлар ишини йилимиз қилар”, деб ҳайратга тушдилар.
Бугун мамлакатимизда рўй бераётган улкан воқеалар, истасак-истамасак, ўттизинчи йиллардаги юксалишни ёдга туширади. Лекин бугун биз ХХ асрнинг ўттизинчи йилларидаги стахановчиларнинг меҳнат фронтида эришган ютуқлари замирида “ҳашарчилар”нинг ҳам, “карнайчилар”нинг ҳам ҳиссалари оз бўлмаганини яхши биламиз.
– Аммо Ўзбекистонимизнинг бугунги тараққиётини, бугунги бунёдкорлик кўламини ҳеч бир тарих билан қиёслаб бўлмайди…
– Албатта. Хусусан, аҳолининг турли қатламлари учун қурилаётган уй-жойларни, шаҳар ва қишлоқларимизнинг обод ва кўркам бўлиб бораётганини, илм-фан, маданият, санъат, адабиётга давлатимизнинг катта эътибор қаратаётганини айтинг… Муҳтарам Президентимизнинг Учинчи Ренессанс ғояси, ҳеч шубҳасиз, халқимиз қатъий интиладиган йўлчи маёқ бўлди…
Ҳозир мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар шундай суръат билан олиб борилмоқдаки, юртдошларимизнинг бу темпга, бу суръатга мослашиши осон эмас.
– Айтинг-чи, замон манзаралари ва замондошимиз қиёфаси адибларимиз асарларида қай даражада акс этмоқда?
– Шўролар даври ўзбек адабиётида бадиий очерк миллий адабиётимизнинг энг пешқадам жанрига айланган ва Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов сингари атоқли ёзувчилар шу жанрда ҳам самарали ижод қилиб, илғор замондошларимиз образларини яратган эдилар. Бугунги ҳаёт ана шу жангавор ва оператив жанрга янги нафас беришни тақозо этмоқда. Афсуски, бу жанрнинг бўлажак қаҳрамонлар ҳаётини муайян вақт мобайнида турли ракурслардан туриб кузатиш лозим, деган талаби ёш ёзувчи ва публицистларни чўчитаётган кўринади. Натижада шундай вазият пайдо бўлдики, биз: “Ҳозирги давр қаҳрамонлари кимлар?” деган саволга жавоб беришда қийналиб қоламиз. Ҳолбуки, ёзнинг жазирама, қишнинг аёзли кунларида ҳам осмонўпар биноларни бунёд этаётган бинокорларни, мураккаб шароитда бозорларни қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдираётган чорвадор, деҳқон ва фермерларни, мамлакатимиз ва хориждаги олий ўқув юртларида нафақат инглиз, немис ва француз, балки япон, хитой, корейс, ҳолланд, сенегал сингари ота-боболаримизнинг тушларига ҳам кирмаган тилларда ўқиб, илм-фан ва техниканинг янги соҳалари бўйича мутахассис бўлиб келаётган ёшларимизнинг, ёш авлодни ватанпарварлик, маърифатпарварлик, тараққийпарварлик руҳида сабот билан тарбиялаган устозлар-у, ота-оналарнинг ҳозирги давр қаҳрамонлари сифатидаги образларини яратмасак, кимнинг образини яратиб, халқни улардан ибрат олишга чақирамиз?
– Сиз шўролар даврида тақиқланган кўплаб архив материалларини чуқур ўргангансиз. Шу жараёнда ўзингиз кутган ва кутмаган қандай фавқулодда факт ва далилларга дуч келдингиз?
– Шўролар даврида большевиклар давлатига нисбатан мойиллиги шубҳа уйғотган барча кишилар яширин равишда кузатилган. Кўпинча бу иш кузатилаётган кишини қамоққа олиш, отиб ташлаш ёки ўн, йигирма, йигирма беш йиллик жазо муддатларини ўташ учун Россиянинг совуқ ва борса келмас ҳудудларига сургун қилиш билан якунланган. Мана шу мудҳиш жараённинг ҳамма босқичи, айниқса, тергов пайтидаги савол-жавоблар қайд қилиб борилган.
Камина 1929-1930, 1937-1938, 1951-1952 йиллардаги қатағонга оид юзлаб жиноий-архив ишларни кўриб чиққан одам сифатида шуни айтишим керакки, маҳбусларга қўйилган “миллатчи”, “аксилинқилобчи”, “шўро давлати раҳбарлари обрўсини тушириш” сингари айбларнинг тўқсон фоизи туҳматдан иборат бўлган. Булар далилланмаган айблар бўлгани сабабли терговчилар шу айбларни асословчи факт­ларни маҳбусларнинг ўзларидан олишган. Аммо ким ўзига ўзи ё софдил қўшниси, ёки хизматдошига қарши туҳматдан иборат материал беради? Ҳеч ким. Буни НКВД жаллодлари жуда яхши билишган. Шунинг учун улар маҳбусларга ухлаш имконини бермай, кечани кеча, кундузни кундуз демай сўроқ қилишган; ҳушидан кетгунича икки кишилашиб калтаклашган; оёқлари шишиб юролмай қолгунларига қадар ўн кунлаб тик турғизиб қўйишган. Аммо инсон зоти чидай олмаган қийноқларга дош берган кишилар ҳам бўлганки, қани энди улар оёқлари гардини кўзимизга суртсак…
Каминани ларзага келтирган фавқулодда факт менга архив ҳужжатлари орқалигина эмас, хотиралар орқали ҳам етиб келган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида “Туркистон легиони”да хизмат қилган Боймирза Ҳа­йит деганюртдошимизнинг айтишига қараганда, легионда Чўлпоннинг сўнг­ги куни, сўнгги соатини кўрган бир киши бўлган. 1937-1938 йилларда НКВД тизимида хизмат қилган бу киши фалакнинг гардиши билан дастлаб Қизил Армиянинг “штрафной батальон”ига, кейин эса бошқа асирлар билан бирга “легион”га тушиб қолган экан. Шу “ҳожи ака”нинг айтишича, 1938 йил 4 октябрда НКВДнинг Юнусобод туманидаги қатлгоҳларидан бирида Чўлпонни отиши керак бўлган аскарнинг қўли титраб, ўқ улуғ ўзбек шоирининг кўксига тегмаган. Фалакнинг одиллигини қарангки, ҳатто НКВД жаллоди ҳам заҳарли ўқи билан буюк шоир ва инсонни ўлдира олмаган экан. Шунда Чўлпон ҳайқириб: “Мени ўлдирларинг! Ўлдирларинг!! Мен сенлар билан бир мамлакатда яшашни хоҳламайман! Ўлдирларинг, қонхўр давлатнинг қонхўр жаллодлари!!!” деб бақирган. Чўлпоннинг сўнгги сўзларидан ғазабланган аскарлардан бири ўзидан бироз нарида ётган болтани олиб, бир зарб билан улуғ шоирни ўлдирган экан…
Афсуски, тарих қатларида кишини ларзага соладиган бундай даҳшатли ҳодисалар оз эмас…
– Илмий-ижодий фаолияти давомида шўролар даврида аёвсиз қатағон қилинган шоир ва ёзувчилар, олим ва санъаткорлар ҳаёти ва фаолияти юзасидан изчил тадқиқотлар олиб борган олим сифатида айтинг-чи, бу илмий манба бугунги кун учун қандай хулосалар беради?
– Биринчи навбатда “бу илмий манба”нинг аҳамияти ҳақида гапирсам. Аввало шуки, ҳар бир миллий адабиёт ва санъатнинг шаклланиш ва ривожланиш тарихи бўлади. Ўзбек адабиёти ва саъатининг ХХ асрдаги тарихи эса “Аср бошларидаги миллий уйғониш (жадид) даври адабиёти”, “Ижтимоий-мафкуравий ўзгаришлар даври адабиёти (1920-30 йиллар)”, “Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги шахсга сиғинишнинг фош этилиш даври адабиёти (1950-60 йиллар)”, “Шўро даври инқирози ва мустақиллик даври адабиёти (1970-90 йиллар)” сингари бўлимлардан иборат. Қатағон қурбонлари бўлган ёзувчилар ижодини ўрганмай туриб, бу адабий манзарани, эришилган бадиий ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиш мумкин эмас. Қолаверса, ўзбек адабиётининг шу даврларда ижод қилган Ойбек, Ғафур Ғулом сингари пешқадам арбоблари билан бирга Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Шайхзода сингари ёзувчилар ижодини, уларнинг ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига қўшган ҳиссаларини монографик миқёсда ўрганмасдан туриб, бу давр адабиёти тарихини яратиш мумкин эмас.
Энди “хулоса”ларга келсак. ХХ аср ўзбек адабиётининг Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Шайхзода сингари намояндаларининг қатағон этилиши билан Фитратнинг мустамлакачилик ва диний мутаассибликка қарши кураш руҳи билан суғорилган асарлари, Қодирийнинг тарихий мавзудаги гениал романлари, Шайхзоданинг мўғул мустамлакачилигига қарши курашган Жалолиддин Мангуберди ёки буюк давлат ва фан арбоби Мирзо Улуғбек ҳақидаги трагедиялари, Александр Пушкин ва Владимир Маяковскийдан қилган таржималарини ХХ асрнинг эллигинчи-тўқсонинчи йилларида туғилган авлод ўқимаган, шу асарларда тасвирланган тарихий шахс ва воқеалардан бехабар қолган, шу асарлардаги ўзбек тилининг бойлиги ва рангинлигидан мутаассир бўлмаган бўларди.
Бу – биринчи хулоса.
Ўзбек шоир ва ёзувчиларининг бу ёки бошқа асарлари ўрнига бошқа халқлар адабиётидан ўзбек тилига қилинган таржималарни ўқиш ёш адабиёт мухлисларида миллий руҳнинг сусайиши, ватанпарварлик кайфиятининг хиралашишига хизмат қилган бўларди.
Бу – иккинчи хулоса.
Ўзбек ёзувчилари совет давлатининг қатағон қоп­қонига илинмаслик учун партияни, рус халқини, пахтани, интернационализм ғояларини куйлашдан, пьеса, роман, қисса, достон сингари катта ва кичик жанрларда коммунист образини яратишдан ташқари, муҳим, теша тегмаган мавзуларда сийқа асарларни ёзишдан бошқа жиддий, миллий, тарихий аҳамиятга молик асарларни ёзишмаган бўларди.
Бу – учинчи хулоса.
Бу уч хулоса яна бир хулосани келтириб чиқаради. У эса шундан иборатки, агар санъатшунос ва адабиётшунослар қатағон қурбонлари бўлган ёзувчилар ва уларнинг ўзбек халқи тарихига, шу тарих саҳифаларида яшаётган улуғ сиймолар ва улар фаолиятига бағишланган, мустақиллик, ватанпарварлик маърифатпарварлик, тараққийпарварлик ғоялари билан суғорилган асарларини ўрганишмаса ва шу ижодий йўналиш ўзбек адабиёти ёки санъатининг кейинги тараққиёт тамойилларини белгиламаса, ўзбек адабиёти оммавий адабиётга, енгил-елпи адабиётга, бугунги жамиятнинг такасалтанг вакилларигагина хизмат қиладиган адабиётга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
– Айтинг-чи, ҳозирги кунда жадидлар меросини, ғоясини ўрганиш нима учун керак?
– Жадидлар Туркистон тарихининг адолат ва маърифат эмас, жаҳолат ва разолат ҳукмронлик қилган бир даврида дунёга келиб, бой билимлари ва маънавий оламларининг ёғдуси билан халқ ва мамлакатни қуршаган зулматни парчалаб ташламоқчи бўлганлар. Улар назарида, бу зулматнинг авж олишига сабаб мактаб ва маориф тизимининг янги тарихий давр талабларига мутлақо жавоб бермаслиги эди. Шунинг учун ҳам улар янги усул мактабларини барпо этиб, бу мактабларда фақат диний дарсларни эмас, балки дунё­вий фанларни ҳам чуқур ўқитиш, фақат ўзбек ёки ўзбек ва тожик тилларини эмас, балки рус, шунингдек, немис, француз ёки инглиз тили каби бирорта хорижий тилни ўрганиш лозим, деган ғоя билан чиқдилар. Беҳбудий шу ғояни “Икки эмас, тўрт тил” деган мақоласида илк бор кўтарибгина қолмай, уни ўз мактабида жорий ҳам этди. Жадидлар халқ ва мамлакатни ривожлантириш, халқ ва мамлакат оёқларидаги мустамлакачилик кишанларини парчалаб ташлаш ва эркинликка эришиш учун ёшларни асосан дунёвий ва қисман диний фанлар ривожланган мамлакатларга ўқишга юборишни лозим, деб топдилар. Бу икки муҳим масаладан ташқари, бир томондан, халқнинг оғир моддий шароитда турмуш кечираётгани, иккинчи томондан, мутаассиб руҳонийлар таъсирида ва эскирган урф-одатлар ботқоғида яшаётганлигидан иборат иккита муҳим масала бор эдики, уларга қарши курашмасдан туриб, юқорида айтилган икки ғояни рўёбга чиқариш иложсиз эди. Бу икки масалага қарши курашда санъат ва адабиёт ёрдам бериши мумкин эди. Жадид драматургияси ва театрининг “Падаркуш”, “Тўй”, “Кўкнори”, “Мазлума хотин”, “Бахтсиз куёв”, “Жувонмарг” сингари асарлари ана шу масалаларга қарши курашда қудратли қурол вазифасини бажарди. Халқни мактаб ва маърифатга муҳаббат руҳида тарбияловчи жадид шеърияти, ҳаётдаги ва кишилар онгидаги иллатларни куйдириб ташловчи жадид юмори пайдо бўлди. Энди ўйлаб кўринг. Фан ва техника, маориф ва маданият доим ривожланиб, янги-янги кашфиётлар, ғоялар, лойиҳалар пайдо бўлиб туради. Куни кеча ўз кашфиётининг кайфи билан юрган кишилар янги кашфиётларнинг ҳаётга кириб келишига қаршилик кўрсатадилар. Хуллас, жадидларнинг доим янгиликни излаш ва топиш туйғулари авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтади. Ҳар бир янги авлод сафида шундай кишилар туғилади ва камолга етадики, улар худди жадидлардек фан ва техника, адабиёт ва санъат оламини янги ғоялар билан мунаввар этиб турадилар.
Жадидлар ва жадидчилик асло ўлмайди!
Энди уларнинг меросларига келсак. Жадидлар меросида “Ватан” тушунчаси ғоят кенг ёйилган. Ҳар бир жадид тилидан шакар билан чиққан сўз – “Ватан”дир. Келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг ёш йигит-қизлари ватанпарварлик туйғусини, Ватанга фидолик саодатини жадидлардан ўрганишса, ижтимоий фаолликда улардан улги олишса, хато бўлмайди, деб ўйлайман. Масалан, улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Ватан” тушунчасини талқин этаркан, жумладан, шундай ёзади: “Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан – уюридан айрилса, ўз еридаги каби роҳатда яшамаса, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар”.
Мактаб ва маорифнинг аҳамияти тўғрисидаги Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қуйидаги сўзлари ҳам ўз қимматини йўқотмаган: “Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндирки, макотиб тараққийнинг бошлағичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал макотиби ибтидоийсин замонча ислоҳ этуб кўпайтирмагунча, тараққий йўлига кируб, маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирдан маҳрум қолуб, саноеъ ва маорифи ила қуролланмаган миллат эса, дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас”.
Доим келажак ташвиши билан яшаган Абдурауф Фитратнинг бисоти эса қуйидагидек ҳикматлар билан тўла: “Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқдир. Лекин ана шу қурол ва аслаҳамиз синиб, занг босиб чириб кетган. Шундай қуроллар билан бу дунёда бизга на саодат ва на роҳат бор. Агар саодат, иззат, осойишталик, роҳат, шараф, номус ва эътибор керак бўлса, тезроқ авлод тарбияси усулларини билиб олиб, болаларимизни шу усул ва қоида­лар асосида тарбия этишимиз лозим”.
Шундай олижаноб мақсадлар билан яшаган, мамлакат ва унинг фарзандлари тақдири билан куюнган жадидлар бир-биридан юксак фикрларни айтиш билангина кифояланмай, шу фикрлар балқиб турган санъат ва адабиёт асарларини ҳам яратганларки, улар мероси ва ғоялари билан қизиқмаслик сўқирлик бўлурди.
Ўтган асрнинг бошларида юртимизда туғилган жадидлар ғояси улкан илмий-ижодий манба бўлиб, бугун ҳам, келгусида ҳам халқимизнинг маънавиятини, маданиятини юксалтириш, ёшларимиз ўртасида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, жаҳон тамаддуни билан ҳамқадам бориш учун беминнат хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишида жадидлар меросига мурожаат қилмоқда, бу бежиз эмас, албатта.
– Нима деб ҳисоблайсиз, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Мақсуд Шайхзода… каби гигантларнинг ижодини яхлит ўрганиш керакми ёки замонларга ажратибми?
– Бу гигантлардан бир қисмининг ижоди яхши ўрганилган. Улар ҳақида қатор монографиялар, рисолалар, мақолалар ва диссертациялар ёзилган. Лекин замонлар ўзгариши, бир мафкуранинг сўниб, иккинчи мафкуранинг жамол кўрсатиши билан бу адиблар ижоди улар яшаган даврнинг мафкуравий зиддиятларидан холи эмаслиги маълум бўлган. Шу маънода адабиётшуносликдан улар ижодининг биз учун аҳамиятли томонларини чуқур ўрганиш билан бирга улар йўл қўйган хато ва камчиликларга ҳам эътибор қаратиш ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини очиб бериш талаб этилади. Бу масала, менингча, яратилиши лозим бўлган “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” сингари фундаментал тадқиқотлар олдида турган муҳим вазифадир.
– Сизнингча, ўтган ХХ аср адабиётимиз учун қандай сабоқ қолдирди?
– ХХ аср адабиётининг вужудга келиши, шаклланиши ва ривожланиши, бир томондан, чор, иккинчи томондан, шўро мустамлакачилиги даврларига тўғри келди. Ҳар икки мустамлакачи давлат, бир томондан, шу давр ўзбек адабиётининг майдонга келиши ва шаклланишини қаттиқ назорат остига олди, иккинчи томондан, бири ўзбек адабиётининг Крилов, Гоголь ва Толстойнинг беозор асарлари таъсирида, иккинчиси эса, Шагинян, Катаев, Серафимович, Островский, Фадеев сингари коммунист ёзувчилар таъсирида шаклланишига алоҳида эътибор берди. Ҳатто шу методнинг қолипига тушмаган асарлар ва уларнинг муаллифларини зуғумга олди. Натижада ўзбек адабиёти миллий қиёфасини йўқотган “совет адабиёти”нинг таркибий қисми сифатида “ривожланди”. Шу даврда тарихий мавзу, миллий қаҳрамон, миллий адабий тил сингари ҳар қандай адабиётни ушлаб турувчи уч муҳим компонентнинг ёқут қирралари билан товланишига имкон берилмади.
СССР деган қудратли салтанатнинг парчаланиши ва Ўзбекистоннинг том маънода мустақил давлат, ўзбек адабиёти ва санъатининг эса том маънода миллий адабиёт ва санъат мақомига эга бўлиши ёзувчилардан ҳам, санъаткорлардан ҳам рус, француз, инглиз, немис ёхуд турк адабиёти ва санъатининг таъсир доирасига тушиб қолмасликни талаб этади. Бизнинг бой тарихимиз бор. Бизнинг жаҳон илмий ва бадиий тафаккури тарихига катта ҳисса қўшган олимларимиз бор. ХХ асрда ҳам шундай улуғ сиймолар етишиб чиқдики, улар ҳақида романлар ёзилиши, саҳна асарлари ва кинофильмлар яратилиши ўзбек халқининг жаҳон маданияти тарихига катта ҳисса қўшган халқ сифатидаги образининг тикланишига ёрдам беради.
– Сиз икки асрнинг адабий муҳитидан баҳраманд бўлган ва уни чуқур ўргангансиз. Ҳозирги адабий муҳит билан ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги адабий кайфиятни солиштирганда қандай муҳим фарқларни ажратиб кўрсатиш мумкин?
– ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги китобхон фаол китобхон эди. Бу китобхон Миртемир, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари шоир ва ёзувчиларнигина эмас, уларга замондош бўлган бошқа ёзувчиларнинг ижодларини ҳам диққат билан кузатган. Уларнинг қарийб ҳар бир асарини ўзбек адабиётидаги воқеа сифатида қабул қилган. Рауф Парфининг матбуот­даги ҳар бир чиқишини эса байрам сифатида қабул қилган. Жуда яхши эслайман, Ўткир Ҳошимов қиссаларини қизғин муҳокама қилмаган ёшлар давраси бўлмаган. Одил Ёқубов ёки Пиримқул Қодиров матбуотда кўринмай қолгудек бўлса, уларга хат ёзиб, янги роман устида ишлаётганини билмагунига қадар безовта бўлаверган. Шеърий тўп­ламлар камида ўн минг, романлар эса камида икки юз минг нусхада нашр этилган ўшанда. Бу нафақат ўзбек ёзувчиларининг, балки умумўзбек адабиётининг ҳам энг саодатли даври эди.
Ҳар бир даврнинг ўз адабий об-ҳавоси бўлади. Ҳозирги адабий муҳит, қайсидир даражада, хусусан, оммавийлик борасида ўша даврнинг соясидан чиқолмай турибди. Бу ўринда мен кимнидир ёки кимларнидир айбламоқчи эмасман. Асло. Ҳозир давр, замон шундай, зотан, адабиёт масаласида бутун дунёда шундай ёки шунга яқин ҳолатни кузатиш мумкин. Нима қиламизки, бу давр билан, даврнинг, давр одамларининг талаб ва эҳтиёжлари билан боғлиқ. Агар Хуршид Дўстмуҳаммад Скиф ҳақидаги романини ўша йилларда ёзганида бу роман неча марта қайта нашр этилган, китобхонлар муаллифни учрашуву мулоқотларга таклиф этавериб, уни тинчитмаган бўлишарди. Эркин Аъзамнинг гўзал, ўзбекона тил билан ёзилган қисса ва ҳикоялари асосида қатор саҳна асарлари, кино- ва телефильмлар яратилган бўларди.
Бугун адабиётнинг ашаддий шайдоси бўлган ўшандай эҳтиросли китобхоннинг озлиги ўзбек адабиётининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмаяпти. Ҳатто ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳар ойда битта қисса, ҳар йили биттадан роман ёзаётган Исажон Султон ҳам ўз қувонч ва ташвиш­ларига ўралашиб қолган ўша китобхонни сергаклантиролмаяпти. Инкор этиб бўлмас бир ҳақиқат мавжуд: адабиёт деган мўъжиза уйғоқ китобхонлари бор муҳитда гуллаб-яшнайди, бир-биридан ширин, бир-биридан тансиқ мева – асар беради.
– Яқин ва узоқ келажакда дунё адабиёти ва миллий адабиётимизда қандай тенденциялар, услуб ёки методлар етакчилик қилади, деб ўйлайсиз?
– Бу саволга бирорта фолбин жавоб бермаса, каминадек осмонга қараса, кўзи тиниб кетадиган адабиётшуносга йўл бўлсин…
– Ҳар ҳолда, кечаги ва бугунги адабий “ҳосил”ни чамалаб, қандай “хирмон” кўтарилишини ёки кеча ва бугун ривожланаётган ниҳол эртага қандай фазага киришини тахмин қилиш, мутахассис сифатида бор нарсага ташхис қўйиш мумкин-ку…
– …Ҳар ҳолда, яқин келажакда миллий адабиётимизда бирорта янги тенденция-ю, услубнинг яққол етакчилик қилишига кўзим етмайди. Шоиру ёзувчиларимиз ХХ асрнинг иккинчи ярмида адабиётимиз дарвозасини шу қадар кенг очиб қўйдиларки, бирорта тенденция ёки бирорта услуб кўчада довдираб ё ҳувуллаб қолмади.
Бир нарса аниқ: назм ва наср елкама-елка боради, балки назм бир-икки одим илгарироқ юрар… Мустақиллигимизнинг ўттиз йилида ўзбек ­насри янада кучайди, бақувватлашди. ХХ аср ўзбек насри­нинг энг илғор анъаналари ХХI юзйилликдаги бадиий асарларда давом эттирилмоқда ва бойитилмоқда. Тоғай Мурод, Омон Мухтор, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Назар Эшонқул, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам, Шодиқул Ҳамро, Баҳодир Қобул, Жавлон Жовлиев каби услуби ва бадиий фикрлаш тарзи бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган забардаст ёзувчилар плеядаси ўзбек насри уфқларини кенгайтириб юборди.
Келгусида қандай адабий тенденция ва услуб­лар етакчилик қилиши адабиётга қандай адибларнинг кириб келиши, уларнинг қайси адабий-бадиий мактабларнинг таълимини олгани, нимани кўзлаши ҳамда ўз олдига қўйган адабий мақсадига боғлиқ. Мавжуд мезон ва қолипларни Истеъдод ва яна бир бор Истеъдод ўзгартиради ва ўзининг йўли ва йўналишини яратади.
– Замон, давр адабиётни бошқаради, деб ўйлайсизми?
– Адабиётни ҳар бир даврнинг бош ғояси бош­қаради. ХХ аср аввалидаги бош ғоя халқни маърифатли қилиш, халқ онгининг ошишига тўсқинлик қилаётган урф-одатларга қарши курашиш, халқни тараққиёт хиёбонига олиб чиқиш эди. Жадид адабиёти даврнинг шу талабини даврнинг бош ғояси сифатида қабул қилди ва шу ғоя жадид адабиётини бошқарди. ХХ асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларида ҳам шу давр ғоялари адабиётга раҳнамолик қилди. Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда эса адабиётга кимнинг раҳнамолик қилгани ҳеч кимга сир эмас.
Шўролар давлатининг 1917 йилдан тўқсонинчи йилларгача амалга оширган ишлари ҳар бир рес­публика халқининг миллий манфаатларига қарши ишлар бўлгани, собиқ марказ томонидан миллий кадрларнинг қириб ташлангани, ўн бешта республикадан бири – Ўзбекистонинг ер ости ва ер усти бойликлари узлуксиз ташиб кетилганига қарамасдан, ўзбек халқини бадном этувчи “пахта иши”, “ўзбек иши” каби кампанияларнинг амалга оширилиши мус­тақиллик учун, эрк ва ҳуррият учун кураш ғоясини уйғотди. Ва шу ғоя ХХ асрнинг сўнгги ўнйиллигида даврнинг асосий ғояси бўлиб хизмат қилди. Мазкур давр адабиёти шу байроқ остида ривожланди. Большевиклар барпо этган империянинг чок-чокидан сўкилиб, тарих ахлатхонасига итқитилишида адабиётнинг роли ва ўрни ғоят катта бўлди.
– Нега биз мустақилликдан ўттиз йил ўтиб ҳам миллат ёзуви борасида, турли идораларда давлат тилининг қўлланиши ва мавқеи масаласида бир томонга қатъий ўтишимиз қийин кечди ва кечмоқда? Нима, жудаям узоқни кўзлаяпмизми ёки узоқни кўролмаяпмизми?
– Инсон ҳаётининг бахтли-саодатли кунлари кутилмаган соатда, кутилмаган дақиқада келади. Мус­тақилликнинг ҳам кутилмаган соат, кутилмаган дақиқада рўй бериши халқни ҳам, мамлакат раҳбарларини ҳам эсанкиратиб қўйди. Ўшанда коммунистлар партиясининг раҳбарлигисиз, рус халқига эса тонгги таъзимсиз ҳаётни ҳаёт деб билмаган кишилар жамиятнинг бир қутбини ташкил этган бўлсалар, жамиятнинг иккинчи қутбини Ўзбекис­тонда исломнинг асосий мафкура бўлишини орзу қилган кишилар эгаллаб олдилар. Янги тарихий даврнинг энг муҳим масалалари мустақилликка мутлақо алоқаси бўлмаган унсурлар қўлида қолди. Халқ ёзувининг тақдири ҳам улар ихтиёрига ўтди. Мустақиллик даврида халқнинг кирилл ёзувидан араб ёзувига ўтиши мумкинлиги ислом тарафдорлари учун айни муддао эди. Халқ араб ёзувини тезроқ ўрганиши учун улар газеталарда махсус рукнларни, жойларда эса тўгаракларни ташкил этдилар, ҳатто ўқув қўлланмалари ва дарс­ликлар ҳам ярата бошладилар. ХХ асрнинг ўттизинчи йилларидан бошлаб аср охирига қадар эл-­юртимизга ҳалол хизмат қилган кирилл алифбосига, ўзбек тилининг барча фонетик хусусиятларини инобатга олган ҳолда шаклланганига қарамасдан, босқинчи халқнинг ёзуви сифатида муносабат қилинди. Хуллас, синфий генезиси аниқ бўлмаган лотин ёзувига ўтишга қарор қилинди. Аммо бу даврда техник тараққиёт жамият ҳаётининг барча соҳаларини ўз тасарруфига олаётган, Германия, Англия ва бошқа илғор мамакатларда ишлаб чиқилган ёзув машинкалари ўз ўрнини компьютерларга бўшатиб бераётган эди. Европа халқлари ёзувининг график белгилари инобатга олинган бу компьютерлар рус тилининг барча инжиқликларига дош берди. Собиқ СССРдаги қарийб барча халқлар компьютерларга ўз ёзувларидаги зарур белгиларни ўрнатиб, муаммоларини осонгина ҳал қилдилар. Аммо бизнинг тилшуносларимиз узоқ-узоқларни кўрадиган олимлар эмасми, бош­қа соҳа вакиллари компьютерларни ўзбек ёзувига мослаштиришнинг қандай йўллари борлигини айтмасинлар, улар доим “ҳай-ҳай”­лаб туришди. “Ҳай-ҳай, бу оддий қути эмас, буни “компью­тер” дейишади. Бунга бошқа клавиш ўрнатиш мумкин эмас! Буни “сканер” дейишади. Бу компьютердан ҳам нозик нарса. Бунинг яқинига келиш ҳам хавфли… Эшитмадингизми, нариги қиш­лоқдаги бир бола ёниб кетипти!..”
“Унда нима қиламиз? Қадимги машинкалардан битта-яримтаси қолган бўлса, ўшандан фойдаланайлик. Тузатишларни қабул қилмаса, қабул қилмасин, ёниб кетмаймиз-у!”
Бизнинг тилшуносларимиз ана шунақа, эҳтиёткор, инсонпарвар, меҳридарё кишилар!..
Кечирасиз-у, бу аччиқ гапларни юрагим ачишганидан айтмоқдаман.
– Халқимизда етти ўлчаб бир кесган маъқул, деган гап бор…
– Бу айни ҳақиқат.
Улар билмасин, қулоғингизга бир гапни айтиб қўяй. Яқинда қайсидир билим юртининг уч нафар талабаси ўзбек имлосидаги барча ҳарфлару вергул-пергулларга ўхшаган белгилари бўлган компьютерни ҳам, сканерни ҳам ўйлаб топишибди. Тилшуносларга бир кўрсатиб олайлик, дейишса, оёқ тираб турган эмишлар…
Ҳа, булар ҳазил гаплар. Аммо тилшуносларимизнинг ўзгараётган тезкор даврдан ортда қолганлари аниқ. Улар ҳанузгача Алишер Навоий ва Абдулла Қодирий тилини рус тилининг қонун-қоида­лари асосида ўрганишда давом этмоқдалар. Ўзгараётган даврда ўзбек тилининг луғат бойлигида, услубий жилоларида қандай ўзгаришлар бўлди? Ўзбек тилига қандай янги – араб, форс, турк, инглиз сўзлари кириб келди-ю, қандай сўзлар луғат фондидан чиқиб кетди ва чиқиб кетмоқда?..
Бундай амалий масалалар билан шуғулланиш тилшунос олимлар олдида турган муҳим масалалардан бири эмасми?
– Ҳаётимизда долзарб бўлиб турган алифбо ва она тилимизнинг таъсир доираси каби ўткир ва нозик масалалар хусусида гапирганингизда уларни миллатнинг бир фидойи олими сифатида юрак-юракдан ўтказганингиз куйиб-пишиб сўзлаганингиздан яққол сезилиб турибди…
– Миллатимиз, Ватанимиз, авлодлар келажаги ва тақдирига бевосита дахлдор масалалар ҳақида бошқача сўзлаш мумкинми?!.
Таҳририят каминага тақдим этган имкондан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан табриклайман. Истиқлол – бизнинг бош ғоямиз, бош мафкурамиздир. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Салим АШУР суҳбатлашди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг